1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Мусайлима Каззоб ҳақида

17:20 / 08.11.2023 2746 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бану Ҳанифа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишди. Уларнинг орасида машҳур бузғунчи Мусайлима Каззоб ҳам бор эди. Бу нобакор аввалроқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб юборган, унда қуйидагилар айтилган эди:

«Аллоҳнинг Расули Мусайлимадан Аллоҳнинг Расули Муҳаммадга.

Аммо баъд: Мен бу ишда сенга шерик бўлдим. Бу ишнинг ярми бизгадир. Унинг ярми Қурайшгадир. Қурайш адолат қиладиган қавм эмас».

Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуйидаги жавобни ёзган эдилар:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Мусайлимага. Ҳидоятга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд:

Ер Аллоҳнинг мулкидир. Уни Ўз бандаларидан кимга хоҳласа, ўшанга мерос қилур. Оқибат тақводорларникидир».

Бану Ҳанифанинг элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришганида Мусайлимани у зотдан кийимлари билан тўсиб туришган эди. Бу каззоб шу ерда ҳам ўз нобакорлигини қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз мулклари остидаги нарсадан бир қисмини беришларини сўраган эди. Шунда у зот қўлларидаги чўпни кўрсатиб: «Сенга мана шу чўпни ҳам бермайман», деган эдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳл лашкарини ўша Нажд тарафга, Ямомадаги Мусайлима Каззобга юборди. Унинг ортидан мадад учун Шураҳбил ибн Ҳасанани яна бир лашкар билан юборди. Икрима Шураҳбил ибн Ҳасанани кутиб турмасдан, ишни ўзи битириш учун шошилиб, Мусайлиманинг лашкари билан тўқнашди ва енгилди. Бундан Абу Бакр дарғазаб бўлдилар ва Мадинага қайтиб келмасдан, Яманга бориб, Ҳузайфа ибн Миҳсан ва Арфажа ибн Ҳарсамаларга қўшилишга, улар билан бирга Маҳра аҳлига қарши уруш қилишга амр қилдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидга одам юбориб, у кишини Мусайлима томон юришга амр қилдилар. Унга мадад учун муҳожир ва ансорлардан иборат катта лашкарни юбордилар. Шураҳбил ибн Ҳасанага одам юбориб, Холид ибн Валидни кутиб туришга амр қилдилар. Мусайлиманинг қирқ минг кишилик лашкари бор эди.

Мусайлима ва Бану ҳанифаликлар Холид ибн Валиднинг келаётганини эшитиб, Ямоманинг четига лашкаргоҳ қилишди ва одам тўплашди. Уларга жуда кўп одам қўшилди.

Холид ибн Валид яқинлашиб келар, лашкарининг олдида Шураҳбил ибн Ҳасана борар эди. Бану Ҳанифанинг лашкаргоҳига бир кечалик йўл қолганида, улар Омирдан ўч олиб келаётган бир жангчи гуруҳни учратишди. Бу гуруҳга Бану Ҳанифанинг улуғларидан Мужжоъа ибн Мурора бошлиқ эди. Холид ибн Валид амр қилиб, уларнинг бошлиқларидан бошқасини қатл эттирдилар. Сўнг бориб, муртадларнинг лашкари билан тўқнашдилар. Икки томон қаттиқ жанг қилди. Дастлаб мусулмонларнинг иши юришмади. Муртадлар Холид ибн Валиднинг чодиригача етиб келишди. У кишининг хотинларини асир олмоқчи бўлишган эди, уларни бу ишдан Мужжоъа қайтарди. Сўнгра мусулмонлар бирлашишди ва Аллоҳ уларга Ўз сакинасини нозил қилди. Холид ибн Валид ўз одамлари билан ҳамла қилиб, муртадларни ортига қайтарди.

