1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Болага эътибор керак, меҳр керак

09:03 / 18.12.2023 2622 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарзанд туғилибдики, тарбияга муҳтож бўлади. Ота-она эса бу борада энг биринчи тарбиячи ҳисобланади. Бугунги кунда фарзандини ўқиб-ўрганиши учун ҳаракат қилаётган, бунинг учун керакли шароитни яратиб бераётган, дунёқараши кенг оналаримиз ҳам кўп. Халқаро даражадаги тажрибали ўқитувчи, мураббия ва айни пайтда фаол блоггер Ирода Aҳмад ҳам ана шундай оналар сирасига киради. 2011 йилдан бери унинг «Raising Young Scholars (Ёш олимларни етиштириш)» платформасида фарзанд тарбияси, исломий оила, болаларга уйда таълим бериш (Homeschooling) мавзуларида юздан ортиқ мақоласи чоп этилди. Ёш олима айни дамда Саудия Арабситонининг Жидда университетида талабаларга инглиз тилидан дарс бериб келади.


– Оилада фарзанднинг тарбияси билан асосан она шуғулланади. Яъни айтиш мумкинки, биринчи таълимни бола онасидан олади. «Homeschooling» дастурининг бу борада аҳамияти қанчалик деб ўйлайсиз? 


– Ҳар бир фарзанд учун илк устоз унинг ота-онаси ҳисобланади. Бола атроф-муҳит, борлиқ ва ундаги ўз ўрни ҳақидаги билим ҳамда кўникмани оилада яқинлари билан бўлган муносабатлари орқали ўзлаштиради. Олмон файласуфи ва педагог олим Рудольф Штайнер боланинг 1−7 ёшлик даврини «онгсиз тақлид» деб атайди. Италиялик машҳур доктор ва болаларни ўқитиш бўйича педагогик ёндашув ва методика ишлаб чиққан аёл Мариа Монтессори бу даврни «absorbent mind», яъни «ўзига сингдириб олувчи онг», деб атайди. Демак, яқинларининг ўзаро ҳурмат ва муросага асосланган муомаласи болада ўзига ҳурмат, ишонч ва ўз-ўзини идора эта олиш кўникмаларини шакллантиради.


Энди сиз сўраган «хомскулинг» ҳақида ҳам тўхталсам. Аввало, бу дастур эмас, болага мактабдан ташқари муқобил таълим бериш жараёнини ўз ичига олади. Бу жараён самарали амалга ошиши учун ота-онада фарзанддан нима истаётганлари ҳақида аниқ тушунча ва тасаввур бўлиши керак.


Биз таълимни мактабсиз тасаввур қила олмаймиз. Aслида эса билим олиш жараёни мактаб синфхонаси билан чекланиб қолмаган. Бола мактабдаги дарсларидан фарқли равишда атроф-муҳитни кузатиб ёки уйида, далада экин-тикинлар билан тажриба ўтказиб, партада ўтирганидан кўра кўпроқ билим олиши мумкин. Болаларда табиий қизиқувчанлик бор, бу туғма майл. Кўпчиликда ёши улғайган сари илм олишга нисбатан мана шу ғайрат йўқолиб боради. Бунга турли омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.


Ота-она самарали «хомскулинг» учун уйда билим олишга рағбатлантирувчи муҳитни яратиб бериши кифоя. Мисол учун, китоб жавонини боланинг ёшига мос қизиқарли, расмли китоблар, рангли қоғоз, бўёқ, расм дафтари ва рангли қалам кабилар билан бойитиб, унда эркин фойдалана олиши учун болага рухсат бериб қўйиш керак. Боланинг қизиқишидан келиб чиқиб танланган фан мавзулари ва унинг салоҳиятига мос ўрганиш услуби натижасида ҳар бир ота-она фарзандининг илк саводини мустақил чиқара олиши мумкин.


– Болаларга таълим беришда ёшнинг аҳамияти қанчалик муҳим? Ўғил бола ва қиз бола – бу борада уларга алоҳида ёндашув зарурми?


– Таълим сифатини оширишда баъзи бир қадриятлар борки, улар болаларни ёшидан қатъи назар ўзгармайди. Таълимда энг муҳим нарса ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги ўрнатилган ўзаро ҳурматга асосланган соғлом ва ижобий муносабат, деб ўйлайман. Сиз ўқитувчи сифатида боланинг ички дунёсига кириб бора олсангиз, унда шавқ пайдо бўлади. Бир нарсани ўрганишни ич-ичидан хоҳлаган бола эса уни, албатта, ўрганади. Бола ўқитувчисига меҳр қўйса, фанни яхши ўзлаштириш пайида бўлади. Шунинг учун болани ёшидан қатъи назар ўқитувчи у билан ижобий алоқа ўрната олиши керак. Бу – биринчи қоида.


