1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Кулги

05:00 / 09.03.2017 6210 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кулги ҳақида сўз кетар экан, бу борада одамларнинг тутумлари турлича бўлиб, кимдир унга берилиб, муккасидан кетса, кимлардир кулгуни бутунлай қоралаб, унинг ҳар қандай кўринишини адабсизлик фаҳмлаётганини кўрасиз.


Кулги ўзи нима? Исломда кулгига муносабат қандай? Пешволаримиз бу борада қандай йўл тутганлар? Кулгининг қандай фойда ва зарарлари бор? Қуйидаги сатрларда ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.


Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда Ўзининг бетакрор неъматларини, чексиз қудратининг намуналарини санай туриб: «Кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир», дейди (Нажм сураси, 43‑оят). 


Ҳа, кулиш ҳам, йиғлаш ҳам Аллоҳ таолонинг инсонга берган улуғ хислатларидан ҳисобланади. Инсон гоҳида нимадандир шодланиб, ҳайратланиб, кулади, баъзан эса нимадир кўнгилсизликдан оғриниб, йиғлашга тушади. Баъзан қувончдан ҳам инсоннинг кўзига ёш қалқийди. Ҳар қайси ҳолатда ҳам инсон ўзининг ички туйғуларини, кечинмаларини у ёки бу кўринишда изҳор этади, дилини ёзади. Бироқ, бунинг сабабини ўзи изоҳлай олмайди, нега шундайлигини ўйлаб, охирига ета олмайди. Зеро, Аллоҳ уни шундай яратган, бу хусусиятни унга У Зотнинг Ўзи жойлаб қўйган. Агар Аллоҳ унга ушбу неъматни бермаганида, ўзининг қўлидан ҳеч нима келмаслиги аниқ.

Демак, Қуръони Каримга кўра, кулги ҳам Аллоҳ инсонга инъом этган тортиқлардан бири саналади.

Тавба сурасида мунофиқлар хусусида «Энди улар касб қилган нарсалари «мукофоти»га кам кулиб, кўп йиғласинлар!» дейилади, яъни улар қилган жиноятлари, иккиюзламачилик қилганлари боис кам кулиб, кўп йиғласинлар.

Мунофиқлардан фарқли ўлароқ, Қуръони Каримда мўминларга хушхабарлар, башоратлар берилади. Бинобарин, мўмин банда ҳамиша яхшилик умидида, кайфияти чоғ, шодон юришга ҳаракат қилиши керак. Зеро, хуш кайфият муваффақиятларнинг калитидир, тушкунлик эса хато ва тойилишларнинг сабабчисидир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳамма нарсадан яхшилик излашга интилардилар, шумланишни хушламасдилар. Шунинг учун ҳам у зот сертабассум эдилар, тушкунликка тушишни қаттиқ қоралардилар. Зиммаларидан бемисл катта масъулият туришига, пайғамбарлик ҳаётлари меҳнату машаққатларга, хавфу хатарларга тўла бўлишига қарамай, ҳамиша табассумли эдилар, ўрни келганда ҳазил қилиб, кулиб ҳам турардилар. Келинг, сўзимиз қуруқ бўлмасин учун набавий сийратдан айрим намуналарни келтирайлик.


Имом Бухорий Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Яҳудийларнинг бир аҳбори келиб, «Қиёмат куни Аллоҳ осмонларни бир бармоғига, ерларни бир бармоғига, сув ва тупроқни бир бармоғига ва халойиқни бир бармоғига қўяди‑да, сўнг уларни силкитади. Кейин: «Подшоҳ Менман! Подшоҳ Менман!» дейди», деди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унинг гапига ҳайратланиб, тасдиқлаб кулаётганларини кўрдим, ҳатто озиқ тишлари кўриниб кетди».


Яҳудий олим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган ваҳийда келган маълумотларга монанд гап айтиш билан ўзи билиб‑билмаган ҳолда у зотнинг пайғамбарликларини тасдиқлаб қўйди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан шодланиб, унинг гапини тасдиқлаш маъносида кулдилар, ҳатто озиқ тишлари ҳам кўриниб кетди.


