1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари

19:30 / 17.07.2023 911 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(бешинчи мақола)

Уҳуд урушидан кўп ўтмай, ўша вақтдаги ҳамма Ислом душманлари жамланиб, мусулмонларга қарши уруш эълон қилдилар ва катта аскар билан Мадинаи Мунавварага бостириб келдилар. Ҳамма душман ҳизблар мусулмонларга қарши бирикканлари учун бу уруш тарихда «Аҳзоб уруши» номи билан зикр қилинади.


Ана ўша урушда шароитни ҳисобга олиб, Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунаввара атрофига хандақ қазитдилар. Шу сабабдан бу уруш «Хандақ уруши» номи билан ҳам машҳурдир.


Худди ана ўша Хандақ урушида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу яна ўзларини кўрсатдилар.


Келинг, шу ҳақдаги ривоятларни ўрганиб чиқайлик.


Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладилар:


«Хандақ куни Навфал ибн Абдуллоҳ ибн ал-Муғийра ал-Махзумий чиқиб, яккама-якка олишувга чақирди. Унга қарши Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу чиқди ва уни қилич билан бир уриб, иккига бўлиб ташлади. Ҳатто қиличи ҳам бўлиниб кетди».


Маълумки, хандақ урушида икки тараф хандақнинг икки томонида турганлиги сабабли катта тўқнашув бўлмаган. Гоҳ-гоҳида яккама-якка олишувлар ва кичик тўқнашувлар бўлиб турган, холос. Шунинг учун ҳар икки тараф учун юқорида зикр қилингани каби олишувларнинг таъсири жуда ҳам катта бўлган. Ана шунда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мусулмонлар томонидан катта қаҳрамонлик кўрсатган кишилардан бири бўлдилар.


Ибн Жарир Тобарий раҳматуллоҳи алайҳи Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг хотинлари Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:


«Мушриклардан бир киши силоҳини кўтариб келди. У бир баланд жойга чиқиб туриб:


«Ким яккама-якка олишади!?» деди.


«Унга сен чиқасанми?» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмдан бир кишига.


«Агар сиз хоҳласангиз, эй Аллоҳнинг Расули!» деди у.


Шу пайт Зубайр шайланиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар-да:


«Сен тур! Эй ибн Софийя!» дедилар.


У отилиб чиқиб, бир зумда унга тенглашди. Икковлари олишиб кетдилар. Сўнгра думалаб кетдилар.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:


«Икковларидан қай бири чуқурга олдин тушса, ўша қатл бўлади», дедилар.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Мусулмонлар ҳам дуо қилдилар. Кофир олдин тушди. Зубайр розияллоҳу анҳу унинг кўкрагига тушиб, қатл қилди».


Аҳзоб урушида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг фидойиликлари бу олишувлар билан чекланиб қолмади, балки у киши бошқа қаҳрамонликлар ҳам қилдилар.

 
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الزُّبَيْرِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ يَوْمَ الْأَحْزَابِ جُعِلْتُ أَنَا وَعُمَرُ بْنُ أَبِي سَلَمَةَ فِي النِّسَاءِ، فَنَظَرْتُ فَإِذَا أَنَا بِالزُّبَيْرِ عَلَى فَرَسِهِ يَخْتَلِفُ إِلَى بَنِي قُرَيْظَةَ مَرَّتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا، فَلَمَّا رَجَعْتُ قُلْتُ: يَا أَبَتِ رَأَيْتُكَ تَخْتَلِفُ إِلَى قُرَيْظَةَ، قَالَ: وَهَلْ رَأَيْتَنِي يَا بُنَيَّ؟ قُلْتُ: نَعَمْ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ يَأْتِ بَنِي قُرَيْظَةَ فَيَأْتِينِي بِخَبَرِهِمْ؟ فَانْطَلَقْتُ، فَلَمَّا رَجَعْتُ جَمَعَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَبَوَيْهِ فَقَالَ: فِدَاكَ أَبِي وَأُمِّي. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.
 
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:


«Аҳзоб куни мен Умар ибн Абу Салама билан бирга аёлларнинг ичига қўйилган эдим. Назар солиб турсам, Зубайр отини миниб, икки-уч марта Бани Қурайзага бориб келди. Қайтган вақтимда унга:
«Отажон! Қурайзага бориб келаётганингизни кўрдим-а?» дедим.
«Ўғлим, мени кўрдингми-а?!» деди.
«Ҳа», дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Қурайзага бориб, менга уларнинг хабарини билиб келади?» дедилар.


