1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Тарих омонатдир (биринчи мақола)

16:00 / 29.08.2023 2186 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Зид ва ўхшашлардан олий Аллоҳга ҳамд бўлсин! Махлуқотларнинг энг яхшиси Муҳаммад Мустафога ва у зотнинг ҳидояту ҳақнинг имомлари бўлган ахли‑оиласига салавот бўлсин!

Аллоҳ таолонинг халойиқ манфаатлари борасидаги нозик тадбирларидан ва барча яратмишларига бўлган улуғвор неъматларидан бири шуки, Ўз оламида ҳеч бир замонни одил раҳбардан холи қилмайди. Кулфатларда, нохуш ҳодисаларда, бало‑офатлар етганда пушт‑паноҳ тутишлари, ишлар чалкашганда мурожаат қилишлари учун уни (одил раҳбарни) халқлар учун омонлик манбаи қилиб қўяди. Унинг (яъни, одил подшоҳнинг) истинботи (ижтиҳод ила хулоса олиши) билан оламнинг низоми оёқда туради, тутқичлари бардавом бўлади. Одил раҳбарга суянишлари уларга (одамларга) фарз қилинган бўлиб, бу билан охират савобига ҳам эришилади ва бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога итоат, Унинг Расулига итоатдан ҳисобланади. Бу эса ҳақ ва адолатли Зотнинг сўзига кўра бўлиб, Унинг сўзи узил‑кесил ҳал қилувчидир:

ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍﰎ ﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг. Ана шу хайрли ва оқибати яхшидир» (Нисо сураси, 59‑оят).

Аллома Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний ал‑Хоразмий.

Ушбу ҳамду сано ва кириш сўзи Абу Райҳон Беруний раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ал‑Осорул‑боқия» китобининг муқаддимасидан олинди.

Аслида шу билан кифоялансам ҳам бўларди. Бироқ, шу баҳона тарих ҳақида айрим фикр‑мулоҳазаларни сизларга етказиш мақсади ҳам борлиги, қолаверса, ўша шов-шувли видеодаги бир қатор нуқталарга тўхталиб ўтиш зарурлиги учун яна баъзи сатрларни қоралашни лозим топдим.

Бугунги кунда баъзи кимсаларнинг тарих борасида билдирган фикрлари жамоатчиликни безовта қилгани, кўплаб эътирозларга сабаб бўлгани бежиз эмас. Ушбу сўзларда ўзбекнинг ўзлигига қайсидир даражада таҳдид, бирмунча тарихий ҳақиқатларга зид маънолар ва одамларга шу пайтгача маълум бўлган маълумотларга терс хулосалар мавжуд. Мен бу суҳбат ҳақида бир қанча баҳс‑мунозаралардан кейин хабар топдим ва узун бўлишига қарамай, ҳар икки қисмни эринмай кўриб чиқдим. Тўғрисини айтганда, гурунгда бир қанча қизиқ маълумотлар ва айрим ўринли фикр‑мулоҳазалар ҳам бор. Бироқ, суҳбатда хато хулосалар, бир ёқлама қарашлар, нотўғри хабарлар, чалкаш ёндашувлар шунчалар кўпки, улар айтилган тўғри гапларни ҳам шубҳа остига солиб, тупроққа қориштириб юборган.

Бу суҳбат ҳақида Ҳамидуллоҳ Беруний домламиз жуда юқори савияда керакли раддияни берибдилар. Яна бошқа азизларимиз ҳам етарли жавоблар айтишибди ва бу жараён давом этмоқда, менимча. Аслида аҳли дониш учун мана шуларнинг ўзи етарли бўлиши мумкин эди. Бироқ, камина ҳам шу мавзуда билдирилган фикрларни қувватлаш билан бирга, ҳали гапирилмаган бир қатор маълумотларни кўпчилик эътиборига ҳавола қилишни жоиз билдим. Айтилган гапларни такрорлашдан имкон қадар қочиб, кўрсатилмаган мулоҳазаларни тақдим этишга ҳаракат қиламан. Бинобарин, бу ердаги фикрларни нашр топган мақола ва мулоҳазаларга тўлдирувчи деб қабул қиласизлар.

