1446 йил 11 рабиъус сони | 2024 йил 14 октябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Оламларга Раҳмат Пайғамбар

09:25 / 18 сентябрь 2374 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотли (буюк) бўлди» (Фурқон сураси, 61-оят) ушбу оятни тунда Мир Араб мадрсасаси ётоқхонасида тиловат қилар эканман, дераза дарчасидан сизиб кираётган ойнинг шуълалари бўйнимга завқ занжирини солганча мени ташқарига олиб чиқди, ва – « Ма ша Аллоҳ! Ажабо! Шу эканда ҳамма унга тикиладиган ой! Наҳот шу хилқат ҳар тун гумбазлар оша сайр қилса-ю, мен бундан бехабар бўлсам, қандай қилиб бу гўзалликни аввал илғамадим?»-деганча унга 2-3 дақиқа термулиб, фикр қила бошладим, Ой эса гўё тилга киргандек, менга хитоб қила бошлади: 
 «Эй Аллоҳнинг бандаси, сен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмагансанда, йўқса менга бунча тикилмасдинг». 


Мен: «Ҳаа… Мунча ҳам омадлисан эй жамолат рамзи, У Зотни кўриш сенга насиб қилган» дедим-да, хаёлимга Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзлари ёдимга тушди: «Мен у зотни ойдин кечада кўрдим. Эгниларида қизил ҳулла (либос) бор эди. Мен бир ойга, бир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарардим. Назаримда у киши ойдан-да гўзалроқ эдилар».


Бироз босилганимдан сўнг, Нур сочгувчи Ой ва умуман Холиққа далолат қилгувчи бошқа оятларни ўқиш мақсадида, телефонимдаги Қуръон иловасига  منيرا – нур сочгувчи сўзини қидирувга бердим ва Расули Акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васфловчи ушбу оят аввалги Фурқон сурасидаги оятдан сонг чиқиб келди:
«Ва Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик»(Аҳзоб сураси, 46-оят).


Буни қарангки, Фурқон сурасида ойни таърифлаб келган нур сочгувчи منيراкалимаси юқоридаги оятда Набий алайҳиссаломни васф қилмоқда. Албатта бунинг ҳикмати бор. Агар тафаккур қилиб кўрадиган бўлсак Муҳаммад алайҳиссалом билан Ойда бир қанча муштарак жиҳатларни топишимиз мумкин. Масалан, Ойнинг инсонларга зоҳир вақти этиб тун – зулуматга чўмган давр – тақдир қилинган бўлса, Набий алайҳиссалом «Жоҳилият» номи билан машҳур даврда, инсонлар маънавий зулматда бўлган вақтда юборилдилар. Ой ўз нурини Қуёшдан қабул қилиб, у орқали қоронғу йўлларни мунаввар қилса, Расули Акрам (С.А.В.) Ҳақ Таолодан Рисолатни қабул қилиб, уни инсонларга етказдилар. Ой бутун борлиққа, хусусан, инсониятга ранги, жинси, ирқидан қатъи назар бирдек бўлгани каби, Набий алайҳиссалом ҳам Оламлар Роббиси таърифлаганидек Оламларга Раҳмат бўлдилар. Шундай Раҳмат бўлдиларки, инсоният кемаси дунё денгизида кибр, разил, ширк гирдобига ғарқ бўлаётган вақтда, «Рисолат Маёғи» билан инсоният кемасини ҳидоят қирғогига элтиб қўйдилар. Аллоҳ таоло ўша даврни таърифлаб шундай марҳамат қилади:
«Ва Аллоҳнинг сизга бўлган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди».


Аммо Набий алайҳиссалом рисолатни шундай комиллик, ва маҳорат билан етказдиларки жамиятнинг барча жабҳалари (дин, оила, қўшничилик, сиёсат, иқтисодиёт, руҳий тарбия, ижтимоий адолат, камбағаллик …) нафақат ислоҳ бўлди балки ўз равнақининг чўққисига эришди. Қанчадан-қанча ароққа, зинога ва бошқа қабиҳ ишларга мубтало бўлган кишилар тавба қилиб Қуръонга бино бўлган Набавий тарбия асосида инсон етишиши мумкин бўлган энг юқори камолот даражаларини забт этиб, тарих зарварақларига «Ислом қаҳрамонлари» номи билан киришди. Саҳобаи киромлар барча ҳолларини - ҳожатхона одобларидан тортиб қўшничилик муносабатларигача - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам нинг ҳолларига(суннатларига) мувофиқ қилишди; ғоятда гўзал ҳаёт кечириб, Набий алайҳиссаломнинг суннатларини кейинги авлодга етказишди. Биз бугунги кун умматлари учун ҳам Набий алайҳиссаломнинг суннатларини ўрганиб, ахлоқларини ўзимизга андоза билиб ҳаётимизга татбиқ қилиш чин мўминлик вазифасидир.


