1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Тасаввуфда таназзул

05:00 / 09.03.2017 3710 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Минг афсуслар бўлсинким, ҳижрий еттинчи асрдан кейин барча исломий билимлар бошига тушган таназзул тасаввуфни ҳам четлаб ўтмади. Замон ўтиши билан тасаввуфнинг суврати бузилиб, Ислом таълимотларидан, шариат аҳкомларидан узоқлашаверди.

Бу ачинарли ҳолнинг асосий сабаби таълим-тарбиянинг заифлашиб, саводсизликнинг оммалашганида эди. Оқибатда баъзи танбаллар тасаввуфни даромад манбаъига айлантириб олдилар. Ўша пайтларда илм, тақво, амалнинг ўрнини сохта кароматлар эгаллади. Шайхлар руҳий тарбия устозлари эмас, ҳожатларни чиқариш, радди бало билан машғул бўладиган азайимхонларга айландилар. 

Бунинг устига, саводсиз жоҳиллар тасаввуф ҳақида, унинг аҳли ҳақида турли бўлмағур гаплар билан дунёни тўлғазиб ташладилар. Бу гаплар ҳаводан олинмагани, асоссиз эмаслигини исботлаш учун кўзга кўринган аҳли тасаввуфнинг сўзларидан иқтибослар келтиришга ижозат бергайсиз.

Ислом оламининг мағрибида шуҳрати етти иқлимга таралган шайх Аҳмад Зарруқ ўзларининг «Қоваидут-тасаввуф» китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Ҳозирги вақтда кўп одамларнинг ҳоли бундайдир. Улар илми рақоиқ ва ҳақоиқни ўз ишлари учун, авомнинг қалбини ром қилиш учун, золимларнинг молини олиш учун, мискинларни хор қилиш учун ва очиқ-ойдин ҳаромларга ҳамда зоҳир бидъатларга эришиш учун нарвон қилиб олганлар.

Ҳаттоки, уларнинг баъзилари миллатдан чиққанлар. Баъзи жоҳиллар уларнинг бу даъвосини мерос ва мутахассислик сифатида қабул қилганлар».

Шайх Дирдийр ўзларининг «Шарҳул Харийда» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Гоҳида улар ўзларини шайх қилиб оладилар. Унинг одамлари эса, унга шайхлигини ширк қилиб, фоний дунёнинг ахлатларини тўплаб юрадилар. Улар уни бир нарсага ярайди деб ўйлайдилар. Ана ўшалар каззоблардир. Агар биров садақа қилса ёки икром кўрсатса, ўшани одат ва ибрат қилиб олиш уларнинг жони-дилидир. Улар ўзларини одамларга арбоби ҳол қилиб кўрсатишга, Аллоҳ уларнинг гапини тасдиқлашини уқтиришга уринадилар. 

Йўқ! Бу аҳлуллоҳнинг йўли эмас! Улар бу замонда жуда ҳам кўпайдилар. Ҳар бир юртда ер юзини тўлдирдилар. Уларнинг шарридан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ тилаймиз».

Шайх Абдул Ваҳҳоб Шаъроний ўзларининг «Ал-анворул қудсия» номли китобларида ёзадилар:

«Аҳмадия тарийқати шайхлари аёллардан аҳд оладилар. Шариат таълимотларига зид бўлишига қарамай, эри йўқ пайтида аёллар билан холий қоладилар.

Улар овқатланиш, кийиниш, гапириш ва амал қилишда Аллоҳнинг чегарасига тажовуз қиладилар ва Аллоҳ таоло буни мен учун яратган, дейдилар».

Мазкур сохта шайхларнинг кирдикорларидан куйган шайх Муҳаммад Тонжий қуйидагиларни айтади:

«Шайх Вуҳайш бизнинг маҳалламиздаги «Хони банотил хато» номли жойда турар эди. У ҳар бир чиқаётган одамга: «Тўхта, мен чиқишингдан олдин Аллоҳнинг олдида сенинг учун шафоат қилай», дер эди. Шундай деб у баъзи кишиларни икки-уч кун ҳам ушлаб турар эди. Менинг шафоатим қабул бўлгунча чиқиш мумкин эмас, дер эди».

