1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Кейинги даврдардаги усмонийлар

05:00 / 24.02.2017 5671 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

УСМОНИЙЛАР ИНҚИРОЗИ. Мусулмон давлатларининг юксалиши ва таназзулга юз тутишига қуйидагича умумий йўсин хосдир. Муайян бир халқ ўзига маълум бир жойда макон тутиб, униб-ўса боради. Дастлабки бир нечта ҳукмдор даврида унинг шиддати зўр бўлади. Анчадан кейин шашти сусайиб, наридан-бери яшашга ўтади, яқингинада ўзи рад қилган эски тартиб-қоидалар таъсирига берила бошлайди. Ўзи забт этган ирқлар билан чатишиб кетиб, хусусиятларини йўқотгач, ўзи ҳам қулаб тушганини билмай қолади. Уларга Испания ва Форсда ҳам, Ҳиндистонда ҳам шундай қисмат насиб этди. Мана энди усмонийлар шу маррага келиб қолган эдилар. Инқироз жуда яқин қолган. Бу даврга келиб султонлар қудратли якка ҳоким бўлиб олгандилар. Уларга энди ҳеч ким бас кела олмас эди. Истилочилик бобида ҳам султонларнинг армонлари қолмаганди. Бироқ Испаниядаги араблар сингари усмонийлар ҳам қайта уйғонаётган миллатларга дуч кела бошлаган эдилар. Султонларнинг аксарияти насроний қизларга уйланиб олишганди ёки уларни ўзларига жазман сифатида сақлашарди, аждодларининг мусулмонлар устунлигига доир қарашларига риоя қилмасдилар. Хуллас, улар кўнгилларига келган иш билан машғул бўлганликларидан давлат юмушларини ҳукмдор шоҳбонуларга, маликаларга ёки бош вазирларга топшириб қўйган эдилар.

Истеъдодли бош вазирлар анча вақтгача султонлар жонига оро кириб, уларни ортиқча ташвишлардан қутқариб турдилар. Лекин бора-бора бундай вазирлар ҳам топилмай қолди. Жоннисорлар ўжарлиги оша борди. Барча подшоҳларнинг тансоқчилари сингари улар ҳам ўзларининг керакли эканликларини ҳис этишиб, мавқеларини суиистеъмол қилишга ўтдилар. Маълум муддатга ҳокимиятни ўз қўлларига олиб, бошбошдоқликка йўл қўйдилар. Уларга қарши курашишга мажбур бўлган султоннинг қўли баланд келди. Лекин у жоннисорларни қириб ташлашга мажбур бўлдики, бу турклар давлатининг ҳарбий қудратига путур етказди. Оврупо халқлари оёққа тура бошладилар. Юз йил мобайнида усмонийлар гоҳ ғолиб чиқиб, гоҳ мағлуб бўлиб, ўзларини ҳимоя қилиб келдилар. Сўнгра усмонийлар тасарруфида бўлган насроний халқларга Русия ёрдамга келди. Бу кучлар нисбатини ўзгартириб юборганлиги сабабли мавқеларини бой бериб, аста-секин заифлаша бордилар. Вилоятлар бирин-кетин қўлдан кетаверди. Натижада XVIII аср охирига етганда турклар бутунлай кучсизланиб, ўз ўтмишларининг бир шарпасига айланиб қолдилар. Ғарбий Оврупо султонни «бемор овруполик» деб атайдиган бўлди. Турклар давлатининг учинчи – инқироз даври ана шундай бошланди.


МУРОД III (1574-1595 йиллар). Турклар бирданига заифлашиб қолмадилар. Мурод III тахтга ўтирганида улар қудратли давлатга эга эдилар. Лепантодаги мағлубиятдан кейин жуда катта қийинчиликлар билан денгиз кучларини тиклаган Салим II унинг отаси эди. Ғоят жиддий йигит бўлган Мурод III буюк султонлик истиқболига умид боғларди. Бироқ иккита аёл – Нурбону билан хотини бўлган италян заифаси София унга қаттиқ васийлик қилишиб, тинчлик беришмасди. Улар ҳар доим давлат ишларига аралашиб турардилар. Султон аёллар таъсирида эканлиги ҳақидаги хабар Овруподаги давлатларнинг пойтахтларига ҳам етиб борди. Бу ҳолат овруполикларни туркларнинг обрўсини тўкиш йўлларини қидириб топишга ундади, чунки илгаридан қаттиқ тазйиқ ўтказиб келаётганликлари учун уларни бошқа барча мусулмон халқларидан ёмон кўрардилар. Лекин бу гал салиб юришига ёки муқаддас иттифоққа даъват этишга муваффақ бўлиша олмагач, сафавийлар шоҳини Венеъия бошчилигида усмонийлар империясига ҳужум қилишга рози қилдилар. Шоҳ Таҳмасп қўшинларга чегарани босиб ўтиш тўғрисида буйруқ бериб, урушни бошлаб юборди, бироқ кўп ўтмай, ўзи қазо қилди. Ўғли Муҳаммад Худобанда эса жуда бўш, ночор подшоҳ бўлганлигидан уруш ҳам беҳуда бир ҳаракатга айланиб кетди. Ҳали куч сақлаб қолган турклар Кавказ орқали Форсга ҳужум қилдилар. 1577 йили Тифлисни босиб олишиб, 1579 йили Карсда мустаҳкам қалъа барпо этишди. Яна бир неча йилдан кейин, яъни 1585 йилда Табризни эгалладилар. Шундан кейин ҳам урушнинг боришида сезиларли ўзгариш юз бермагач, 1590 йили бу иккала давлат тузган сулҳга кўра, Гуржистон, Озарбайжон ва Ширвон турклар ихтиёрига ўтди. Энди уларнинг сарҳади Каспий денгизига бориб туташган эди.


АВСТРИЯ УРУШИ. МУҲАММАД III ВОРИСИ УСМОН II
(1595-1623 йиллар). Шу даврда турклар жанубий Русияга нисбатан мавқеларини мустаҳкамлаб олдилар, жанубий Украина раҳбарлари эса султонга тобе бўлишди. Бу ҳол Австрия императорини қаттиқ ҳаяжонга солди. 1580 йилдаёқ Туркия билан Австрия сулҳ тузганликларига қарамасдан, улар чегарасидаги уруш яна бир неча йил давом этди. Ўн йилдан кейин қайта юз берган урушда Трансилвания шаҳзодаси Сигизмунд Басору императорга қўшилди. Туркларнинг шашти илгариги асрдагидан анча паст бўлганлиги сабабли уруш ҳам чўзилиб кетди. Айни шундай бир пайтда Мурод III вафот этиб, унинг малика Софиядан туғилган ва онасининг таъсирида бўлган ўғли тахтга ўтирди. У онасининг маслаҳатисиз бирор каттароқ ишга қўл урмаса ҳам, Туркия-Австрия урушининг ҳал қилувчи нуқталарида тўғри қарорга кела олиш учун зарур бўлган кучли шахсий табиатга эга эди. Австрияликлар Трансилвания шаҳзодаси билан алоқаларини уздилар, можарлар раҳбари Стефан Бошкей эса султонга иттифоқ тузишни таклиф қилди. Султон Трансилвания подшоҳлигини ваъда қилгач, у турклар томонига ўтди. Шунга қарамасдан, Австрия-Можаристон бирлашган кучлари ҳали анча устувор эдилар. Улар Варнага етиб борганларига қадар шу устунлик сақланиб қолди. Қаршилик кўрсатаётган Муҳаммад III шу ерда мустаҳкам жойлашиб олиб, турк жангчиларини моҳирона олға бошлаб бориши натижасида ғанимлар чекина бошладилар. Улар турклардан тортиб олиб эгаллаган ерларини ташлаб, Дунай дарёси ортига ўтиб олдилар. 1596 йил 24 октябрда Кереожтезда юз берган жангнинг учинчи куни туркларнинг йирик  ғалабаси билан якунланди. Душман 30 минг жангчисидан ажралди. Уруш эса давом этаверди. Ниҳоят, 1606 йили Житвоторок сулҳига имзо чекилди. Австрияликлар шарқий Можаристонни ташлаб чиқиб кетишди. Лекин бу мамлакатнинг ғарбий қисми учун султонга товон тўлашдан халос бўлдилар. Шарқий Овруподаги султон бошлиқ қудратли давлат довруғи узоқ давом этмади.


