1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (бешинчи мақола)

14:30 / 12.10.2021 1613 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавлид воситадир, мақсад эмас

Шаръий насс – ҳужжат бўладиган матн билан талаб қилинган, тарғиб қилинган фарз, вожиб, суннат амаллар асл мақсад ҳисобланади. Бундай амалларни шариатда қандай кўрсатилган бўлса, шундайлигича бажариш шарт, ҳеч кимнинг ўзича бирор нарсани ўзгартиришга ҳаққи йўқ. Агар ўзгартирилса, энг камида бидъат иш бўлади. Аммо шариатда ўзи талаб қилинмаган, бироқ шариат талаб қилган ишга олиб борадиган, восита бўлган омиллар ўзгариб туриши мумкин. Масалан, ҳажни бажариш фарз, аммо ҳажга нимада бориш белгилаб қўйилмаган. Олдингилар улов ҳайвонларда, қайиқларда боришган бўлса, бугун машина ва самолётларда ҳам борилади. Ҳеч ким воситаларнинг ўзгаришини шариатга хилоф деб билмайди, балки буни шаръий зарурат дейиш мумкин.

Мавлид ҳам бир восита, ундан кўзланган мақсадлар бор. Аммо мавлиднинг ўзи асл мақсад эмас. Олдинги улуғларимиз ўз замонлари, юрталаридаги вазиятдан келиб чиқиб, ўша мақсадларга эришишга ҳаракат қилишган. Бугун эса шароитлар ўзгарган. Бинобарин, биз ҳам мавлидни бугунги кунимиз, ижтимоий илмий ҳолатимиз ва бошқа жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ўтказиб, мавлиддан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга эришишимиз лозим. Бу ўринда биз суратдаги анъанавийликни эмас, маънодаги анъанавийликни ушлашимиз даркор.

Мавлиддан кўзланган мақсадлар

Мавлид маросимларини ташкил қилишдан асосан қуйдаги мақсадлар кўзда тутилган:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келганликларининг шодлигини, суюнчисини изҳор қилиш. Ҳа, бу таваллуд ойддий таваллуд эмас эди. Бу таваллуддан олдинги самовий китоблар башорат берган эди. Ушбу таваллуднинг аҳамиятининг инъикоси ўлароқ, бу муборак соатда дунёда кўплаб ғайри оддий ишлар содир бўлган эди. Бутун борлиқ учун раҳмат келган эди, ҳидоят таваллуд топган эди. 

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини балоғатли, фасоҳатли сўзлар билан, енгил, оммабоп услубда кўпчилиикка етказиш. Шу боис, мавлид асарлари кўпроқ шеърий, бадиий услубда ёзилган. Чунки шеърда, бадиий услубда ўзгача таъсир бор. Шу билан бирга, сийратни ўрганишга қаратилган мавлид асарларида мавзуни қисқача, оммабоп шаклда беришга ҳам ҳаракат қилинган.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биргаликда ва кўпроқ саловат айтиш. Шунинг учун ҳам мавлид асарларида ҳар ўринда саловат айтиш ўргатилади. Саловатнинг фазилати эса чексиз. 

Аллоҳ таоло сиз билан биз мўмин мусулмонларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишга буюради: «Албатта Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловат айтади. Ҳой иймон келтирганлар! Сизлар ҳам у зотга саловат айтинг ва бардавом салом йўлланг». (Аҳзоб сураси, 56 оят.) 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга битта саловат айтса, Аллоҳ унга ўнта саловат айтади, унинг ўнта гуноҳини ўчиради», деганлар. Бу ҳақда келган ҳадислар жуда ҳам кўп.

4. Халқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилишга ўргатиш, уларнинг қалбларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш руҳини улашиш, дилларида шу туйғуни уйғотиш, кучайтириш, у зотга бўлган севгини қайраш, сайқаллаш. 

Шундай илмлар ва малакалар борки, уларни саҳифалардан топиб бўлмайди, улар фақат қалбдан қалбга кўчади, дейди уламолар. Муҳаббат ҳам ана шундай илмлардан, туйғулардан ҳисобланади. Аллоҳга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли кишилар билан бирга бўлсангиз, сизнинг ҳам қалбингизга шу муҳаббат тушади, қайралади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларда солиҳлар билан бирга ўтириш тарғиб қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат вужудларига сиғмай кетган, у зотга бўлган шавқлари жўш уриб турган зотларнинг суҳбатларида бўлиш, хусусан ана шундай юксак мақомга чиққан ҳолатларида ҳамнафас бўлиш ҳар қандай қалби очиқ, нияти пок инсонга жуда ҳам юқори руҳий қувват бахш этади. Мавлид маросимларида пешво бўлган зотларнинг кўпларида мана шу хислатлар мужассам бўлган. Уларнинг йиғинларига қатнашган кишилар жуда ҳам кўп баҳралар билан қайтганлар.