Ушбу гаплар айтилгандан кейин ҳам тасаввуфнинг таназзули давом этди.


ЯНГИЛАНИШ


Ҳижрий ўн учинчи асрнинг иккинчи ярмига, мелодий йигирманчи асрнинг бошларига келиб Исломий илмларда ижобий ўзгаришлар пайдо бўла бошлади. 

Аста-секин, дийнимизнинг иймон ва исломга оид кўпгина илмларини ҳозирги замон руҳида кишилар онгига сингдириш йўлида анчагина ишлар қилина бошлади. 

Ақоид, тафсир, ҳадис, улумул Қуръон, улумул Ҳадис, Мерос ва бошқа илмларда янги китоблар битилди ҳамда кўплаб забардаст олимлар етишиб чиқди. Ушбу ҳаракатлар туфайли мусулмонлар бу соҳаларда ўзларига керакли илмларни олиш ва саволларига жавоб топиш имконига эга бўлдилар.

Аммо, тасаввуф бобида иш аввалги ҳолида қолаверди. Бу соҳани ўрганиш ёки унга доир янги китоблар ёзиш йўлида ҳаракатлар бўлмади, бўлса ҳам, тор доирада ва қониқарсиз бўлди. 

Бизнинг фикримизча, аҳли тасаввуфнинг ичида бу ишни қилишга қобилиятлилари йўқ эди. Борлари ҳам ўзининг шахсий риёзати билан ва муридлари тарбияси билан банд эди. Ёзишга қобилияти борлар эса, тасаввуфда яшамаган, яъни, унинг ичига кирмаган кишилар эди. Улар тасаввуф ҳақида – унинг соф ҳақийқатини баён қилиш борасида – бирор нарса ёза олишлари мушкул эди. Ғарблик шарқшуносларнинг ёзганлари эса, сувни яна ҳам лойқалатишдан бошқага ярамас эди.

Охир-оқибат, Мисрнинг кўзга кўринган олимларидан шайх Аҳмад Мустафо Мароғий, ат-Тафтазоний, Абу Хашаб ва бошқалар тасаввуф тарийқатлари йўлдан тойиб кетганини эътиборга олиб, уларни ислоҳ қилиш ёки бирйўла бекор қилиш талаби билан чиқдилар.

Бу борада Ал-Азҳар дорулфунунининг журналида 1958 йил 29 январда чоп этилган қўйидаги матнга эътиборингизни тортамиз:

«Ички ишлар вазирлиги турли йиғилишларда бўладиган доира ва дўмбира ҳамда най чалиши каби бидъату хурофот ва аҳмоқликларни манъ қилди. Шунингдек, мавлудларда ва тарийқат аҳлларининг кўча юришларида, зикр ҳалқаларида аёлларнинг қатнашишини ҳам манъ қилди. Бунга жисмни калтаклаш, ҳашаротларни ейиш ва ғалати кийимларни кийиш ҳам киради».

Бу каби мажбурий чоралар Мисрдан бошқа юртларда ҳам кўрилган бўлиши керак. Эҳтимол, ислоҳот ишлари ҳам олиб борилгандир. Шу тарийқа, аста-секин тасаввуф бобида ҳам ижобий ўзгаришлар пайдо бўла бошлади. Кўплаб мақолалар, китоблар ёзилди. Турли тарийқатлар ўз ишларини янгидан йўлга қўйдилар. 

Албатта, бу ишлар осонлик билан амалга ошмади. Зеро, қадимдан ўрганиб қолинган нарсаларни тарк қилиш осон эмас. Ислоҳотчиларга қаттиқ қаршиликлар ҳам кўрсатилди. 

Масалан, Мисрда кенг тарқалган тарийқат бўлмиш «Ашийраи Муҳаммадия»нинг шайхи Муҳаммад Закий Иброҳим «Абжадиятут-тасаввуфил исламий» номли китобида қуйидагиларни эслайди:

«Тасаввуфни ислоҳ қилиш борасида ўзим йўлиққан қийинчиликлардан бир тарихий ҳодисани айтиб ўтмоқчиман. Эллигинчи йилларда тасаввуфни ислоҳ қилиш ва олға силжитиш йўлида кўп уринганимдан кейин ҳукумат менинг таклифларимни қабул қилди. Қоҳира волийи раҳбарлигида тасаввуф ислоҳи бўйича қўмита тузди. Таклиф муаллифи ва сўфийлик бўйича мутахассис сифатида қўмитанинг котиби бўлдим. Сўнгра худди шу мақсадда вақф вазири раҳбарлигида бошқа бир қўмита тузилди. Унга ҳам мен котиб бўлдим. 