 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, «Ҳалок бўлдим!» деди. У зот: «Сенга нима бўлди?» дедилар. «Рамазонда аҳлим билан яқинлик қилиб қўйдим», деди. «Қул озод қила оласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Олтмиш мискинга таом бера оласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Унда ўтириб тур», дедилар. У ўтира турди. Шу пайт Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир катта саватда хурмо олиб келишди. У зот (ҳалиги одамга): «Шуни олиб, садақа қил», дедилар. У: «Буни ўзимиздан ҳам фақирроққа бераманми?» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юбордилар, ҳатто озиқ тишлари кўриниб кетди. «Буни бола-чақангга едиргин», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган. 


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламларга раҳмат ўлароқ юборилган эдилар. Кўнгилларига ҳамма бирдек сиғаверар эди. Умар розияллоҳу анҳудек ўта жиддий, қаттиққўл одамлар ҳам, Абу Бакр розияллоҳу анҳудек доно ва босиқ инсонлар ҳам, Усмон розияллоҳу анҳудек тортинчоқ, кўнгилчан киши ҳам, Алий розияллоҳу анҳудек шижоатли зотлар ҳам у зотнинг ҳузурларидан жой олиб, паноҳ топар эди. Худди шунингдек, ҳазилкаш инсонларнинг ҳам алоҳида ўрни бор эди.


Имом Бухорий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Абдуллоҳ деган киши бўлиб, унинг лақаби «эшак» эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эди. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ичкилик туфайли савалатган ҳам эдилар. Бир куни уни яна олиб келишди. У зот буюрдилар, уни савалашди. Шунда қавмдан бир киши: «Аллоҳим, уни лаънатлагин, бунча кўп олиб келинавермаса!» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни лаънатламанглар! Аллоҳга қасамки, у Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўради деб биламан», дедилар».


Қаранг, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари нақадар гўзал! Эътибор беринг‑а, у зот бошқалар назар‑писанд қилмай турган, устига‑устак хамр ичиб, жазога гирифтор бўлиб турган одам ҳақида қандай ҳам гўзал гаплар айтмоқдалар! «Ўзи бу масхаравоз, енгилтак одам эди, у эди, бу эди», десалар ҳам бўларди. Аммо набавий ахлоқ мазкур одамнинг энг яхши сифатини топиб, намойиш этишни тақозо қиларди. Бу юксак хулқ қаёқда‑ю, бугунги ўзини ўта тақводор, дин учун фидокор қилиб кўрсатиб, оддий мусулмонларни қўйинг, умматга энг улкан хизматларни тақдим қилган, бир умр илм‑маърифат таратиб, дин учун ҳаётини фидо қилган инсонлар ҳақида оғзига келганини айтиб вайсаётган нобакорлар қаёқда...


Табассум ҳам кулгининг бир тури, енгил шакли ҳисобланади. Динимизда кулгининг ушбу тури қаттиқ тарғиб қилинган ва ҳатто ибодат даражасига кўтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир», деганлар. У зот бу борада ҳам барчага ўрнак эдилар.


Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзимга фақат табассум билан қарардилар», дегани бежиз эмас, албатта. Оиша розияллоҳу анҳо таъкидлаганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи сертабассум зот эдилар, аҳлларининг ҳузурига кирганларида эса яна ҳам сертабассум бўлиб кетардилар.


Ҳа, бошқаларда оддий одат ёки қандайдир шахсий манфаат учун қилинадиган табассум Исломда энг савобли амаллардан ҳисобланади. Ҳамиша қовоқни уйиб, сунъий жиддийлик ясаш динимиз кўрсатмаларига зиддир. Ўринли табассум ва меъёрдаги кулги инсоннинг шарафига путур етказмайди, аксинча, бу мўмин кишига муносиб ҳолатдир.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулги ва ҳазил борасида ҳам мўътадил эдилар. Ўзларини жуда жиддий тутиб, қовоқ солиб, юзларини буриштириб ҳам юрмасдилар, ўрни кеса‑келмаса ҳазил қилиб, хахолаб кулиб, енгилтаклик ҳам қилмасдилар. У зотнинг бу борадаги сийратларини кўз олдимизга келтириш учун айрим мисоллар келтирсак.


Имом Аҳмад ва Абу Довудлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:


«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга ҳам бирорта туя беринг», деди. У зот: «Менда сен учун туянинг боласидан бошқа нарса йўқ», дедилар. Ҳалиги одам қайрилиб кетаётган эди, у зот: «Ўша катта туя ҳам туянинг боласи эмасми?» дедилар».


