1447 йил 26 жумадул аввал | 2025 йил 17 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ва яна китоб ҳақида... (иккинчи мақола)

11:00 / 14.10.2021 2047 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Китоб нусхаларини оммавий кўпайтириш йўлидаги изланишлар натижасида ксилография пайдо бўлди. XV асрнинг 40-йилларида Германияда Иоганн Гутенберг томонидан китоб босиш ихтиро қилиниши китоб тараққиётида янги давр очди. Китоб босиш техникаси аста-секин такомиллашиб, бошқа мамлакатларда ҳам тарқала бошлади.

Туркистонда босма усули билан китоб чиқариш Ўрта Осиё Россияга қўшиб олингандан кейин тарқалди. 1868 йили Тошкентда Туркистон ҳарбий округи штабининг босмахонаси ташкил этилди. Шу босмахонада нашр этилган рус олими ва сайёҳи Н.А. Северцовнинг «Чу ва Норин тизмалари этагидаги тоғли ўлка тўғрисида лавҳалар» (рус тилида) китоби Туркистондаги илк босма китобдир. Ўзбек тилидаги биринчи босма китоб Шоҳимардон Иброҳимовнинг 1871 йили Хивада босилган «Календар»идир. Бирин-кетин Туркистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам хусусий литографиялар ташкил этилди. Булардан Отажон Абдалов (Хивада), Семён Лахтин (Тошкентда), Ғулом Ҳасан Орифжонов (Тошкентда) литографиялари машҳур. Бу босмахоналарда адабий, фалсафий, диний, тарихий асарлар ва дарсликлар чиқарилди.

Октябрь тўнтаришидан сўнг совет тузуми даврида китоб босиш иши бирмунча ривожланиб, оммавий китоблар яратиш ишига катта аҳамият берилди. Лекин китобга, бошқа оммавий ахборот воситалари каби, КПСС ва Совет ҳукуматининг қудратли мафкуравий қуроли сифатида қаралди. Шу мақсадда жуда кўп номда ва нусхада марксизм-ленинизм асарлари, ижтимоий сиёсий, бадиий, илмий китоблар нашр этилди. Айни вақтда, 20 – 30-йилларда, Ўзбекистонда асрлар мобайнида сақланиб келинган қўлёзма китоблар, айниқса диний, тарихий мазмундаги китоблар, кейинроқ катағонга учраган ўзбек ёзувчиларининг асарлари йўқ қилина бошланди: ўтда куйдирилди, сувга ташланди.

Истиқлолдан кейинги йилларда китоб маҳсулотлари мавзу-мундарижасида кескин ўзгариш бўлди. Тарихий, диний, миллий қадриятларга тааллуқли китоблар нашрига алоҳида аҳамият берилди. Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги таржимаси икки бор нашр этилди (1991 й., «Чўлпон» нашриётида; 2001 й., Тошкент Ислом университети нашриётида). Имом Бухорийнинг 4 жилдли «Ҳадис»лари (1991 – 96 йиллар, Комуслар Бош таҳририяти), Амир Темур мавзуи билан боғлиқ ўнлаб Китоблар чиқарилди. Алишер Навоийнинг 20 жилдли тўла асарлари (1998 – 2002, Ўзбекистон ФА «Фан» нашриёти) чоп этилди. Турли нашриётларда Форобий, Беруний, Ибн Сино, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд Замахшарий, Улуғбек, Яссавий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори, Фитрат, Усмон Носирларнинг асарлари, 33 жилдли «Хотира» китоби чиқарилди.

Ҳозирги китоблар ўқувчилар талаби ва эстетик дидига кўра муайян шаклга эга. Китоб саҳифаларга ажратилиб, ўртасидан тикилади ва муқоваланади. Муқованинг китоб саҳифалари билан бириктирилган қисми форзац дейилади. Айрим ҳолларда муқовани сақлаш ва безак сифатида муқовага жилд (суперобложка) кийгизилади. Китобнинг бош қисмида сарварақ (титул лист) бўлади. Унда муаллиф исм-шарифи, китобнинг номи, нашр этилаётган жойи, йили, нашриёт номи кабилар ёзилади. Сарварақ қўш саҳифада бўлиши мумкин; бу ҳолда у китобнинг 2-(муқобил сарварақ) ва 3-бетларини эгаллайди. Сарварақ маълумотларининг айримлари китобнинг l-саҳифаси – пешварақ, (авантитул)да ҳам ёзилиши мумкин. Сарварақнинг орқа саҳифасига китоб белгиси қўйилади. Баъзи ҳолларда сарварақ ўрнида саррасм (фронтиспис) бўлади. Матннинг мазмунига караб, китобда турли усулда сарлавҳалар қўйилади. Айрим ҳолларда йирик сарлавҳалар алоҳида саҳифада берилади. Бундай саҳифа зарварақ (шмуцтитул) дейилади. Китобнинг рукнсарлавҳа (колонтитул) ва рукнрақам (колонцифр)лари ундан фойдаланиш ишини осонлаштиради. Шунингдек, китобда мундарижа, муқаддима, хотима, аннотация, илова, изоҳ, турли кўрсаткичлар, библиографик рўйхатлар ҳам бўлиши мумкин. Китоб саҳифасининг ҳажми унинг нашр бичими билан белгиланади.

Китоблар қандай ўқувчилар оммасига мўлжалланганлиги, мақсади ва мавзуига қараб турларга ажратилади. Ўқувчиларга кўра, китоблар оммавий, мутахассислар учун ва болалар китоби бўлиши мумкин. Мақсадига кўра, расмий, илмий, илмий-оммабоп, ўқув, адабий-бадиий, маълумотнома ва бошқа хил китобларга бўлинади. Илмий китоблар ичида монография кенг тарқалган. Ўқув китоблари дарслик, ўқув қўлланмаси, ўқув методик қўлланма ва бошқа турларга ажратилади. Маълумотномалар эса луғат, энциклопедия, календарь, йўл кўрсаткичлар қабиларга бўлинади.

(Тамом)

Муроджон Аминов

«Ҳилол» журналининг 9(30)сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мисрнинг .АлАҳром, газетасининг 1961 йил 29 май ойидаги сонида .Профессор аёл талаба қизларга турмушга чиқишни тавсия қилди, номли мақола эълон қилинди.Бу мақолада давоми...

4135 14:00 / 25.03.2022
Ўрта ёш юртдошларимиз ва ёши улуғларимиз жуда яхши эслашса керак бундан 25ndash30 йил аввал кундалик эҳтиёжларимиз учун фойдаланадиган буюмларимизнинг асосий давоми...

2852 16:00 / 20.02.2023
.Корейс тузи, фойда ёки зарар Бугунги кунда турли таом тайёрлашда фойдаланиладиган рангсиз, кристаллсимон, сувда яхши эрийдиган моддага кўпчилигимизнинг кўзимиз давоми...

2938 15:10 / 10 апрель
Аллоҳ таоло Мусаввир Зот. Аллоҳ таолонинг ушбу исми Қуръони Каримда фақат бир ўринда келган .У Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир. Энг гўзал давоми...

9118 11:00 / 24.02.2023