Шу сабабдан, тасаввуф тарийқатлари умумий жамияти имом Ҳусайн масжидида олтмишдан ортиқ шайхнинг иштирокида мажлис ўтказиб, бир овоздан мени тасаввуф тарийқатларидан чиқариб ташлашга қарор қилдилар. Аммо, Аллоҳнинг фазли ила ҳукумат бу ислоҳни менинг ёзган ҳисоботларим асосида давом эттирди. Менга эса, нуфузимни қайтариб берди».

Тасаввуф ислоҳоти бошқа юртларда ҳам давом этди. Тасаввуф тарийқатларининг доимий нашрлари йўлга қўйилди, турли нашриёт ва бошқа муассасалар ишга тушди, халқаро учрашувлар ва илмий анжуманлар ўтказилди ва ўтказилмоқда.

Ҳозирги кунда Ислом оламининг йирик уламолари ҳам тасаввуф мавзусига алоҳида эътибор қаратиб, бу соҳада китоблар ёзишни бошладилар.

Аввалроқ Саъийд Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи бир неча китоблари ила бу ишга ўз ҳиссаларини қўшган эдилар. Масалан, «Тарбиятунар-руҳия» ва «Ал-мустахлис фий тазкиятил анфус» китобларидан кўп фойдалар олган эдик.

Кувайт давлатидаги илмий анжуманларнинг бирида кўзга кўринган аллома, бугунги куннинг энг машҳур олими бўлмиш шайх Юсуф Қаразовий ҳазратлари билан гаплаша туриб ярми ҳазил, ярми чин қилиб: «Шайх, телекўрсатувларингиз кўпайиб кетди. Китоб ёзиш эсдан чиқиб қолмаяптими?» дедим. «Йўқ! Бу асло мумкин эмас! Китоб – муҳим нарса. Ҳозир тасаввуф ҳақида китоблар ёзишни бошладим. Бир нечтаси нашр ҳам этилди», дедилар шайх.

У киши бу билан ўзларининг «Аллоҳга йўлланишда Қуръон ва суннат асосида сулук фиқҳини осонлаштириш» силсиласига оид китобларига ишора қилаётган эдилар. Ушбу силсилага оид «Ният ва ихлос» ҳамда «Таваккул» китобларини ўқиб баҳраманд бўлдик. 

Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъийд Рама­зон Бутий ҳазратлари ҳам тасаввуф йўлида кўп ишларни қилганлар. Яқинда у киши Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг «Ал-ҳикам ал-Атоийя» деб номланган китобларига икки жилдлик шарҳ ва таҳлил ёзиб чиқардилар. 

Суриялик олимлардан доктор Муҳаммад Шайхоний ҳам «Ат-тарбия ар-руҳия» номли китоб ёздилар.

Туркияда ўзига хос услубда, турк тилида тасаввуфга оид кўплаб китоблар нашр этилди ва этилмоқда. Мазкур китоблардан баъзилари ўзбек тилига таржима ҳам қилинди. 

Бизнинг диёримизда ҳам тасаввуф ва унинг аҳли худди аввалда айтиб ўтилган ҳолатни бошидан кечирди. Вақти келганда бу диёрлардан улуғ мутасаввифлар ва буюк тарийқат асосчилари чиқдилар. Улар ҳақида кўп эшитганмиз. Шу боис, бу ерда такрорлаб ўтирмаганимиз маъқул. 

Шуниси ҳам борки, айни пайтда бизда тасаввуфни тутиб қолганларнинг кўплари илмга муҳтож эканликлари ҳеч кимга сир эмас. Сиртдан қараганда, тасаввуфда анча жонланиш бор, аммо буни ҳақийқий тасаввуф, Қуръон ва суннатга илмий равишда суянган тасаввуф дейиш қийин.