Мавлид маросимларида қилинадиган суҳбатлар, ўқиладиган асарлар, айтиладиган наътлар ҳам айнан шу мақсадни рўёбга чиқаришга хизмат қилган ва шундай бўлиши лозим. Мавлидда қатнашган кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида билимлари кенгайсин, у зотни яхшироқ танисин, бир сўз билан айтганда, мавлиддан кейинги ҳолатлари олдингисидан яхшироқ, юқорироқ бўлсин.

5. Кишиларни, хусусан, ёш авлодни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли қилиб тарбиялаш.

Мавлид маросимлари ёш болаларда ҳам катта қизиқиш уйғотган. Ушбу йиғинларда ўзларининг ота оналари, катталарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли ҳолда кўриш ёшларда катта таассурот қолдиради. Хусусан, ушбу мажлисдаги зикрлар, саловатлар, суҳбатлар барча қатнашувчилар қатори ёшларнинг ҳам қалбида севикли Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат уйғотган. Қолаверса, мавлид маросимларида болаларга совға улашиш, уларга бу куннинг аҳамиятини уқтириш ишлари ҳам уларнинг онгларида чуқур из қолдирган.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишни жонлантириш. Бу олдинги мақсадга узвий боғлиқ. Чунки инсон бирор ким ҳақида яхши гапларни тингласа, унинг фазилатларини билса, қалбида унга нисбатан муҳаббат уйғонади, уни яхши кўриб қолади. Бориб бориб унга тақлид қилишга, эргашишга ошиқадиган бўлади.

7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатида ёнган ошиқ қалбларга бир юпанч ва таскин бўлиши учун. Мавлид маросимларида кўпинча шундай кишилар иштирок этар ва ушбу мажлисда ташналикларини бироз қондирар эдилар. Улар ўзларининг Маҳбубларини ёдга олиб, шавқу завққа тўлиб тошардилар.

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик аҳдини эсга солиш, янгилаш мазмуни. Мавлид маросимида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ эслаш орқали у зотга умматлик туйғусини руҳиятимизда янгилаш билан у зотга умматлик аҳдини ҳам хотирлаш бўлади.

9. Мавлид шодиёнасига бева бечораларга, мўмин мусулмонларга таом улашиш. Мавлид маросимларида қатнашчиларга зиёфат уюштириш, бечораҳоллардан хабар олиш мавлид маросимларининг белгиларидан бирига айланган.

Мавлидни нишонлашдан кўзланган мақсдалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари шодлигини изҳор этиш экан. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари ҳам айнан шу ойда бўлган ку. Бўлмаса, у зотнинг вафотларини ҳам эсга олайлик. Нега энди у зотнинг таваллудларининг шодлигини изҳор этамиз у, вафотларига мотам тутмаймиз?! Нега энди у зот вафот этган ойда хурсандчилик нимойиш этамиз?

Бу ҳам мавлидга қарши бўлган кишилар билдирадиган эътирозлардан биридир. Бу илмий тил билан айтганда, «қиёси маъал фориқ» – фарқли нарсаларни қиёслаш ҳисобланади. Яъни бу ерда шариат икки хил муносабат билдирган ишларни бир бирига қиёслаш бор.

Ислом шариатида таваллуд туфайли шодлик изҳор этиш, хайру эҳсон қилиш, ақиқа маросими ўтказиш Шориъ томонидан жорий қилинган. Аммо шариатда азани изҳор қилиш, мотам туфайли хайру эҳсон ёки бирор махсус йиғин қилиш жорий этилмаган. Ушбу шаръий мезонга кўра, бу ойни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари ўлароқ нишонлаш мумкин, аммо вафот ойлари сифатида аза ойи қилиш жоиз эмас. Шунинг учун ҳам бутун Ислом уммати бу ойни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «таваллуд ойлари», «мавлид ойи» деб атаб келган. Ҳеч ким уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «вафот ойлари» деб номламаган.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар Унга саловот айтинг ва салом йўлланг.Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад давоми...

16456 17:30 / 22.11.2017
Батаҳқиқ, сизлар учун ndash Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.Ҳа, давоми...

3802 17:25 / 22.11.2017
111Дўстлар билан сайр вақти, бўлди содир,СевганҚулин ҳарнақилса Ўзи Қодир,Машҳур холат бўлди, номи Шаққуссодрrdquo,Жаброъилни бунга масъул, қилди АЛЛОҲ.112Дўстлар давоми...

3266 20:16 / 26.11.2017
.Мавлид, сўзи .таваллуд,, .таваллуд они, каби маъноларни англатади. Истеъмолда эса, охир замон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари, давоми...

1552 14:00 / 09.10.2021
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021