1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Шайх Абдуллоҳ Балтажий – матонатли қаттиққўл устоз ва каромат соҳиби

15:17 / 30.05.2023 1641 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шайх Абдуллоҳ Балтажий солиҳ, парҳезкор ва ибодатгўй эди.  У каромат соҳиби, Аллоҳнинг валий бандаларидан эди. Қалби билан кўп нарсаларни кўрар, баъзи ишларни юз беришини аввалдан айтса, у шундай содир бўларди».

Шайх Аҳмад Абдурраҳмон Солим Нассор

Тўлиқ исми ва таваллуди

Шайх Абдуллоҳ Мужоҳид ал-Балтажий ҳижрий 1315-йил 11-робиъуссоний, милодий 1897-йил 9-сентябрда Мисрнинг Диқоҳлия вилояти Мансура марказига қарашли Авиш ал-Ҳажар қишлоғида таваллуд топган.

Беморлиги

Шайх Абдуллоҳ Балтажий кўзи ожиз ҳолда туғилган.

Илм йўли

Шайх Абдуллоҳ Балтажий ёшлигида шайх Муҳаммад Рифоъийнинг ҳузурида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган. Сўнгра шайх Аҳмад Шайхнинг бошланғич мактабида таълим олган. 

Унинг Қуръони Каримни мукаммал тажвид билан ўрганиши ва қироатлардан ижоза олишига бир воқеа сабаб бўлган.

Шайх Абдуллоҳ Балтажий бир куни Авиш ал-Ҳажар қишлоғида катта маросимда Қуръон тиловат қилади. У бир оят орасидагиبِالْحَقِ  калимасида ق ҳарфида тўлиқ қалқала қилмай тўхтайди. Шунда ушбу маросимда қатнашаётган шайх Саййид Аҳмад Мозий ўрнидан туриб, унинг олдига келиб, юзига бир шапалоқ туширади ва «Қалқала қилгин» дейди. Бу ҳолат ёш шайх Абдуллоҳ Балтажийга катта сабоқ бўлади ва шу кундан бошлаб тажвид аҳкомлари илмига қаттиқ киришади. Сўнг уйидан тўрт километр узоқдаги қўшни қишлоққа шайх Али Қолиний ҳузурига дарсларга қатнайди. Бу устози кўп ўтмай оламдан ўтади. У яна илм излаб Нақито қишлоғида яшайдиган замонасининг етук уламоласи Аллоҳ таолонинг валийларидан бири шайх Саййид Фойиддан дарс ола бошлайди. Бу зотнинг ҳузурида узоқ вақт қатнаб, сабоқ олади ва тажвид илмини пухта ўрганиб, баъзи қироатлардан  ижоза олишга эришади. Унинг сабоқлари бир маромда кетаётган пайтда шайх Саййид Фойид вафот этиб қолади.

Шайх Абдуллоҳ Балтажий яна қироатлардан ижозаларни тўлиқ олиб улгурмай қишлоғига қайтади. Ўша пайтда унинг яқин дўсти, ҳамқишлоғи шайх Муҳаммад Муҳаммад Мустафо Жамал яқиндагина Танто шаҳридан ўз замонасининг қироат илмининг тенгсиз қориси шайх Аҳмад Ажурдан қироатлар илмини ўрганиб, ижоза билан қайтганди. Шайх Муҳаммад Жамал тажвиди мукаммал, овози жуда ёқимли эди. У кейинчалик Мисрда халқнинг суюкли қорисига айланган. Бу икки дўст кўришиб, бир-бирларининг қироат илмидаги ҳаракатлари ва эгаллаган ижозалари борасида суҳбат қуришади. Шайх Абдуллоҳ Балтажий унга икки улуғ устознинг олдига боргани, лекин тажвид аҳкомларидан тўлиқ ижоза олиб улгурмай уларнинг вафот этиб қолишганини айтади. Шунда шайх Муҳаммад Жамал уни узоқ имтиҳон қилиб кўриб, «Сени тажвидинг мукаммал экан. Ижозага ҳақли экансан. Менга шайхим бировларни ўқитишим ва ижоза беришим учун рухсат берган. Сенга ўзим барча ироатлардан ижоза бераман» дейди.