Очиғини айтадиган бўлсак, юртимизда рус истилосигача ҳам тўғри йўлдаги ва тўлақонли тасаввуф қолмаган эди. Чор Русияси ўрнига келган атеистик тузум барча дийнларга бўлгани каби Ислом дийнига нисбатан ҳам алоҳида қаттиқ қатағон олиб борган. 

Ўша тузум вақтида чет элларга ташвиқот қилиш мақсадида Исломнинг баъзи нарсаларига рухсат берилганди. Аммо «фанатизм» номи асосида тасаввуфнинг ҳар қандай кўринишига қарши алоҳида қаттиқ қаршилик мавжуд эди. Бу ишда, айниқса, давлат билан ҳамкор бўлган дийний идоралар ашаддий эдилар.

Оқибатда тасаввуф оғир ҳолга тушди. Ундаги баъзи бир таълимотлардан бошқалар тамоман бехабар қолдилар. Бошқа дийний соҳаларда чет эллар билан олиб борилган чегараланган алоқалардан бироз бўлса ҳам маънавий фойда олинар эди. Аммо тасаввуф учун бу жабҳадан ҳеч қандай наф келмас эди.

Мустақилликка эришиб, дийний ишлар йўлга қўйила бошланган вақтда тасаввуф ҳам бошини кўтаришга уринди. Аммо бу уриниш тўғри ҳолда бўлмаганини ҳозир кўпчилик тушуниб қолди. Бизда тасаввуф тўлақонли бўлмаганини одамлар аста-секин англаб бормоқдалар. 

Энг ачинарлиси, шаръий илмлардан хабардор кишиларимиз ичида ҳам тасаввуфни тузукроқ тушунадиганлари кам. Баъзи бирлари эса, бошқаларга ёмон ўрнак бўлиб, шариат илмини билмайдиган шайхларга мурид бўлиб олганлар. Улардан: «Бу нима савдо?» деб сўралса, «Йўқдан кўра юпанчиқ», дейдилар.

«Йўқдан кўра юпанчиқ» деб юрилаверадими ёки тўлақонли ва ҳақийқий тасаввуф эгалари бўлишга ҳаракат қиламизми?!

«Йўқдан кўра юпанчиқ» тасаввуфга эргашиб, кир чопону қийшиқ салла кийиб, соқолини суннатга хилоф равишда ўстириб олиб, ўзининг ижодий фаолиятини мосуво қилган зиёлини ўша ҳолида тарк қиламизми ёки унга ҳақийқий тасаввуфни ўргатиб, кийим-боши ва сифатию сийратини ҳақийқий суннатга мувофиқ қилиб, унинг зиёсидан дийну диёнатимизга ҳамда элу юртимизга кўпроқ фойда келишини йўлга қўямизми?!

«Йўқдан кўра юпанчиқ» деб тасаввуфга эргашиб, жўжабирдай оиласини ташлаб, эшон буванинг иштирокларидаги йиғинларда қорнини қаппайтириб, назар топиш умидида юрган полвонни шу ҳолида ташлаб қўямизми ёки унга дийний саводини чиқаришида, эшон бувадан руҳий тарбия устози сифатида фойда олишида ва ўзига ҳамда оиласию қариндош-уруғи, эл-юртига фойда келтирадиган мусулмонга айланишида ёрдам берамизми?!

«Йўқдан кўра юпанчиқ» деб тасаввуфга эргашиб, талаби илмни тарк қилиб, бошқалардан фарқли кийим кийиб, «Тарийқат ҳақийқатдир, биз ҳақийқатдамиз, сиз нимадасиз? Абу Ҳанийфа ҳам шайхга қўл берган, охирги икки йили бўлмаганда Нўъмон ҳалок бўлар эди» деб юрган шоввозларни шу ҳолларида, «менга нима» деб ташлаб қўямизми?! Ёки унга Исломда талаби илм фарзлигини, кийим суннатга мувофиқ бўлиши кераклигини, аввал шариатни ўрганиб, кейин тарийқатга юзланиш лозимлигини ва Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг тақвоси ниҳоятда улуғ фақиҳ бўлганларини, у кишининг нафақат фақиҳликлари, балки тақволари ҳам ҳар қандай мутасаввиф учун ибрат бўла оладиган даражада зоҳир бўлганини ўргатамизми?!

