1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари

14:00 / 05.06.2023 2684 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ عَلَى جَبَلِ حِرَاءٍ فَتَحَرَّكَ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اسْكُنْ حِرَاءُ، فَمَا عَلَيْكَ إِلَّا نَبِيٌّ أَوْ صِدِّيقٌ أَوْ شَهِيدٌ، وَعَلَيْهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ وَعُثْمَانُ وَعَلِيٌّ وَطَلْحَةُ وَالزُّبَيْرُ وَسَعْدُ بْنُ أَبِي وَقَّاصٍ . رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро тоғи устида эдилар. Бас, у қимирлаб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Ҳиро, сокин бўл, устингда Набий, сиддиқ ва шаҳиддан бошқа ҳеч ким йўқ», дедилар. Ўшанда унинг устида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Толҳа, Зубайр ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳум бор эдилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.


Ушбу ҳадиси шарифда зикри келаётган шарафга ҳар ким ҳам сазовор бўла олмайди. Бундай улуғ шарафга фақатгина саноқли кишилар сазовор бўлиши мумкин. Ушбу ҳолатда эса чорёрлардан бошқа фақатгина уч киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳиро тоғига чиқиш, у тоғ қимирлаши ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзларининг шаҳид бўлишлари ҳақида башорат эшитиш бахтига сазовор бўлган эканлар. 


Хўш, ушбу улкан саодат соҳибларидан бири бўлмиш Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ким ўзи? Келинг, у киши билан яқиндан танишайлик. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўлларини қўлдан келганича ўрганиб, у кишидан ўрнак олишга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Насаб ва илк ҳаёт

У кишининг тўлиқ насаблари қуйидагича: Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид ибн Асад ибн Абдулуззо ибн Қусой ибн Килоб.


У кишининг насаблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Қусойда бирлашади.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг оналари Софийя бинти Абдулмуттолиб бўлиб, у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари эди. Яъни Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммаларининг ўғли эдилар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Қурайш қабиласининг Асад уруғидан бўлиб, у кишининг кунялари Абу Абдуллоҳ эди.


Зубайр ибн Аввом ёшлигидан от миниб, чавандозлик ва паҳлавонликка мойил бўлиб ўсди. У кичик ёшдалигидаёқ кишилар орасида ўзининг мазкур сифатлари билан шуҳрат топган эди. 


Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи «Табақотул Кубро» китобида зикр қилишича, Зубайр ибн Аввомнинг онаси Софийя бинти Абдулмуттолиб кичиклигида отасидан етим қолган ўғли Зубайрни қаттиқ калтаклар эди. Одамлар «Ахир уни ўлдириб қўясан-ку, жигарини эзиб юбординг-ку, болани ҳалок қилдинг-ку», десалар, «Мен буни пишсин, катта бўлганда лашкарларни ортидан эргаштирсин, деб ураман», дер эди.
Бир куни Маккада кичкина Зубайр ибн Аввом бир катта одам билан муштлашиб қолди. У ўз рақибини уриб, қўлини синдирди ва ер тишлатиб қўйди. Ҳалиги одамни кўтариб кетаётиб, Софийянинг олдидан ўтиб қолишди. У одамлардан:
«Бунга нима бўлди?» деб сўради.
«Зубайр билан муштлашди», дедилар.


Бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Ахир ўғил тоғага тортади-да. Зубайр ибн Аввомнинг тоғаси кимсан, шери Худо, саййиди шуҳадо Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу эди.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Исломни биринчи бўлиб қабул қилган еттиликка кирадилар. У киши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейин, тўртинчи ёки бешинчи бўлиб Исломга кириш бахтига муяссар бўлганлар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўшанда ўн беш-ўн олти ёшда эдилар. У киши Аллоҳ таолонинг инояти ила ёшликдан Ислом таълимотлари асосида ўсдилар. Дастлабки мусулмонларнинг Аллоҳ таолонинг дини йўлида тортган барча машаққат ва қийинчиликларига баробар шерик бўлдилар. 


Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё»да Абуласваддан келтирган ривоятда жумладан қуйидагилар айтилади:
«Зубайрнинг амакиси уни бўйрага ўраб, осиб қўяр ва олов ёқиб, унга тутунни киритиб, «Куфрга қайт», дер эди. Зубайр бўлса «Зинҳор куфр келтирмайман», дер эди».


Ушбу ривоятдан мушрикларнинг мусулмонларни диндан қайтариш учун турли-туман азоб-уқубатларни ўйлаб топиб, ишга солганларини билиб оламиз. Бировни бўйрага ўраб осиб қўйиб, остидан ўт ёқиб, унинг тутуни билан қийнаш фақат ўта ваҳший жамоа аъзоларининг хаёлига келиши мумкин, холос. Шундай бўлса ҳам иймон ҳаловатини татиб қолган мусулмонлар ҳар қандай азоб-уқубатларга чидаганлар. Ана шулардан бири Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу эдилар. У киши ўта иссиқ об-ҳаволи Макка шароитида ўз амакиларининг бўйрага ўраб осиб, тагларидан олов ёқиб азоблашларига мардонавор чидабгина қолмай, мушрик амакининг қилаётган беҳуда уринишларидан кулиб, ўз иймонлари билан фахрланганлар.