Бану ҳанифаликлар аччиқланиб, шиддат билан жанг қилишди. Холид ибн Валид уруш Мусайлиманинг зиддига бўлаётганини англади. Уни яккама-якка олишувга чақирди. У олишувга чиқиб, иши оғирлашиб қолганда қочди. Унинг одамлари ҳам қоча бошлашди. Холид ибн Валид мусулмонларга нидо қилдилар. Улар бирдан ҳамла қилиб, муртадларни шармандаларча мағлуб этдилар. Муртадларнинг қолганлари Мусайлиманинг қўрғонига кириб олишди. Бу қўрғонга кириш мусулмонлар учун жуда қийин бўлди. Ансорларнинг шижоатлиларидан бири Баро ибн Молик: «Мени боғнинг ичига отинглар», дедилар. Шериклари у кишини ўша боғнинг ичига улоқтиришди. У кишининг ёлғиз ўзлари душман билан жанг қилаётиб, эшикни очдилар. Мусулмонлар шу эшикдан кириб, душманларни ўлдирдилар. Ўлдирилганларнинг ичида Мусайлиманинг ўзи ҳам бор эди. Уни Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг қотили Ваҳший билан яна бир ансорий ўлдиришди.

Бу жангларда саҳобаи киромлардан етмиш киши шаҳид бўлди. Шаҳидлар ичида Абу Ҳузайфа ибн Утба, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим, Шужоъ ибн Ваҳб, Зайд ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Саҳл, Молик ибн Амр, Туфайл ибн Амр Давсий, Язид ибн Қайс, Омир ибн Букайр, Абдуллоҳ ибн Махрама, Соиб ибн Усмон ибн Мазъун, Аббод ибн Бишр ва бошқа катта саҳобаи киромлар бор эдилар.

Бу ҳодисалар ҳижрий ўн иккинчи йилда бўлиб ўтди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қолган муртадларга ўз лашкарларини юбордилар. Жумладан, Ало ибн Ҳазрамийни лашкари билан бирга Баҳрайнга жўнатдилар. У киши ўша ердаги муртадлар билан жанг қилиб, ғолиб келдилар ва аҳолини Исломга қайтардилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳлни Умонга юбордилар. У киши ўз лашкарлари билан ўша ернинг аҳолисидан бўлган муртадларни Исломга қайтардилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Муҳожир ибн Абу Умайя бошлиқ лашкарни Яманга, яъни яна бир пайғамбарлик даъвосини қилган Асвад Ансийга қарши юбордилар. Муҳожир розияллоҳу анҳу уларни енгиб, Ислом ҳукмини қайтадан ўрнатди.

Сўнг Муҳожир ибн Абу Умайя яна бир муртад қавм – Кинда аҳлига қарши юриш қилди ва уларни ҳам мағлуб этди.

Ана шундай қилиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик вақтларида Ислом умматининг катта фитнадан сақланиб қолишига сабаб бўлдилар. Ҳамма диндан қайтганда қаттиқ туриб, уларни Исломга қайтариш чораларини кўрдилар. Аллоҳ таоло у кишига ва биродарларига нусрат берди. Шу сабабли фитна таг-томири билан йўқотилди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Милодий олтинчи асрда оламда инсоният ўзини ўзи ўлдиришга рози бўлибгина қолмай, балки бу ишга ошиқар эди. Гўёки у бу ишни қилиш учун назр атаган ёки қасам ичгану, давоми...

3590 15:49 / 13.01.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардаги ишларини тамом қилганларидан кейин Фадак сари юриш қилдилар. У ерда ҳам яҳудийлар яшашарди. Улар ўзларича давоми...

2538 16:30 / 21.08.2021
Сафар ойининг ўзида мушриклар томонидан мусулмонларга қарши яна бир хиёнат уюштирилди. Ҳодисанинг тафсилоти қуйидагичаМадинага Нажднинг Бану Омир қабиласи давоми...

2102 15:00 / 29.12.2020
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан Макка томон йўл олдилар.Йўлда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тонгда намоз давоми...

4847 17:14 / 31.03.2020
Аудиолар

213478 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132690 14:35 / 11.08.2021