1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфияти (15-дарс)

05:00 / 09.01.2017 3602 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

23‑Матн:

Қачон хотиржам ҳолда ўтириб, аъзолари таскин топгач такбир айтиб иккинчи бор сажда қилардилар. Қачан (саждадан) фориғ бўлсалар икки оёқларида турардилар, ўтирмас эдилар. Туриш пайтида қўллари билан ерга суянмасдилар, балки тиззаларига суянардилар.

23‑Матннинг далиллари:

۱-عَنْ بن عمر - رضي الله عنهما - : قال : «نهى رسولُ الله -صلى الله عليه وسلم أَنْ يَعْتَمِدَ الرَّجُلُ عَلَى يَدَيْهِ إِذَا نَهَضَ فِى الصَّلاَةِ

1. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам киши қачон намозда турса икки қўлига суянишидан қайтардилар”. Абу Довуд ривояти. 1/377. Муҳаммад ибн Абдулмаликдан бошқа рижоллар “Саҳиҳ”нинг рижолларидир. Икки шайх Муҳаммад ибн Абдулмаликдан ҳадис чиқаришмаган. “Таҳзийбут Таҳзиб”да унинг сиқалиги айтилган. 9/315,316.

Ҳадиснинг далолатига кўра қўллар ерга қўйилиб, уларга суянган ҳолда қиёмга туриш тўғри бўлмайди. Бу саҳобалардан Умар, Алий, Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган. Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳ ҳам шуни айтади. Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадисларнинг аксари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккинчи ракат қиёмига туришларида истироҳат ўтиришини қилмаганларига ва икки қўлларига суянмаганларига далолат қилади”, деган.

Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ иккинчи ракатга туришда бир ўтириб олишни айтади. Буни Молик ибн Ҳувайрис ва Абу Ҳумайд розияллоҳу анҳумолар айтишган. Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳдан ҳам бир ривоятда шу фикр қувватланган. Улар бунга Имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадисни далил қилишади: “Қачон иккинчи саждадан бошларини кўтарсалар ўтирардилар ва ерга суянардилар сўнгра турардилар”. Бу ҳадисдаги ҳолатни  жоизликнинг баёни учун бир марта қилинган амал дея ҳамл қилинади. Чунки Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадисида қиёмга туриш пайтида ерга қўл билан суянишдан очиқ‑ойдин қайтарилмоқда.

→Эътироз:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси икки жиҳатдан заифдир:

1. Муҳаммад ибн Абдулмалик мажҳулдир.

2. Бу ривоят сиқаларнинг ривоятига хилофдир. Маълумки, муҳаддислар ва бошқа аҳли илмларнинг қоидасига кўра сиқаларга хилоф бўлган ҳадис шоз ва рад қилингандир.

Бунга қуйидагича жавоб берамиз:

1. Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Занжуҳ Бағдодий Абу Бакр Ғазол Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳнинг асҳобларидан бўлган. Ундан икки шайхдан бошқа тўрт муҳаддис ривоят қилган. Насоий уни сиқа деган. Ибн Абу Ҳотим айтади: “Отам ундан ҳадис эшитган. У содуқдир”. Ибн Ҳиббон ҳам уни сиқалар орасида зикр қилган. Балки бу ўринда Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Занжуҳни Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Абу Маҳзурага чалкаштираётган бўлишса керак. Дарҳақиқат Ибн Қаттон Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Абу Маҳзурани мажҳул деган. Заҳабий ҳам “Мезон”да уни нотаниш, деган.

2. Сиқаларга хилоф бўлган ривоят шоз ва мардуд бўлиши учун уларнинг ривоятига очиқчасига қарши келган бўлиши лозим. Яъни бирини қабул қилиб, иккинчисини рад этиш лозим. Ҳофиз “Нухба”нинг 35‑саҳифасида бунинг баёнини қилган. Бу жойда эса ундай эмас. Чунки Абу Довуд шайхларининг тўрттасидан бу ривоятни келтирган. Ибн Рофеъ айтади: “Кишининг қўлига суянган ҳолда намоз ўқишидан қайтардилар”. Ибн Шабуҳ айтади: “Кишининг намозда қўлларига суянишидан қайтардилар”.

Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Занжуҳнинг лафзи бу икки лафзни инкор қилмайди, балки  Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Занжуҳнинг ривоятида уларнинг ривоятидаги мутлақликни қайдлайдиган қўшимча мавжуд. Яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам киши қачон намозда турса икки қўлига суянишидан қайтардилар”. Бу ерда шозликдан бирор нарса йўқ. Шоз деганда сиқанинг ривояти сиқалар ривоятига хилоф тарзда бўлишига айтилади. Сиқанинг ўзи ривоят қилиб, бошқалар уни ривоят қилмаган бўлса буни шоз дейилмайди. “Тадрибур Ровий”да буни батафсил баён қилинган. Бунинг устига Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Занжуҳнинг ривоятини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаи киромларнинг феъллари ҳамда кўплаб тобеъинларнинг сўзлари қувватлайди. Уларда қўлларга суяниб қиёмга туриш макруҳлиги айтилган. Бу ҳадиснинг маъносини  шундай тарзда қувватли экан, уни рад қилиш тўғри бўлмайди...

24‑Матн:

Иккинчи ракатда биринчи ракатда қилган сўз ва феълларга ўхшашини амалга оширардилар. Фақат у зот иккинчи ракатда биринчи ракатдаги киришишни қилмас, тааввузни айтмас ва намозларининг дастлабки такбирларидан бошқа бирор жойда икки қўлларини кўтармас эдилар.

24‑Матннинг далиллари:

۱-عَن جَابر بن سَمُرَة رَضِيَ اللَّهُ عَنْهما ، قَالَ : خرج علينا رَسُول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: " مَا لي أَرَاكُم رافعي أَيْدِيكُم كَأَنَّهَا أَذْنَاب خيل شُمْس ، اسكنوا فِي الصَّلَاة "

1. Убайдуллоҳ ибн Қибтийядан, у Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқиб: “Нимага сизларни икки қўлларингизни қайсар отнинг думига ўхшаб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокин туринглар”, дедилар”. Муслим ривояти 1/322.

Ҳадис шариф сокин туришликка далолат қилади. Намозда қўлларни кўтаверишлик бунинг зиддидир.

۲-عن علقمة قال : قال عبد الله بن مسعود : ألا أصلي بكم صلاة رسول الله صلى الله عليه و سلم فصلى فيم يرفع يديه إلا أول مرة

2. Алқамадан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми?” деб, икки қўлини биринчи мартада кўтарганидан бошқа кўтармади”. 1/35.  Термизий ривоят қилган ва: “Ушбу бобда Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ва ҳадис ҳасандир. Бу Суфённинг ва Куфа аҳлининг сўзидир”, деган. Рижоллари Муслим рижолларидир. Ибн Ҳазм “Талхис”да буни саҳиҳ деган. 1/83. Буни Насаий ҳам ривоят қилган.

25‑Матн:

Агар иккинчи ракатда иккинчи саждадан бошларини кўтарсалар, чап оёқларини тўшаб унинг устига ўтирар эдилар, ўнг оёқларини тик тутган ҳолда унинг бармоқларини қиблага юзлантирардилар.