1. Тарихга ҳар ким ўз назари билан боқади. Бир ҳикояни эслагим келади. Умар розияллоҳу анҳуга биров келиб, «Мисрликлар яхши одамлар экан», деса, у киши: «Худди шундай», дебди. Кейин бошқаси келиб, «Мисрликлар ёмон одамлар экан», деса, унга ҳам: «Ҳа, шунақа», дебди. Шунда: «Тақсир, ўзи мисрликлар яхшими ёки ёмонми?» деб сўрашибди. У киши: «Ким қандай бўлса, ўзига ўхшаганларни учратади», дебдилар.

Бу қоида фақат ҳозирги жонли ҳаётга хос эмас, балки тарихий воқеликка нисбатан ҳам ишлайверади. Тарихчи тарихдан ўз қизиқишлари, табиатига мос нуқталарга кўпроқ эътибор қаратиши табиий. Тадқиқотчи миясидаги собиқ маълумотни тасдиқловчи хабарга баъзан берилиб кетади. Натижада воқеликка атрофлича, тўғри баҳо бера олмай қолади. Бироқ, тингловчилар буни ҳисобга олмаслиги хатарлидир.

Айрим сайёҳлар ва юртимизни ташқаридан туриб ўрганган тадқиқотчиларнинг тарихимиз борасида гапларини ҳам шу бурчакдан ўрганиш керак. У ўзи қандай одам бўлган, нима мақсадда келган, сўзларида муболаға йўқми, ўзи қидирган нарсани топиб олиб кўпиртиримаяптими ва ҳоказо...

Бир безори шаҳарга кириб, у ерда ўзига ўхшаган бангиларни топиб, мана бунақа одамларни кўрдим, деса, бутун бошли халқни банги деб тасаввур қилиш энг камида ақлсизликдир.

Сайёҳларнинг гапи воқеликка ташқаридан қилинган назар ўлароқ ютуқларга эга. Бироқ, халқнинг ичида узоқ яшамагани, уларнинг завқларини тўлиқ билмагани учун иккинчи бир тарафдан ноқис ҳам ҳисобланади. Аммо бизда кўпчилик ўлкада туғилиб ўсган қатор олимларни бир четга қўйиб, бирравга келган сайёҳнинг гапини қабул қилишга мойил бўлади. Гўёки фақат унинг гапи ҳақиқат‑у, ерли одамларнинг сўзи ёлғон. Аслида тўғри хулоса чиқариш учун маълумотларни барча тарафдан жамлаш керак.

Видео гурунгдаги суҳбатдошлар табиатан енгилтакроқ, ўйин‑кулгига ва бошқа шу каби ҳаракатларга берилган одамлар экани суҳбатда бот‑бот намоён бўлган. Шундан ҳам уларнинг талқинлари ҳақида керакли хулоса чиқариш мумкин.

2. Баъзилар сўзловчининг кимлигига, унинг табиатига ёки кийинишига эътибор бермаслик керак, муҳими унинг сўзи қанчалар ҳақиқат, мана шунга қараш керак, деган фикрни илгари суриб, бунга «Сўзловчига эмас, унинг сўзига қара» деган қоидани рўкач қилишмоқда. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан нақл қилинган бу қоида мутахассислар учун ишлайди, аммо соҳани билмаган одам аввало сўзловчига қарашга мажбур, чунки у ўзи билмаган соҳада сўзнинг тўғри‑нотўғрилигини ажрата олмайди. Шу боис, у сўзловчини танлаб тинглаши керак.