ИЧКИ ИСЁНЛАР. Усмонийлар Ўрта Оврупода ўзларини намоён қилишлари мумкин эди, лекин ички исёнлар уларга панд бериб турди. Юқори Шомда Абдул Ҳолим Қора Ёзижи исмли жоннисорлар додхоҳи бош кўтарди. Эдессу шаҳрини қамал қилган додхоҳни тинчлантириш мақсадида унга Аморсия ҳокимлиги ваъда қилинди. Шундан кейин у яна ҳам дадиллашиб кетиб, жанубда Дамашқ ҳокимлигига ва шарқда Бағдодга ҳужум қилиб, енгиб чиқди. Унинг ўзи жангда ҳалок бўлгач, ишини укаси давом эттирди. Бу гал султон бир чора ўйлаб топишга ҳаракат қилиб, уларга раҳнамо бўла оладиган янги кишини юборди. У асосий тарафдорлари билан Истанбулда ҳозир бўлганларида эса уларни турклар қамалидаги Буда яқинида австрияликлар билан давом этаётган урушга жўнатишни қаттиқ туриб талаб қилди. Исёнчилар ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлдилар, исён ва қўзғолонлар тўхтайвермади. Ҳалаб яқинидаги Клис шаҳар ҳокими, курдлар саркори Жонбўлод, Ливандаги друсслар бошчиси шаҳзода Фахруддин ҳам исён кўтардилар. Султон Шарқий Овруподаги ишларини изга солгач, Жонбўлодга қарши қўшин юборди. Мағлубиятга учраган курдлар раҳбари шаҳзода Фахруддиндан бошпана сўраб, жон сақлаб қолди. Ўзларининг жонажон тоғлиқ маконларида устунликка эга бўлган мутаассиб друсслар тариқати аъзолари султон қўшинларига самарали қаршилик кўрсатиб турдилар. Бироқ Кичик Осиёдаги бошқа турли исёнларнинг ҳаммаси бостирилган эди.


ФОРС БИЛАН УРУШ. Усмонийлар империясининг қуёши бота бошлаганлиги равшанлашди. Айни бир пайтда ундан ғарбда – Марказий Оврупада ва унинг шарқий чегарасида, яъни Форсда қудратли давлатлар вужудга келди. Марказий Осиёда Ҳабсбург императори куч-қувватга тўлиб борарди, сафавийлар Форсига эса буюк ҳукмдор Шоҳ Аббос бош бўлган эди. У қўшинларини қайта қуроллантириб, торторлар (Ўрта Осиё турклари)  ҳамда Туркия туркларига қарши бошлаб борди. Урмия кўли яқинида турклар устидан ғалаба қозониб, Бағдод, Мўсул ва Диёрбакирни қўлга киритди. Шунгача Табриз, Ширвон ва Қарсни эгаллаган эди. Сал ўтиб, Гуржистон ва Озарбайжон ҳам тортиб олинди. Шу давргача турклар форсларнинг кўп нарсаларини ўзлаштириб келишарди. Энди эса йўқотганлирини қайтариб олиш навбати форсларга етган эди. Умуман, Ўрта Шарқ мусулмонлари ўзаро деярли ҳуда-беҳудага урушавериб, ҳеч қачон бирлаша олмадилар. Ҳиндистонни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бутун мусулмон дунёсида Турон билан Эрон ўртасидаги ўзаро ирқий-диний муросасизлик ва асрий рақобат сиёсий келишмовчиликларни янада чуқурлаштираётган эди.


МУРОД IV (1623-1640 йиллар). Буюк Аббос вафотидан кейин турклар билан форслар ўртасидаги уруш қайтадан аланга олди. Ёш, серғайрат Мурод IV тахтга ўтирди. У Бағдоднинг Форсга қарамлигидан норози эди. Шу боис Форсни забт этишга фармон берди. Лекин ўша пайтда султоннинг бош қўшилмасидаги жоннисорлар кўтарилдилар. Улар ҳаддан зиёд кучайиб кетиб, назоратсиз қолган ва султон амр-фармонларига бўйсунмай қўйган эдилар. Навжувон султон нима қиларини билмай, бош вазирига маслаҳат солганида, у қаттиққўллик билан йўл тутишни тавсия этди. Бироқ султон четдан садоқатли кучлар ёрдамига таянмасдан туриб бу бошбошдоқ қўшилмалар ҳоврини тушириб қўя олмасди. У шундай кучларни вужудга келтиришга қарор қилди. Аввалига Онодўлидаги янги қўшинларни оёққа турғазиб, улар ёрдамида жоннисорларнинг бошлиқларини қаттиқ жазолади. Насронийлардан жоннисорликка олинишга чек қўйиб, бунга норозилик билдирган уларнинг саркардаларини вазифаларидан бўшатди, шундай кайфиятдаги қўшилмаларни қайта қуриб, кучайтириб, Форс ҳудудига босиб кираркан, 1630 йили Ҳамадонни босиб олди. Бир неча йилдан кейин Ереван ва Табризни қайтариб олиб, 1638 йили Бағдодни қўлга киритди. Ўша пайтда Мурод IV белгилаб берган шартлар асосида рақиблар ўртасида тузилган сулҳ-битимга кўра, Бағдод ўрнига Ереван қайтарилиб берилди.


МУРОД – СЎНГГИ КУЧЛИ СУЛТОН. 
У ёшлигиданоқ ўзини кўрсата билди, ҳарам таъсиридан қутулиб, жоннисорларга қарши қатъий чоралар белгилади ва Шарқда усмонийлар давлатини қайта тиклади. Аждодлари сингари кучли бўлган Мурод қисқа муддат ҳукмронлик қилганлигига қарамасдан, кўп натижага эришди. У қўшинига шахсан ўзи саркардалик қилган сўнгги султон бўлди. Гарчи салафлари даражасида кўзга кўринарли якка ҳоким бўлмаган эса-да, ўз номи  ҳурмат билан тилга олинишига эришди. 1640 йили, яъни Форс билан узоқ давом этган уруш тугашидан кўп ўтмай, вафот қилган Муроддан кучли қўшинлар қолди. Унга яхши ёрдам бериб турган истеъдодли бош вазири Қора Мустафо вориси, яъни 1640 йили тахтга ўтирган унинг укаси Иброҳим подшоҳлигида ҳам хизматини давом эттирди.


