1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Ҳаёт ва ўлим

05:00 / 13.03.2017 4315 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўлим онлари. Ушбу онларда бизга тотган ҳамма лаззатларимиздан ва кўтарган машаққатларимиздан нима қолди?..

Албатта барча мўмин тавба қилишни, Аллоҳга қайтишни хоҳлайди. Лекин буни кечиктиради, кейинроқ дейди. Мен ҳам: “Агар ҳаж қилсам тавба қилиб, қайтаман”, дердим. Ҳажга бордим, тавба қилмадим. Ва яна айтдим: “Агар қирққа кирсам тавба қиламан ва қайтаман”. Қирққа кирдим, тавба қилмадим. Олтмишдан ўтдим, тавба қилмадим. Қартайдим, тавба қилмадим. Бунинг маъноси, мен ҳаром амалларни қиляпман ва фаҳш ишларни амалга оширяпман, дегани эмас, алҳамдулиллаҳ! Лекин инсон ўзига солиҳликни умид қилади, аммо уни кейинга суради. Гўё муҳлат кўп деб ўйлайди. Умрни узоқ деб ҳисоблайди. Ўлим эса тўсатдан эшик қоққанини кўради. Мен ўзим ўлимни икки марта кўрганман. Ўлганлик шуурини ҳис қилганман. Тоатсиз ўтказган ҳар дақиқамга пушаймон бўлганман. Қасамки, ундан қутулганимда бир неча ой ўша ҳислар менда қолган. Солиҳ одамга айланиб қолганман. Сўнг ҳаёт тўлқинларига иккинчи марта шўнғидим. Унутдим... ўлимни унутдим.


Ҳаммамиз ўлимни унутамиз. Ўлганлар олдимиздан ҳар кун ўтаёганини кўрамиз. Лекин биз ҳам яқинда ўлишимизни тасаввур қилмаймиз. Жаноза намозида турамиз, лекин биз дунё ҳақида ҳаёл қиламиз. Ҳар биримиз, ўлим ҳамма одамларнинг пешонасига ёзилган, илло бундан ўзим истисноман, деб ўйлаймиз. Ваҳоланки, аниқ биламизки; дунё биздан бурилмоқда ва биз ҳам дунёдан бурилмоқдамиз. 

Инсон қанча яшаса ҳам у ўлувчидир. Олтмиш йил яшасин. Етмиш йил яшасин. Юз йил яшасин. Бу муҳлат тугамайдими? Юз йил яшаб ўлган одамни билмаймизми? Нуҳ (а.с.) қавмини тўққиз юз эллик йил давомида даъват қилди. Нуҳ ҳозир қаерда? Дунё унга вафо қилдими? Ўлимдан омонда қолдими? Нима учун ўлим тўғрисида тафаккур қилмаймиз? Ундан қочиб қутулолмас эканмиз, нега унга тайёрланмаймиз? Кимнинг олдида қачонлиги номаълум сафар бўлса унга ҳозирлик кўрмайдими? Чақирилса ижобат қилиш учун тайёрланмайдими? 

Ўтган ёз Уммонда Саудия Арабистони мамлакатида ишлаш учун шартнома тузган урдунлик муаллимларни кўрдим. Учоқлар уларни олиб кетиши ва тезликда ҳозирлик кўриш лозимлиги ҳақида хабар берилди. Кимнинг паспорти тайёр бўлса, лаш-лушини йиғиштирган бўлса қариндош-уруғи билан хайрлашди ва ёнига жомадонини қўйди. Энди у қачон чақирилса лаббай, дея отланаверади. Кийимини киядида аэропортга чопаверади.

Ким эринган, ҳозирликни ортга сурган бўлса, чақирилган пайтда: “Озгина муҳлат беринглар, бозорга тушиб керакли нарсаларимни сотиб олай. Қишлоққа бориб қариндош-уруғларим билан хайрлашиб келай. Ички Ишлар идорасига мурожаат қилиб паспортимни тайёрлаб олай”, дейди. Лекин унга муҳлат беришмайди. Балки уни қолдириб, кетиб қолишади. 