Шайх Абдуллоҳ Балтажий шу кундан бошлаб, у билан янада яқин бўлиб, ижоза олади ва талабаларни ўқита бошлади. У уйида таҳфизул Қуръон мадрасасини очади. Кўп ўтмай, номи атрофга ёйила бошлади. У уйида узун залда икки томондан кириладиган бир неча хоналарни ичига олган каттагина Қуръон ёдлатиш мадрасасини қурдириб, у ерда ўзи дарс берган. Қишлоқ аҳли унга фарзандларини тўрт-беш ёшидаёқ топширар ва ёшлигида биринчи Қуръон ёдлаттирарди. Талабалар қори бўлгандан сўнг бошқа соҳаларни ҳам ўрганиши ва касб ҳунар қилиши мумкин эди. Уларнинг аксарияти Қуръони Карим хизматини танлаб, ўз қишлоғида мадраса ва мактаблар очиб, мударрислик ва масжидларда имомлик қилиб, дин хизматида бўлганлар.

Шогирди шайх Аҳмад Абдурраҳмон Солим Нассор у ҳақида шундай дейди: «Мен шайхим вафот этганда ёш йигитча эдим. у ҳақида кўп нарсаларни эслайман. У кенг хонада ўтирарди, ким ташқарига чиқмоқчи бўлса ундан рухсат олиши керак эди. Атрофидаги ва ён хонадаги ҳамма талабалар овозини чиқариб Қуръон ўқир эди. Агар улардан бирортаси ўқишни тўхтатса, ёки ўрнидан турса, у дарров сезарди ва исмини айтиб: «Эй фалончи, нимага тўхтадинг, нимага ўрнингдан турдинг?» дер эди. Шайх Абдуллоҳ Балтажий солиҳ, парҳезкор, ибодатгўй ва каромат соҳиби, Аллоҳнинг валий бандаларидан эди. Қалби билан кўп нарсаларни кўрар, баъзи ишларни аввалдан айтар эди. Масалан, талабалари келажаги борасида нимадир айтган бўлса, биз шуни амалга ошганини кўрдик. Бир куни мен қўлидан тутиб етаклаб кетаётган эдим. У билагимдан ушлаб: «Эй Аҳмад, сен бизни хонадонимиз аҳлидан бўласан» дейди. Айтгани рўёбга чиқиб, вафотидан бир неча йил ўтиб, мен унинг набирасига уйландим”.

Шайх Абдуллоҳ Балтажий шогирдларига жуда қаттиққўл эди. У мадрасасида қатъий тартиб ўрнатган ва барчани унга риоя қилишини талаб қилган. Шунинг учун ҳам у ерда таълим олган барча талабалар мустаҳкам иродали, Қуръони Карим таълими ва ижоза беришда омонатдор бўлиб етишган. У ўғил болалар билан бир қаторда қизлар таълимига ҳам алоҳида аҳамият қаратган. Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, кўплаб қория, шайхалар етишиб чиққан. Жумладан: шайха Нур, шайха Нафиса Басюний, шайха Заҳия Шаркас ва шайха Карималар унинг хос толибалари бўлган. У ҳаётлик чоғида қишлоғидаги ҳар бир хонадондан талабалар келиб ундан Қуръондан дарс олар ва уйларига қайтиб оила-аҳлларига ўргатар эдилар.

1950-йиллар бошида шайх Абдуллоҳ Балтажий учун қишлоғида «ал-Футуҳул Исламия» таҳфизул Қуръон мадрасаси қурилади. Шайх бу мадрасада талабаларга бомдоддан бошлаб, ҳуфтонгача дарс бериб, шу тарзда у вафотигача давом этди. Мазкур мадраса қирқ йил фаолият кўрсатиб, ундан юзлаб қорилар етишиб чиқди.

Шайх Абдуллоҳ Балтажий ўта сезгир, нозик табиатли, заковатли эди. Шайх Абдуллоҳ Балтажий уламолар билан илмий мажлис қуришни яхши кўрарди. Кўпинча, дўсти ва устози шайх Муҳаммад Жамал, шайх Муҳаммад Заҳрон, ал-Азҳарнинг кўзга кўринган устозларидан бири шайх Аҳмад Исмоиллар билан ўтирарди. У дона-дона сўз қилар ва оғзидан фақат ҳикмат тўкиларди. Унинг олдида суҳбатдошлари жуда эҳтиёт бўлиб, сўз қилардилар. Шайх Абдуллоҳ Балтажий ўта сезкир, нозик табиатли, заковатли эди.

Бир куни у мажлисда талабаларини чақириб “Ким пишмаган иссиқ нон олиб келди? Уни кўтарсин бу ердан” дейди. У ерда ўтирган шайх Муҳаммад Жамал ҳайрон бўлиб, дастурхонга яқинда қўйилган нонни ушлаб кўриб, ҳақиқатда иссиқлигини сезади ва табассум қилиб: “Эй Балтажий, бу пишмаган ноннинг иссиқлигини қаердан билдингиз?” деб сўрайди. У: “Пишмаган иссиқ нонни ҳиди ўткир бўлади” деб жавоб беради.

