1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари

06:00 / 21.06.2023 1778 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(тўртинчи мақола)


Кейин Уҳуд уруши бўлди. Мусулмонлар учун ғоятда оғир кечган бу урушда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мислсиз жасорат ва мардлик намуналарини кўрсатдилар. Мушриклар катта куч билан бостириб келиб, Уҳуд тоғига яқин жойга тушган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шуро мажлиси ўтказдилар. Мажлис шаҳар ташқарисига, Уҳудга чиқиб, ўша ерда душман билан жанг қилишга қарор қилди.


Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом иккита совутда чиқдилар. Байроқни Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуга бердилар. Бир қанотга Зубайр ибн Аввомни, иккинчи қанотга Мунзир ибн Амрни бошлиқ қилдилар.


Демак, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан тайин қилинган биринчи қўмондонлардан ҳисобланадилар. Бу бахт ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. У киши Ислом лашкарининг бир қаноти қўмондони сифатида ҳаммага ўрнак кўрсатиб, жанг қилдилар. Жанг давомида мусулмонлар учун ғоятда ноқулай вазият вужудга келди. Уларни бу ноқулайликдан чиқариш учун ғоят мард, шижоатли ва баҳодир жангчи керак эди. Худди ана ўша киши Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бўлиб чиқди.


Ибн Исҳоқ бу ҳақда қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Уҳуд куни мушрикларнинг байроқдори Толҳа ибн Абу Толҳа яккама-якка олишувга чақирди. Одамлар унга қарши чиқа олмай, туриб қолдилар. Шунда у билан жангга Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу чиқди. У бир сакраб душманнинг туясига минди-да, уни тортиб ерга йиқитди. Ўзи ҳам унга қўшилиб йиқилди. Сўнг душманни устидан отиб ташлади-да, қиличи билан сўйиб ташлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олқишладилар ва:
«Ҳар бир набийнинг ҳаворийси бор. Менинг ҳаворийим Зубайрдир. Одамларнинг яккама-якка олишувга чиқмай, туриб қолганларини кўрдим. Агар у чиқмаганида, албатта, ўзим чиқар эдим», дедилар».


Сўнгра мусулмонлар ва мушриклар орасида аёвсиз жанг бошланди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу душманга қарши мислсиз жасорат билан жанг қилган зотлардан бири бўлдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сабот ила ҳимоя қилган оз сонли кишилардан бирлари эдилар.


Уҳуд урушида мусулмонлар кўпгина мусибатларга учрадилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тоғалари Ҳамза ибн Абдулмуттолиб ҳам шаҳид бўлдилар.


Ота бир, она бир акасининг шаҳид бўлганини эшитган Софийя бинти Абулмуттолиб розияллоҳу анҳонинг уни кўриш учун келаётгани ҳақида хабар тарқалди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом Софийя розияллоҳу анҳонинг ўғиллари Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга:
«Йўлини тўсиб бориб, уни қайтар. Акасига етган нарсани кўрмасин», дедилар.
Зубайр бориб:
«Эй онажон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизни ортга қайтишга амр қилдилар», деди.
«Нима учун? Менга акамнинг қиймалангани ҳақида хабар келди. Бу Аллоҳнинг йўлида бўлган. Мен савоб умидидаман. Сабр қиламан, иншааллоҳ!» деди Софийя розияллоҳу анҳо ва жасад ётган жойга борди. Унга назар солди. Жаноза ўқиди. Истиржоъ айтди. Истиғфор айтди.


Уҳуд урушида мусулмонлар бутунлай мағлуб бўлишларига сал қолди. Мушриклар жангдан сўнг яна ҳужум қилиб қолармикан, деган хавф туғилди. Одамлар ғоятда чарчаган, ўликлар ва ярадорлар кўп эди. Аммо энг ёмони мушрикларнинг қайта ҳужум бошлаб қолишлари эди.


Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга мусулмонларнинг қувватлари борлигини кўрсатишга қарор қилдилар. У зот душман ортидан қувиб бориш учун кўнгилли кишиларни танлаб олишга аҳд қилдилар. Ана ўшанда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу биринчилардан бўлиб йўлга отландилар.