ҚОРА МУСТАФО. Иброҳимнинг онаси ва учта хотини биргалашиб уни изга солмоқчи бўлишарди. Хайриятки, бош вазир қобилиятли маъмур ва давлатининг садоқатли хизматкори эди. У Муродга қуруқлик қўшинларини ва ҳарбий-денгиз кучларини шакллантиришда ёрдам қилди, порахўрликни ва шундай хатти-ҳаракатларга имкон берадиган ҳуқуқий нуқсонларни бартараф этди. Шу боисдан ҳам жоннисорлар ичида унга ғанимлик кўзи билан қаровчилар жуда кўп эди. Кейинроқ Қора Мустафо солиқ тартибларида ҳам ўзгариш ясаб, фуқаролардан чиққан амалдорларни ўзига қарши қилиб қўйди. Мурод тўртинчининг тазйиқидан халос бўлган жоннисорлар ва давлат амалдорлари бирлашиб, султоннинг қариган онасига қарши кураш бошлашиб, ғолиб чиқдилар. Ўз навбатида у ўғли Иброҳим биринчини Қора Мустафо даф қилиниши зарурлигига ишонтира билди. Иродаси бўш Иброҳим бунга рози бўлиб, бош вазирни қатл этишга буюрди. Мурод вафотидан икки йил кейин Қора Мустафо ҳам ўлдирилди.


ВЕНЕЦИЯ БИЛАН УРУШ (1645-1654 йиллар). 1645 йили туркларнинг бошқа доимий рақиби – Венеъия билан уруш бошланиб кетди. Венеъияликлар усмонийларга қарши ҳар қандай ҳаракатга бош қўшиб, улар билан асрлар бўйи жанг қилиб келдилар. Энди уларда илгариги куч-қудрат йўқ эди, лекин усмонийлар ҳам айтарли ҳукмдор эмасдилар. Турклар венеъияликларни шу қадар тез-тез савалаб туришларидан уларни менсимайдиган ҳам бўлиб қолган эдилар. Лепанто яқинидаги катта мағлубиятга қарамасдан, турклар ҳали ҳам Ўртаер денгизи атрофидаги буюк давлат ҳисобланардилар. Венеъияликларнинг сўнгги қалъаси бўлган Крит ороли Эгей денгизига кираверишдаги жуда қулай мавқени эгаллаб турганлигидан Венеъиянинг савдо кемаларига посбонлик қиларди. Шу денгиздаги деярли барча оролларни эгаллаган турклар Критни ҳам забт этишни ўзларига мақсад қилиб қўйдилар. Туркларнинг ҳарбий-денгиз кучлари 1664 йили оролга яқин келиб қўшин туширдилар. Катта оролда камгина қўшин бўлганлигидан турклар ҳатто унинг пойтахти Канеага етиб борганларида ҳам жиддий қаршиликка учрамадилар. Шу ерда ҳужум тўхтаб қолди. Чунки турклар айш-ишратга берилган раҳбарлари учун жонларини жабборга бериб жангни давом эттиришдан барака топмасликларини яхши тушуниб етдилар. Улар султон ўз ҳарами билан овора эканлигини, унинг ишларга қизиқиши йўқлиги Крит оролини забт этишга монелик қилганлигини ҳис этдилар. Бундай туйғу аҳолининг тобора кенг қатламларини қамраб ола бориб, фирқалар эътиборини ўзига торта бошлади. Натижада саройда исён кўтарилиб, султон ўлдирилди. Бироқ туркларнинг муваффақиятсизлиги ва қатъий сиёсат йўқлигидан келиб чиқувчи муаммолар очиқлигича қолаверди.


ҚАЛБАКИ ҲУКМРОНЛИК ВА УНИНГ ОҚИБАТЛАРИ. Энди ҳарам бош ҳукмрон бўлиб қолган эди. Бундай аҳвол анчагача давом этди. Унинг энг ёмон хусусиятларидан бири зобитларни сотиб юбориши бўлди. Султон ва саройдаги бир гуруҳ ҳийлагарлар мансаб ва лавозимларни пуллашга ўтдилар. Ишга фойда келтириш, ҳалоллик ва қобилият қадрланмай қолди. Таъсир кўрсатиш, мунофиқлик, сотқинлик умумий ҳоким эди. Кўп пора эвазига бирор мансабга эришганлар уни юз ҳисса қилиб халқдан ундириб олардилар. Улар адолатли раҳбарлик қилиш ва давлатнинг фаровонлиги тўғрисида деярли бош қотирмасдилар. Сарой аҳлининг энг таъсирли гуруҳи бундай барча ишлар учун асосан мансабфурушлар ва олди-сотдилар таянчи бўлиб турган жоннисорларни айблашга даъват этилганди. Ҳали кучли ва ўз қилмишларида аёвсиз бўлган жоннисорлардан одамлар қўрқишарди. Борди-ю, бирор вазир, султон ёки давлат арбоби ана шундай корчалонлар бошлиғини ёки унга қарам кишиларни ишдан бўшатгудек бўлса, шу одам ўзини қувғин қилинган ҳисоблаб, атрофига гуруҳлар тўплай бошларди. Улар мамлакат бўйлаб санқиб юришиб, ўзлари учун истеҳкомлар бунёд этишарди. Шундай қилиб, қонунсизлик кенг ёйила боргани сари аста-секин халқ ичида султоннинг обрўйи ҳам путурдан кетди.


БОШ ВАЗИР МУҲАММАД КЕПРУЛУ (1656-1661 йиллар). Турклар инқирозини кузатиб турган овруполиклар Истанбулда ўз айғоқчиларига эга эдилар. Кўпгина машҳур турклар насроний аёлларига уйланишган бўлиб, шу хотинлар ота-оналари ва Оврупо билан алоқалари бўлганлигидан ҳар қандай воқеа тўғрисидаги хабар дарҳол керакли жойига етиб борарди. Туркларнинг ички душманлари бўлмиш венеъияликлар шундай давлат янгиликларидан биринчи бўлиб фойдаланиб қолиш пайида юрардилар. Улар Адриатика денгизининг шарқий Долматия соҳилидан туркларни суриб чиқаришга киришдилар. Сурбетликлари ошганидан ошиб, Эгей денгизига ҳарбий кучлар ҳам йўллашди. Улар Дарданелл яқинидаги Парос оролигача сузиб боришгач, туркларнинг денгиз кучларига ҳужум қилиб, ғалабага эришдилар. Бу воқеа саройдагиларнинг ҳаммасини ваҳимага солди. Султон Муҳаммад IV (1647-1687 йиллар) ҳали ёш бола. Унга кучли раҳнамо белгиланган. Яхшиямки, саройда Муҳаммад Кепрулу исмли шундай доно давлат арбоби бор экан. Бош вазирлик вазифаси таклиф қилинганида у империя бахт-саодати йўлида ҳамма ишни қилишига ваколат берилмагунча бунга кўнолмаслигини билдирди. Султоннинг рози бўлишдан бошқа иложи йўқ эди. Муҳаммад саройни порахўрлик ва фисқ-фасоддан тозалашга киришди. У йирик тадбирларни қатъиятлик билан амалга ошириб, чакки қилмади. Жоннисорлар хавф-хатар туғдираётганлигини сезиб қолгудек бўлса, асосий бузғунчиларни ушлаб қатл эттирди. Ўзига қарши бош кўтарган сарой эркатойларини ҳам аяб ўтирмади. Бекорчи пули кўп бўлган зодагонлардан давлатга қарз бериб туришни сўрарди ёки насияга олаётганлигини билдириб қўйган ҳолда султоннинг шахсий жамғармасидан бемалол фойдаланаверарди. Бу бир сўзли, қатъиятли ва жуда малакали киши сал ўтиб, Венеъия устидан ғалаба қозонди. Беқиёс катта имкониятларга эга бўлган турклар империяси фақат кучли ҳукмдор ва ақл-заковатли маъмурга муҳтожлик сезарди. Ўз вазифасига киришаётиб, Муҳаммад Кепрулу империя душманларидан осонликча халос бўламан, деб ўйлаганди. Шарқий Оврупода Трансилвания султонига қарши кўтарилган Жорж Ракожини турк қўшинлари тор-мор келтирдилар. 1661 йилда бош вазирнинг вафот этганлиги салтанат учун катта йўқотиш бўлди.