Бир кампир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларирга келиб, «Дуо қилинг, жаннатга кирайин» деб сўради. Шунда у зот: «Жаннатга кампирлар кирмайди», дедилар. Кампир йиғлаганча қайтиб кетаётган эди, уни чақириб, «Аллоҳ таолонинг: «Биз уларни (ҳурларни) дафъатан, махсус яратдик ва уларни бокира қизлар тенгдош жононалар қилиб қўйдик», деган сўзини эшитмаганмисиз?» дедилар. (Имом Табароний ривояти).


Ибн Ҳиббон ўзининг «Саҳиҳ»ида келтирган ривоятда айтиладики, Зоҳир деган бир бадавий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя олиб келиб турар экан. Бир куни у бозорда савдо қилаётган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг орқасидан келиб, маҳкам қучиб олдилар. У: «Ким бу? Қўйиб юбор мени», дер эди. Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таниб қолиб, елкасини у зотга ёпиштириб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазиллашиб:, «Манави қулни ким сотиб олади?» дея бошладилар. Шунда Зоҳир: «Менинг бозорим ўтмайди, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Бунга жавобан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лекин Аллоҳнинг ҳузурида бозоринг чаққон», дедилар.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрни келганда саҳобалари билан ана шундай беғубор, самимий ҳазил қилиб ҳам турардилар. Тўғри, ҳадисларда кўп кулишдан қайтарилган, ўринсиз кулги, ёлғон гап билан кулдириш қораланган. Аммо бу ҳар қандай кулги тақиқланади ёки одобга зид дегани эмас. Ўрни келганда, кўнгил ёзиш маъносидаги ва одоб доирасидаги кулги ҳеч қачон номақбул саналмаган.


Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Мен айрим бекорчи нарсалар билан юрагимни дам олдираман», деган.


Ато ибн Соиб айтади: «Саъид ибн Жубайр бизга қисса айтиб бериб, ҳатто бизни йиғлатар эди. Гоҳида эса бизни кулдирмагунча ўрнидан турмас эди».


Абу Фараж ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ: «Улуғ олимлар лутфни ёқтирганлар ва уни қўллаб, кулганлар. Зеро, бу кишига хордиқ бўлади, тафаккур толиқишини бартараф этади», деган.


Аҳмад ибн Амин «Файзул‑хотир»да айтади: «Ҳаётга кулиб боққан кишилар ўзлари ҳам бахтиёр бўладилар, ишлашга ҳам қудратлироқ бўлишади, масъулиятни ҳам кўпроқ кўтара олишади, кулфатларга юзма‑юз туришга, қийинчиликларни бартараф этишга ва нафақат ўзларига, балки одамларга ҳам фойдали бўлган буюк ишларни қилишга яроқлироқ бўлишади».


Табассум ва меъёрдаги кулгига ана шундай муносиб ўрин берилгани туфайли мусулмон уламолар турли кулгили ҳодисаларни, зарофат ва лутф намуналарини сатрларга тушириб, махсус асарлар ҳам ёзишган. Мисол учун, Абдулғаний Итрий «Адабунад‑доҳик» (Мутойибали адабиётимиз) деган асар ёзган. Бу борада замонамиз олимларидан Оиз Қаранийнинг «Ибтасим» (Табассум қил) деган китоби ҳам машҳурдир.


Ҳа, Ислом – ҳаётий дин. У осонлик динидир. У инсонларга хушхабарлар беради, уларни рағбатлантиради. Бу дин нуқул қўрқитавермайди, балки кўпроқ башоратлар бериб, яхшиликка муҳаббат уйғотади. У барча халқларни ўз бағрига сиғдира олади. Шунинг учун ҳам унинг шиори «Қизиқтиринглар, бездириб қўйманглар!» бўлган. Шунинг учун унда икки жоиз ишнинг  енгилини танлаш тарғиб қилинган. Шунинг учун ҳам у ҳаётбахш ва бунёдкордир. 