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуни етмиш кишига бошлиқ қилиб, душман ортидан юбордилар. Икки қўмондон ўз лашкарларини усталик билан олиб бориб, душман кўнглига ғулғула солдилар. Қурайш мушриклари «Буларнинг кўриниши жуда ҳам хавфли, ортларидан келадиган асосий кучлари яна ҳам шиддатли бўлиши мумкин», деган ўйда Мадинага қайта ҳужум қилиш фикридан қайтдилар. Аммо бир йўла жўнаб кетмай, ҳолатни ўрганиш учун туриб қолдилар.


Шунда мусулмонлар «Душман Мадинага бориб, аёл-қизларни асир олиб, молу мулкларни талашса керак», деб ўйлаб, хафа бўлдилар.

Пайғамбар алайҳисслом Али ибн Абу Толибга:
«Уларнинг изидан бор. Нима қилишаётганига назар сол. Нима қилмоқчи эканликларини бил. Агар отларни четга қўйиб, туяларни минсалар, Маккага кетишади. Агар отни миниб, туяларни ҳайдаб олсалар, Мадинага юришади. Менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар Мадинага боришса, мен ҳам бориб, уларни ўша ерда йўқ қиламан!» дедилар.


Ҳазрати Али бориб қарасалар, отларни четга қўйиб, туяларни миниб, Маккага қараб юрдилар. Аммо бир жойга етганларида бир-бирларини маломат қила бошлашди. Баъзилари:
«Ҳеч нарса қилганингиз йўқ, уларга бир оз мусибат етказдингиз, холос. Уларни шундай қолдириб келяпсиз, ичларида бошлиқлари бор. Ҳали сизга қарши одам тўплашади. Орқага қайтиб, уларни охиригача йўқ қилиб, тугатиш керак», дейишди.


Бу хабар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етиб бориши билан одамларни тўплаб, душманга қарши чиқишга ундадилар:
«Биз билан урушда қатнашганлардан бошқалар чиқмасин», дедилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Убай ибн Салул:
«Мен ҳам борай», деган эди, уни рад қилдилар.
Мусулмонлар чарчаган, ярадор бўлган ва қўрққан бўлишларига қарамай, «Эшитдик ва итоат қиламиз», деб тўпланиб, чиқдилар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен сиз қатнашган ҳамма урушларда қатнашишни ният қилган эдим. Отам «Қизларга қараб тур», деб қолдириб кетган эди. Изн беринг, сиз билан борай», деди. Унга изн бердилар. Расулуллоҳ мусулмонлар билан юра-юра, Ҳамроул Асад деган жойга етдилар.


Бу ерда Маъбад ибн Абу Маъбад Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди. Унга Абу Суфённинг олдига бориб, уни қўрқитишни буюрдилар. У Равоҳа деган жойда Абу Суфёнга етиб борди. У Маъбаднинг мусулмон бўлганини билмас эди.


«Ортингда нима гап бор, эй Маъбад?» деди Абу Суфён.
«Муҳаммад ва унинг саҳобалари сизларга қарши мисли кўрилмаган кўп одам тўпладилар. Аввал чиқмаганлари ҳам пушаймон бўлиб, чиқдилар», деди Маъбад.
«Нима маслаҳат берасан?» деди Абу Суфён.
«Менимча, анави тепаликлар ортидан аскар чиқиб қолмасдан бурун жўнаб қолганинг маъқул», деди Маъбад.
«Аллоҳга қасамки, тўпланиб бир ҳужум қилиб, уларни таг-томири билан йўқ қилиб юбормоқчи эдик», деди Абу Суфён.
«Менинг сенга насиҳатим – ундай иш қилма», деди Маъбад.
Мушриклар Маккага қайтиб кетдилар. Йўлда Абу Суфён Мадинага кетаётган бир одамни учратди. Унга Абу Суфён:
«Муҳаммадга гапимни етказиб қўясанми? Маккага қайтганингда уловинг кўтарганча майиз бераман», деди.
У «Хўп», деди.
«Муҳаммадга айтиб қўй: биз уни ва шерикларини таг-томири билан йўқ қилиб юбориш учун одам тўплаб қўйдик», деди Абу Суфён. Унинг бу гапи мусулмонларга етганида:
«Аллоҳ бизга етарли ҳомий, у қандай ҳам яхши вакил», дейишди. Ҳалиги хабар уларни чўчитмади. Уч кун кутдилар. Мушриклар Макка сари узоқлаб кетганларига ишонч ҳосил қилгач, Мадинага қайтдилар.