АҲМАД КЕПРУЛУ (1661-1678 йиллар). Муҳаммаднинг ўғли Аҳмад бош вазир сифатида отаси ишини давом эттирди. Ҳукуматни бошқаришни яхши негизга қуриб кетган падари бузруквори сиёсатига содиқ қолиб, унинг ақлий меросидан яхши фойдаланди. Энди қўпол чора-тадбирларга ўрин қолмаган эди, шу боисдан ҳам у жуда одоб ва қатъият билан иш кўрар, султонга хушомад қилиб, унинг душманларини эса доғда қолдирар эди. Муомалага ғоят уста Аҳмад империя ишларида тартиб ўрнатиш мақсадида тез-тез музокара ва муросага мурожаат қилиб турарди. Бироқ бир нарса – турк қўшинларининг аҳволи унда ташвиш уйғотар эди. Уч аср давомида барчадан аъло бўлиб келган турклар ниҳояти овруполикларга нисбатан ночор қуролланганликлари кўзга ташланиб, жангларда насронийлар устунлиги сезила бошлаганди. Бундан ташқари шу пайтгача турклар билан савашиб келган Оврупо халқлари энди ўзаро уюшадиган, додхоҳлар, ахборот ва тажриба алмашадиган бўлиб олдилар. Бу давр турклари илгариги султонлар салтанатига хос сабот ва жасоратдан анча йироқ эдилар. Гўё уч аср давом этган истилочилик ва енгиллик энди хун талаб қилаётгандек туюларди. Форс уларни ўз ватанларидан – Ўрта Осиёдан узиб қўйди. Овруполиклар янги-янги ихтиролар ва кашфиётлар билан ўз қудратини ошириб бораётган эдиларки, бундан турклар билан олишиб, ғолиб чиқа олишларига ишончлари тобора мустаҳкамланаётган эди.


ВЕНАНИНГ БУЮК ҚАМАЛИ
(1663 йил). Венанинг турклар томонидан қамал қилиниши, Ҳабсбург императорининг ҳийла-найрангларига қарши уюштирилган юришлар Аҳмад Кепрулу ҳукумати билан боғлиқ дастлабки воқеалар бўлди. Ўзи устидан ҳукмрон султонга қарши бош кўтарган Трансилвания шаҳзодаси Жорж Ракожи тахтдан ағдарилиб, унинг ўрнига Апафия ўтказиб қўйилди. Бу номзоднинг танланиши можарларга маъқул тушмай, улар императорга мурожаат қилишга мажбур бўлдилар. Император бу амалга ғойибдан юборилган яхши бир баҳона сифатида қаттиқ ёпишиб олди. Можорлар Апафияни эътироф этишдан бош тортдилар, бу эса Трансилванияда султон ҳукмрон эмас, деган маънони англатарди. Турклар сафарбар бўлишиб, уруш билан жавоб қайтардилар. Оврупода Папа барчага одатдаги оддий даъват билан мурожаат қилганида бунга қитъадаги кўпчилик давлатлар ижобий муносабат билдирдилар. Ҳатто Фарангистон қироли Людовиг XIV султонга иттифоқчи бўла туриб, Австрия императори учун 20 000 кишилик қўшин ажратиш илтимоси билан олмон иттифоқчисига мурожаат қилди. Турк қўшинлари ҳамма зарур нарсаларни шайлаб, шимол томон йўл олишаркан, Вена дарвозаси олдига келиб тўхташди. Қўрқиб кетган император Людовиг XIV 20 000 кишилик олмон қўшини берилиши тўғрисидаги таклифини қабул қилиб, ҳатто швед қиролидан ҳам ёрдам сўради. 1663 йил 1 августда империя додхоҳи Монтесюли Санкт Готхард туркларга қарши урушга киришганида Оврупонинг бирлашган қўшинлари унинг ихтиёрида турарди. Бу аслида янги салиб уруши эди, гарчи энди шундай аталмаса ҳам, турклар бундай катта кучга қарши туришга тайёр эмасдилар. Улар ўзларига хос жасорат билан узоқ жанг қилган бўлсалар-да, мағлубиятга учрадилар. Бу сафар император билан султон ўртасида йигирма йиллик сулҳ тузилди. Шунга биноан ўзига раҳнамо танлаш ихтиёрини султон Трансилваниянинг ўзига қўйиб берди. Бу султон қудратининг аста-секин камая бораётганлигини англатарди. Гарчи қарамоғидаги ерлар жиҳатидан ҳеч нарса йўқотмаган бўлса ҳам, бундай зарба унинг обрўйига сезиларли даражада путур етказди.


КРИТ  ОРОЛИДАГИ ВА ПОЛШАДАГИ УРУШ. Турклар гоҳ у жабҳада, гоҳ бу жабҳада жанг қилишарди, овруполиклар уларга узоқ осойишталик бериб қўйишмасди. Эгей денгизида жиғига тегиб келаётган венеъияликлардан қутулиш учун турклар Крит оролини босиб олиш мақсадида унга ҳужум қилдилар. Венеъияликлар Фарангистон ва Австрияни ёрдамга чорлашди. Фарангистон кемалари 7 000 жангчи билан етиб келганларида турклар ўзларини йўқотиб қўймадилар. Орол таслим бўлди, критликлар узоқ қамалдан кейин 1669 йили пойтахтларини топширдилар. Тузилган битимда Венеъияга оролда учта қалъага эга бўлиш рухсат этилди. Уч йилдан кейин янги уруш бошланиб кетди. Украина ўша пайтда Полшанинг бир қисми ҳисобланарди. Қримнинг мусулмон торторлари ва казаклар асрлар бўйи унга ҳужум уюштириб турдилар. Илгари поляк қиролининг фуқароси бўлган казак атамани Дорошенко 1668 йили ўзига ўзи султон деган юксак ном берди. Шундан кейин поляклар турк ерларига ҳужум қила бошладилар. Турклар ҳужумни қайтарибгина қолмай, уларни Кичик Полша ҳудудидаги Лемберггача қувиб бордилар. Поляк миллий қаҳрамони Жон Собескийнинг майдонга чиқиши ҳам айни шу пайтга тўғри келди. Полшанинг нимжон қиролини тахтдан ағдариб, 1676 йили унинг ўрнини эгаллаган бу раҳбар туркларга қарши амалга оширган йирик тадбирлари билан довруғ таратди. Кўплаб жанглар олиб борар, лекин ҳаммасида ҳам ғолиб чиқавермасди. Дастлаб у Жанубий Украинадаги Подолияни босиб олди, сўнгра 1676 йили Днепр дарёсини кечиб ўтиб, Галиъиягача етиб борди. Бироқ Зуравна яқинида турк қисмлари қуршовига тушиб қолиб, султон билан битим тузишга мажбур бўлди. Шунга биноан Подолия ҳамда Украинани беришига тўғри келди.


