1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ироқ фатҳи

09:15 / 26 январь 1756 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ридда урушлари тамом бўлганидан кейин Исломнинг тинчлик, омонлик дини экани, унинг адолати, фазилати, каромати ва нурини оламга тарқатиш ташвишига тушдилар. У киши ўзларининг Ямомада турган музаффар саркардалари бўлмиш Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу бошлиқ лашкарга фатҳ ишларини бошлаш ҳақида амр қилдилар. Ушбу лашкар ўша пайтдаги дунёнинг энг катта икки империясидан бири бўлган Форс империя­сига қарашли Ироқ ерларини фатҳ қилиш учун юриши билан Исломнинг шонли фатҳлар даври бошланди.


Шу муносабат билан Исломдаги фатҳ тушунчаси ҳақида бир оз ожизона фикр билдиришга ижозатингизни сўраймиз.


Мусулмон жамиятида яшаётган иймонли кишилар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда ҳуррият ҳукм суриши учун масъулдирлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлари шу масъулиятни тўлиқ тушунганлар ва ўшанинг тақозосига кўра ҳаракат қилганлар. Улар масъулиятни адо этиш учун урушга чиққанлар.


Исломий фатҳларни «Араб истилоси» дейиш нотўғри эканини душманларнинг ўзлари ҳам биладилар. Бироқ Исломга қарши нимадир ўйлаб топиш керак эди. Натижада шу ибора ўйлаб топилган. Ваҳоланки, фотиҳ жангчилар ичида араб бўлмаганлар ҳам кўп эди. Шу билан бирга, уларнинг ҳаракати ҳеч қачон истило бўлмаган. Мусулмонлар қаерга борсалар, динга даъват қилиш, адолат ўрнатиш учун борганлар. Ўша ерларнинг аҳолиси билан ака-ука, биродар бўлиб яшаб қолганлар.


Мусулмонлар ҳеч бир юртнинг мол-мулкини талаб олиб кетмаганлар. Кишиларни Исломга киришга мажбур ҳам этмаганлар. Уларнинг муомаласи мустамлакачиларнинг муомаласидан мутлақо фарқ қилган. Буни инсофли ажнабий тарихчилар ва олимлар ҳам такрор-такрор эътироф этганлар. Машҳур олим Томас Орланднинг «Исломга даъват» китобида бу ҳақиқатни тасдиқлайдиган кўп­гина ҳужжатли далиллар келтирилади.


Яхшиси, бу масалани саҳобаларнинг ўзларидан сўраш керак. Тарихда шундай бўлган ҳам. Саҳобаи киромлар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўша даврдаги иккита катта империянинг бири – Форс давлати чегарасига келиб тушдилар. Бундан хабар топган Форс давлати Рустам исмли лашкарбоши раҳбарлигида ­тайёргарлигини кўриб қўйган эди.


Рустам мусулмонлар томонга ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини топа олмай, анча овора бўлишди, чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасида, ерда ўтириб гаплашаётган ҳолда кўришди.


Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарларининг мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканларини билдиришди.


Саъд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Рибъий ибн Омир исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга: «Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар.


Рибъий розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб, сакраб от устига минди ва элчиларга қараб: «Кетдик», деди.


Элчилар лол бўлиб, туриб қолишди. Бир жулдур кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»­га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга: «Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди.


Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар.


Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушишди. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошлашди. Мусулмонларнинг вакили Рибъий розияллоҳу анҳу эса уларнинг бу кулгили ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай, кулиб ичкарига қараб юрдилар. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, у кишини от устидан тортиб олишди ва улуғларининг олдига от миниб бориб бўлмаслигини англатишди.


Аммо у киши бошларини мағрур тутиб, найзаларини ерга қадаб-қадаб кета бошладилар. У киши ҳар гал урганларида, найзалари ерга тўшалган йўлбарс терисини тешар эди. Рибъий розияллоҳу анҳу тўғри бориб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олдилар. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. Шунда Рибъий розияллоҳу анҳу: «Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Ҳаммаси беҳуда экан. Агар ўзингизга ўхшаш бир одамга шунчалар таъзим қиладиган бўлсангиз, бизга ҳеч ҳам тенг кела олмайсизлар», дедилар.


Форсларнинг каттаси таржимонга: «Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди.


Рибъий розияллоҳу анҳу бу саволга жавобан ҳозиргача қоида бўлиб қолган жумлани айтдилар: «Аллоҳ таоло бизни бандаларнинг бандаларга ибодат қилишидан Ўзига ибодат қилишга, динларнинг жабр-зулмидан Исломнинг адолатига, бу дунё торлигидан охират кенглигига чиқариш учун юборди», дедилар.


Ҳа, мусулмон фотиҳлар бошқа юртларга ўз фойдаларини кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг амри­ни бажариш учун борганлар. Улар дунёдаги инсонлар қулликнинг турли кўринишларидан озод бўлишлари учун курашганлар, Аллоҳнинг ҳукми барқарор бўлишини истаганлар. Улар ер юзидаги бирон кимсага жабр ва зулмни раво кўрмаганлар. Ҳар ким хоҳлаган динини танлаб, Ислом адолатидан фойдалансин деб ҳаракат қилганлар. Улар қайси юрт тупроғига қадам қўйсалар, олдин ерлик аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб борганлар, чунки уларнинг вазифаси кишиларга Аллоҳнинг дини, яъни Исломни етказиш бўлган. Улар ҳақ динга тарғиб қила туриб: «Мусулмон бўл, саломат бўласан ёки динингда қолмоқчи бўлсанг, жизя (жон солиғи) тўла. Унга ҳам, бунга ҳам кўнмасанг, орамизда уруш бўлади», дейишган.