Агар «Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир» (Бақара cураси, 165-оят) оятига мувофиқ иймон келтирганлардан бўлсак, ошиққа севгилисига тегишли ҳар бир нарса маҳбуб бўлгани каби бизга ҳам «Эй ўз жонларига исроф қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир» деб хитоб қилган Роббимизга маҳбуб ҳар бир нарса севикли бўлиши лозим бўлади. 


Эй Аллоҳнинг Висолига ошиқта иним, биз шундай марҳаматли Зотга муҳаббат қўйганмизки У Зотнинг ўзи бизга Муҳаббатига етишиш йўлини  хабар қилиб шундай деган « Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир» деб айт. Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир» (Оли Имрон сураси, 31-оят).


Модомики шундай экан, сийратни ўрганиб, ҳар нафасимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдек олишга ҳаракат қилишилимиз керак, шунда ҳаётимиз гумбазига суннат қандилини илган бўлиб, фақат унинг нури ила яшаймиз. 


Қуйида эса Набий алайҳиссалом раҳбар, йўлбошчи мақомида қандай бўлганликларини бироз ўрганамиз ва таҳлил қиламиз. Аллоҳга ҳамдлар бўлcинки, бугунги кунда жамиятимизнинг аксар қисмида жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда, инновация, бизнес лойиҳалар қўллаб қувватланмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу эса халқнинг ташаббускор, етакчи қисмининг кўпайишига, бекорчиликнинг олдини олишга, инсонларнинг ҳаёт даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда. Лекин шуни айтиш лозимки, кишиларнинг самарали бошқарув(effective management)га бўлган эҳтиёжлари ҳам кундан-кунга ошиб, бу борадаги тренинглар ҳам кўпайиб бормоқда. Биз ҳам буни англаган ҳолда ушбу мақолада жамиятнинг айни шу соҳасига Уҳуд жанги манзарасида, Расулуллоҳ мисолларида тўхталишга қарор қилдик. 


1. Бирор қарор қабул қилишдан аввал, бошқаларнинг бу ҳақдаги фикрини ўрганиш. 


Бадр урушидаги мағлубиятдан сўнг, раҳбарлардан ажраган Қурайшга Абу Суфён ва Ҳарб бошлиқ бўлди. Ҳижратнинг учинчи йили, Шаввол ойида Абу Суфён жами уч мингтача қўшин билан Мадинага юриб келиб, Уҳуд тоғига жойлашди. Муҳаммад алайҳиссолату вассалам ушбу ҳолат юзасидан саҳобалар билан мажлис қилдилар. У Зотнинг ўзларининг фикрларича, Мадинадан чиқмасдан, тўсиқлар ҳосил қилиб туриш, тор кўчаларда жанг қилиш, аёллар эса уйларнинг устидан тош отиб ёрдам беришлари керак эди. Лекин Бадр урушида қатнаша олмай қолган кўпчилик ёш саҳобалар очиқ майдонга чиқишни сўраб, маҳкам туриб олишди. Кўпчиликка бу фикр маъқул келиб, шунга келишишди.  


Хулоса
Етакчи қанчалик билимдон, заковатли, дунё қараши кенг бўлмасин, бирор қарор қабул қилишдан аввал атрофидагиларнинг бу ҳақдаги фикрини ўрганиши лозим. Агар кўпчиликка маъқул келмаса, гарчи унинг тўғрилиги равшан бўлса ҳам жамоанинг фикрига қўшилиш керак. Шунда кишиларда эркин фикр билдириш хусусияти намоён бўлиб, ижодкорлик ва мақсадга дахлдорлик ҳисси ошади. 


2. Ҳукмдан сўнг унда собит бўлиш. Азиймат.
Мажлисдан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Оиша онамизнинг хужраларига кириб, совутларини кийиб чиқдилар. Бу пайт ҳалиги одамлар ҳам шаштларидан тушиб қолган эдилар. Улар «Биз Аллоҳнинг Расулини Мадинадан чиқишга мажбур қилиб қўйибмиз-ку» дейишди-да: «Эй Аллоҳнинг Расули агар Мадинада қолмоқчи бўлсангиз, қолаверинг» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Набий совутини кийгандан кейин у билан душман орасида Аллоҳнинг ҳукми чиқмагунча ечмайди», дедилар.