«Йўқдан кўра юпанчиқ» деб тасаввуфга эргашиб, «Азизларимиз айтмаган нарсани фарз бўлса ҳам, вожиб бўлса ҳам қилмаймиз. Ҳар нарсани бизга азизларимиз айтган бўлсагина қиламиз», деб жар солаётганларни шу ҳолларида ташлаб қўяверамизми?!

Ёки уларга азизларимиз ҳаммамизга азиз эканликларини, аммо дийнимиз, шариатимиз ҳаммадан азиз эканлигини, азизларимиз ҳам Қуръони Карим ва суннати мутоҳҳарани азиз тутганларини тушунтирамизми?!

«Йўқдан кўра юпанчиқ» деб тасаввуфга эргашиб, ўзини бошқалардан устин ҳис қилганлардан биттаси вилоят бош хатибига «Биродар бўлайлик» деган таклифни қилибди. Бош хатиб эса: «Биз сиз билан биродармиз, неча йилдан бери биргамиз, менинг имомчилигимда намоз ўқияпсиз, оилавий борди-келдимиз ҳам бор, яна қандоқ биродар бўламиз», дебди. Ҳалиги одам «биродар бўлайлик»ни такрорлайверибди. Бош хатиб гапнинг очиғини сўраса, «Сиз ҳам бизнинг шайхга қўл берсангиз, биродар бўлган бўламиз», деган жавобни эшитибди.

Шунда бош хатиб: «Ғуслда нечта фарз борлигини айтиб берсангиз, айтганингизни қиламан», дебди. «Йўқдан кўра юпанчиқ» деб тасаввуфга эргашиб юрган биродар ғуслдаги фарзларни билмас экан. Бош хатиб: «Мен ғуслда нечта фарз борлигини билмайдиган одам билан биродар бўлмайман», дебди.

Мазкур «биродар» ғуслдаги фарзларни билмай биродар бўлиб юраверсинми ёки унга ғуслдаги фарзларни ва лоақал фарзи айнларни ўргатиб қўйиб, кейин биродар бўлайликми?!

Эшон бувалардан бирининг ҳовлисида ўтирган мухлис киши тоҳаратхонада муридлар ўртасида жанжал кучайганидан хавотирланиб борса, тоҳаратда оёғини эшон буванинг уйига қаратиб ювган муридга дашном беришаётган экан.

Бир масжиднинг қавмларидан баъзилари эшон бувалардан бирининг зиёфатга кираётиб, қўлини ювганида чилопчинга тушган сувни муридлари тақсимлаб олганини кўриб, ўзларига ҳам олибдилар ва «табаррук сув»дан шишачага солиб имомларига ҳам олиб келибдилар.

«Йўқдан кўра юпанчиқ» деб тасаввуфга эргашган муридлар эшон буваларнинг «эҳтиромларини жойига қўйиб», шунга ўхшаш ажойиботлар кашф қилиб юраверсинми?!

Ёки уларга эшон буваларни руҳий тарбия устозлари сифатида ҳақийқий ҳурматлаш қандоқ бўлишини; аслида, қиблага юзланиб тоҳарат қилиш афзал эканини, оёқни ювиш ҳам тоҳаратнинг рукни бўлгани учун, эшон буванинг уйига қаратибгина эмас, қиблага қаратиб ҳам оёқни ювиш жоиз эканини, биров қўлини ювгандан қолган сув табаррук эмас, оби мустаъмал бўлишини ўргатамизми?! (Аслида, бинонинг ичида бўлса, бошқа бир иложи бўлмаса, эшон буванинг уйига қараб эмас, балки қиблага қараб ҳам оёқ ювиш тугул, тоҳарат ушатишга-да рухсат бор. )

Бундай кўнгилсиз мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Минг афсуски, буларнинг сони кун сайин ўсса ўсяптики, камайиши ёки тузалишининг дараги йўқ. 

