1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ислом тарихидаги энг таъсирли хутба

11:30 / 09.06.2021 3404 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳунайн ғазотида тушган ўлжаларни тақсимлаш ҳақида Ибн Исҳоқ Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ўлжалардан қурайшга ва араб қабилаларига улуш бериб, ансорларга ундан насиба тегмаганида, ансорларнинг кўнгилларида норозилик кайфияти туғилиб, бу масалада гап-сўз кўпайди. Ҳатто баъзилар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қавмларига етишдилар», дейишди.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ансорлар жамоаси қўлга киритган ўлжани тақсимлашдаги тутган йўлингиз, қавмингизга бўлиб берганингиз, араб қабилаларига кўп мол бериб, ансорларга ундан ҳеч нарса тегмагани учун сизга нисбатан дилларида норозилик кайфиятини ҳис қилдилар», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзинг бу масалада нима дейсан, эй Саъд?», дедилар.

Саҳобий: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳам қавмимнинг бир вакилиман», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундоқ бўлса, қавмингни мана шу майдонга тўпла!», дедилар.

Саъд розияллоҳу анҳу чиқиб, ансорларни майдонга йиғди, баъзи муҳожирлар ҳам келишди, уларга киришга изн берилди, қолган муҳожирларга изн берилмади. Ансорлар тўпланишгач, Саъд розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, ансорлар сиз учун тўпланишди», дедилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига чиқдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтгач: «Эй ансорлар жамоаси, сизлардан менга етиб келган гап, қандай гап? Менга нисбатан кўнглингизда оғриқ туйдингизми? Олдингизга келганимда залолатда эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни ҳидоят қилмадими?!

Фақир эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бой қилмадими?!

Ўзаро душман эдингиз, Аллоҳ мен сабабли қалбларингиз орасини улфат қилмадими?!», дедилар.

Улар: «Ҳа, шундай, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир» дейишди. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга жавоб бермайсизларми, эй ансорлар жамоаси?» дедилар.

Улар: «Нима деб жавоб берамиз, эй Аллоҳнинг Расули? Барча яхшилик ва марҳамат Аллоҳ ва Расули томонидан бўлди» дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, агар хоҳласангиз «бизнинг олдимизга ёлғончи қилинган ҳолда келдингиз, биз сизни тасдиқладик, ёрдамсиз ҳолда келдингиз, биз сизга ёрдам бердик, бошпанасиз ҳолда келдингиз, биз сизга бошпана бердик, фақир ҳолда келдингиз, сизга мол бериб бой қилдик» десангиз, рост гапирган бўласизлар ва сизларни ҳеч ким инкор этмайди.

Эй ансорлар жамоаси, мен одамларни Исломга кирсинлар, дея сийлаган дунёнинг арзимас матоҳини деб кўнглингиз оғридими?! Сизларга Исломингизни қолдирдим.

Эй ансорлар жамоаси, одамлар қўй ва туя билан кетаётганларида сизлар уйингизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қайтишга рози бўлмайсизларми? Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳижрат бўлмаганида ансорларнинг бир вакили бўлардим. Одамлар бир водийга юрсалар, ансорлар бошқа водийга юрсалар, ансорларнинг водийсига юрган бўлардим. Сизлар мендан сўнг машаққатга дуч келасизлар, мен билан ҳавзим бўйида кўришгунингизча сабр қилинглар. Эй Аллоҳ, ансорларни, ансорларнинг фарзандларини, ансорларнинг фарзандларининг фарзандларини раҳматингга олгин!» дедилар.

Одамлар соқоллари ҳўл бўлиб кетгунча йиғлашди ва «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга улуш, насиба бўлишларига рози бўлдик» дейишди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетдилар, одамлар ҳам тарқалишди».

Ушбу ривоят орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нақадар меҳрибон, мулойим, одамларнинг кўнглини кўтарувчи, уларга тасалли берувчи зот эканликларининг гувоҳи бўламиз.

Ансорлар уйларига туя, қўй, тилла билан қайтишмади, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қайтишди.

Ансорлар дунё матосини олишмади, балки ўзлари, фарзандлари ва набиралари ҳаққига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини олишди.

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яъқуб алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг набиралари, яъни Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғилларидир. .Яъқуб,нинг маъноси .ортдан келувчи,дир.Яъқуб алайҳиссаломнинг давоми...

4721 17:00 / 25.02.2019
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Рум ерларини фатҳ қилишни ирода этдилар. Ҳамма тайёргарликлар кўрилиб бўлгач, Рум фатҳига биринкетин лашкар жўната давоми...

2398 14:48 / 22.02.2024
Уҳуд ғазотида Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. У машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг отасидир. Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу давоми...

2918 09:00 / 09.01.2022
Ўтроқ араблар асосан уч минтақада ndash Яманда, Шимолда ва Ҳижозда истиқомат қилишган.1. Яман подшоҳликлариМаъин подшоҳлиги мил. авв. 1300650 йилларБу давлат кенгайиб, давоми...

2281 19:00 / 25.06.2019
Аудиолар

213194 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132414 14:35 / 11.08.2021