Аллоҳ таоло ушбу ҳодиса ҳақида Қуръони Карим оятларини нозил қилди. Бу ўта аҳамиятли бўлганидан ўша оятларни бир бошдан ўрганиб чиқамиз. Аллоҳ таоло мусулмонларнинг ўша пайтдаги ҳолларини васф қилиб, «Оли Имрон» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Улар жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Расулнинг чақириғига жавоб берганлардир. Улардан яхшилик ва тақво қилганларига буюк ажр бордир» (172-оят).


Демак, Аллоҳ ажрини зое қилмайдиган мўминларнинг мақтовга арзигулик сифатларидан бири:
«Улар жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Расулнинг чақириғига жавоб берганлардир».


Яъни, «Улар ўзларига жароҳат етиб, чарчаб, ярадор бўлиб, қийналиб туришларига қарамасдан, Аллоҳ йўлида яна бирор ишга чақирилса, малол олмай, лаббай, деб яна қайтадан чиқаверадилар».


Аввал ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, бу ҳодиса Уҳуд урушининг эртасига содир бўлган эди. Уҳуд уруши тамом бўлгач, мушриклар ўз юртларига қайтиб кетаётиб, Ҳамроул Асад деган жойда дам олишди. Урушда мусулмонларни тамом енга олмаганларидан афсус чекиб, орқаларига қайтиб, уларни батамом йўқ қилиб ташлашга қарор қилишди.


Бу хабар Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга етганида, мусулмонларни душманнинг ортидан боришга, уларга куч-қувват ва шону шавкатни кўрсатишга чақирдилар. Бу чақириққа мусулмонлар, лаббай, деб жавоб бердилар. Ҳатто биринчи кунда жангга чиқмаган кишилар ҳам бормоқчи бўлдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом уларга рухсат бермадилар. Фақат биринчи куни чиққанларнинг боришини айтдилар. Мусулмонларнинг кечаги оғир мусибат, чарчоқ ва олган жароҳатларига қарамай, чин дилдан жангга отланганлари ушбу оятда зикр қилиниб, илоҳий китоб – Қуръони Карим саҳифаларига ёзилиб, қиёматгача ибодатларда ўқиладиган оят бўлиб қолди. Дарҳақиқат, шу иш таҳсинга ва ҳавасга сазовор ишдир.


«Улардан яхшилик ва тақво қилганларига буюк ажрлар бордир».


Ана ўшалар ичида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Бу нарса у киши учун алоҳида фахр эди. Шунинг учун Оиша онамиз кейинчалик ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг фарзандларига бу нарсани эслатиб юрар эдилар.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маккадан Шомга кетадиган карвонлар ўтадиган Виддан номли водийда саҳровий Ғифор қабиласи истиқомат қилар эди. Агар ўтган карвонлардан қоладиган баъзи давоми...

11749 20:15 / 21.04.2017
учинчи мақола Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча жангларда ихлос билан иштирок этиб, ўзларининг давоми...

1795 09:00 / 16.07.2023
Бир бадавий Мадина кўчаларига келиб, шаҳардаги энг сахий инсон ким эканини сўради. Одамлар .Ҳусайн ибн Алий,, дейишди. Бадавий Ҳусайн розияллоҳу анҳуни масжидда давоми...

2803 14:08 / 05 декабрь
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, давоми...

3200 11:00 / 15.11.2023