1447 йил 17 шаъбон | 2026 йил 05 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Тавба

11:00 / 29.08.2023 2199 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Ат-таввобийн» номли китобида келтиради:
«Рабийъа ат-Тамимий айтади:
«Бир осий ва гуноҳкор инсон бор эди. Сўнгра Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилиб тавбани насиб қилди. У хотинига деди:
- Менга Аллоҳнинг олдида менинг тавбам қабул бўлиши учун шафоат қиладиган шафоатчи керак. Уни қидирмасам бўлмайди!
У хотинига шундай деб саҳрога чиқиб бақирди:
«Эй осмон, менга шафоатчи бўл. Эй ер, менга шафоатчи бўл. Эй фаришталар, менга шафоатчи бўлинглар!»


У чарчаб хушидан кетди. Аллоҳ таоло унга бир фариштани юборди. Фаришта уни ўтирғизиб бошини силаб деди:
- Аллоҳ сенинг тавбангни қабул қилди!
У фариштадан сўради:
- Аллоҳ сенга раҳм қилсин, Унинг олдида ким менга шафоатчи бўлди?
Фаришта деди:
- Сендаги қўрқинч Аллоҳнинг олдида сенга шафоатчи бўлди.


Аслида Аллоҳдан бўлган қўрқинч ёнида амал ҳам бўлиши керак. Агар банда Аллоҳдан ҳақиқатдан ҳам қўрқса Аллоҳ истаганидек истиқоматда бўлади.


Истиқомат бу тўғри адо қилинадиган ибодат, кишиларга қилинадиган гўзал муомала ва чиройли хулқ, ҳалолни ҳалол дейиш, ҳаромни ҳаром дейиш, булардан кейин эса амалларини Аллоҳ қабул қилмаслигидан қўрқишдир.


Мана шуни таъбир жоиз бўлса «орифлар қўрқинчи» десак бўлади. 


Аллоҳ таолодан фақатгина гуноҳ ва маъсиятлар туфайли қўрқилади дейдиганлар хато қиладилар. Қўрқинч асосан маърифатдан келиб чиқади. Демак, Уни ҳақиқатдан таниган инсон Ундан қўрқади.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Исро кечаси фаришталар олдидан ўтдим. Жаброил Аллоҳдан қўрққанидан эски, жанда кийим сингари бўлиб қолганини кўрдим!».


Жаброил алайҳиссалом ваҳий фариштаси, бошқа фаришталар сингари гуноҳлардан маъсум. Унинг гуноҳи ҳам, жинояти ҳам йўқ. Аммо қўрқинчи мана шу қадар. Унинг қўрқинчи маърифатидан келиб чиққан эди!


Аммо биз инсонмиз. Ҳаммамиз ҳам аброрлардан бўла олмаймиз. Орифлар эса аниқки, жуда оз. Биз эса Аллоҳ томон оёғимиз синсада, чўлоқ ҳолимизда ҳам, судралиб бўлса ҳам юришда давом этаверамиз. Гуноҳимиз бўлсада, умидни узмасдан йўлда давом этишимиз Аллоҳнинг бизга бўлган раҳматидир!


Гуноҳ қилгани учун банда Роббисидан қўрқса охиратда унга улкан мукофотлар бор. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ва имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ўзларининг ҳадис тўпламларида ривоят қилишади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Бир киши бутун умр гуноҳ қилди, нафсига зулм қилди. Ўладиган чоғи фарзандларига васият қилди:
«Агар мен вафот қилсам, жасадимни ёқинглар, сўнгра уни майдаланглар, сўнгра шамол пайтида денгизга сочиб юборинглар. Роббим мени тутиб олса ҳеч кимга бермаган азобини беради!».


Фарзандлари уни айтганидек қилишди. Аллоҳ таоло ерга амр қилди:
«Олганингни қайтар!».


У кишининг жасади яна аслига қайтди. Аллоҳ таоло унга деди:
- Нега бундай қилдинг?
- Эй Роббим, сендан қўрқдим!
Аллоҳ таоло уни мағфират қилди!».
Бу ҳадис юқоридаги фикрларни рад қилмайди, аксинча қўллайди. Барибир ишимиз Аллоҳга қайтади. Истаса фазли ва раҳмати ила кечиради. Истаса адолати ила азоб беради.
Ҳеч ким жаннатга амали билан кира олмайди. Аммо унутмайликки, амал Аллоҳнинг раҳматини жалб қилади.


Модомики, бандаси итоат қилар экан, яхши амалларга шошилар экан, амалларининг қабул бўлишидан умидда бўлар экан, ёмонлик қилганда эса бу ёмонлиги уни ҳалок қилишидан қўрқар экан, Аллоҳ уни раҳматидан узоқ қилмайди.


Муҳими, Аллоҳдан бўлган қўрқинчи уни амалга ундаб турсин, Аллоҳга журъат қилишдан уни қайтариб турсин. 


Доимо Ундан хавфда турайлик. Қўлимиздан келганича тоат қилайлик, гуноҳ қилсак тавбага шошилайлик. Роббимизга нисбатан чиройли гумонда бўлиш доимо бошимизга тож бўлсин!


Абдулқодир Полвонов

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
9 кун 202 соат давомида 7 қаватли бинонинг тагида, кўчкилар орасида қолиб кетган эру хотин Ҳидоят ва Муҳаррам Пўлатнинг ҳикояси бутун Туркияни кўз ёшларга ғарқ этди. давоми...

7079 11:34 / 22.02.2023
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломнинг ҳақиқатларини баён қилади .У Ийсо бир бандадир, Биз унга неъмат бериб, уни Бану Исроилга мисол қилдик,, яъни Ийсо алайҳиссалом давоми...

2264 10:38 / 12.02.2025
Одамлар тавбага нисбатан тўрт табақага бўлинадилар1. Тавба қилганидан кейин умрининг охиригача тавбасида мустақим турадиганлар тоифаси.Бу тоифадаги кишилар давоми...

4431 12:30 / 24.03.2019
Тасаввур қилинг, сизга бошлиғингиз .Сен ажойиб ходимсан,, деди. Шак йўқки, сиз бундан қувонасиз. Агар сизга бирор вазир .сен ўз соҳангда тенгсизсан,, деса фараҳга давоми...

1977 12:02 / 21.06.2025