1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Бир назари жонга оби-ҳаётсан

12:43 / 18.05.2023 1275 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Лаҳзалар емирар ҳаётим,

Ҳар бир тонг умрчун қотилдир.

Оҳ урар ошиқлар баёти,

Аллоҳдан ўзгаси ботилдир!

 

Бир маъно излайман жавдираб,

Боқаман — чор атроф қавжирар.

Кўкдан бир сас келар гулдираб,

Аллоҳдан ўзгаси ботилдир!

 

Ағёрла бўламан оввора,

Кўксимга доғ тўлар тобора.

Лек бирдан сўйлайди сайёра,

Аллоҳдан ўзгаси ботилдир!

 

Дод солиб ёнади шафақлар,

Кўзларни маст қилар уфқлар,

Замин ҳам оҳиста шивирлар,

Аллоҳдан ўзгаси ботилдир.

 

Билибон билмасдек яшамоқ,

Инсонга ҳос бир бад мақом.

Не ажаб ўт узра яшнамоқ.

Аллоҳдан ўзгаси ботилдир!

 

Дарвеш эзар замин тупроғин,

Дараҳтлар тўшарлар япроғин.

Коинот жим тинглайдир оҳин...

«Аллоҳдан ўзгаси ботилдир,

Аллоҳдан ўзгаси ботилдир»

 

***

 

Деди ибнул-Атоуллоҳ ҳазрати

Бўлур банда бошида ду ҳолате

 

Бирисин дерлар сабаблар олами

Бирисин номи тажриддир эй рафиқ

 

Агар Холиқ сани қўйса бирига

Итоатла қадам босғил йўлига

 

Сабаблар оламинда тургизса гар

Касб ила рўзғорни тортсанг жадал

 

Тоатинг бўлса ўзининг ўрнида

Ҳам инфоқ эҳсон этсанг ҳақ йўлида

 

Ҳақни ҳам ҳам халқни этсанг розия

Кўнглинг узра қолмаса зарра таъма

 

Бул мақом эрмиш сабаблар олами

Ҳақ илоҳи тургизиб қўймиш сани

 

Бўлма ҳеч тажридга ўтмоқга ҳалак

Бул тилак мафхий шаҳватдандир дарак

 

Рози бўл тургазган жойингга сани

Бул бўлур чин қул ҳаётида маъни

 

Ва гар этса сани тажрид ҳолида

Ризқингни этса бардавом йўлида

 

Зикр ила илмини этсанг сен касб

Роббинг офиятни ҳам қилса насиб

 

Ёдидин қалбингда сезсанг бир сурур

Толиби илмингдин топсанг гар ҳузур

 

Аҳлу оиланг топарсанг бе таъма

Рўзиғоринг бўлмаса йўлдош ғама

 

Бул мақомин номи дерлар тажридий

Инъоми Холиқ эрур бул бир ажиб

 

Гар сани қоим этарса устида

Санга лозим итоат амр остида

 

Зикру тоатла вужудинг покла

Илмига ақлингни маҳкам боғла

 

Ризқингга кафилга қуллик айлағил

Зикрила фикрингни нурлик айлағил

 

Ва агар ўйларсанг бул ҳол устида

Сабаблар оламининг ҳусусида

 

Илоҳий тажриддан кетмоқ истасанг

Сабаб дунёсига ўтмоқ истасанг

 

Бу ҳолинг дерлар ул аҳли орифон

«Улуғ ҳимматдан йиқилмоқ» ногаҳон

 

Сани тажрид узра қилмишди қоим

Сани лаин сабабга қилди моил

 

Бул эрур исён Илоҳнинг амрига

Итоатдир амморанинг майлига

 

Назар айла турар жойинг қайдур ул

Мақомга мос амални танла эй қул

 

Роббано айла биз қулларга карам

Амрингга итоатла эт муҳтарам

 

Санки берсанг бир мақомни бандага

Рози айла ани кўпу-кандага

 

Англамоқлик фаҳмини бергин ажиб

Сабаблар оламими бу ё тажрид.