Аллоҳ таоло Шайх Абдуллоҳ Балтажий илмини баракотли қилиб, ишлариини шогирдлари орқали бардавом қилиб қўйган. Унинг ўз қишлоғида асос солган Қуръон таълими фаолиятини шогирдлари ва яқинлари давом эттирмоқдалар. Унинг қишлоғида ҳозиргача бир нечта Қуръон мактаблари очилган бўлиб,  Мисрда қорилар ва Қуръон аҳли қишлоғи сифатида танилган.

Ахлоқи

Шайх Абдуллоҳ Балтажий саховатли, шижоатли ва иродали киши бўлган. У ўзи давлатманд бўлмасада атрофдаги қийналган талабаларга ўзи ҳомийлик қилиб ўқитган. Ночор оилалар ва бева аёлларни ҳолидан хабар олиб, таъминотини ўзи кўтарган. Уйида йил бўйи талабалар яшаб таълим олгани учун кийим бошларини, озиқ овқатларини ўзи етказиб беришга ҳаракат қилган.

Оиласи

Шайх Абдуллоҳ Балтажий кўзи ожиз толибаси шайха Нурга уйланган. Ундан бир ўғил фарзанд кўрган. Лекин чақалоқ узоқ яшамай вафот этган. Ўғлидан кейин кўп ўтмай, шайха Нур ҳам оламдан ўтади. Шайх Абдуллоҳ Балтажий унинг вафотига қаттиқ қайғуради. Чунки у солиҳа, тақволи ва ибодатгўй эди. У ўз хожасидан қунт билан илм олиб, Қуръонни тўлиқ ёд олган ва барча мутавотир қироатлардан ижоза олган эди. Шайха Нур гўё қироат илмида ҳужжат эди. Бироз муддат ёлғиз яшаган шайх Абдуллоҳ Балтажий бошқа оила қуриб, икки ўғил, тўрт қиз фарзанд кўрган.

Вафоти

Шайх Абдуллоҳ Балтажий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 1386-йил зулҳижжанинг ўнинчисида Ийд Қурбон куни, милодий 1967-йил 21-мартда вафот этган. Жанозасида катта жамоат қатнашиб, унинг тобутини уламолар ва шогирдлари кўтаришган. Шунингдек, унда фазилатли шайх Муҳйиддин Муҳаммад Жамал ва мутафаккир олим фазилатли шайх Муҳаммад Ғаззолийлар иштирок этишган. Шайх Муҳаммад Ғаззолий[1] роҳимаҳуллоҳ унинг яқин дўсти эди. Вафотидан кейин оиласига кўп ғамхўрлик қилиб, фарзандларини илмни давом эттириши ва Қуръонга хизмат қилишида кўмаклашган.

 

Муҳаммадзариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 10 майдаги 03-07/3450-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.



[1] Шайх Муҳаммад Ғаззолий ас-Саққо машҳур мутафаккир олим, адиб, даъватчи. У 1917-йил 22-сентябирда Мисрнинг Баҳиро муҳофазотида туғилган. Ал-Азҳар университетида таълим олиб, имом хатиблик ва турли олий ўқув юртларида мударрислик қилган. Миср Вақфлар Вазрлигида масъул вазифаларда ишлаган. 94 та китоб муаллифи. 1996-йил 9-март куни Саудия Арабистони Риёз шаҳрида вафот этган ва “Бақиъ” қабристонига дафн қилинган.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Islom.uz портали томонидан Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида ташкил қилинган .Арбаъин, мусобақасининг биринчи куни давоми...

1305 17:31 / 06.02.2021
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар .Илм икки қисмдир 1. Қалбда бўлган илм. Бу қандай илм Илми нофеъ mdash фойдали илм 2. Тилда бўлган илм. Бу эса Аллоҳнинг Одам давоми...

1989 17:05 / 07.07.2023
Инсон танаси бўйлаб қоннинг айланиши, унинг юрак ва ўпка билан алоқаси ҳақида асрлар давомида дунё табиблари юнон олимларининг фикрларига суяниб келишган эди. давоми...

2377 14:35 / 27.01.2023
.Бир подшоҳ икки қул сотиб олган эди. Уларнинг руҳияти, ички оламига бир назар ташлаш учун аввал биринчи қули билан суҳбат ўтказди. Подшоҳнинг саволларига қул давоми...

3653 16:50 / 12.12.2022
Аудиолар

135327 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55577 14:35 / 11.08.2021