25‑Матннинг далиллари:

۱-عَنْ ابْنِ حُجْرٍ قَالَ قَدِمْتُ الْمَدِينَةَ قُلْتُ لَأَنْظُرَنَّ إِلَى صَلَاةِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَمَّا جَلَسَ يَعْنِي لِلتَّشَهُّدِ افْتَرَشَ رِجْلَهُ الْيُسْرَى وَوَضَعَ يَدَهُ الْيُسْرَى يَعْنِي عَلَى فَخِذِهِ الْيُسْرَى وَنَصَبَ رِجْلَهُ الْيُمْنَى قَالَ أَبُو عِيسَى هَذَا حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ وَالْعَمَلُ عَلَيْهِ عِنْدَ أَكْثَرِ أَهْلِ الْعِلْمِ وَهُوَ قَوْلُ سُفْيَانَ الثَّوْرِيِّ وَأَهْلِ الْكُوفَةِ وَابْنِ الْمُبَارَكِ

1. Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини кўрай деб Мадинага бордим. У зот ташаҳҳудга ўтирсалар, чап оёқларини тўшар, чап  қўлларини чап сонларига қўяр ва ўнг оёқларини тик қилардилар”. Термизий ривояти. Абу Ийсо айтади: “Ҳадис ҳасан саҳиҳдир. Аксар аҳли илмлар наздида амал шунга кўрадир. Бу Суфён Саврий ва Куфа аҳлининг ҳамда Ибн Муборакнинг сўзидир”.

۲-عن عائشة قالت : كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يستفتح الصلاة بالتكبير والقراءة ب الحمد لله رب العالمين  وكان إذا ركع لم يشخص رأسه ولم يصوبه ولكن بين ذلك وكان إذا رفع رأسه من الركوع لم يسجد حتى يستوي قائما وكان إذا رفع رأسه من السجدة لم يسجد حتى يستوي جالسا وكان يقول في كل ركعتين التحية وكان يفرش رجله اليسرى وينصب رجله اليمنى وكان ينهى عن عقبة الشيطان وينهى أن يفترش الرجل ذراعيه افتراش السبع وكان يختم الصلاة بالتسليم . رواه مسلم

2. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни такбир ва “Алҳамду лиллааҳи робил ааламийнни қироати билан бошлар эдилар. Қачон рукуъ қилсалар бошларини кўтариб ҳам, тушуриб ҳам юбормас, балки шунинг ўртасиида тутар эдилар. Қачон саждадан бошларини кўтарсалар ростланиб ўтирмагунларича сажда қилмасдилар. Ҳар икки ракатда “Таҳийёт”ни айтардилар. Чап оёқларини тўшар эдилар ва ўнг оёқларини тик тутар эдилар. Шайтон уқбасидан қайтарар эдилар ва кишининг йиртқич ястанишидек  тирсакларини ястанишидан қайтарар эдилар. У зот намозни салом билан тугатар эдилар”. Муслим ривояти. 1/194.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар”, дейишлари мутлақ бўлиб, бу у зотнинг икки ташаҳҳудда шундай ўтиришларига далолат қилади. Чунки у киши ушбу ҳадисда ҳар икки ракатда машруъ зикрни баён қилиб, бунинг ортидан ўтириш кўринишини зикр қилмоқдалар. Аслида бу билан аввалги ҳолатни зикр қилиб, кейинги ҳолатни эсдан чиқариб қўяётганлари йўқ, балки аввалги ва кейинги ташаҳҳудларда ҳам шундай ўтирганликларини айтмоқдалар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки бирингиз намозга турса, унинг ҳузурида эгарнинг суянчиғига ўхшаш нарса давоми...

5113 05:00 / 09.01.2017
...Кимдир қўшнисининг қиз чиқаришини тамоша қилиб quotмен қизимга бундан яхши сеп қиламан. Ундай қиламан, мундай қиламанquot деб орзу қилса, кимдир бошқа бир кишининг давоми...

6323 05:00 / 09.01.2017
Изоҳ .Хало, деганда қазои ҳожат тушунилади. Инсон қазои ҳожат қилаётганида холи қолиши учун хало, дейилган. алМуғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу .Пайғамбар давоми...

6923 05:00 / 04.01.2017
Поклик ndash .Таҳорат, сўзи луғатда .тозалик ва озодалик, маъносини англатади. Шариатда эса, у таҳорат, ғусл, таяммум каби намоз ўқиш учун керакли покланишларга давоми...

8069 05:00 / 09.01.2017