Хулоса қилиб айтганда, Исломда барча нарса меъёрда бўлиши талаб қилинади. Жумладан, табассум ҳам, кулги ҳам ўз ўрнида, одоб асосида бўлиши керак. Меъёрида бўлса, ахлоқсизликка тортмаса, кулиш жоиздир. Ибодатга, илмга, умуман яхши амалларга рағбатни янгилаш, қалбни шунга тайёрлаш учун кўнгил ёзиш мазмунида, одоб доирасида ҳазил‑мутойиба қилиш, кулиш динимизда ёмон саналмаган, балки ўрни келганда тарғиб қилинган ишлардандир. Шу билан бирга, бўлар‑бўлмасга кулавериш, фақат кулги билан кун кечириш, беҳаё, бачкана ишлар ва сўзларга кулиш ва шу кабиларни айтиб кулдириш дуруст эмас. Айниқса, кулдираман деб, «иштон ичида» ўралашиб юриш мутлақо жоиз эмас. Балки кишининг заковатини ўстирадиган, топқирлик ва зийракликка чорлайдиган нозик гаплар, лутфлар билан кулиш ёқланади.


Минг афсуслар бўлсинки, улуғ адибимиз Абдулла Қодирий айтган «ифлос бир мозий» туфайли ҳозирги кунда «аския» дейилса нуқул ўша ифлос, жирканч мавзудаги қочиримлар, бачкана гаплар тушуниладиган бўлиб қолган. Ўзини билган одам бундай «замонавий аскиялар»ни оила даврасида ёки бирор тайинли одам билан бирга кўра олмайди, буни ўзига эп кўрмайди. Ошиб тушиб, буни «санъат» деб атаб олишган. Уларнинг бу «санъат»лари халқнинг ҳаё пардаси шикстланишига, маънавиятининг чўкишигиа, савиянинг тубанлашувига сабаб бўлмоқда. Аслида эса аския – бу сўз ўйини, мутойиба санъати, заковатни ишлатиш ҳунари, аммо бундай қабоҳатлар унга мутлақо бегонадир. Буни унутмаслик керак.


Айрим одамлар ўйлагандек, кулги шарафли кишиларга  номуносиб, одобдан ташқари ҳолат эмас. Кўпчиликда шунақа нотўғри қараш бор: гўё аҳли илм одам умуман кулмаслиги керак, у мудом жиддий юриши лозим. Баъзи ҳаддидан ошган, қалби тор кишилар эса бирорта олимниг кулганини кўрса, «Мусулмонлар шунча қийналиб турса, бу одам нега кулади?» деб пўписа ҳам қилади. Бундай гапларнинг барчаси соф инсоний табиатга, динимиз қарашларига зид экани шубҳасиз.


Юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сертабассум зот бўлганлари, баъзан саҳобалар билан ҳазиллашиб, гоҳида бирор ҳадис айтиш асносида ҳатто озиқ тишлари кўринадиган даражада бемалол кулганлари ҳақидаги ривоятларни ўрганиб ўтдик. Уларнинг кўплигидан бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий ҳаёт тарзлари эканини анлаш қийин эмас. Ваҳоланки, ўша давр воқелигига назар солинса, мусулмонлар то Макка фатҳ бўлгунига қадар хавфу хатарда, турли тазйиқлар, тажовузлар остида яшаганлар. Фатҳдан кейин ҳам бир қанча жангу жадаллар бўлган, бир қатор мусулмонлар талофат кўрган. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳолат шундай бўлди деб, кулгини ўзларига ҳаром қилиб олмаганлар ёки бошқаларни бундан қайтармаганлар, маҳзун юриш керак демаганлар. Аксинча, у зот ҳамиша мусулмонларни тушкунликдан чиқариш пайида бўлганлар, доимо уларнинг кўнгилларини кўтариб турганлар. 


Кулгининг фойдалари:

1.  Меъёрдаги кулги асабнинг толиқишини бартараф этади, кўнгилни ёзади, руҳий қувват бахш этади. Бунда ниятни тўғри қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади.

2.  Кулиш соғликка фойдадир. Айниқса, чин юракдан, самимий кулиш инсоннинг қалбида қурум бўлиб ётган сиқиндиларни аритади.

3.  Ўринли кулги одамларнинг қалбини ром қилади, муҳаббатига сабаб бўлади. Хўмрайган одам ҳеч кимга ёқмайди.

4.  Кулганда кишининг ақлу заковати намоён бўлади.

5.  Фасоҳат, балоғат, зарофат билан айтилган кулгили сўзлар ақлу заковатни чархлайди.


