1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Фараъ ва атийра

11:38 / 13.01.2024 1484 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фараъ ҳам, атийра ҳам йўқ», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.


«Фараъ» туянинг биринчи туққан боласини санамларга сўйиш. Бу билан жоҳилият аҳли санамларни улуғлашар, улардан туянинг кейинги болалари кўп ва баракали бўлишини тилашар эди. Тўғрироғи, агар шундоқ қилсак буту-санамлар биздан рози бўлиб ишларимиз юришиб кетади, деб эътиқод қилишар эди.


Ислом барча жоҳилий ҳукм, қоида, урф-одатларни тузатиб келароқ ушбу нотўғри одатнинг ҳам ботил эканини эълон қилди.


«Атийра» Ражаб ойини улуғлаш учун сўйиладиган ҳайвондир. Ислом бу ишнинг ҳам ботиллигини эълон қилди.


Нубайша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:
«Биз жоҳилиятда Ражабда атийра сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?», деди.
«Аллоҳ йўлида қайси ойда бўлса ҳам сўяверинглар. Аллоҳ учун яхшилик қилинглар. Таомлантиринглар!» дедилар. Ҳалиги одам:
«Биз жоҳилиятда фараъ сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?» деди.


«Ҳар бир «соима»да бир фараъ бор. Уни поданг ғизолантириб туради. Қачон баркамол туя бўлганида, уни сўйиб, гўштини кўча фарзандига садақа қиласан. Ана ўша яхшидир», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.


Нубайша розияллоҳу анҳу ривоят қилаётган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига савол орқали мурожаат қилган саҳобий розияллоҳу анҳу билан олиб борган суҳбатларидан жоҳилиятнинг икки ботил одати қандоқ қилиб исломийлаштирилганини билиб оламиз.


Ислом янги вақтида кишилар ҳаётига аста-секин, поғонама-поғона кириб кела бошлагани ҳаммамизга маълум. Аввал эътиқодга оид масалалар муолажа қилинди. Кейинроқ ахлоқ-одоб ишлари йўлга қўйила бошлади. Ундан сўнг биз ўрганаётганимиз каби баъзи урф-одатларни тўғрилаш бошланди.


Энди саҳобийлар ҳам ҳар бир нарса исломий бўлиши кераклигини англаб етган эдилар. Энди улар оят нозил бўлишини ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари баён қилишларини кутмай, ўз фаросатлари билан ҳам жоҳилиятнинг қонун-қоидаларини қандоқ ўзгартишни ўйлаб қолган эдилар.


Жоҳилият одати бўйича қадимдан амал қилиб келинаётган «атийра» ва «фараъ» одатлари ҳам кишиларни ташвишга солиб қўйган эди. Улар иш бундоқ давом этиши мумкин эмаслигини, бу жоҳилий одатлар ботил қилиниши лозимлигини тушуниб етган эдилар. Ана шундоқ бир пайтда:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:
«Биз жоҳилиятда Ражабда атийра сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?», деди». Яъни, Исломдан олдинги тузум тақозоси ила Ражаб ойини улуғлаб жонлиқ сўяр эдик. Энди Исломга кириб мусулмон бўлганимиздан кейин бу иш ҳақида қандоқ амр қиласиз?
Бу саволга жавоб тариқасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни баён қилдилар:
«Аллоҳ йўлида қайси ойда бўлса ҳам сўяверинглар. Аллоҳ учун яхшилик қилинглар. Таомлантиринглар!», дедилар».


Исломда жонлиқ сўйиш фақат Аллоҳнинг йўлида, Аллоҳ учун бўлади. Бас, шундоқ бўлгандан кейин, қайси ойда сўйса ҳам барибир. Ражаб ойида бўладими ёки бошқа ойда бўладими, фарқи йўқ. Фақат Аллоҳ учун сўйилиши ва гўшти камбағалларга таом қилиб берилиши керак. Аллоҳдан бошқага атаб сўйилмаслиги, фақат Ражабни улуғлаш учун сўйилмаслиги ва қони бут-санамларга суртилиб, гўшти ташлаб юборилмаслиги керак.


«Биз жоҳилиятда фараъ сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?»


Исломдан олдин ҳар бир урғочи туянинг биринчи туққан боласини бут-санамларга атаб сўяр эдик. Исломда бу иш жоиз эмаслиги билиниб қолди. Энди нима қилайлик?


«Ҳар бир «соима»да бир фараъ бор. Уни поданг ғизолантириб туради. Қачон баркамол туя бўлганида, уни сўйиб, гўштини кўча фарзандига садақа қиласан. Ана ўша яхшидир».


«Соима» юзта ҳайвон. Демак, Исломда қайси ҳайвон туридан бир кишининг мулки юз донага етса, ўша юзинчисини Аллоҳ учун сўйиб, гўштини «кўча фарзанди» йўлда оғир иқтисодий ҳолга тушиб қолган инсонга садақа қилинар экан.


Авваллари фақат туянинг боласи сўйилгани учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзларида туяни зикр қилмоқдалар. Юзинчи бўлиб туғилган тева пода ичида юриб озуқаланиб юради. У вояга етиб, баркамол туя бўлганда, гўштидан кўпчиликка фойда етадиган бўлса, уни Аллоҳ йўлида сўйиб, гўшти фақир-мискинларга садақа қилинади.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усмон бин Савда Тафовийдан ривоят қилинишича, у кишининг онаси Роҳиба исмли обида аёллардан бўлган экан. Онаси ўлимидан олдин бошини осмонга кўтариб, .Эй менинг давоми...

3085 08:00 / 17.06.2020
Мусулмонларнинг мақсади карвон эди. Қурайшнинг мақсади эса карвонни қутқариш эди. Аммо Аллоҳ таоло урушни ирода қилди ва Бадр жанги бўлиб ўтди.Расулуллоҳ давоми...

2362 12:30 / 28.02.2022
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким ўзи кўрмаган тушини .Кўрдим,, деб айтса, ундан иккита арпа донини бирбирига давоми...

3488 21:03 / 19.11.2018
Ибодатда ихлос ва ният алоҳида ўрин тутади. Ибодатнинг сиҳати, қабул бўлиши ундаги ниятга боғлиқ. Ихлос ва ният шу даражада аҳамиятлики, у билан ибодатлар ухровий давоми...

2760 15:00 / 08.05.2019
Аудиолар

210921 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130180 14:35 / 11.08.2021