 

****

Баргидан айрилган шўрлик дараҳтдек

Фироқингиз узра ёнмоқда юрак

Кўзлар кўр, қулоқлар битган караҳтдек

Билолмам бу қандай оғриқли  тилак

 

Қаро кўзларингиз ўйлабон тунлар

Кўз эмас кўнглимдан чаккиллайди қон

Бу қандайин азоб, бу қандай кунлар

Жонимнинг томирин тўрғайди ҳижрон

 

Ошиқлар сўзлашар васфингиз

Тингласам мавж урар соғинчлар

Не ҳасрат-кўролмам васлингиз

Бул ғамга йўқ эрур юпанчлар

 

Жонимсиз дейману жонсизман

Қўлларим бемажол ҳолсизман

Муносиб қулингиз бўлмадим

Рақибим олдида ожизман

 

Илло бор умидим Раҳмондан

Меҳрибон, қолдирмас армонда

Гар қулин қийнаса ҳижронда

Бешак бу дард қулга дармондан

 

Кутгайман мен сизни ҳар дамда...

Энг кўпроқ Роббиул аввалда...

 

***

Кўнгил дея жуда кўп ёзибмиз шеър

Лекин англамабмиз у асли нима

Жойнамоз устида очилган қўл у

Ва ўша кафтларга тўкилган қатра

 

Кўнгил нималигин билмабмиз зинҳор

У экан Раббоний бир ажойиб боғ

Қаровсиз қолганда бўлмиш тиконзор

Парвариш қилингач очилган гул-боғ

 

Нима у кўнгил деб бўлибмиз сарсон

Аммо фаҳмига ҳам бормабмиз ё Робб

Энг яқин инсондан азоб кўрган он

У экан чирсиллаб узулган тола

 

Асл ҳақиқатин билмабмиз уни

Холиқ уни қилган экан назаргоҳ

Зарларга буркабмиз зоҳирий тўнни

Тополмай кўнгилни қилибмиз абгор

 

Афсус билолмабмиз нелигин уни

У экан Иймондек гавҳар қутиси

Бизчи тиқиб унга дунёйи дунни

Қилибмиз мисоли ахлат қутиси

 

Кўнгил нималигин ҳануз билмабмиз...

 

***

 

Видолар айтаман сенга эй бугун

Сен эдинг буст-бутун умримдан парча

Ўтинчим , фойдамга гувоҳ бўл у кун,

Энди кўришмаймиз Қиёматгача...

 

***

Тўйиб ол қамарнинг барно ҳуснига,

Бугун боқар сенга жуда яқиндан.

Эртага надомат чаплаб юзинга,

Тўлмасин дил уйинг фиғон тутундан.

 

Бугун бир ҳуснини айламиш тортиқ,

Сендайин бир гадо девона учун!

Ғар дунёнинг лағв ишидан ортиб,

Кўз узмайин термул тиззангни қучиб.

 

Кўзнинг ўзи етмас англамоқликка,

Термулгин кир босган юрагинг билан.

Имкон бўлса эди покламоқликка,

Чиркинларни унинг нурлари ила.

 

Эй ҳурлиқо Қамар, эй бахтдор Қамар,

Сенга ҳавасимнинг сабаби Як дир.

Севгилим қўлида бўлиниб аввал,

Сўнг яна буст-бутун бўлганинг бахтдир.

 

***

Нола

 

Ишқ мани айлади зор-зорлар,

Ҳажридан кўнгилда озорлар.

“Ҳу“ дебон дард ортар эй ёронлар,

Бир висол истарам,

Муҳаббат гувоҳ.

 

Ошиқманам далли-девона,

Кундан-кун тўлмоқда паймона,

Маконим бўлмишдир майхона,

Бир висол истарам,

Муҳаббат гувоҳ.

 

Мактубин ўқибон ёнаман,

Ишқида ағёрдин тонаман,

Ташнаман, бир боқса қонаман.

Бир висол истарам,

Муҳаббат гувоҳ.

 

Саҳрода дайдибон Мажнундек,

Мусофирману манзил мажҳулдек,

Шому-тонг оҳ уриб булбулдек,

Бир висол истарам,

Муҳаббат гувоҳ.

 

 

Эй Жонон бир бора қил назар,

Ман осийдан айлама ҳазар,

“Азкуркум“* дегансанку ахир,

Бир висол истарам,

Муҳаббат гувоҳ.

 

***

Бир назари жонга оби-ҳаётсан

 

Гулшан аро эрурсан сан бир тоза гул,

Жамолинг васфи айламиш халқни қул.

Бир қиё боқиб манга тараҳҳум қил,

Ошиқларга сан ҳаёт ҳам мамотсан.