Мен бориб келдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ота ва оналарини жамлаб:
«Сенга отам ва онам фидо бўлсин», дедилар», деди у».


Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга ҳам оталарини, ҳам оналарини фидо қилишлари бежиз эмас эди. Ўша пайтда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мусулмон оламини катта хавф ва хатардан сақлаб қолган ишни қилган эдилар. Гапнинг тафсилоти қуйидагича:

Хандақ урушида Аллоҳнинг душмани яҳудий Ҳайй ибн Ахтоб ҳаракатга тушиб қолди. У Мадинада мусулмонлар билан бирга яшаётган яҳудийларни ишга солиб, ичкаридан зарба беришни режа қилди. Ҳайй ибн Ахтоб Бани Қурайза қабиласи бошлиғи Каъб ибн Асад ал-Қаразийга бориб, учрашди.


Каъб ибн Асад ўз қабиласи номидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинчлик, ҳамкорлик аҳдномасини тузиб яшаётган эди. Каъб ибн Асад Ҳайй ибн Ахтобга:
«Сен шум одамсан, мен Муҳаммад билан аҳдлашганман, у билан орамиздаги аҳдномани бузмоқчи эмасман, мен унинг доимо аҳдига вафо қилганини кўрдим», деди.


«Шўринг қурисин, эй Каъб! Мен сенга бир умрлик обрў, улкан денгиз келтирдим. Қурайшни бошлиқларию улуғлари билан олиб келдим. Мен уларни Румаҳдаги сел тўпланадиган жойга туширдим. Ғатафонни ҳам оқсоқоллари билан қўшиб олиб келиб, Уҳуд томонга туширдим. Улар менга Муҳаммадни таг-томири билан йўқотмагунларича қайтмасликка аҳду паймон бердилар», деди Ҳайй.


«Аллоҳга қасамки, сен менга бир умрлик хорлик келтирдинг. Суви тушиб бўлган булут келтирдинг. Мен Муҳаммаддан фақат вафо ва садоқат кўрдим, холос», деди Каъб унга.


Ҳайй бўлса Каъбнинг бошини айлантириб, турли гаплар билан қизиқтириб, охири айтганига кўндирди.


Икковлари аҳду паймон қилишди. Агар Қурайш ва Ғатафон Муҳаммадни енга олмай, қайтиб кетсалар, Ҳайй ҳам Каъб билан бирга унинг қўрғонига кириб, мусибатига шерик бўладиган бўлди.


Каъб ибн Асад Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдномани бузди ва Бани Қурайза ҳам душман ҳизбларга қўшилди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу хабар етиб борганида, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуни юбориб, бунинг ростлигини аниқлаб олдилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу олиб келган ана шу хабар асосида тузилган режа мусулмонларни катта ёмонликлардан сақлаб қолди.


Ўша пайтда нафақат ўлимнинг кўзига тик қараб борадиган ботир, балки, керак бўлса, ўлимга чап бериб, мусулмонларнинг олий бош қўмондонлари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аниқ хабарни келтирадиган одам керак эди. Ана шундай одам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бўлдилар.


Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга ота ва оналарини жамлаб, «Сенга отам ва онам фидо бўлсин», дедилар.


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан бошқа ҳеч кимга айтмаганларини ҳисобга олсак, у кишининг фазллари қанчалик улуғ эканлигини яна ҳам яққолроқ тушуниб оламиз.


Умуман олганда, Хандақ урушида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мисли кўрилмаган фидокорлик ва қаҳрамонликлар кўрсатиб, шону шуҳратга буркандилар.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар, давоми...

2275 11:30 / 02.01.2022
Ярмук жангида ислом қўшинларидан бир қанча отлиқлар орқада қолдилар. Кейин улар сафларнинг ортида турган аёлларнинг олдига келдилар. Отлиқлар орасида Абу Суфён давоми...

3027 16:41 / 21.04.2017
Кунларнинг бирида бир киши Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг эшигини тақиллатиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтидан ёрдам сўраганини айтиб, давоми...

1714 14:00 / 30 ноябрь
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ибн Абу Толибга.Сен менинг халқимга ва хулқимга ўхшадинг,, давоми...

5039 19:38 / 21.04.2017