У киши Дорул Арқамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб борган яширин диний дарсларда ҳам фаол иштирок этганлар.


Ёшликларидан чавандозлик, шижоат ва баҳодирлик сифатлари билан кўзга кўринган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан кейин ана ўша олижаноб сифатларини дину диёнат йўлида ишга солдилар.


Ибн Асокир келтирган ривоятда Саъийд ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Аллоҳнинг йўлида биринчи бўлиб қилич яланғочлаган киши Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудир. Бир куни у чошгоҳ пайтида ухлаётган эди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатл қилинибдилар», деган гапни эшитиб қолди. Бас, у қилич яланғочлаб, шиддат билан чиқиб келди. Унга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуч келиб қолдилар ва:
«Сенга нима бўлди, эй Зубайр?!» дедилар.


«Сизнинг қатл қилинганингизни эшитдим», деди.

«Нима қилмоқчи эдинг?» дедилар.


«Аллоҳга қасамки, Макка аҳлидан дуч келганини қиличдан ўтказмоқчи эдим!» деди.


Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига хайрли дуо қилдилар».


Оз сонли, ўта заиф мусулмонлар ҳар томондан ҳужумга учраб турган таҳликали бир пайтда ўн беш ёшли мусулмоннинг кўрсатган жасоратини қаранг! Ўзи ҳам, дини ҳам, оз сонли шериклари ҳам таҳликада турган бир пайтда дуч келган душманнинг бошини узаман, деб қилич яланғочлаб чиқиш ўзи бўладими!? Бунинг учун инсон бутун вужудидан иймон мустаҳкам жой олган, Аллоҳ таолонинг дини учун жон беришга тайёр юракка соҳиб одам бўлиши керак. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ана шундай зотлардан эдилар.


Мушрикларнинг душманликлари ҳаддан ошиб кетгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан, Аллоҳ учун, дину диёнат учун Ҳабашистонга ҳижрат қилган биринчи муҳожирлар ичида ана шу энг ёш, энг шижоатли Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар.


Имом Заҳабий «Ислом тарихи» китобида қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Ҳабаш аҳлидан бир қавм Нажошийнинг мулкини талашиб қолди. Нажоший унга қарши юриш қилди. Ораларида Нил дарёси бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари:
«Ким бориб, урушда ҳозир бўлиб, бизга унинг хабарини келтиради?» дедилар.


Шунда Зубайр ибн Аввом ўртага чиқиб:
«Мен бориб, сизларга ишончли хабарни келтираман!» деди ва ёш бўлишига қарамай, бу хавфли хизматни ўз зиммасига олди.


Унга бир мешкобни шишириб бердилар. Зубайр ибн Аввом уни кўксига қилиб, дарёнинг уруш бўлаётган нариги тарафига сузиб кетди. У қаршидаги қирғоққа ўтиб, уруш бўлаётган жойга борди. Аллоҳ азза ва жалла Нажошийга душмани устидан нусрат берди. Зубайр ибн Аввом ўз биродарлари ҳузурига кийимини силкитиб, «Суюнчи! Нажоший ғолиб бўлди! Аллоҳ унинг душманини ҳалок қилди!» дея югуриб келди. Мусулмонлар бу ғалабадан шод бўлдилар ва кўнгиллари қувончга тўлди. Улар Зубайр ибн Аввомнинг шижоатига тан бердилар».


Кейин у киши «Маккада ҳолат яхшиланибди» деган хабарга ишониб, қайтгач, иш бошқача эканлигини билиб, яна Ҳабашистонга қайтганлар ва икки ҳижрат соҳибларидан бўлганлар.


Зубайр ибн Аввом Ҳабашистондан иккинчи марта Маккага қайтиб келганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилаётган эдилар.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги
03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Византия императори Ҳирақл Ираклий Iга юборган мактублариУшбу мактуб Мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасида 10 йил давоми...

2854 09:01 / 27.12.2021
ИФК ҲОДИСАСИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, у кишининг ақлзаковатлари, илмлари, тадбиркорликлари, уддабуронликлари ва ҳар қандай давоми...

3198 19:28 / 21.04.2017
тўртинчи мақола Кейин Уҳуд уруши бўлди. Мусулмонлар учун ғоятда оғир кечган бу урушда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мислсиз жасорат ва мардлик намуналарини давоми...

1780 06:00 / 21.06.2023
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг вафотидан кейин унинг ўғли Язиднинг халифалигини қабул қилмади. Чунки Язид Аллоҳ таолонинг буйруқларига давоми...

2625 14:40 / 06 декабрь