Лекин ўлим фариштаси келган пайтда, қолдириб кетиб қолмайди... Балки мажбурлаб олиб кетади. Бош тортиласа ҳам олиб кетади. Бир соат ҳам муҳлат бермайди...бир дақиқа ҳам...бир лаҳза ҳам! Муҳлат беришга унинг ўзи қодирмас, ҳаққи йўқ! Бизнинг бирортамиз эса ўлим фариштаси келиб қачон олиб кетишини билмаймиз...

Ўлим не?.. Унинг ҳақиқати нима??

Инсон ҳаётининг босқичлари бор. Биринчи босқичда она қорнида ҳомила бўлади. Кейинги босқичда бу дунёда бўлади. Яна бир босқичда дунё ва охират ўртасидаги барзахда бўлади. Барзах ҳаётида ўлимидан то қиёмат кунигача яшайди. Охирги абадий босқич эса, ҳақиқий ҳаёти – охират босқичи бўлади. Ҳар бир босқичнинг олдингисига нисбати, кейингисининг унга нисбатига ўхшаш бўлади...

Она қорнининг торлигига нисбатан бу дунёнинг кенглиги, бу дунёнинг торлигига нисбатан барзахнинг кенглигига ўхшаш бўлади. Барзахнинг торлиги эса, охиратнинг кенглиги олдида олдингиси нисбатидадир. 

Ҳомила қоринни дунёси деб ҳисоблайди. Агар ақли бўлиб, фикрлаганда ва сўралиб жавоб берганда, қориндан чиқишини муҳаққақ ўлим, деган бўларди. Агар бир қоринда эгизак бўлганда, улардан бири бошқасидан олдин туғилганда ва ундан олдин тушаётганини кўрганда, унинг фироқида: У ўлди ва тубсизликда кўмилди, дерди. Агар у жасадининг бўлаги бўлмиш ҳамроҳини аҳлатга қўшилиб отилганини кўрганда, уни акаси гумон қилиб йиғларди. Худди она гард юқишини ҳам хоҳламаган боласини тупроққа қўйганда йиғлагани каби. Бу жасад ҳам ҳамроҳ каби кир-чир бўлган, ишлатиб бўлиниб, улоқтирворилган эскирган кўйлак сифат эканини билмайди...

Ўлим мана шу. У янги туғилишдир. Ҳаёт босқичларидан узун ва кенгроқ босқичга чиқишдир. Бу дунё эса фақат йўл. Бундаги ҳаётимиз Америкадаги муҳожир ҳаётига ўхшайди. У кемадаги хоналарнинг яхшисини танлайди. Унда роҳат ва фароғатда кетишга қизиқади, ҳаракат қилади. Лекин, у маблағининг ҳаммасини кўрпа тўшакни янгилашга, хона деворларини нақшинкор қилишга сарфлайдими? Ўзида ҳеч нарса қолдирмай, Америкага бўш халта билан, касод ҳолда борадими? 

Ёки: “Бу хонада бир ҳафта қоламан. Бор шароитга кўникиб, кўрганимга рози бўламан. Маблағимни Америкада яшайдиган уйим учун асраб қўяман. Муқим турар жойим ўша ерда”, дейдими? 

Дунё ва охират мисоли нима, биласизларми? 

Америка Тинч океанининг кичик бир оролида атом бомбасини тажрибадан ўтказганини эълон қилди. Оролчада балиқчилик билан шуғулланадиган бир неча юз аҳоли яшарди. Улардан турар жойларини маълум тўлов эвазига бўшатишларини сўради. Бир муддатни белгилаб, ўша муддатгача турар-жой ва кўч-кўронларини баҳосини чиқаришни ва кейинги яшаш жойларини ўзлари танлашларини таклиф этди. Улар қарор беришгач, учоқлар уларни оролларидан кўчирадиган бўлди. 

