1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Санъат соҳасида Шарқнинг Ғарбга таъсири

13:59 / 26.12.2023 1049 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шарқнинг Ғарбга санъат соҳасидаги таъсири жуда катта бўлди. Константинополдан Мисргача бўлган ҳудудда яшаган Шарқ халқларининг турфа хил санъат асарларидан таъсирланган салибчиларнинг бу борадаги савияси бироз шаклланди. Пировардида ҳатто Европа меъморчилигининг қиёфаси ҳам буткул ўзгарди. Дастлабки ўзгаришлар араб тамаддуни меъморчилик асарларининг таъсири нақадар улкан бўлганини кўрсатиш қийин эмас.


Соф илм-фан нуқтаи назаридан қаралса, кўпчилик тарихчиларнинг фикрига зид ўлароқ, салиб юришларининг бу борадаги таъсири ғоятда кичик бўлган. Салибчиларнинг армиясида олимлар бўлмаган. Дарҳақиқат, улар ўзлари билан қандайдир ҳайкалнинг шакли ёки бирор саноат рецепти каби билим ва усулларни олиб келишмаган.


Агар биз «Салиб юришлари Европа илм-фанининг ривожига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган» демаётган бўлсак, бунинг сабаби шуки, саноат илм-фанга жуда яқин соҳа бўлиб, бу соҳанинг бири билан шуғулланилса, иккинчиси билан ҳам бироз шуғулланишга тўғри келади. Шубҳасизки, ўрта асрлар Европаси ўз илмий ва адабий билимларини Шарқ муаллифларининг китобларидан олган, бироқ кейинги бобда биз илмий ғояларнинг Европага фақат салиб юришлари туфайлигина кириб келмаганини кўрсатамиз.


Мутлақ адабиёт нуқтаи назаридан қаралса, салиб юришларининг таъсири жуда заиф бўлса-да, мутлақо самарасиз бўлмаган. Улар кўплаб шоир ва адибларни илҳомлантирган. Миср сеҳргарлари, Шарқ мўъжизалари, Готфрид, Танкред ва бошқаларнинг қаҳрамонликлари труверлар бир қалъадан иккинчи қалъа томон юриб, айтиб юрган ривоятларнинг асосий мавзуси бўлган.


Айтиб ўтилган барча фикрлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, салиб юришлари туфайли Шарқнинг Ғарбга маърифий таъсири катта бўлган, бироқ бу таъсир илм-фан ва адабиёт эмас, балки кўпроқ санъат, саноат ва савдо соҳасига тааллуқли бўлган. Салибчиларнинг Шарқ халқлари билан мулоқоти натижасида савдо муносабатларининг кенгайгани, савдо ва санъат соҳаларидаги ютуқларнинг аҳамиятини таҳлил қилар эканмиз, Ғарб тамаддунининг ёввойиликдан халос бўлишига айнан мана шу ютуқлар сабаб бўлган, деган хулосага келамиз.


Айнан мана шу омил туфайли Шарқнинг илмий ва адабий ғоялари таъсири остида фикрий ҳаракат жонланиб, Европа университетлари томонидан тарқатилди ва Уйғониш даври учун замин яратди».


- Энди эса, Буюк Британияда, John Fothergill режисёрлигида, «Эс Де Медиа» компанияси томонидан тайёрланган «Шарқ ва ғарб» деб номланган етти бўлимдан иборат фильмнинг тўртинчи қисмидан олинган иқтибосни эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз:
«Лондондаги Виктория ва Альберт музейи. Бу музейга XIX асрда, Европанинг мустамлакачилик даврида асос солинган. Унинг бир галереяси европача санъат асрлари билан тўлиб-тошган бўлиб, Европанинг ўз глобал маданий устуворлик йўлига муносабатини акс эттиради. Бу санъат асарлари Ғарб тамаддуни деб аталувчи тараққиёт босқичини ифодалаган бўлиб, санъат ва ҳаётга бўлган инсоний ва оқилона ёндашув бу босқичга хос хусусият саналади. Ушбу ёндашув қадимги Юнонистон ва Римда ғоятда оммабоп бўлиб, кейинчалик унутилиб кетган. Ғарбдаги нақлларга кўра, ҳозирги европаликлар уни Ренессанс, яъни Уйғониш даврида қайта кашф этган.


