
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бутун имкониятларини ишга солиб, ҳамиша Аллоҳ таолонинг розилигини топиш пайида яшадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳеч ҳам ажрамадилар. Сафардаю ҳазарда у зотнинг амрларига муштоқ бўлиб, сергак турдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом жамиятининг кўзга кўринган арбоби бўлдилар.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг иймон, Ислом, дину диёнат, мусулмонлар оммаси учун қилган ишлари ниҳоятда кўп эди. У кишининг Аллоҳ таолонинг розилигини тилаб қилган ибодатлари, амаллари олий даражада эди. Бу ишларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олиймақом ваъдалари билан юқори баҳоланди. Бу маънодаги баъзи ҳадиси шарифларни ўрганиб ўтдик. Яна баъзиларини ўрганишимиз бор, иншааллоҳ.
Мазкур набавий ваъдаларни жамлаб келсак, улар икки башоратда яққол кўзга ташланади ва ўша ваъдаларнинг мағзи ҳам худди шу икки башоратда ўз аксини топади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг саҳобаи киромларидан фақат ўн кишига очиқ-ойдин равишда жаннатнинг башоратини берганлар. Ана шу саодатманд зотлар рўйхатида Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумодан кейин, учинчи сирада ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу турадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи Аълога интиқол қилишларидан олдин қуйидаги эълонни қилган эдилар:
«Эй одамлар! Абу Бакр менга ҳеч қачон беодоблик қилмади. Унинг бу қадрини билинглар!
Эй одамлар! Албатта, мен Умардан, Усмондан, Алидан, Толҳа ибн Убайдуллоҳдан, Зубайр ибн Аввомдан, Саъд ибн Абу Ваққосдан, Абдурраҳмон ибн Авфдан ва аввалги муҳожирлардан розиман. Бас, уларнинг бу қадрини билинглар», дедилар.
Шундай қилиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу яна бир катта бахтга эришдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлиб ўтган саодатманд кишилар рўйхатининг аввалги қисмидан ўрин олдилар.
Биринчи халифа даврида
Пайғамбар алайҳиссалом Рафиқи Аълога интиқол қилганларидан сўнг ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлганларида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг Ислом жамиятида тутган ўринлари яна ҳам салмоқли бўлди. У киши халифанинг икки вазиридан бирига айландилар, десак муболаға бўлмайди. Биринчи халифага Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу билан бирга доимо мадад бўлиб турдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу тузган шуро мажлисининг бирорта мажлиси ҳам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг иштирокисиз ўтмас эди. У киши муртадларга қарши олиб борилган курашни бошқаришда жамият бошлиғига яқиндан ёрдам бердилар. Яна бошқа ҳар бир муҳим ишда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг муносиб ҳиссаси бўлиши турган гап эди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўз тижоратлари ила жамият ишига катта ҳисса қўшар эдилар. У киши бозорни синчковлик билан кузатиб борар, қайси нарсанинг нархи ортиб, харидори кўпайганлиги, тожирлар ундан мўмай даромад топиш пайига тушиб қолганларини пайқаб қолсалар, ўша молни кўплаб олдириб келиб, бозорни сероб қилиб, нархни тушириб юборар эдилар. У кишининг халқ оммасига кўрсатган бундай ҳимматлари учун Аллоҳ таоло молу мулкларига барака берар эди. Кези келганда бундан бошқача ҳам иш тутар эдилар.
Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Абу Бакрнинг вақтида одамлар қаҳатчиликка учрадилар. Халифа уларга:
«Иншааллоҳ, эртага кечқурунгача Аллоҳнинг кушойиши келиб қолар», деди.
Эртасига тонг чоғи Усмоннинг карвони етиб келди.
Тожирлар дарҳол унинг олдига етиб келдилар. У ридосининг пешларини елкасига ташлаб олган ҳолда чиқди. Тожирлар карвонда келган молни улгуржи савдо қилиб, уларга сотишини сўрашди.
«Қанча фойда берасизлар?» деди Усмон.
«Ўнтага ўн иккита», дедилар.
«Бундан кўп берадиган бор», деди Усмон.
«Ўнтага ўн бешта», дедилар.
«Бундан кўп берадиган бор», деди Усмон.
«Сенга бундан кўп берадиган ким эди? Мадинанинг тожирлари биз бўлсак!» дедилар.
«У Аллоҳдир. У Зот менга ҳар дирҳамга ўн баробар зиёда беришни ваъда қилди. Сизлар ундан кўп бера оласизларми?» деди.
Тожирлар қайтиб кетдилар. У эса:
«Аллоҳим! Буларнинг ҳаммасини Мадинанинг камбағалларига эҳсон қилдим. Нарх ҳам йўқ. Ҳисоб ҳам йўқ!» деб нидо қилди».
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ана шундай нодир хислатлар соҳиби бўлган бир зот эдилар. У киши фақирларга амирларнинг таомини берсалар ҳам, ўзлари зайтун ёғини сиркага аралаштариб, қуруқ нон билан еб ўтирар эдилар.
Иккинчи халифа даврида
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг масъулиятлари яна ҳам ортди. Ўша даврда олиб борилган барча оламшумул ишларда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифанинг бош маслаҳатчиларидан бири бўлдилар. Ислом жамиятида содир бўладиган бирор иш у кишининг иштирокисиз бўлмас эди.
Шунинг учун ҳам Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг бу дунёни тарк этишларига кўзлари етганда ўринларига халифа бўлиши кўзда тутилган номзодлар қаторининг энг бош қисмига Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг исмларини қўйдилар.
Бу ҳақда Имом Бухорий узун бир ривоят келтирган. «Ат-Тож ул-Жомеъ» китобида ушбу ривоят Умар розияллоҳу анҳу ҳақларидаги бўлимда келтирилган.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.