Уларнинг айримлари муддат келмасидан олдин кўчишга қарор бериб, ҳисоб-китобларини тақдим қилдилар. Баъзилари эринчоқлик қилиб, айтилган муддатгача чўзилиб юрди. Уларнинг ичида: “Буларнинг ҳаммаси ёлғон, борлиқда Америка деган жой йўқ. Дунё фақатгина бизнинг мана шу оролимиздан иборат. Биз бу ерни тарк қилмаймиз ва кетишга рози бўлмаймиз”, дегувчилар ҳам бўлди. 

Дунёнинг мисоли мана шу. Биринчиси, охиратини ўйлайдиган, Раббисига йўлиқишга тавба ва доимий амал билан тайёрланадиган мўминнинг мисоли. Иккинчиси эса, қусурли ва гуноҳкор мўминнинг мисоли. Учинчиси бўлса, “Ҳаётимиз шу дунёда, ундан кейин ҳаёт йўқ. Ўлим эса узоқ уйқу, доимий роҳат ва ҳақиқий йўқликдир”, дейдиган моддиюнчи кофирнинг мисоли.

Айтганлармизнинг маъноси, ислом мусулмондан бира тўла дунёдан юз ўгиришга, ундан қўлини батамом тортишга буюради, масжиддан чиқмай, унинг ичида яшашга амр этади ёки ғорга чекиниб яшашга ундайди, дегани эмас. Йўқ.. Балки ислом мусулмондан яхши ҳазоралар ичра мутаҳаззирлар (цивилизация эгалари) султони бўлмоғини, мол-дунёда бойларнинг бойи бўлмоғини, илмларда, ҳа айнан барча илмларда уламоларнинг аълами бўлишни талаб қилади. Ҳар бир мусулмондан жасадининг ҳаққини озуқа ва риёзат билан, нафсининг ҳаққини овунтириш, роҳат бериш ва ҳаром бўлмаган лаззатланиш билан, аҳлининг ҳаққини риоят ва гўзал муошарат билан, фарзандининг ҳаққини тарбия, йўллаш ва меҳрибонлик билан ва жамиятнинг ҳаққини унга фойда берадиган ишларни қилиш билан танишни буюради. Буларни Аллоҳнинг ҳаққини тавҳид ва тоат билан танишга буюргандек буюради.

У мол йиғади, лекин ҳалолдан. Мубоҳ яхши нарсалардан баҳра олади. Дунёда, унинг аҳли бўлиши мумкин энг яҳши ҳолатда бўлади. Фақат соғлом тавҳидда қолиш ва иймонига зоҳирий ва ботиний ширк киргизмаслик шарти билан. У ҳаром ишларни тарк этади. Фарзларни бажо қилади. Мол-дунё қўлида бўлади, қалбида эмас. Эътимоди дунёга бўлмайди, балки Раббига бўлади. Мақсади ва истаги фақат Аллоҳнинг розилиги бўлади. Ҳа, мўмин мана шундай яшайди.  


Шайх Али Тантовийнинг “Ислом динига умумий таъриф” китобидан Мубашшир Аҳмад таржимаси.


(Давоми бор)




Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шу кунларда ижтимоий тармоқлар орқали бемазҳаб фитначи оқим аъзолари томондан жума кунга нисбатан бўлган ҳурматнинг сусайишига сабаб бўлувчи, жума куннинг давоми...

17296 05:00 / 09.03.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимАллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавотлар бўлсинИлмий майдон кенгайиб, инсонларнинг таълифга эҳтиёжлари туша бошлагач илк таснифотлар давоми...

4276 05:00 / 09.03.2017
Динлараро муносабатларда кейинги пайтда ишлатиш урф бўлган диний бағрикенгликrdquo тушунчаси ва сўз бирикмасига бироз эътироз бор. Чунки бу сўз бирикмаси исломга давоми...

4951 05:00 / 13.03.2017
Дунё тарихига назар ташласак, Ислом диёрларида илмфан юксак даражада ривожланган. Мусулмон уламолари дунёга жуда кўп кашфиётларни тақдим қилганлар. Ислом давоми...

3187 15:00 / 28.01.2021