ҚОРА МУСТАФО (1678). РУСИЯ БИЛАН УРУШ
(1677-1681). Аҳмад Кепрулу ўлиб, турклар империяси бошига катта мусибат тушди. У буюк маъмур ва тожу тахт ҳимоячиси сифатида султонлик обрўсини юксакларга кўтара олган эди. Унинг ўрнини эгаллаган ғаразгўй, қайсар ва кибр-ҳаволи инсон Қора Мустафо хатарли иттифоқлар тузиб, империя бошига янги урушлар бошлаб келди. Император Леополд I га қарши можар қироли Католли билан битим тузиб, Австрия билан тўқнашувга сабаб бўлди. Полша ва Русиянинг гижгижлашлари сабабли бўлса керак, шимолда казаклар турклар ерига ҳужум қила бошладилар. Казакларни турклар жазолаганликларини кўриб, Русия ўзининг илгариги фуқароларига ғамхўрлик кўрсатган бўлди. Уруш ҳар иккала томонга ҳам ғалаба келтирмаган эса-да, Русия муайян жузъий устунликка эга бўлганлиги сабабли султоннинг Украинани унга беришига, казакларга эса Қора денгизда савдо кемаларидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашига тўғри келди. 


АВСТРИЯ БИЛАН УРУШ (1682-1689 йиллар). Русияга қарши урушдан кейин Австрия билан тўқнашув бошланиб кетди. Саккиз йил давом этган бу уруш жуда қимматга тушди. Турклар империясининг жонли кучлари ва моддий имкониятларини қуритди. Илгариги султонлар йўқ, Оврупода эса илмий ихтиролар ва кашфиётлар пишиб етилмоқда эди. Шу жиҳатдан ҳам туркларнинг рақиблари қурол-аслаҳалар билан яхши таъминланганликлари ва катта имкониятларга эга эканликлари кўриниб турарди. Давр тараққиётидан орқада қолишаётган туркларнинг жасурликдан бошқа ҳеч вақолари йўқ эди. Қора Мустафо 1683 йили турк қўшинларини Австрияга қарши бошлаб бориб Венани қамал қилди. Бу шаҳарнинг турклар томонидан амалга оширилган сўнгги қамали бўлди, ҳужум эса жуда шиддатли ўтди. Турклар ўрнатган моддалар портлашидан шаҳар деворининг бир бўлаги кўкка совурилди. Австрияликларнинг Вон Стахренберг графлигида довюрак саркардаси бўлиб, тез орада унга ғарбдан Чарлз Лоррейн ва шимолдан Жон Собеский қўшинлари билан келиб қўшилдилар. Яна овруполикларнинг туркларга қарши бирлашуви юз берди. Қамал давом этаётган бир пайтда ниҳоят музокаралар бошланиб кетиб, сулҳ тузилди. Султон ўз тасарруфидаги ерлардан ҳеч нарсани бой бермади, чунки турклар ҳали руҳан кучли эдилар. Лекин бу уларнинг шимолга қилган охирги энг узоқ сафари бўлди. Ҳатто ушбу битимнинг ҳам умри узоқ бўлмади. Чунки Папа ундан қониқмаганлиги сабабли янги муқаддас иттифоқ тузилди. Венеъияни Австрия билан бирлашишга кўндириб, Русия ва Полшани султонга қарши отлантирдилар. Ҳали ҳам султоннинг иттифоқчиси бўлиб қолаётган Фарангистон қироли Полшанинг иттифоқдан чиқиб кетишини талаб қилиб туриб олди. Бироқ австрияликлар Оврупо Туркиясига катта қўшин билан ҳужум қилиб, 1684 йили Кроатинни босиб олишгач, 1685 йили Будапешт томонга чиқдилар. Венеъияликлар Мореа (Жанубий Юнонистон) устига бостириб келган бўлсалар, руслар Азов ва Қримни қуршовга олдилар. Туркларга шу жабҳаларнинг барчасида жанг қилишга тўғри келди. Бу ниҳоятда йирик муаммо бўлиб, уни ҳал этиш камдан-кам мамлакатларнинг қўлидан келарди. 1687 йили турклар Маҳакдаги иккинчи жангда савашаётган эдилар, бироқ энди бутунлай бошқа давр бошланганди. Уларнинг мардона қаршиликларига қарамасдан, тақдир ғилдираги бошқа томонга айланаётган эди. Чарлз Лоррейн туркларни енгиб чиқди. Бу мағлубият султонни бутун Можаристондан маҳрум қилди. Истанбулда Муҳаммад IV тахтдан ағдарилиб, ўрнига укаси Сулаймон III ни ўтказишибди, деган миш-мишлар тарқалди, лекин бундан натижа чиқмади. Австрияликлар ҳужумни давом эттириб, Белградни, сўнгра Видинни забт этдилар. Вазирликда инқилоб бошланиб кетиб, Қора Мустафони вазифасидан четлатиб, Аҳмаднинг укаси Мустафо Кепрулуни бош вазирликка кўтардилар.


МУСТАФО КЕПРУЛУ. У турклар ишига барқарорлик бағишлашга муваффақ бўлди. Бу қобилиятли инсон қатъий тартиб ўрнатишга бел боғлади. Ҳамма жойда яхшиланиш сезила бошлади. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ўнгланди, қўшинлар кучайиб, уларнинг жанговор руҳи кўтарилди, муваффақиятлари ҳам тезда кўзга ташланиб қолди: Булғориядан австрияликларни қувиб чиқардилар, Белградни қайта эгаллаб, Сербия ва Трансилванияни тортиб олдилар. Салем Кемен жангида (1691 йил, август) Мустафо Кепрулу Лукс Баденни енгиб чиқди. Жангда Мустафонинг ўзи ҳалок бўлганлигига қарамасдан, унинг қўшинлари олға томон интилавердилар. Шундай қилиб, турклар Шарқий Овруподаги ерларини қайтариб олишди. Янги султон Мустафо (1695-1703 йиллар) ҳам ғайратли ҳукмдорлардан эди. У қўшинларга саркардаликни ўз қўлига олиб, Шарқий Овруподаги Темесвар Банати пойтахти бўлмиш Темесварни забт этди.


ТУРКЛАРНИНГ ҚАҲРАМОНОНА ЖАНГИ. Бироқ бу муваффақиятлар вақтинчалик бўлиб, бўрон олдидаги осойишталикни эслатарди. Энди кўтарилаётган ҳақиқий тўфон эса қарийб юз йил давом этди. Турклар неча марталаб оёққа қалқдилар; кетма-кет жанглар давом этаверди, қаҳрамонларча куч-ғайратларига қарамасдан, улар мағлубиятга учрайвердилар. Ўзларидан устун қўшинларга, моҳир додхоҳларга, қарийб бутун Оврупонинг ўзларига қарши бирлашган кучлари ва иттифоқларига дуч келарканлар, улар мавқеларини мустаҳкамлаб улгурмаслариданоқ чекинишга мажбур бўлардилар. Охирги марта ҳам улар жанговарлик фазилатлари етишмаганлигидан эмас, балки ички сиёсатнинг бўшлиги, эски тушунчалар, янгиликлардан қўрқиш, саройда хушомадгўйлик ва порахўрлик авжига чиққанлиги сабабли мағлуб бўлдилар.


