1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Умидсизлик ва шумланишга қарши кураш

11:00 / 20.07.2023 2099 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламга тақдим қилган улкан хизматларидан тўртинчиси умидсизлик ва шумланишга қарши кураш, инсонда орзу-умидни ва ўзига ишонч руҳини тирилтиришдир.
Ислом келишидан олдин одамлар Аллоҳнинг раҳматидан умидсизликка, инсондаги яхшиликлардан ғафлатга тушиб қолган эдилар. Уларнинг бундай ҳолга тушишларида ўша вақтдаги қадимий шарқий диёнатларнинг, Оврупо ва Яқин Шарқдаги бузилган насронийликнинг ҳиссаси катта эди.


Ҳиндистондаги қадимий диёнатлар таносух (руҳнинг кўчиб юриши) ғоясига эътиқод қилар эдилар. Бу эътиқод бўйича, инсон иродасига ва тасарруфига мутлақо ўрин йўқ эди. Ҳар бир инсон қандайдир иложсиз уқубат тортмоғи лозим эди. Бунинг учун у қандайдир ёввойи йиртқич, уй ҳайвони ёки пасткаш ҳайвон ёхуд азобланган инсон шаклига кирмоғи зурур эди.


Насроний диёнати эса инсон туғилишидан ва яратилишидан осий ва гуноҳкор бўлиши, Масиҳ ана ўша гуноҳлар учун каффорат ва қурбон бўлгани ҳақидаги эътиқодни олға сурар эди. Албатта, бу эътиқод ўз-ўзидан оламнинг маданиятли ўлкаларидаги насронийликка эргашган миллионлаб кишилар қалбига шумланиш, келажакдан ва илоҳий раҳматдан умидсизлик руҳини жо қилди.


Мана шундай бир вақтда Пайғамбар алайҳиссалом инсон табиати пок-покиза экани, унга ҳали бирор нарса битилмагани, унга энг гўзал нарсалар нақш қилиниши, энг гўзал ёзувлар ёзилиши мумкинлигини эълон қилдилар. Ҳар бир инсон ўз ҳаётини ўзи бошлаши, савоб, гуноҳ ва жаннату дўзах унинг ўзининг амалига қараб бўлишини эълон қилдилар. Қуръони Карим кўплаб жойларда ҳар бир инсон фақат ўз амалидангина масъул экани, ўз қилганига қарабгина савоб ёки иқоб (жазо) олишини таъкидлади:
«Ҳеч бир юкли жон бошқанинг юкини кўтармас. Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ. Албатта, унинг саъй-ҳаракати тезда кўринур. Сўнгра жазо-мукофоти унга тўлиқ берилур» (Нажм сураси, 38–41-оятлар).


Ушбу эълон инсонга ўз табиатига ва табиий имкониятларига нисбатан йўқолган ишончни қайта тиклади. У ўзига Ислом томонидан берилган кучли азму қарор, зиёда ҳиммат ва янгича қувват ила ўз келажагини ва инсоният келажагини барпо қилишга киришди.


Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсиятлар, гуноҳлар, хатолар ва адашувлар инсон ҳаётида ўткинчи нарсалар эканини, инсон бу гуноҳларни билмасдан, ғурурга кетиб, тушунмасдан, шайтоннинг иғвосига учиб, ҳавойи нафснинг кўйига тушиб қилишини эълон қилдилар. У зот яхшилик, гуноҳни эътироф қилиш, афсус-надомат каби хислатлар инсоннинг жавҳарида борлигини ва Аллоҳга ёлвориш, тазарру қилиш ва гуноҳдан бутунлай қайтишга азму қарор қилиш инсоннинг шарафи ва Одам атодан қолган мерос эканини ҳам эълон қилдилар.


Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳ ва разолатга қулоқларигача ботган хатокорларга тавбанинг эшигини кенг очиб қўйдилар ва унга одамларни умумий равишда даъват қилдилар. У зот тавбанинг фазлини етарлича шарҳ қилиб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг бу улуғ асосини қайта тирилтирдилар ва шунинг учун ўзларининг гўзал исмлари қатори «Набийют-тавба» (Тавба пайғамбари) лақабини олдилар, чунки у зот тавбага зарур бўлиб қолганда ишлатиладиган нарса деб эмас, балки энг афзал ибодатлардан бири деб қарадилар. Инсон тавба воситаси ила тез вақтда қурбат ва валийликнинг олий даражаларига эришадиган бўлди. Бу даражага Аллоҳнинг обид, зоҳид, аброр ва ахёр бандалари ҳавас билан қарайдиган бўлдилар.


Қуръон тавбанинг фазлини ва кенглигини ҳамда инсоннинг энг катта гуноҳлардан покланиш йўлларини қалбларни ларзага соладиган ажойиб бир услубда баён қилиб берди. У осий ва гуноҳкорларни, ҳавои нафс ва шайтон қулларини Аллоҳдан паноҳ сўраш, У Зотга қараб қочишга чақирди.


«(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз-ўзига жавр қилган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. У мағфиратли, раҳмлидир» (Зумар сураси, 53-оят).


Тавба сурасидан олинган келаси оятда Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандаларидан бир неча тоифасини зикр қилади ва ушбу рўйхатни тавба қилувчиларни эслаш билан бошлайди:

«Тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасини сақловчилардир. Ва мўминларга башорат бер!» (112-оят)


Ўз гуноҳидан қайтиб тавба қилган бандага бериладиган бундай улуғ мартаба Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўла туриб, узрсиз Табук ғазотига бормай қолган уч кишининг тавбаси қабул бўлгани эълон қилинганда яққол кўринди. Қуръон ушбу муолажани мазкур ғазотдан қолмаган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, муҳожирлар ва ансорларни зикр қилишдан бошлади. Шундан кейингина ҳалиги уч кишини зикр қилди. Бу ўша ғазотдан узрсиз қолганлар ўзларини ноқулай сезмасликлари учун қилинган эди. Дунё тарихида, динлар тарихида, фалсафалар ва тузумлар тарихида бундан гўзалроқ тавба қабул қилиш борми ўзи?


«Батаҳқиқ, Аллоҳ Набийнинг ва унга қийинчилик соатида эргашган муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари тойиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди.

 Албатта, У Зот уларга марҳаматли ва меҳрибондир.


Ортда қолдирилган уч кишининг ҳам. Ниҳоят, уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан Унинг Ўзидан бошқа бошпана йўқлигига тўла ишонганларида бутунлай қайтишлари учун (Аллоҳ) тавбаларини қабул қилди. Албатта, Аллоҳ Ўзи Таввобдир, Роҳиймдир» (Тавба сураси, 117–118-оятлар).
Сўнгра Қуръон асосий қоида сифатида Аллоҳнинг раҳмати кенглигини ва У Зотнинг раҳмати ғазабидан олдин эканини эълон қилди.


«Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир» (Аъроф сураси, 156-оят).
Ҳадиси қудсийлардан бирида: «Менинг раҳматим ғазабимдан ўзиб кетган», дейилган.


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фитначиларнинг иғвоси туфайли ҳазрати Али ва Оиша онамиз бошлиқ икки мусулмон тараф ўртасида улар ярашиб бўлганларидан кейин кечаси уруш чиқарилди. Одамлар давоми...

6062 14:34 / 06.01.2017
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга тақдим қилган улкан хизматларидан бири дин ва дунёни жамлаш ҳамда тарқоқ сафларни ҳамда тижорий жамоатларни давоми...

1500 14:00 / 26.07.2023
Тоифдан қайтиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини турли қабилаларга очиқойдин таништиришни бошладилар. Бунинг учун энг қулай давоми...

1770 06:00 / 28.05.2023
.Зид ва ўхшашлардан олий Аллоҳга ҳамд бўлсин Махлуқотларнинг энг яхшиси Муҳаммад Мустафога ва у зотнинг ҳидояту ҳақнинг имомлари бўлган ахлиоиласига салавот давоми...

1504 16:00 / 29.08.2023
Аудиолар

120506 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42121 14:35 / 11.08.2021