1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (йигирманчи мақола)

14:00 / 28.10.2021 1242 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз нима қилишимиз керак?

Биз юртимиздаги кўпчилик уламоларнинг сўзларини олиб, қиёмни яхши амал деб билсак-да, унинг вожиб ё суннат эмас, балки мустаҳсан, яъни яхши саналган, чиройли, фойдали деб қаралган амал эканини унутмаслигимиз лозим. Мустаҳсан амал мустаҳабдан ҳам қуйироқ ҳисобланади. Мавлидда қиёмга туриш мустаҳсан бўлганда ҳам, Ислом уммати қадимдан эътироф этиб келган мустаҳсан эмас, балки мавлид маросимлари авж олиб, кенг тарқалганидан кейин айрим мўътабар уламолар тарафидан мавлиддаги вазият ва руҳий ҳолатдан келиб чиқиб, яхши амал деб саналган мустаҳсан ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинганда ўриндан туришнинг мавлидга хослиги шундаки, ҳеч ким бошқа бирор ўринда у зот алайҳиссаломнинг таваллудлари ҳақида сўз кетганда ўриндан туриш кераклигини айтмаган. Бу қиёмга туришнинг баҳосини пасайтириш эмас, балки бор гапнинг ўзи шу. Мавлид китобларда ва уларга ёзилган шарҳларда ҳам худди шу маъно таъкидланган. Ким хоҳласа турсин, лекин узрли кишилар, билмаган одамлар, туришни истамаганларнинг ихтиёри ўзларида. Уларни туришга мажбурлаш ёки турмаган кишига озор бериш шаръан мутлақо жоиз эмас. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Тарғиб қилишдан нарига ўтиш ортиқча. Ҳар нима бўлганда ҳам, ихтилоф чиқармасликка ҳаракат қилиш шариатнинг талаби, вожиб амал, мўминлик вазифаси эканини унутмаслик керак.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, маҳалли қиём онгли равишда, шавқу завқ турткиси билан бўлиши, шунчаки одат ёки ноаниқ ҳаракат шаклида бўлмаслиги керак. Шунингдек, бу намоз, ҳаж каби таъаббудий амал ҳам эмаски, уни бажаришнинг ўзи мақсад бўлса. Шу боис, агар мавлидхонлар мавлидда туришни жорий қиладиган бўлсалар, унинг мазмун-моҳиятини халққа тушунтиришлари лозим. Акс ҳолда ушбу туришдан кўзланган мақсад умуман рўёбга чиқмайди, у мазмунсиз, шунчаки тақлидий бир ҳаракатга айланиб қолади. Бу ҳақиқатни бугун ҳар жойда учратиш мумкин. 

Шариатда бундай мустаҳсан саналган ишлар устида ихтилоф қилиш дуруст эмас, бу борада талашиб, жанжаллашиш ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. Энди шу мустаҳсан саналган мақомда нимани ўқишни тортишиш эса умуман ортиқча иш. Биримиз «Толаъал»ни, бошқамиз «Ва муҳаййан»ни, учинчимиз «Марҳабо»ни, тўртинчимиз яна бир бошқа шеърни ўқишни талашишимизда нима маъно бор? Ахир Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзи назмий мавлидида маҳалли қиём учун алоҳида қасида битиб, насрида шу жойга келганда ўзи шеър ёзиб қўя қолмай, Муҳаммад Бусурийнинг «Ҳамзия»сидан («Ва муҳаййан»ни) иқтибос келтиришининг ўзи бу борада ҳар ким ўз таъбига кўра иш кўриши мумкинлигини билдирмайдими? Ахир бу мақом қандай ёки кимнинг шеъри ўқилишини талашадиган мақом эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин дилдан муҳаббат изҳор қилиб, у зотнинг таваллудлари сурурини изҳор қилиш ўрни-ку! Шунинг учун ҳам айрим уламолар мавлид ўқилганда ҳар ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўз олдига келтириб туришга ҳаракат қилиши кераклигини айтганлар. Фараз қилайлик, агар бизнинг ушбу жанжалимиз устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолсалар, нима аҳволга тушамиз? Ҳар қалай, у зот бизнинг бу ҳолимиздан мамнун бўлмасликлари аниқ. У зот бундан қиёслаб бўлмайдиган даражада катта, муҳим масалалардаги ихтилофни ҳам кескин қоралаганлари ва ўрнида тўхтатганлари маълум ва машҳур. Ўзи биз нимани тортишяпмиз? Кўтарган масаламиз бир-биримизга нисбатан заррача адоват қилишимизга арзийдими ўзи? Биз бу баҳсда холис Аллоҳнинг розилигини истаяпмизми ёки бошқа бир хаёл кўнглимизнинг тинчини бузяптими? Бу саволларни ҳар биримиз аввало ўзимизга беришимиз ва уларга холис жавоб топишимиз керак. Ана шунда, иншоаллоҳ, амаларимизнинг холис ва манфаатли бўлишига эриша оламиз.