Масалан, тиббиётни яхши билган одам табобатдан сўзлаган ҳар қандай одамнинг гапини эшитиб, сўзловчига боқмасдан унинг сўзини муҳокама қилиши, қабул ёки рад этиши мумкин.

Аммо табобатдан бехабар одам ишончли табиб топиб, ўшанинг сўзига юриши керак, акс ҳолда, алданиб қолиши, ўзини ҳалок қилиши ҳеч гап эмас.

Тарих ёки бошқа илмлар борасида ҳам уни яхши ўрганган тарихчи «Сўзловчига эмас, унинг сўзига қара» деган қоидага амал қилиб, истаган одамини тинглаб, унинг сўзидан фойдаланиши, уни муҳокама қилиши жоиз. Бироқ, ўқимаган одам аввало ишончли тарихчини танлаб, кейин уни тинглаши керак, бўлмаса, адашиши тайин.

Мазкур видео остида ёзилган изоҳларни кўрсангиз, кўпчилик ўша хато тўла суҳбатга таҳсин айтиб, нотўғри маълумотларга ишониб ўтирибди. Агар улар тарихни ўрганган кишилар бўлганида ёки сўзловчи ҳақида олдин ишонч ҳосил қилиб, унга кейин мулоҳаза билдирганларида, бунчалар алданишмас эди. Энг ёмони, олқишлаб қўйганлар кейин имкон қадар шу фикрда қолишга чиранишади.

3. Бахтиёр Алимжоновнинг тарихни ўрганишда мафкуравий босим бўлгани, холислик етишмаслиги тўғрисидаги гапида жон бор. Дарҳақиқат, тарихни мафкурага бўйсундириш энг ёмон ҳолат бўлиб, фақат бизда эмас, деярли ҳамма жойда кузатилган.

Пруссия (қадимги Германия) қироли Вильгельм II тарихчиларга Австрия ерлари Пруссияга тегишли экани ҳақида керакли ҳужжатларни топиш ҳақида тарихчиларга топшириқ беради. Шунда улар: «Бундай ҳужжат йўқ, олампаноҳ», дейишса, қирол: «Топасанлар, мен сенларни нега боқяпман?!» деган экан.

Бизда ҳам ўтган асрда мустабид тузум тарихни айни шу куйга солган, барча маълумотларни ўз мақсадларига бўйсундирган эди. Бугун ўша хатоларни тўғрилаш даркор.

Тарих илм ўлароқ эркин ўрганилиши ва ўргатилиши керак. Муаммоларни эса тафаккур кучи билан енгиб ўтиш мумкин. Бироқ, тарих борасида эркинлик бўлсин дегани ким нима деса деяверсин, одамларни аҳмоқ қилиб хом гапларни ҳам гапираверсин, дегани эмас. Сўзловчилар мана шу икки тараф ўртасидаги олтин оралиқни топа олишмаган.

Камига, тарихчимиз ўзини ижтиҳод қилаётгани ва ижтиҳодида хато қилса ҳам, битта савоб олишини иддао қилибди. Биринчидан, тарих фани табиатан ижтиҳоддан кўра аниқ нақлларга суянади. Нақлда ижтиҳод эмас, холислик керак. Бордию, воқеаларга баҳо беришда, хулоса ясашда ижтиҳод мавжуд дейилса ҳам, ижтиҳод қилувчи ижтиҳодида савоб олиши учун унда ўша соҳага хос ижтиҳод шартлари тўлиқ топилиши керак. Акс ҳолда, ҳақсиз равишда қилган ижтиҳоди учун гуноҳ олади.

Тарихга оид манбаларни асл тилида ўқиб, тадқиқ этмаган одам қандай қилиб тарих борасида ижтиҳод қиляпман, дейиши мумкин? Бу умуман имконсиз иш. Бу худди араб тилини тушунмай, Қуръон ва ҳадиснинг таржимасидан ёки улардан фойдаланиб ёзилган китоблардан шариат бўйича ижтиҳод қилмоқчи бўлган чаласаводларнинг ишини эслатади. Бундай тарихчи ҳеч қачон нотўғри хулоса беришдан холи бўлмайди.

