1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Муфтий ҳазрат Халқаро мусулмон уламолар кенгашига аъзо бўлдилар

18:14 / 23.06.2023 1904 pdf Ўқиш режими + -

2023 йил 22 июнь юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳаётида қувончли ва тарихий кун бўлди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Халқаро мусулмон уламолар кенгаши аъзоси сифатида қабул қилинганлари эълон қилинди.


Бу фарахбахш воқеа диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофи бўлиб, юртимиз уламоларининг динимиз ривожига қўшаётган ҳиссаларига берилган юксак баҳодир.


Халқаро мусулмон уламолар кенгаши раиси, профессор доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига йўлланган хатда, жумладан, шундай дейилади:
— Халқаро мусулмон уламолар кенгаши Сизга ўзининг юксак эҳтиромини ифода этиб, доимий соғлик-саломатлик ва муваффақият тилайди. Сизга ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига самимий саломларим ва юксак эҳтиромимни йўллайман...


Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров ҳазратларининг Халқаро мусулмон уламолар кенгашига аъзо этиб қабул қилинганини мамнуният билан маълум қиламан.
Биз ишонамизки, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров ҳазратларининг Халқаро мусулмон уламолар кенгаши сафига қўшилишлари бутун дунёда Ислом ва мусулмонлар хизматидаги муштарак саъй-ҳаракатларимизни янада ривожлантиради.


Шунинг билан бирга, мазкур нуфузли халқаро ташкилот раҳбари томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, фазилатли Шайх Нуриддин Холиқназаров ҳафизаҳуллоҳ ҳазратларига, деб бошланган алоҳида мактубда эса шундай жумлалар баён этилади:
— Халқаро мусулмон уламолар кенгаши Сизга ўзининг энг юксак ҳурмат ва эҳтиромини изҳор этиб, доимо соғ-саломатлик ва муваффақиятда бўлишингизни тилайди.


Аллоҳ таолодан Сизга ташкилотнинг фаолиятини қўллаб-қувватловчи фаол аъзолардан бўлиш, мусулмон уммати хизматида, унинг турли муаммоларини ҳал этишдаги мақсадларини рўёбга чиқаришда ўз ҳиссангизни қўшишингизда Яратганнинг Ўзи ёрдам беришини сўраймиз...


Таъкидлаш жоизки, профессор доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий ўз мактубларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва уламолари билан ҳамкорлик қилиш имконияти пайдо бўлганидан мамнун эканини изҳор этган. Мусулмонлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топишга умид боғлаган. Шунингдек, мазкур ҳамкорлик алоқалари ушбу олий мақсадлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши ва илмий-маърифий тажриба алмашишга асос бўлишига ишонч билдирган.


Қайд этиш керакки, Шайх Нуриддин домла ҳазратларининг ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлишлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашдаги меҳнатлари самарасидир.


Нуриддин домланинг муфтийлик фаолиятларида юртимиздаги ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда Фатво маркази ташкил этилиши, масжид-мадрасалар, Қуръон курслари очилиши, қадамжолар обод этилиши, алломалар мероси тадқиқ этилиши ҳамда ҳаж-умра қилувчилар сони кескин ошишида муносиб ҳиссалари бор.


Муфтий ҳазратларининг Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Туркия, Озарбайжон, Германия ҳамда Қирғизистон, Қозоғистонда ўтказилган халқаро анжуманларда диний-маърифий ислоҳотлар ва мўмин-мусулмонларни қийнаётган муаммоларга ечим сифатида илгари сурган таклифлари халқаро майдонда юқори баҳоланган.


Нуриддин домла юртимиз ва хорижий ОАВларида мунтазам чиқишлар қилиб турадилар. Хусусан, ижтимоий тармоқлардаги доимий кузатувчилари сони 2 миллион 200 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Ҳазратнинг руҳий тарбия, одоб-аҳлоқ, илму маърифат, фарзанд тарбияси, ота-онани эъзозлаш, Ватанга муҳаббат туйғуси каби мавзулар баён қилинган 10 та китоб ҳамда CD, DVD дисклари нашр этилган.


Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг олий бошқарув органлари — Уламолар Кенгаши, Олий ҳайъати раиси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Халқаро Илмий ҳайъати раиси каби масъулиятли вазифаларга сайланганлар. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий кенгаши томонидан “Фахрий доктор” илмий унвони ҳам берилган.


Навбатдаги мартаба ва мақом муфтий Шайх Нуриддин домла ҳазратларига шараф ва масъулият юклайди.

Маълумот ўрнида, Халқаро мусулмон уламолар кенгаши 2004 йилда 50 нафар уламо томонидан тузилган мустақил, нуфузли ташкилот. Бош қароргоҳи Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган.


Ташкилот мақсадлари: уламоларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, уммат олдидаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий саъй-ҳаракатларни амалга оширишдан иборатдир.
Ташкилот вазифалари: Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, замонавий ахборот воситалари ва тарғибот-ташвиқот орқали Ислом дини таълимотларини оммага етказиш, шунингдек, ҳар бир фаолиятда илм-фан ва мўътадилликка асосланиш ҳамда мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги муҳим масалалар билан шуғулланишдир.


Ташкилот тузилмаси ва бошқарув шакли: кенгаш бош котиб ва унинг уч нафар ўринбосари томонидан бошқарилади. Шунингдек, кенгаш таркибида “Аъзоликка қабул қилиш”, “Фиқҳ ва фатволар”, “Маданият, ғоя ва тадқиқотлар”, “Исломий масалалар”, “ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш”, “Таржималар ва таълиф” ҳамда “Мулоқот” каби шўъбалар мавжуд.


Халқаро мусулмон уламолар кенгаши ўз тарихида бир қанча муҳим ишларни амалга оширган. Жумладан, Суданнинг Дарфур вилоятида тинчлик ўрнатилишига муносиб ҳисса қўшган.


“Одам ўғирлаш ва савдосига қарши” ва “Бегуноҳ одамларни ўлдириш оғир гуноҳлиги” ҳақида фатволарни ишлаб чиққан. Айрим мамлакатларда бўлиб ўтаётган нотинчликлар юзасидан ҳам ўз муносабати ва баёнотларини  эълон қилади.


Ҳозирги кунда Кенгашга мусулмон дунёсидаги энг кўзга кўринган 46 нафар нуфузли уламо аъзо сифатида қабул қилинган. Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳаётлик даврларида ушбу ташкилотга аъзо бўлган эдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига Халқаро мусулмон уламолар кенгашидаги фаолиятларида Аллоҳ таолодан куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Мавзуга оид мақолалар
Ушбу мусобақада Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари ва бу мамлакатда истиқомат қилаётган мусофирлар ҳам иштрок этмоқда, деб хабар беради sharjah24.ae ахборот давоми...

2665 11:40 / 28.01.2019
1435 йилда, Амир Темур вафотидан 30 йил ўтгач, Шаҳрисабз шаҳрида энг йирик иншоот ndash .КўкГумбаз, масжиди қуриб битказилди. Бу масжид Темурийлар сулоласига ҳурмат ва давоми...

1067 12:57 / 24 июнь
Аввалроқ, қўлёзмалар фондига эга бўлган Туркия давлатидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида давоми...

2894 16:00 / 24.01.2019
Мумтоз адабиётимизни тараннум этишда беқиёс ҳисса қўшган, Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраевнинг вафоти муносабати билан у кишининг барча оила аъзоларига, давоми...

1880 22:28 / 04.09.2023
Аудиолар

210864 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130129 14:35 / 11.08.2021