Тўғри, қайси биримиздир: «Биз устозлардан маҳалли қиёмда «Толаъал»ни ўқишни ўрганганмиз, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган илк наът шу шеър бўлган экан. Буни бирор шоир ёзмаган, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида ансорлар ҳеч бир тайёргарликсиз, бирданига ўша шеърни айтишган экан. Уларнинг қалбларига ва тилларига бу сўзларни Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган экан. Шунинг учун бу ўринда ушбу шеърни ўқиш афзал», дейиши мумкин. Иккинчимиз эса: «Шу мавлиднинг муаллифи, имом Барзанжийнинг ўзи маҳалли қиём учун «Ва муҳаййан»ни танлаган. У кишининг асарларини ўқишда ўша шеърни ўқиш одоб, бошқаси одобдан эмас», деймиз. Учинчимиз эса бу ўринда арабча ёки туркча «Марҳабо»ни ўқишни истайди. Марҳамат, ҳар ким истаган наътини ўқийверсин. Бир хил қолипга тушиб олмай, бир гал униси, бир гал буниси ўқилса, яна ҳам яхши бўлади. Бу ҳар кимнинг урфига, завқига боғлиқ нарса, унга диний тус бериш, уни мунозара омили қилишга ҳеч бир шаръий туртки йўқ. Фақат биров бошқани ўз раъйига мажбурламаслиги, ўзиникини ҳақ, бошқасини ботил деб уқтирмаслиги керак. Шариъатда қатъий ҳаром саналган ихтилофга сабаб бўлмаслик лозим. Агар бир мажлисда маҳалли қиёмда нима ўқиш ҳақида турлича фикрдаги кишилар йиғилган бўлсалар, марҳамат, ҳаммалари ўзлари айтмоқчи бўлган шеърларни навбат билан ўқийверсинлар, ҳеч қандай шаръий монеълик йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. Ана шундай бирга бўлиб қолинганда, агар бир-биримизнинг фикримизни ҳурмат қилиб, бир-бирларимизга йўл берсак, қарши тарафнинг ҳурмати учун ўзимиз истаган шеърни қўйиб, улар танлаганини ўқисак, нақадар гўзал одоб бўлади! Ҳаммага ибрат бўлади, суннатга мувофиқ бўлади, Аллоҳ ва Расули рози бўладиган иш бўлади, ўзаро муҳаббатимизга боис бўлади.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
078Аломат кетма ndash кет бўларди зохир,Роббим ҳар ишигажуда ҳам моҳир,Муборакмавлидникўрсатди охир,Нур келибзулматни, йўқ қилар АЛЛОҲ.079Бошланди давоми...

4973 16:18 / 24.11.2017
Бугун, 9 октябрь душанба куни шом намозидан сўнг .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жомеъ масжидида .Расулуллоҳ mdash тинчлик элчиси, шиори остида ўтказилаётган давоми...

1107 12:24 / 09.10.2023
2024 йил 26 сентябрь куни .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жомеъ масжидида ҳабибимиз, шафоатчимиз, башариятнинг саййиди Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи давоми...

649 15:00 / 27 сентябрь
Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар Унга саловот айтинг ва салом йўлланг.Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад давоми...

16518 17:30 / 22.11.2017
Аудиолар

137996 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

58038 14:35 / 11.08.2021