ЕВГЕНИЙ САВОЙСКИЙ ВА КАРЛОВЦИ БИТИМИ
(1699 йил). Ўша даврда насронийларда Евгений Савойский исмли йирик додхоҳ бўлиб, уни айни шарқий жабҳага йўллашди. Турклар билан кўплаб марта олишувларда енгилиш нималигини билмаган додхоҳ биринчи ғалабани 1697 йил сентябрда Зента жангида турк қўшинларини тор-мор келтириб қўлга киритган эди. Рус подшоҳи Буюк Пётр турклар империясининг шимоли-шарқий жабҳасида, Қримда Азовни қамал қилиб, охирида қўлга киритди. Бахти қайтган туркларга овруполик иттифоқчилар 1699 йил январда Карловъи битимини зўрлаб тиқиштирдиларки, унга кўра, турклар ўзларига тегишли Оврупо империясининг ярмидан маҳрум бўлдилар. Темесвар Банатини ҳамда Трансилвания, Кроатин ва Славонини истисно қилганда, бутун Можаристонга Австрия эга чиқди. Полша Подолияни қўлга киритди. Азов денгизини қайтариб олган рус подшоҳининг кўнгли тўлмай қолди.


ПОДШОҲ ПЁТР ҚИЙИНЧИЛИКЛАРИ. 
Яна ўн йил ўтиб, Оврупода жиддий тўқнашув юз берди. Швеъиялик Карл Густав (Карл XII) рус подшоҳи Буюк Пётрнинг жуда катта режа ва ниятларини бузиб юборди. Бироқ бир неча кичик ғалабалардан кейин руслар уни 1709 йили Полтава яқинидаги жангда мағлубиятга учратдилар. Султоннинг дўсти бўлган Карл Туркиядан ёрдам олишга ҳаракат қилиб кўрди. У султонни русларга қарши майдонга тушиш даъватига киришиб, ниҳоят уни Карл XII бой бериб қўйган ҳудудларини қайтариб беришни Русиядан талаб қилишга кўндирди. Албатта рус подшоҳининг бунга рад жавоби тайин эди. Карловъи битими жуда қаттиқ ботган турклар сафарбарликни бошлаб юбордилар. Подшоҳ катта қўшин тортиб келди, лекин турклар Бессарабиядан ва шимолдан туриб ҳужум уюштириш орқали русларни алдаб қуршовга олдилар, Пётрни қўлга тушириш ниятида Прут дарёси яқинида унинг қўшинларини ўраб кела бошладилар. Саркардаликни вазирига топшириб қўйганлиги туфайлигина у асирликдан омон қолди. Жанг натижасида 1711 йилда Прут битими тузилиб, унга биноан Русия Азов денгизини Туркияга қайтариб берди.


ВЕНЕЦИЯ ВА АВСТРИЯ БИЛАН УРУШ. 
XVIII аср турклар тарихининг энг қайғули даври бўлди. Улар кетма-кет мағлубият аламини тортиб, иснодга қолавердилар. Венеъияликлар эгаллаб олган Монтенегода кўтарилган исён натижасида Венеъия билан Австрия ўртасида уруш келиб чиқди. Бу воқеа турклар Венеъияга ҳужум қилиб, Мореа ва Критни ўзларига қайтариб олишларига имкон берди, ўз навбатида бу шаҳзода Евгений Савойский бошчилигида Австрияни туркларга қарши кўтарди. 1716 йилдаги Питерварден жангида Савойский турклар устидан яна ғалаба қозониб, Темесварни қўлга киритди ва юришларини давом эттириб, бир йил ичида Белградни ҳам эгаллади. Турклар музокара олиб боришни таклиф қилганликлари сабабли уруш 1718 йил июлда имзоланган бошқа бир ҳақоратомуз битим – Пассаровъи шартномаси билан якунланди. Турклар Темесвар, Шимолий Сербия ва Кичик Валахиядан маҳрум бўлдилар.


МАҲАЛЛИЙ ТАШВИШЛАР. Уларнинг ташқи омадсизликлари империя ичидаги маҳаллий мусибатларни эслатарди. Сафавийлар салтанати афғонлар қўлига ўтган эди. Сўнгги сафавий шаҳзода Таҳмасп тожу тахтни эгаллашга жон-жаҳди билан интилди. Форснинг узоқ шимоли-ғарбида у ўзига қароргоҳ белгилаб, турклар сарҳадига тез-тез ҳужум қилиб турди. Султон Таҳмасп қарши курашга шайланмоқчи бўлганида эса жоннисорлар султоннинг ўзига қарши қўзғолон кўтариб, уни тахтдан ағдардилар ва ўрнига жияни Маҳмуд I ни ўтқаздилар. Бироқ саройда бошланган бошбошдоқлик икки йил давом этиб, фақат жоннисорларни ушлаб, минглаб қатл қила бошлаганларидан кейингина осойишталик ўрнатилди.


РУСИЯ БИЛАН БЎЛГАН УРУШ. БЕЛГРАД БИТИМИ. Кўп ўтмай, бошқа хавф-хатарлар ҳам турклар безовталигини ошира бошлади. Бу галги ташвишларга рус маликаси Кетрин (Екатерина) сабаб бўлди. Бироқ Русия билан бўлган 1739 йилги урушда турклар ғолиб чиқдилар. Султоннинг иттифоқчиси бўлган Фарангистон ундан Русиянинг Полшага нисбатан ниятлари хусусида норозилик билдиришни сўради. Турклар учун эса куч тўплаб олганларича холисроқ туриш мақсадга мувофиқ эди. Бироқ шонли жангчилар бўлган улар доимий иттифоқчилари билан бирлашган овруполикларнинг ўзларига нисбатан ноҳалол хатти-ҳаракатларини сезиб қолдилар. Боз устига Русия тобора жангарилашиб борарди. Қора денгизда эркин сузишни истаган руслар яна Азов денгизи учун турклар билан жиққамушт бўла бошладилар. Қрим ҳам, Волга дарёси ҳавзаси ҳам асрлар бўйи мусулмонликни қабул қилган торторлар ватани бўлиб келди. Улар Русияда ўз давлатларига эга эдилар. XIII асрдан XV асргача кучли давлат бўлмаган Москва князлиги торторларга узоқ давр мобайнида мажбуран товон тўлаб турди. XV асрга, Иван Грозний даврига келгандагина Москва мустақилликка эришди.  То шунга қадар торторларга қарам бўлган руслар Волга дарёси ҳавзасидан маҳрум эдилар. Қрим торторлари ҳам турклар васийлигида бўлиб келганликлари боис султон бу ерда ҳам руслар билан олишиб турди. Шундай қилиб, руслар Азов денгизига ҳужум қилганларида турклар мустаҳкам мудофаа ташкил қилдилар. Ўша пайтда Евгений Савойский вафот этган ва турклар Шарқий Оврупода австрияликларни осонгина енгишларига умид боғлаётган эдилар. Урушга якун ясаган Белград битими туркларга Сербия, Белград ва Азовни қайтариб берди.


ДЕРЕБЕЙЛАР.
Бироқ турклар тинчлик гаштини суришларига ҳали эрта эди. Чунки ўша пайтда Кичик Осиёда катта тартибсизликлар бўлиб ўтаётганди. Текисликларнинг эгалари, яъни уларнинг деребейлар деб номлана бошлаган ҳарбий авлодлари ўзларига у қадар катта бўлмаган ярим мустақил князликлар ташкил этишиб, солиқ тўлашдан ёки султоннинг талаби билан унга аскарликка одамлар беришдан бош тортдилар. Бу ҳалокатли мусулмон сиёсати касалликларининг қўзиши эди. Марказ заифлашаркан, барча пароканда бўлакларни ягона бир империяга жипслаштирадиган янги марказий ҳокимият вужудга келгунига қадар узоқ вилоятлар ёки ҳокимликлар мустақил бўлиб олишарди. Бирор кучли шахснинг бошқаруви ҳеч қачон халққа биргаликда давлат тўғрисида ғамхўрлик қилишга имкон берган эмас, гарчи халқ ўша давлатга содиқ эканлиги тўғрисида онт ичиб турган бўлса ҳам. Суверенитет – халқ иши деган демократия ғояси у пайтларда ҳали унчалик маълум эмасди. Ўша даврда империянинг қудратли ёки заиф бўлиши султонга, ҳукмдорларга боғлиқ бўлган замонлар эди. Туркия билан Форс ўртасида асрлар бўйи давом этиб келган урушлар ҳар иккаласининг ҳам силласини қуритиб қўйди. Бу олишувлар туронликлар ва эронликлар ёки суннийлар билан шиалар ўртасидаги эски рақобатнинг давоми эди. Лекин пировардида бу қарама-қаршиликдан ҳеч ким ютгани йўқ, ҳар иккала томон заифлашиб қолди.