 

Ой каби нур сочар юзинг зиёси,

Тишларинг инжу демам, йўқ қиёси.

Кўрмамиш кўзингдек кўзни дунёси,

Бир назари жонга оби ҳаётсан.

 

Ортингдан зор эргашур бу оламе,

Қолмамиш номинг билмаган одаме.

Кафтингдан сув ичсам тугар мотаме,

Зор ташна ошиқман ўзинг булоқсан.

 

Тиғ урар кўксимга ҳижрон дам ба дам,

Ошиқларинг аро ошиқман манам.

Хор бўлган кўнглим қил обод қўй қадам,

Гадога раҳм айлаб де -сан ёронсан.

 

Висолинг эрур манга энг олий бахт,

Чашмингга боқмоқ тилаб қалбимда дард.

Номинг тилга жо бўлибон кетди гард,

Сарвари олам — фаҳри коинотсан.

 

Бир назари жонга оби-ҳаётсан.

 

***

 

Қафас

 

Недан бунча ғамгин ёзасан дейди,

Онам ҳар шеъримни ўқиган чоғи.

Не қилай онажон жигарим ейди,

Кўксимга ўрнашган хатолар доғи.

 

Букридек елкамдан чиқиб туради,

Таъманинг минг турли рангин жилоси.

Бор корим шамолга ҳўп совуради,

Риёнинг энг олий махфий риёси.

 

Саҳарликга ёлғон бўлар таомим,

Оғзимни очаман иғволар билан.

Она, шўрлик боланг дардин ёмони,

Азиз умри ўтар яллолар билан.

 

Бошимда ўтирар яшшамагур нафс,

У айтар не емоқ, не ичмоғимни.

Тақвонинг ёнига чизиб қўйган қавс,

Истамас янги бир бет очмоғимни.

 

Кўксимга ясаган темир бир қафас,

Ичида питирлар бир бечора қуш.

Шўрлик озодликни қилади ҳавас,

Парвози ҳақида туш кўради, туш.

 

Ғўр қушчам билмайди қанотларини,

Қийгандир ланати аммора.

Мен билан қушчамнинг тоқатларини,

Тоқ қилиб бормоқда тобора.

 

Қушгинам, нафаси бўғилган,

Қаноти кесилган қушгинам.

Иймон деб исм ҳам қўйилган,

Мен учун энг қиммат ҳушгинам.

 

Иккимиз ҳор бўлдик битта танада,

Биргина нафс қилди бизни сарсонлар.

Сен қафасда, менчи ёлғиз хонада,

Ёзамиз армонли, дардли достонлар.

 

Она, мени эзган бошимни эгган,

Қаламимни маҳзун айлаган шудир.

Қушчамнинг қанотин синдириб еган,

Уни банди, мени, айлаган қулдир.

 

Дуо қил онажон тўхтамай мени,

Банди қушгинам ҳам қанотлар қоқсин.

Етар ўзгага қул бўлганим энди,

Хаста кўнглим асл Ҳожасин топсин .

 

Дуо қил Онажон тўхтамай мени...

 

Умиджон Хасанов

Эслатма: Сиз ҳам «Islom.uz-1444» танловида қатнашмоқчимисиз? Унда қуйидаги https://islom.uz/maqola/19769 ҳавола орқали мусобақа шартлари билан танишинг ва танловда иштирок этинг!

Ушбу шеър Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 10 майдаги 03-07/3450-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида тўрт чоракдан иборат танлов эълон қилган эди.Бугунги кунгача 1чорак mdash ҳанафий ва 2чорак mdash давоми...

1139 17:37 / 12.02.2022
Маълумки, islom.uz портали шеърият мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида .Арбаъин, номли танлов эълон қилган.Ушбу давоми...

1458 11:35 / 05.02.2021
Ҳанафий мазҳабига оид мавзуда иштирокчиларимиз томонидан islomuztanlovbot манзилига келиб тушаётган мақолаларАҳли ҳадис ва раъй соҳиблари ўртасидаги ихтилофларучинчи давоми...

1277 14:00 / 11.10.2021
Буюк Қудрат соҳиби, чексиз неъматлар Эгаси, мўмин бандаларини дардлар билан имтиҳон қилиб, маҳрум этиши тортиқ бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Матонат ва олий ҳиммат давоми...

2061 16:41 / 09.01.2023