Иккинчидан, синфдаги болалар сони 16–20 тадан ошмаслиги мақсадга мувофиқ. Шунингдек, дарс мавзуларини ўтишда ўқитувчига эркинлик берилиши лозим. Ҳар қандай методика ёки ўқитиш услуби  танланаётганда боланинг ёши инобатша олиш муҳим. Ёш болаларнинг диққатини жалб этиш узоқроқ муддат талаб этади. Улар кўпроқ жисмоний ҳаракат қилгиси келади, бир жойда тек турмайди. Чет давлатларда мана шундай ҳаракатини чекламай ўқитиш методикалари йўлга қўйилган.


Aнглиялик педагог Шарлотт Мейсоннинг таъкидлашича, бошланғич синфларда дарслар давомийлиги 20 дақиқа атрофида бўлиши керак. Чунки 7–8 ёш боланинг ақлий фаолияти шу вақт давомида фаол бўлади. Дарсга қулоқ солиши мумкин, лекин аксарият ҳолларда хаёли паришон, ўйлари сочилган ва эътиборсиз ўтиради. Доимий узоқ давом этадиган дарслар ёш болани зериктиради ва унда лоқайдликни пайдо қилади. Қисқа дарслар билан Мисс Мейсоннинг ўзи очган мактабларда жуда яхши натижага эришган. Юқори синфлар учун дарс давомийлигини 40 дақиқа қилиб белгилаш мумкин. Дарслар амалий бўлиши ва болалар мавзусини қанчалик тушунганини ёзиш, чизиш, бўёқлар билан бўяш, ҳикоя тарзида айтиб бериш, бирор нима ясаш билан кўрсатиши мумкин.


Ўғил бола ва қиз бола ўртасида фарқ борми деган масалага таълим бериш борасида алоҳида ёндашув йўқ, деган бўлардим. Когнитив, яъни дарсни ўзлаштириш жиҳатдан болалар жинсидан қатъи назар бир хилда ривожланади. Лекин тарбия борасида албатта фарқли тарафлари бор.


– Таржимаи ҳолингиз билан танишиш асносида бир қанча халқаро танловларда муваффақиятга эришганингизга гувоҳ бўлдим. Бу ютуқларни қўлга киритишда, умуман фаолиятингизни юритишда энг биринчи ёрдамчим деб кимни айтган бўлардингиз?


– Энг биринчи ёрдамчим деб турмуш ўртоғимни, ундан кейин қайнонамни айтган бўлар эдим. Aнглия  университетида ўқиб юрганимда турмушга чиқдим. Бакалаврни тугатгунимча икки фарзандли бўлдик. Турмуш ўртоғим ҳам талаба эдилар ва болаларни уларга навбат билан қараб катта қилганмиз. Ўшанда қайнонамнинг жуда катта ёрдамлари теккан. Кейин магистратурада ўқишимга ҳам имконият ва шароит қилиб беришди. Доим қарорларимни дастаклаб, қўлларидан келганича ёрдам бериб келишади. Aллоҳ улардан рози бўлсин, шундай яхши инсонларга учратгани учун Ўзига беҳисоб шукр айтаман.


– Илмли инсонлар доимо олдинга интилиб яшайдилар. Электрон китобларингиз, вебинарларингиз орқали яна қандай янги лойиҳаларни ишлаб чиқишни, қайси мавзуларни кўтаришни режалаштиргансиз?


– Инглиз тилидаги мақола ва китобларимни ўқиб борадиган хориждаги ўзбек оналарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан 2021 йили «Yaqin» лойиҳасини бошлаган эдик. Мақсадимиз китоб, журнал, мақола ва баъзи онлайн курсларимни ўзбек тилига таржима қилиб, ўзбек оналарига оналик кўникмаларини оширишда, шахсий ривожланишда ва уйда таълим беришни истаганларга ёрдам бериш эди. Лойиҳа доирасида илк бор «Исломда фарзанд тарбияси ва шахсий ривожланиш» курсини тақдим этдик. Минг нафардан зиёд онажонлар рўйхатдан ўтиб, кўплари курсимизни муваффақиятли тугатишди. Бу лойиҳа ортидан кўп яхши инсонлар билан танишдим.


Шундан кейин «Raising Your Schoolers» платформаси учун ўзбек аудиториясида имкониятлар эшиги очилди. Ҳозирда юзга яқин оналар билан «Она мадрасадир» номли 6 ойлик курсни олиб боряпман. Aлҳамдулиллаҳ, курсимиз жуда яхши кетяпти. Онажонларимиз таълим дастури, таълим тизими, таълим фалсафаси, ёндашув ва методикалари ҳақидаги назарий билимлар билан бир қаторда қандай дарс ўтиш, дарсни режалаш ва вақтни тўғри тақсимлаш, ўқувчининг эътиборини жалб эта олиш, қизиқтириш ва замонавий услублардан фойдаланиб, интерактив дарс ўтишни амалда қўллаб, педагогик маҳоратларини ошириб боришмоқда. Мана шу оналар билан ҳамкорликда ўзбекча онлайн мактабини очишни, ёш болалар учун ибратли ҳикоялар ёзиб, расмли китоблар тўплами сифатида нашрдан чиқаришни режа қилдик. Онажонлардаги қизиқиш ва ғайратни кўриб ўзим ҳам завқланаман. Насиб қилса, энди кўпроқ эътиборимни ўзбек аудиторияси билан ишлашга ва ўзбек тилида ресурслар ишлаб чиқишга қаратмоқчиман.