РУСИЯ КЕТРИНХОНИМИ. Ўша пайтда овруполиклар иккита уруш – Австрияни қуршаб олиш учун ҳамда етти йиллик уруш домига тортилган эдилар. Бу шиддатли олишувлар туркларнинг ўзларини ўнглаб олишларига имкон яратди. Улар бахтига Мустафо III сиймосида доно султонлари ва унга жуда мос вазирлари Рағиб Пошшо бор экан. Рағиб Пошшо вазирлик пайтида етти йил (1757-1763 йиллар) империянинг молиявий муаммоларини ҳал этишга ҳамда қўшинларни қайта қуришга куч-ғайрат сарфлади. У Онодўлининг тинчини бузиб келаётган деребейларни тартибга чақириб қўйишга ҳам вақт топа билди. Бироқ осойишталик узоқ чўзилмади. Уни руслар, уларнинг даҳшат солувчи шоҳ маликаси Екатерина бузди. У ҳаракатларини Полшага ҳужумдан бошлади. Савашиб, чекинаётган поляклар ўзларидан устун кучлардан кетма-кет мағлубиятга учрамоқда эдилар. Кўплари Туркия империяси ҳудудига қочиб ўтдилар, уларни таъқиб қилиб келаётган руслар ҳам турклар чегарасидан ўтиб боравердилар. Султон ҳали кучига ишонмаганлигидан урушга қўшилолмай турди. Бироқ Фарангистон уни катта сиёсий  хатога – Русияга уруш эълон қилишга бошлади. Малика гўё шуни кутиб тургандай иш кўриб, қўшинларини Молдавия ҳамда Валахия устига сурди. Сўнгра сафида кўплаб британ зобитлари бўлган денгиз кучларини Болтиқ денгизидан олиб, Эгей денгизи томон йўллади. Уларга нисбатан жуда камқувват бўлган турк денгиз кучлари 1770 йилда Чашмий яқинида бўлиб ўтган жангда мағлубиятга учрадилар. Пировардида руслар Қримни эгаллаб, турклар империяси ичкарисига кириб боравердилар. 1773 йили Русияда Пугачёв номи билан қўзғолон кўтарилмаганида, улар бу йўлларида тўхтамаган бўлардилар. Вужудга келган вазият маликани ўз қўшинларини орқага қайтаришга мажбур қилди. 1774 йилда имзоланган Кучук Қайнаржи битими эса Русия фойдасини кўзлаб тузилди: турклар Қримда Кенгбурунни, Ениқалъа ва Керчни йўқотдилар. Қрим торторларига мустақиллик ғояси сингдирилди, лекин улар султонни халифа сифатида ҳурмат қилаверишлари ҳам мумкинлиги айтиб қўйилди. Молдавия ҳамда Валахия Туркияга қайтариб берилди. Аммо Русия Шарқий Овруподаги насронийларнинг ҳомийси деб эътироф этилди. У Истанбулнинг насронийлар истиқомат қиладиган Ғалат туманида черков қуришга рухсат берилишини қатъий талаб қилди.


АВСТРИЯ ВА РУСИЯ ИТТИФОҚИ (1781 йил). Шу даврга келиб Русия билан Австрия ўртасида ўзаро муносабатлар ўрнатилган эди. Улар туркларни Шарқий Овруподан қувиб чиқариш, ўрта аср юнон империяси Бизантумни қайта тиклаганларидан кейин юнонларнинг озод император хоними Екатеринанинг ўғли Константинни ўзларига бош қилиб танлашлари учун барча имкониятларни ишга солишлари хусусида келишиб олдилар. Австрияликлар Болқоннинг ғарбий  ярим қисмини эгаллашлари лозим эди. Ана шу битимга мувофиқ иш кўрган Екатерина 1783 йилда бутун Қримни ўзига ажратиб олди, бундан қаноат ҳосил қилмай, Кавказда Гуржистонни ҳам забт этди. Турклар ўз сарҳадлари ҳимоясига турганларида Австрия Русияга ёрдамга келди. Рус додхоҳлари Потёмкин ва Суворов Молдавияга бостириб кириб, у ерни истило қилдилар. Турклар яқингинада бўлиб ўтган урушлар ва деребейлар билан ички низоларидан кейин ҳали ўзларига келиб улгуришмаган бир пайтда руслар Дунай томон осонгина йўл очиб олдилар. Турклар яхши жанг қилсалар ҳам, самара кам эди. Рус қўшинларига қарши туришга уларнинг кучлари қолмаётганди. Ниҳоят тўхтатилмаган тақдирда Оврупода Русия кучайиб кетишидан хавфсираб қолган Пруссия 1791 йили Австрияни урушга чек қўйишга кўндириш натижасида Систов битими имзоланди. Оврупо давлатлари Туркиянинг гуноҳларини кечгандай бўлдилар. Бундан ташқари улар орасидаги ўзаро гумонсирашлар туфайли у кутганидан ҳам кўпроқ натижага эга бўлди. Австрия ўзига олган Босниянинг бир қисми ўрнига унга Белград қайтариб берилди. Бир йил ўтгач, 1792 йили Русияни Ясси битимини имзолашга рози қилдилар. Шу билан Русия Қримдаги Очаковни олиб, Молдавия, Бессарабия ва Валахияни Туркияга қайтариб берди. Днестр дарёси чегара қилиб белгиланди. XVIII аср охирига келиб ана шундай ҳолат юзага келди.


ТУРКЛАР ҲУКУМАТИ – СУЛТОН-ХАЛИФА. 
Энди империянинг маъмурий тузилишини қараб чиқиш, туркларнинг мазкур бобда баён этилган икки юз йиллик тарихида қўлга киритган ютуқларини аниқлаб олиш зарур. Шу даврга келганда султон гарчи барча мусулмонларнинг халифаси, яъни диний раҳнамоси бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда шундай мавқеи билан ҳам маълум эди. Дастлаб усмонли турклар фақат ҳарбий саркардалар деб эътироф этилардилар. Ўрхон ўзини амир деб ҳисоблаган бўлса, Боязид I султон унвонини танлаган эди. Муҳаммад Фотиҳ эса султон номига «Бутун қуруқлик ва денгизлар» («Султон ул-Барраин вал-Баҳраин») сўзларини ҳам қўшиб қўйди. Салим I Мисрни босиб олганидан кейингина шу давргача аббосий халифаларгагина раво кўриб келинган Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёпинчиғи Константинополда ҳам қўлланадиган бўлди. Бироқ султонлар ҳақиқий халифаликни XVIII асрдагина ўз унвонларига қўшиб олдилар. Шунга қарамай, улар ҳокимияти тобора заифлашиб, халқни тобеликда ушлаб туриш мушкуллаша борди. Халифалик – бу ҳазрат Али авлодларидан қолган мерос, деб билувчи форслар ўзларини ҳаргиз шундай деб ҳисобламасдилар. Ҳинд мусулмонлари эса шунчаки қизиқиш юзасидангина ўзларини ворис санардилар.