Мусулмон фотиҳлар: «Биз тажовузкор уруш қилмаймиз, бировни динимизга киришга мажбур ҳам этмаймиз. Биз фақат бошқаларни Исломга даъват қиламиз. Ким хоҳласа – мўмин бўлсин, хоҳламаса – кофирлигича қолсин. Бу ўзининг иши. Фақат бизнинг йўлимизни тўсмасин, бошқаларни даъват қилишимизга халақит бермасин. Исломга кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлини тўсмасин. Бизнинг фикримизча, инсон фақат мусулмон бўлгандагина ёлғиз Аллоҳга ибодат қилган бўлади. Бу ҳақиқатни одамларга етказиш бизга топширилган. Топшириқни адо этишимизга тўсиқ бўлма! Ким бетараф бўлса, марҳамат, четда тинч-омон тураверсин. Лекин ким бизга қарши чиқса, даъватга йўл бермаса, бош­қаларнинг Исломни ўрганишига тўсиқ бўлса, у билан урушишдан бошқа илож қолмайди», дейдилар.


Демак, таклиф иккита: мусулмон бўлиш ёки жизя тўлаш. Мусулмон бўлсалар, биродар бўлиб яшайверадилар. Жизя берсалар, уларнинг ҳимояси, тинчлик-омонлиги ва диний эркинлиги мусулмонлар зиммасида бўлади. Урушни хоҳлаганлари уруш ҳам қилаверадилар. Мусулмонлар ўзлари эришган бахт-саодатга бошқаларнинг ҳам эришишларини истайдилар. Ана шу истак йўлидаги тўсиқларга, куфр, зулм ва туғёнларга қарши курашадилар.


Бу ҳақда ғайримусулмон тараф – Буюк Британияда Жон Фозергил (John Ғothergill) режиссёрлигида тайёрланган «Шарқ ва Ғарб» деб номланган етти қисмдан иборат фильмнинг учинчи қисмидан олинган иқтибосни эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.


«Бу Ҳиро ғори. Пайғамбар шу ерда Худога ибодат қилар эдилар. Айнан шу ерда у кишига Жаброил фаришта илк ваҳий келтирди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ғорда ўтирганларида, Жаброил фаришта келиб, уч марта «Ўқи!» деб такрорлади ва илк фармони олийни келтирди: «Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг карамлиларнинг карамлисидир. У қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга билмаган нарсасини ўргатди» (Алақ сураси, 1–5-оятлар).


Ислом даъвати мана шу илк ваҳийдан бошланди. Бу ваҳий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг ҳаётлари давомида келиб турган кўплаб оятларнинг биринчиси эди. Исломнинг муқаддас китоби – Қуръони Карим ана шу оятлардан таркиб топган.


Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ваҳийга итоат этиб, Исломни бутун инсониятга етказишни бошладилар. Ушбу таълимот келгусида барча араб қабилаларини, сўнг эса бутун инсониятни ягона байроқ остида бирлаштириши лозим эди.


Шундай қилиб, 1400 йил муқаддам янги дин – Ислом араб қабилаларини бирлаштирди. Улар тарихда биринчи бор катта кучга айланиш учун имкон ва рағбат топдилар. Бу воқеа жаҳон динлари тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Бу таълимот қисқа муддат ичида бутун Арабистон яриморолининг маданий қиёфасини ўзгартириб юборди.


Ислом келгунга қадар бу саҳронинг туб аҳолиси бўлган араблар минг йиллар давомида тарқоқ ҳолда, кўчманчи қабилаларнинг тартиб-қоида ва қонунлари асосида ҳаёт кечирар эдилар...


...Илоҳий ваҳийни қабул қилиб олган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига Исломни етказа бошладилар. Бу таълимот барча араб қабилаларини бирлаштирди. Қуръони Карим мусулмонлар ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган қонун-қоидалар мажмуасини жорий қилиб, уларга умумий мақсад ва ягона маслак берди. Унинг асоси Исломнинг беш рукни эди...


...630 йилга келиб Ислом аҳли ўн минг кишидан ошиб кетди. Бу яқин келажакда жаҳон динига айланадиган Исломнинг бошланиши эди, холос.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Милодий олтинчи асрда оламда инсоният ўзини ўзи ўлдиришга рози бўлибгина қолмай, балки бу ишга ошиқар эди. Гўёки у бу ишни қилиш учун назр атаган ёки қасам ичгану, давоми...

3122 15:49 / 13.01.2023
15. Сўнги асрларда Ислом оламида нафақат ақлий илмлар, шаръий илмларда ҳам турғунлик даврлари бўлиб ўтган. Шунинг учун устозимиз шайх ҳазратлари айтардиларки, давоми...

1329 09:44 / 22.09.2023
.Меърож ҳодисаси Ислом аҳли учун улкан аҳамият касб этади. Зеро, бу тунда Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларга намоз ўқиб берганлар. У зот давоми...

1747 18:56 / 15 февраль
Ушбу жангда мусулмонларнинг енгилишлари улардаги энг олий сифатларнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлди. Улардан собит турганлари, ўзларини қурбон қилганлари кучли давоми...

1867 17:00 / 01.12.2020
Аудиолар

137637 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57703 14:35 / 11.08.2021