Хулоса
Маслаҳат қилиб қарор қабул қилингандан сўнг, ортга қайтиш йўқ. Аллоҳга таваккал қилиб, бор куч, ғайрат билан олға юрмоқ лозим.


3. Кечиримли бўлиш, ҳамма мақсадларнинг муҳаббатини қозониш.
Жанг вақтида мусулмонлар ғалаба қилаётганини кўрган Уҳуд тоғига жойлаштирилган камончилар, гарчи Пайғамбар алайҳиссалом қайтарган бўлсаларда, тоғдан тушишди. Натижада, Холид ибн Валид орқа томондан мусулмонларга ҳужум қилиб, катта талофат етказди. Бу урушда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам қаттиқ ярадор бўлдилар, амакилари «Шаҳидлар Саййиди» Ҳамза розияллоҳу анҳу вафот этдилар. Шундай талофатларга сабабчи бўлган камончиларнинг ҳолларини бир тасаввур қилиб кўринг. Шундай оғир дамда Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаллам комил йўлбошчи сифатида Аллоҳнинг ушбу амрига бўйсундилар: 
«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилгандан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир» (Оли Имрон сураси, 159-оят)


  Хулоса: Ҳақ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳнинг атрофларида инсонларнинг тўпланганлигига сабаб қилиб, У Зотнинг мулойим, меҳрибон бўлганликларини айтди. Дарҳақиқат, агар биз атрофимиздагиларни қилган ҳар бир хатолари учун жазолайверсак, ҳар бир камчиликларини айтаверсак, атрофимиздаги содиқ, мутахассис инсонларни бой бериб қўямиз. Агар атрофингизда йиғилганлардан бирор киши хато қиладиган бўлса, Расулуллоҳнинг суннатларига биноан афв қилинг, у инсоннинг сизга бўлган муҳаббати ортади, кейинг сафар ўша хатони такрорлашни у инсоннинг иффати кўтармайди. Фақат кечирибгина қолмай, айнан ўша хато қилган жамоадошлар билан бирга маслаҳат қилинг, уларни фикрини ўрганинг. Оилада ҳам агар шу набавий тартибни қўллайдиган бўлсак, қанчадан-қанча ажримларни олдини олишимиз, асосийси эса, ўз оиламизда муҳаббат руҳини ҳосил қилишимиз мумкин.


- «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар»… , субҳ кирибди. Азизлар, сизлар билан Аллоҳнинг Ҳабиби ҳақида оз бўлсада, ғоибона гаплашиб, қалбим сурурга тўлди. Умид қиламанки, Расулуллоҳга бўлган муҳаббатимиз янада зиёда бўлди, қалбларимиз Аллоҳнинг бандаси Муҳаммад алайҳиссаломнинг зикрларидан илоҳий нурга тўлди. Келинг, шу дамдан бошлаб Аллоҳнинг Расули алайҳиссаломга салавотларни кўпайтирайлик, суннатларини ўрганайлик, оиламиз билан бу шариф кунларда сийрат китобини мутолаа қилиб, амалларимизни суннат билан зийнатлайлик. Азон айтилди, такбир яқин, дўстлар!


Аллоҳумма солли ъалаа Саййидина ва Набиййина Муҳамммад.

Фойдаланилган адабиётлар:
1. Тафсири Ҳилол.
2. Ҳадис ва Ҳаёт, 19 – жуз.
3. Шамоили Муҳаммадия, Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий

Абдулбосит Абдулқодир Содиқжанов

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 сентябрдаги 03-07/7119-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатларини биламизмиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатларидан давоми...

2268 11:55 / 01.11.2019
Мавлид одоблариМавлид маросимлари ўтказишни мустаҳаб деб айтган уламоларимиз қадимдан бу ишнинг жоиз бўлиши, савобли бўлиши учун бир қатор шартларга, одобларга давоми...

1181 14:00 / 20.10.2021
119Буюк ишлар кутар лек, осон бўлмас,Бунчажабруситам , ўзгада бўлмас,Улуғ Зотдан бошқаси, бардошли бўлмас,Энг Маҳбуб Дўстларни, кўп синар АЛЛОҲ.120Шундан сўнгра давоми...

3475 13:27 / 27.11.2017
Мавлидни нишонлашАллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади Сен .Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар.,, деб айтrdquo Юнус сураси, 59 давоми...

4024 20:49 / 02.12.2017
Аудиолар

131696 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52161 14:35 / 11.08.2021