1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Мусулмонлар мажлисининг етакчи аъзоси

16:03 / 31 январь 2295 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Тобарий Солим ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳуга тайин қилинган миқдордаги маошни олишда давом этди. Аммо унинг ҳожати кўпайди. Муҳожирлардан бир гуруҳи тўпландилар. Уларнинг ичида Усмон, Али, Толҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳум бор эдилар. Зубайр:
«Умарга унинг маошини зиёда қилишимиз ҳақида гапирсак бўлар эди», деди. Али:
«Бу аввалроқ бўлиши керак эди. Юринглар, борайлик», деди».


Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мусулмонлар мажлисининг етакчи аъзоларидан бири бўлганлар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Мисрни фатҳ қилишда Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан кейинги иккинчи шахс ҳисобланганлар.


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомга келганларида Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Мисрнинг мавқеини, унинг Рум учун катта қувват эканлигини эслатиб, уни фатҳ қилишга изн сўраган эди. Ўша вақтда Миср Румга қарам бўлиб, у тарафдан қўйилган ҳоким томонидан бошқарилар эди.


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кейинроқ Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуни Миср томон катта лашкар ила юбордилар. Ортидан Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бошчиликларида мадад кучларини жўнатдилар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Мисрга яқинлашиб борганларида у кишига Мисрнинг амиридан мактуб келди. Унда «Бу ерда ўлат тарқалди, бу юртга кирма», деб ёзилган эди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу:
«Мен фақат ўлим учун, ўлат учун келганман», дедилар ва Мисрга кирдилар. У кишининг ўзига хос байроқли беш юз кишидан иборат лашкарлари бор эди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўз лашкарлари олдида қуйидаги байтларни айтиб борар эдилар:
«Мен Зубайрман, Мислнинг боласи.
Шижоатли шер, Ислом саркардаси.
Буюк ҳимматли, ҳужмкор саркардаси.
Қатл этурман кўринса, душман қораси.
Жанг куни бўлса, мен жангчилар сараси.
Ислом динига нусрат берувчи боласи».
Мусулмонлар билан Нуба аҳлининг тузган аҳдномалари остига «Зубайр ва унинг икки ўғли –  Абдуллоҳ ва Мунзир гувоҳ бўлишди. Вурдон ёзди», деб ёзилган эди.


Бундан Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб, ёлғиз ўзлари эмас, балки ўғилларини ҳам Аллоҳ таолонинг йўлида хизматга жалб қилганликлари келиб чиқади.


Умуман, серфарзанд бўлган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўғилларининг ҳам баҳодир, жасур киши бўлиб яшашларини истар эдилар. Шунинг учун ҳам ўғил фарзандларига буюк, мақоми улуғ саҳобаларнинг исмларини қўйган эдилар.


Абдуллоҳни Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг, Мунзирни Мунзир ибн Амр розияллоҳу анҳунинг, Урвани отаси Урва ибн Амр розияллоҳу анҳунинг, Ҳамзани Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг, Жаъфарни Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг, Мусъабни Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг, Холидни Холид ибн Саъийд розияллоҳу анҳунинг хотираларига шундай исмлар ила номлаган эдилар.


Кейинчалик Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Мадинаи Мунавварага қайтиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга бошқа ишларда ёрдам бердилар. Хусусан, очлик йилида у киши катта фидокорлик кўрсатиб, меҳнат қилдилар.


Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд қилинганидан кейин у кишининг ўринларига халифа бўлиши керак бўлган олти кишилик номзодлар ичида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳам бўлиши ўша пайтда у кишининг мусулмон жамиятида тутган мартабаларига далолат қилади.
Имом Муслимнинг ривоятида келишича:
Одамлар (Умарга):
«Эй мўминларнинг амири, васият қилинг, ўрнингизга халифани танланг», дедилар. У зот:
«Сизларнинг ишингизни тиригимда ҳам, ўлигимда ҳам кўтараманми? У ишдан менинг насибам озгина бўлишини, фойдамга ҳам, зараримга ҳам бўлмаслигини хоҳлар эдим. Агар ўрнимга халифа тайин қилсам, мендан яхши киши тайин қилган (яъни Абу Бакр). Агар сизларни шундай тарк қилсам, мендан яхши киши сизларни шундай тарк қилган (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)», деди.


Абдуллоҳ ибн Умар «У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилганида ўз ўрнига ҳеч кимни тайин қилмаслигини билдим», деди.


Сўнгра Умар: «Бу ишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози ҳолларида вафот этган кишилар: Али, Усмон, Зубайр, Саъд, Толҳа ва Абдурроҳман(ибн Авф)дан бошқани ҳақли кўрмайман. Сизларга Абдуллоҳ ибн Умар гувоҳ бўлади. Унинг ўзига амирликдан ҳеч нарса йўқ. Бу унинг учун таъзияга ўхшаган бир нарса. Агар амирлик Саъдга етса, яхши. Агар ундай бўлмаса, сиздан ким амир қилинса, ундан ёрдам олиб турсин. Мен уни ожизлик ёки хиёнат юзасидан ишдан олганим йўқ», деди».


Ушбу олтиликдан Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўринларига халифа этиб сайландилар.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Византия императори Ҳирақл Ираклий Iга юборган мактублариУшбу мактуб Мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасида 10 йил давоми...

2853 09:01 / 27.12.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан назрига вафо давоми...

2653 11:00 / 28.01.2021
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларТаҳликали кунларда4қисм Маккада мусулмонлар учун қора кунлар, давоми...

5361 16:36 / 21.04.2017
Саҳобалар учун энг муҳим мақсад Аллоҳнинг динига хизмат қилиш, Унинг ризосига эришиш эдиУмар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни давоми...

2990 15:07 / 10.12.2021