4. Тан олиш керак, тадқиқотчи тарих борасида бир қатор яхши фикрлар ҳам айтган. Хусусан, тарихда фикрий эркинлик ҳозиргига нисабатан анча юқори бўлгани, Исломнинг илмий баҳсларга очиқлиги, фикрга қарши фикр билан кураша олгани, аёлларнинг кам ишлагани, уларга руҳий босимлар деярли бўлмагани, омма халқ мадрасаларда эркин таълим олгани, квота деган чекловларни қўйинг, хоҳлаган одам, ёшу қари ҳеч бир қайдсиз мадрасалардаги илмлардан бемалол баҳраманд бўлгани ҳақидаги гаплар айни ҳақиқат. Бироқ, сўзловчиларнинг мана шу эркинлик ортидан бугунги замонавий бузуқликка, мафкуравий беқарорликка дарча очишга уриниши «ҳақ гап билан ботилни исташ» қабилида бўлган, десак, хато бўлмайди.

Яна бир кулфат шундаки, улар мазкур тарихий ҳодисаларга фақат бир ёқлама, ғарб ва рус шарқшунослари кўзи билан боқишган, воқеалар қаҳрамонларининг авлоди сифатида назар қила олишмаган. Агар икки тарафни жамлашганида, анча воқеий фикрлашга муваффақ бўлишар эди.

5. Тарихни тўлиқ ўрганиш керак, ундан ибрат олиш керак, аммо ундан тўлиқ намуна олинмайди. Тарихни ўрганишдан мақсад яхшисини олиб, хатоларни такрорламасликдир. Тарихдан олинадиган энг асосий фойда ҳам шу ўзи. Бироқ, мазкур суҳбатдошлар тарихдаги барча ҳодисалардан, хусусан, нафслари истаган ишлардан ҳам ибрат олишга зимдан тарғиб қилишган. Бу билан улар бугунги замонавий бузуқликларга тарихдан оқлов, дастак қидиришга уринишган.

Бу ҳам уларда тарихни ўрганиш борасида аниқ манҳаж йўқлиги ёки зеҳнларида бу борада нотўғри услубият шаклланганидан дарак беради.

Бугунги мавжуд муваффақиятсизликларимизга тарихимиздаги хатолар сабаб бўлганида шубҳа йўқ. Биз тарихимизда шундай ишлар қилинган экан, деб ўша хатоларни такрорлашимиз нотўғри. Тўғри, биз хатоларни ҳам ўрганаверишимиз керак, бироқ, мақсад уларни такрорлаш эмас, тузатиш бўлиши лозим. Камолот учун хатоларни тузатиб боришда бардавомлик даркор...

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ndash ҳижратдан аввалги 53 йил, Фил йили, 8, 9, 10 ёки 12 рабиъул аввал, милодий 571 йил апрель. 2. Пайғамбар давоми...

2560 14:00 / 15.08.2022
Милодий 625 сана 23 мартда Уҳуд жанги бўлиб ўтди. Ҳижрий тақвимда эса бу жангни ҳижратнинг учинчи санаси, шавволнинг еттинчисида бўлган дейишади.Жангдан бир неча давоми...

1954 22:07 / 24.10.2022
Оиша розияллоҳу анҳо айтади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Одамларнинг қай бири яхши, деб сўрашди. Шунда у зот .Менинг замондошларим. Сўнг кейингилар, сўнг давоми...

2626 09:24 / 30 январь
Тарихчи Муҳаммад Афанди Инабасовнинг интернет сайтларидан бирида эълон қилган мақоласида ёзишича, Бухорони биринчи бўлиб ҳижрий 54 йили милодий 674 йил Ислом давоми...

5103 11:00 / 16.12.2020
Аудиолар

135064 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55343 14:35 / 11.08.2021