ИМПЕРИЯНИНГ ТАШКИЛИЙ ЖИҲАТЛАРИ. Империянинг олий дунёвий ишлари ва диний раҳнамоси бўлган султон-халифа ўзининг кўпгина ваколатларини бошқаларга топшириб қўядиган бўлди. Муҳаммад II ўз Қонунномасида давлатдаги олий лавозимларнинг ҳуқуқ ҳамда вазифаларини белгилаб берган даврдан эътиборан шу таомилга амал қила бошлаган эди. Улуғ ёки бош вазир султоннинг ноиби ёхуд ўринбосари бўларди. Заиф султонлар ҳукмронлиги даврида у давлат бошлиғи ҳам ҳисобланган. Улуғ вазир деярли ҳар куни вазирлар билан маслаҳат қилиб турарди. Бу кенгашларнинг ҳозирги маънодаги вазирлар маслаҳатларидан фарқи фақат шунда эдики, бевосита султон томонидан тайинланадиган вазирлар унинг олдидагина жавобгар бўлиб, бугунги кўплаб демократия мамлакатлари давлат тузумларидаги сингари халқ вакиллари ҳисобланмасдилар. Империя илк усмонийлар даврида бейлар бошчилигида бўлгани каби Румели, Онодўли ва Африқо номли учта кичик подшоҳликдан иборат эди.


ФУҚАРОЛИК ҲУКУМАТИ. Аввалига усмонлиларнинг умумий қонунлари бўлгани ҳолда мамлакатда шариат етакчи ўринда турарди. Турклар ўзларининг оддий хизматчиларига жуда асосли сабоқ беришарди ва бир йилликдан кўпроқ муддатли тайёргарлик мактабига ҳам эга эдилар. Иштиёқмандлари минглаб топиладиган бундай ўқишнинг дастлабки босқичи етти йиллик бўлиб, уни тугатганлар донишмандлар деб аталарди. Уларнинг ҳар бири истаган машғулотини танлай оларди, яъни ўқитувчилик ёки қозилик қилиши мумкин эди, оддий муллаликка хоҳиши бўлганларга юқори таълим мактабларида яна етти йил таҳсил кўришга тўғри келарди. Анча юксак лавозимларни эгаллашга эса олдиндан шахсий суҳбатдан ўтишни ҳам ўз ичига оладиган анча юқори талаблар қўйиларди.


ДИНИЙ УЮШМАЛАР. Диний ҳаёт ҳам яхши йўлга қўйилганди. Туркиядагидек диний ташкилотлар анча-мунча мусулмон мамлакатларида йўқ эди. Улар ичида тўрттала ташкилотнинг таъсири айниқса сезилиб турарди. Соф диний мазмундаги бу ташкилотлар аввалига сиёсий ишларга умуман аралашмадилар. Уларнинг учтаси энг машҳур эди. Биринчиси таниқли мутасаввуф шоир мавлоно Жалолиддин Румий асос солган мавлавий уюшмасининг тарафдорлари «зикру само билан машғул дарвишлар» номини олдилар. Насронийлар ҳамда мусулмонларнинг шиа мазҳаби учун муштарак жиҳатларига эга бўлган Бектоший жамоаси аъзолари расмий ибодатни тан олмасдилар ва улар тасаввуфида мусулмонча маросимларга кўп ҳам риоя қилинавермасди. Бундай тартиб-қоидалар жоннисорлар орасида айниқса кенг оммалашган эди. Учинчи жамоани ташкил қилувчи нақшбандийлар тўғрисида юқорида ҳам маълумотлар берилди. XVI асрда Ҳиндистонда жуда катта таассурот қолдирган мазкур йўналиш Шоҳ Вали ул-Лақабийдек шахснинг намоён бўлишига имкон яратди. Туркияда диний жамоалар аста-секин бу дунё лаззатларидан баҳраманд бўлишни ёқтирадиган кишиларнинг ташкилотларига айлана бордилар, уларнинг раҳнамолари эса мол-мулк тўплаб ёмон йўлга кира бошладилар. Хуллас, дастлаб туркларнинг ижтимоий ва маънавий ҳаётига йўналиш бериб турган жамоалар пировардида уларнинг инқирозига учраб, завол топишга ёрдам бердилар.


ТУРК МАДАНИЯТИ. Туркларнинг аксарияти азалдан жангчи ва тадбиркор кишилардир. Шунингдек, яхши қонунчи ва ташкилотчи эдилар. Улар жамиятларини миллий негизда қурганликлари туфайли ўз империяларидаги бошқа жамоаларнинг маданий, ижтимоий ва диний асосларидан деярли дахлсиз қола билдилар. Уларга, яъни булғорлар, серблар, арманлар ва друссларга ўз қонунлари асосида яшаш имконини бериб қўйдилар. Шу сабабдан турклар баъзан аралашиб кетганларида ҳам ўз империясини сақлаб қола билдилар. Адабий маданият бобида араб ва форс намуналарига, кўпроқ форсларга эргашардилар. Асрлар давомида уларнинг қонунчилигида арабча, адабиётида эса форсча майллар етакчилик қилиб келди. Тадрижий равишда уларнинг ўз анъаналари вужудга кела бошлади. Бу соҳада узоқни кўра биладиган султонларнинг ёрдами катта бўлди. Даставвал бутун турк шеърияти форс назмига хос шакл ва услубга тақлидан яратиб келинди. Турклар бу анъанадан воз кечишга кўп вақтларини сарфладилар. Насрда улар янги услубга эртароқ ўтишга муваффақ бўлдилар. 1679 йили авлиё Чалабий «Сайёҳ кундаликлари»ни ёзди. Оврупога саёҳатлари ва юришларида кўрган-билганларига асосланиб битилган мазкур янгича асарда у империянинг ижтимоий ҳамда иқтисодий шарт-шароитларини яхши акс эттирган. Шайх Ғолиб (1757-1790 йиллар) «Ҳусну ишқ» номли ажойиб достон яратди. Бу маънавий муҳаббат мажози мавлавийлар жамоасининг ўша пайтдаги бошлиғи қаламига мансуб эди. XVIII асрда «Тағути тавориҳ» («Тарих гултожи») асарини ёзган Саъдуддин ва кўп жилддан иборат «Тарих» китобини яратган Наима ўша даврнинг асосий тарихчилари ҳисобланадилар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қўриқхоналар ташкил қилиш Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халқнинг камбағал тоифаси манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамият ихтиёрида бўладиган давоми...

681 15:25 / 18 октябрь
Ибнул Асир .Комил,да шундай дейди Уқба ибн Нофеъ раҳимаҳуллоҳ Африкада шаҳар қурмоқчи бўлди. Шаҳарда мусулмон аскарлари, оилалари ва моллари зарарлардан омонда давоми...

2398 11:00 / 15.07.2022
Фиръавнлар тамаддуниМиср Африка қитъасининг энг серҳосил минтақаларидан бири эди. Шунинг учун унинг аҳолиси жуда ҳам кўп бўлиб, унда фиръавнлар давлатига асос давоми...

3147 17:10 / 10.05.2019
Имом Бухорий, Термизий, Насоий ва Абу Довудлар Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Жума кунининг аввалги .нидо,си Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

692 14:47 / 14 октябрь
Аудиолар

135093 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55372 14:35 / 11.08.2021