– Болалар тарбияси билан шуғулланаётган она қандайдир тўсиққа учраши табиий ҳол. Ана шундай муаммоларни ҳал қилишда ечимни қаердан излаш керак?


– Олти фарзанднинг онаси сифатида ўзим ҳам кўп қийинчиликларга дуч келаман. Бола ҳам доимий ривожланишда, яъни улғайган сари қизиқиш ва эҳтиёжлари ўзгариб бораверади. Шу билан бир қаторда ўзимиз ҳам ёшимиз улғайиб, ҳар бир бола туғилганда куч-ғайрат, соғлиғимизга маълум маънода путур етади. Мен учун энг катта ечим бу машаққатлар учун охиратда олинажак ажрлардир. Энг асосийси биз имкониятимиз етадиган ва шароитимиз кўтарадиганини қилайлик. Чунки натижа доим Aллоҳнинг қўлида, биз натижадан эмас, жараёндан сўраламиз. Фарзанд тарбияси борасида қийинчиликка дуч келганимизда биз нима қилдик ёки қилмадик? Қандай иш тутдик? Ундан ҳам яхшироқ қилишга имкониятимиз бор эдими? Мана шулардан ҳисоб қилинамиз.


Сабабларни амалга оширгач, Aллоҳга таваккул қиламиз ва дуода бўлиб, хайрлисини сўраймиз. Фарзандларимиз ҳаққига доимий дуода бўлайлик, Aллоҳ уларнинг қалбини очсин, Қуръонга муҳаббатли қилсин. Aллоҳим бизни, фарзандларимизни ва келажак зурриёдларимизни барчасини тўғри йўлга ҳидоят қилсин. Омийн!


– Ўзбекчиликда келиннинг вазифалари жуда кўп. Фарзанди йиғлаб турса ҳам уй ишларини қилиши шарт. Иш эса ҳеч қачон тугамайди. Нотўғри қўйилган ўлчовлар ва уларнинг оқибатлари ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз...


– Тўғри айтасиз, бизда келин бўлиш ниҳоятда қийин, мураккаб жараён. Гўёки азалий қадриятларимизнинг бир бўлагидек талқин қилинадиган бундай урф-одатларни ҳануз давом этаётгани мени ўйлантириб қўяди. Aллоҳ ҳолимизни ислоҳ қилсин.


Келинга оилада фойдаланиладиган маиший-техник воситаси сифатида қарамаслик керак. Баъзи оилаларда қўйилган талабларни кўриб, ҳарбийларда ҳам бу даража қаттиқ режим бўлмаса керак деб ўйлаб қоласиз. Буларнинг барчасининг замирида илмсизлик, жоҳиллик натижасида шаклланган нотўғри қарашлар ётади. Тафаккур доирамиз шу қадар торки, ўз манфаатларимиз ҳақида ҳам бош қотирмаймиз. Натижада оилалар ажрашиб кетяпти, келинлар соғлиғидан айриляпти, ҳомиладорликни стрессда ўтказган келинлардан носоғлом болалар дунёга келяпти, гўдаклар инжиқ, асабий ва тез касаликка чалинувчан. Соғлом туғилган болалар ҳам она меҳрига тўймасдан, 3–4 ёшида айни шундай ҳолатга келиши мумкин. Онаси доимо иш билан машғул, болага эътибор керак, меҳр керак, вақт керак. Ишимни қилиб олай деб боғчага беради. Боғчада эса ҳар бир бола билан индивидуал ишлашга имкон йўқ. Болалик даври кўз очиб-юмгунча ўтиб кетади. Вақтни ортга қайтаришнинг эса иложи йўқ. Aёлнинг биринчи вазифаси рафиқалик бўлса, кейингиси оналик. Бу ўлчовларни ўзгартириш учун биз – катталарнинг ўзи тарбияга жуда муҳтожмиз.

Нозимахон Умарали қизи суҳбатлашди
«Ҳилол» журналининг 3(48) сонидан 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг азиз ва жонажон юртимизда 130 дан зиёд миллат ҳамда элатлар ўзаро аҳилиноқ, асрлар давомида миллатидан, динидан қатъий назар фуқароларимиз давоми...

2020 11:54 / 28 январь
Қандай қилиб испан роҳибларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадларини ўғирлашмоқчи бўлганлари ҳақида Ёвуз ниятли кишилар ҳамма давоми...

10352 14:00 / 30.06.2022
Филиппин бургути. Дунёдаги энг йирик бургутлардан бири. Филиппин ўрмонларида учрайди. Бундай бургутлар ҳозирда йўқолиб кетиш арафасида. Шунинг учун уни овлаш давоми...

3406 19:00 / 04.12.2021
Бразилиялик ёзувчи Пауло Коэло қуйидаги қисқа ҳикояни шундай баён қилади.Бир ота газета ўқишга уринарди. Лекин кичик ўғли унга халақит бериб, газета ўқитмас эди. давоми...

2025 14:00 / 27.12.2022