1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Фозиллар шартномаси: Инсонпарварварлик ва адолатпарварлик иттифоқи

06:00 / 11.06.2023 1769 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижрий 1444 йилнинг ўн биринчи ойи – Зулқаъда ойидамиз. Зулқаъда «ўтирувчи», «ўтириб қолиш» деган маъноларни англатади. Ушбу ойда уруш ҳаром қилинган ой бўлгани учун барча ҳаракатлардан тўхтаб, уйда ўтиришган. Шунинг учун ҳам шу ном билан аталган. 


Ислом тарихига оид манбаларда бу ойда содир бўлган воқеалар кўп зикр этилган. Улар ичида эса мавзуда баён қилинган «Хилфул фузул»- фозиллар шартномаси алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда сўзимиз охирида баён қиламиз. 


Шиддат билан ривожланаётган бугунги замонда ахлоқий ривожланишни истисно қилганда, ҳар қандай соҳа такомиллашяпти. Жумладан, саноат, иқтисод, таълим, маданият, қишлоқ хўжалиги ва ҳарбий саноат. Айниқса, ҳарбий-мудофаа соҳасидаги тараққиёт йилдан-йилга жадаллашаётгани, такомиллашуви дунё нигоҳидан четда эмас. Ижтимоий тармоқларда учувчисиз реактив ракеталар, танклар, дронлар ҳақидаги видеолар тўлиб тошган. Дунё киносининг аксар фильмларида эса ҳатто келажакдаги қуролларни, хаёлий топилмаларни ҳам кўриш мумкин. Бу соҳадаги ривожланиш шу даражага етмоқдаки, охири кўринмайдигандек. 


Ҳаётимизда гувоҳ бўлаётганимиз воқеликлар, яъни давлатлар ўртасидаги низолар, яқин йилларда содир бўлган ва давом этаётган урушлар, катта давлатларнинг кичик давлатларга ҳужумлари,  бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлаётгани тинчлик нақадар буюк неъмат эканини, унинг қадрига етишни бу авлодга бот-бот эслатяпти. 


Тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилот - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 21-центабрни Халқаро тинчлик куни сифатида белгилаган бўлиб,  ушбу байрамни нишонлаш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳида тантанали дастурга эга махсус маросим ўтказилади. 


Шунингдек, «Тинчлик учун Нобел мукофоти» таъсис этилган бўлиб, 1901 йилдан бери „халқлар ўртасидаги биродарлик, доимий қўшинларни йўқ қилиш ёки уларнинг сонини қисқартириш, тинчлик конгрессларини ўтказиш ва рағбатлантириш учун энг кўп иш қилган кишига» топширилади. «2022 йил ҳолатига кўра тинчлик учун Нобел мукофоти 110 нафар шахс ва 27 та ташкилотга топширилган. Бугунги кунга қадар 18 нафар аёл бу йўналишда Нобел мукофотига муносиб кўрилган».


Юқорида айтганимиздек, фозиллар шартномаси мавзусига қайтсак. Хўш, фозиллар шартномаси нима? Бу ҳақда фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Ислом тарихи» китобларининг биринчи жузида шундай дейилади:
«Ўша пайтларда Зубайд қабиласидан бир киши сотиш учун Маккага нарса олиб келди. Унинг нарсасини Қурайшнинг зодагонларидан Ос ибн Воил Саҳмий сотиб олди. Аммо ҳаққини бермади. Зубайдлик киши Қурайшнинг бошлиқларига бу ҳақда арз қилиб, ёрдам сўради. Улар Ос ибн Воилдан ҳайиқиб, мазлумга ёрдам беришдан бош тортишди.


Шунда зубайдлик киши: «Макка аҳлининг йигитлиги ва муруввати борларидан ёрдам сўрайман!» деб дод солди. Макка аҳлидан ўзини эр санаб, мурувватлиман, деб юрганлари Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг  уйига тўпландилар. Уй эгаси улар учун таом тайёрлади. Таомдан кейин мажлис қуриб, аҳдлашиб, Аллоҳнинг номи ила бир шартнома туздилар. Улар: «Мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб бермагунимизча, ҳаммамиз бир тану бир жон бўламиз», дедилар.


Бу иш фазилатли иш бўлгани учун қурайшликлар уни «фузул битими» деб аташди. Сўнг битим тузганлар Ос ибн Воилнинг олдига бориб, мазлумнинг ҳаққини олиб бердилар.


Кейинчалик ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу битимда иштирок этганларидан қувониб юрар эдилар. У зот ҳадиси шарифларидан бирида қуйидагиларни айтганлар: «Мен Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида бир битимда қатнашганман. Агар Исломда ҳам ўшандоқ битимга даъват қилинсам, даъватни албатта қабул қилар эдим».


Демак, Қуръоний тавсия ва ҳадислардаги кўрсатмаларга мувофиқ яхшиликка интилиш, тинчлик учун аҳдлашиш ва бу йўлда ўзаро кўмаклашиш, яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилиш, ҳақларни ҳимоя қилиш мақтовли амаллардандир.


Хулоса шуки, дунёда тинчлик улуғ неъмат экани кун сари билинаётган шу кунларда инсонлар ва ҳатто жамиятлар ҳам виждонни, адолатли ҳаётни маёқ қилиб маҳкам ушлар экан, саодати тайин бўлади иншааллоҳ! Зеро, ҳозирги даврда шундан умидворлик бор.


Қамариддин Бекмуҳаммад
31.05.2023

 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 июндаги 03-07/4775-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Қамариддин Бекмуҳаммад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Халқимизда .Чин кўнгилдан истасанг, сўқир кўздан ёш чиқади,, деган мақол бор. Дарҳақиқат, агар инсон чин дилдан хоҳласа, Аллоҳ таолонинг изни билан, жуда кўп ишларни давоми...

1976 18:24 / 09.02.2023
Филиппин бургути. Дунёдаги энг йирик бургутлардан бири. Филиппин ўрмонларида учрайди. Бундай бургутлар ҳозирда йўқолиб кетиш арафасида. Шунинг учун уни овлаш давоми...

4361 19:00 / 04.12.2021
Европада ўзига хос салоҳиятга эга мамлакатлардан бири бўлган Францияда Ислом бундан ўн уч аср муқаддам пайдо бўлган. Бу ўлкага мусулмонлар милодий 717 йили Испания давоми...

2813 17:00 / 09.02.2021
Кўпчилик .Мусулмон кишига фарз илм қайси, деб сўрайди. Илм олиш фарз, лекин ҳеч ким ҳамма илмни ўргана олмайди, демак, фарзи айн илм чеклаганган бўлади. Бир сўз давоми...

2126 11:54 / 26.08.2024
Аудиолар

210864 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130129 14:35 / 11.08.2021