 Кулгининг зарарлари:


1.  Кўп кулиш қалбни ўлдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар.

2.  Ўринсиз кулиш кишининг ҳурматини, эътиборини кетказади.

3.  Кўп кулиш кишини енгилтабиат, маъулиятсиз қилиб қўяди. Бундай одам жамиятнинг муаммоларини кўра олмайди, муолажа қила олмайди, жиддий ишларни бажаришга ярамай қолади.

4.  Кўп кулиш соғликка зарар, юракни толиқтиради, жисмни чарчатади.


 Сўнги сўз ўрнида шуни айтиш жоизки, кулиш, ҳазил‑мутойиб қилиш инсоний эҳтиёж бўлиб, динимизда бу мавзуга ҳам алоҳида эътибор берилган. Юқоридаги битиклар бир муқаддима, холос. Бу борада яна кўплаб маълумотлар топиш мумкин. Хусусан, мусулмон уламоларнинг мутойибага доир асарларини таржима қилиш, шу каби асарлар яратиш замон талабидир, десак, хато бўлмайди. Уларда юқорида биз зикр қилгандек қизиқ воқеалар, зарофат ва лутф намуналари ўрин олган. Уларни ўрганиш бир тарафдан маънавий бойлигимизнинг ҳали ўрганилмаган янги бир жабҳасини қайта тиклаш бўлса, иккинчи тарафдан ҳалолни тақдим қилиш орқали ҳаромни сиқиб чиқариш учун ҳаракат бўлади. Аҳли илмларимиз мана шу жабҳага ҳам эътибор беришса, ёмон бўлмасди.

Қолаверса, бугунги кунда мусулмонларга ҳар тарафдан турли хил мусибатлар, кулфатлар, дилни маҳзун қиладиган ҳолатлар тўлиб-тошиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Бу ҳол мусулмонларда тушкунлик, умидсизлик кайфиятини кучайтирмоқда. Бу эса уларнинг фаолиятларига салбий таъсир кўрсатади, чунки тушкун кайфиятдаги одамда нофаоллик, хато тасарруф ва бошқа ёмон ҳолатлар юз беради. Шу боис, бугунги кунда мусулмонлар ўртасида яхши хабарлар, кайфиятни кўтарадиган гапларни кенгроқ ёйиш матлубдир. Жумладан, кишининг кайфиятини кўтарадиган, кўнглини ёзадиган, ташвишини аритадиган қизиқ гаплар ва мутойибалардан ҳам фойдаланиш жоиз. Зеро, юқорида таъкидлаганимиздек, мусулмон киши учун ҳар қандай вазиятда ҳам хурсанд бўлса, шодланса арзийдиган ҳолатлар бор. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, “Мўминнинг иши нақадар ажойиб! Неъмат етса, шукр қилади, ажр олади, мусибат етса, сабр қилади, ажр олади. Бу ҳол мўминдан бошқада йўқ”.


Аллоҳ таолодан мусулмонларга ҳамиша хурсандлик етказишини, уларни ҳалол билан ризқлантириб, ҳаром нарсадан беҳожат этишини сўраймиз. У Зот ўта карамли ва меҳрибондир. 


Ҳасанхон Яҳё



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дунё тарихига назар ташласак, Ислом диёрларида илмфан юксак даражада ривожланган. Мусулмон уламолари дунёга жуда кўп кашфиётларни тақдим қилганлар. Ислом давоми...

3187 15:00 / 28.01.2021
Сўзимиз бани Исроил ҳақида... Уларнинг тарихи ва ҳозиридан бир ибрат хусусида.Қуръони карим жуда кўп ўринда бани Исроилни тилга олади. Айтилишича, Аллоҳнинг давоми...

5657 05:00 / 13.03.2017
Бугун 25 май тун уйқуси шаҳримизнинг барча хонадонини ўз оғушига олган ва теваракатрофда ғофил сукунат ҳукмрон кезиб юрган бир вақтда тақрибан соат 03дан 18 дақиқа давоми...

3584 05:00 / 09.03.2017
Исломдаги амаллар ибодатлар оз ва енгилдир. Уларда ортиқча машаққат ва қийинчилик йўқдир.Бу амаллардан биринчиси, тонгда Раббисига муножот қилиш учун икки ракат давоми...

3451 05:00 / 13.03.2017