Иккинчи тарафда Туркиядан кириб келган тасаввуф мавжуд. Одамлар ўртасида эса «Тасаввуф ўзи нима?» деган савол мавжуд. Тасаввуф ҳақидаги баъзи бир нашр қилинган нарсалар мутасаввиф бўлмаган кишиларнинг тарихга оид ёки баъзи мулоҳазаларидан иборат битиклардир. Яна, аввал айтиб ўтилганидек, таржима ҳам бор.

Мен ўзимни тасаввуф доирасидаги шахс деб биламан. Аҳли тасаввуфни жуда ҳурмат қиламан. Замонамизда кўзга кўринган тарийқат шайхларидан кўпгина дўстларим ҳам бор. Тасаввуфга рағбат қилганларни яхши кўраман. 

Шу билан бирга, тасаввуф ва унинг аҳли ҳақида бирор фикр айтишдан олдин вазиятни одатдагидан ҳам чуқурроқ таҳлил қилиш заруриятини англаб етганман. Чунки, қалбга боғлиқ ишда зинҳор шошилиб бўлмайди.

Бошқа мусулмон юртлар қатори бизнинг юртимизда ҳам аҳли солиҳ, аҳли тақво, аҳли сулук ва аҳли зикр кишилар бор. Худди мана шу тушунча мени узоқ вақт тасаввуф ҳақида бирор қаттиқ гап айтмай юришга мажбур қилди.

Аммо, менимча, ҳозирда тасаввуф ҳақида бирор гап айтмай юришим гуноҳ бўладиган вақт етиб келганга ўхшайди. Кўпгина изланишлар, сўровлар, ўрганишлар, суҳбатлар ва маслаҳатлардан кейин шу фикрга келдим.

Тасаввуф аҳли билан бўлган кўпгина суҳбатлардан кейин, юртимизда муридларга берилаётган вазифалар ҳам ноқис эканлиги аён бўлди. Биздаги тасаввуф, асосан, қўл бериш ва ноқис вазифадан бошқа ҳеч нарса эмаслиги ошкор бўлди. Ҳеч бўлмаса, тасаввуфга оид китобларни мутолаа қилиш ҳам йўқ экан. Яна бошқа нуқсонлар ҳам кўп.

Аллоҳ таолодан қўрқиш омили, юқорида зикр қилинган омиллар, соф тасаввуфга бўлган муҳаббатимиз ва халқимизнинг дийнимизга янада яқинлашишига бўлган иштиёқ ушбу сатрларни қоралашга ундади. 

Аллоҳим, бу ишимизни хайрли ва фойдали қилгин! 

Юртимизда, бошқа Ислом илмлари қатори, тасаввуф ҳам ўз йўлини топиб, аввалги шон-шуҳратини тиклаб, халқимизга ва юртимизга хизмат қилишига Ўзинг ёрдам бер.

Соф тасаввуфга асосланган амалларимизнинг, ибодатларимизнинг Ўзинг хоҳлагандай холис бўлишини, ҳар қандай бидъат-хурофотдан, яширину ошкора ширкдан буткул холий бўлишини насийб айла!


“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни қариндошлар пейнтбол уйнаб бўлгач, қўлимиздаги қуролларимиз билан суратга тушмоқчи бўлдик. Бир қатор туриб олганимиздан сўнг, оғaиниларимиз Аллоҳу давоми...

6552 11:07 / 20.02.2018
Аллоҳ инсонни халқ қилди. Ўзи ундан яратгани ва унга қайтарадигани ерга, заминга, она тупроққа муҳаббатни инсон фитратига қориштирди. Шайх Муҳаммад Ғаззолий давоми...

4019 05:00 / 13.03.2017
Илоҳий мўъжизалар ёхуд Британия музейидаги уч минг йиллик топилма кимга тегишлиСизу биз яшаб турган бу кўҳна очунда ҳар қадамда Яратганнинг беқиёс мўъжизаларига давоми...

2334 17:57 / 14.08.2020
Бир кун шогирдларимга Агар олдингизга чет эллик бир киши келиб, бир соат вақти борлиги, шу вақт ичида Исломнинг нима эканини тушунишни хоҳлашини айтса, унга давоми...

4324 05:00 / 13.03.2017