Ғарбда ғоят севимли бўлган бу тарих Ренессанс санъатининг энг машҳур асарларидан бирида акс эттирилган.
Бэтани Хьюгс


Тарихчи ва адиба
«Ватикан учун машҳур рассом Рафаэль томонидан ишланган ушбу суратда европаликлар Уйғониш даврида кўрган манзара акс эттирилган. У «Афина мактаби» деб аталади. Суратда буюк файласуфлар ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида баҳс юритмоқда». 


Ушбу суратда Ренессанс даҳолари ўзларининг қадимги юнон аждодлари қиёфасида тасвирланган. Рафаэлнинг ўзи рассом Апеллес ролида, Микеланжело – Гераклит ролида, марказда турган Афлотун эса Леонардо да Винчи сиймосида гавдаланган.

 
«Сурат қадимги юнон маданиятининг Европа Ренессансига бевосита кўчирилиши ҳақида ҳикоя қилади».


Бу – қадимий Юнонистон ва Римда минг йиллар давомида гуллаб-яшнаган интеллектуал ижодга бўлган чуқур эҳтиром ва эътироф рамзидир. Бироқ, антик давр Рафаэль туғилмасидан минг йиллар муқаддам тарих саҳнасидан ўчиб кетган. V асрда Шимолдан келган ваҳший варварлар улуғвор Римни вайрон қилишди. Қадимий ғарб тамаддунини мудҳиш тажовуз тўлқини қоплаб олди. Европа зулмат асрига чўмди…


Форум. Қадимий Римнинг бир пайтлар Цицерон ва Цезарь оддий халққа мурожаат қилган марказий майдони яна шудгорга айланган. Рафаэль яшаган даврда бу ерларни оддийгина қилиб «камповачино» – сигир яйлови дейишар эди.


Рим таназзулга юз тутгач, ғарбий Европа маданий ҳаётдан четлашиб, қадимий юнон фалсафасидан мосуво бўлди. Ушбу сурат Рафаэль ва унинг замондошлари йўқотилган неъматларни тиклашга нечоғлик уринганини тасвирлайди. Бу икки олам ўртасида оддий жоҳилиятдан кўра каттароқ нарса ётгани ҳақида ҳеч қандай ишора йўқ. Бироқ, бу ерда бошқа бир воқеанинг тилсимини очувчи калит яширинган. 


«Бурчакда, Пифагорнинг елкаси оша энгашиб қараётган кишининг қиёфаси эътибор беринг. Бу кишининг исми Аверроэс. У араб олими бўлган. Бу сиймо Ренессанснинг Ислом дунёси олдида нечоғлик қарздор эканини кўрсатувчи рамзий ишорадир». 


Бу ёлғиз образ қадимий дунё билан Ренессансни бир-бирига боғлаган бўғиндир.


Яқин Шарқда зулмат асрлари бўлмаган. Римликлар бу ерда узоқ тамаддунлар тарихининг кичик бир нуқтасидир, холос. Шарқий Рим империяси ўз ўрнини араб саҳросидан келган янги кучга бўшатиб берган.


1000 йилга келиб, насроний Европа аросатда қолди. Зулмат асрлари ниҳоясига етиб қолган, бироқ Ренессансга қадам қўйишга ҳали журъат йўқ эди. Олимлар монастирлар зиндонида ишлар, у ерда тафаккур учун озуқа деярли йўқ эди.


«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Европаликлар ўзларини диндан мосуво қилдилар. Ахлоқ деган монеълик қилгувчи ёки дин деган тийиб тургувчи ҳам, илоҳий илмдан иборат уларни тўғриликка бошлагувчи давоми...

1024 11:23 / 31 июль
биринчи мақолаИслом барча самовий динларнинг асли бир, ҳаммаси Аллоҳдан, деб эълон қилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.У сизга диндан Нуҳга давоми...

1955 19:30 / 20.08.2019
Эдинбургда ахлатларни деразадан ташлашдан олдин .Gardy Loo, деб қичқиришган. .Қўлингни тийиб тур, mdash дея қичқирарди йўловчи ва тезда бу хавфли жойдан узоқлашиш давоми...

3196 12:09 / 05.10.2020
Исломда инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга унинг атрофидаги барча нарсалар ҳам пок бўлишига катта аҳамият берилган. Турар жой, давоми...

2014 15:00 / 01.08.2021