1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Расулуллоҳнинг жаннатдаги қўшинлари (иккинчи мақола)

14:37 / 15.05.2023 1367 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Табук жангига тайёргарлик кўриб турилган бир вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга баъзи мунофиқ одамлар Сувайлим исмли яҳудийнинг уйига тўпланиб олиб, Табук жангида одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ортда қолишга чақираётганлари маълум бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ерга бир гуруҳ саҳобалар билан Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни юбордилар ва уларга Сувайлимнинг уйига ўт қўйиб юборишга амр қилдилар. Толҳа розияллоҳу анҳу амрни бажо келтирди.

Бунга ўхшаш топшириқларни Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу жуда ҳам ўринлатиб адо этар эдилар.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига ‎содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан ‎баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса интизор ‎бўлиб турибдир. Улар бирор нарсани ‎алмаштирмадилар» (‎23‎-оят).

Яъни, «Мўминлар ичида Аллоҳ таолонинг йўлида жонини фидо қилишга аҳду паймон берган кишилар бор. Улар мунофиқ ва иймони заифлар каби қўрқоқлик қилмайдилар. Улардан баъзилари Аллоҳ таолога берган аҳду паймонларида содиқ туриб, ўз ажалини топди. Бошқа баъзилари эса ўша олий мақомни кутмоқдалар».

Албатта, ушбу оятдаги зикр этилган олий мақомга эришган зотлар ким эканлиги ҳар бир мўмин-мусулмонда катта қизиқиш уйғотади. Саҳобаи киромлар ўша бахтли инсон кимлигини била олмай юрар эдилар. Қулай пайт келганда ўша саволни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бериб, жавоб олишга бир йўл топдилар. У йўл қандай йўл эканлигини ва унинг самараси нима бўлганини Толҳа розияллоҳу анҳунинг ўзларидан эшитамиз.

عَنْ طَلْحَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ أَصْحَابَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالُوا لِأَعْرَابِيٍّ جَاهِلٍ: سَلْهُ عَمَّنْ قَضَى نَحْبَهُ مَنْ هُوَ؟ وَكَانُوا لَا يَجْتَرِئُونَ عَلَى مَسْأَلَتِهِ يُوَقِّرُونَهُ وَيَهَابُونَهُ، فَسَأَلَهُ الْأَعْرَابِيُّ فَأَعْرَضَ عَنْهُ، ثُمَّ إِنِّي اطَّلَعْتُ مِنْ بَابِ الْمَسْجِدِ وَعَلَيَّ ثِيَابٌ خُضْرٌ، فَلَمَّا رَآنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَيْنَ السَّائِلُ عَمَّنْ قَضَى نَحْبَهُ؟ قَالَ الْأَعْرَابِيُّ: أَنَا يَا رَسُولَ اللهِ، هَذَا مِمَّنْ قَضَى نَحْبَهُ.

Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бир жоҳил аъробийга: «Ўз ажалини топган шахс ҳақида «У ким?» деб сўра», дедилар. Улар у зотни  ҳурматлаб, ҳайиқиб, бир нарса сўрашга журъат қила олмас эдилар. Бас, аъробий у зотдан сўради. У зот ўгирилиб олдилар. Сўнгра масжиднинг эшигида эгнимда яшил кийим ила мен пайдо бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўришлари билан:

«Ўз ажалини топган шахс ҳақида сўровчи қани?» дедилар.

«Менман, эй Аллоҳнинг Расули», деди аъробий.

«Манави ўз ажалини топган шахслардан», дедилар».

Яъни, бу «Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолиб, Унинг йўлида шаҳид бўлиб, ўз ажалини топган кишилардандир», деганларидир. Тирик ҳолда юрган одамга бундай улуғ мақомнинг берилиши жуда ҳам буюк бир ишдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг бундай улуғ мақомларини бошқа бир ҳадиси шарифларида яна ҳам очиқроқ айтганлар.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَنْظُرَ إِلَى شَهِيدٍ يَمْشِي عَلَى وَجْهِ الْأَرْضِ فَلْيَنْظُرْ إِلَى طَلْحَةَ بْنِ عُبَيْدِ اللهِ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ التِّرْمِذِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни ер юзида юрган шаҳидга назар солиш хурсанд қилса, Толҳа ибн Убайдуллоҳга назар солсин», дедилар».

Учовини Термизий ривоят қилган.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг шахслари учун бу марҳамат улуғ мақом эди. Ер юзида қадам босиб юрган тирик шаҳид бўлиш ҳар кимга ҳам насиб бўлавермайдиган мақом.

Бу олий мақомга сабаб бўлган ҳодисани Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳи «Тарихи Димашқ» китобида қуйидагича ривоят қиладилар:

«Мусулмонлар Уҳудда яхши жанг қилиб туриб, кейин сусайганларида Бани Омирлик бир киши қизғиш қорамтир қашқа оти устида найзасини ўқталиб, «Менга Муҳаммадни кўрсатиб қўйинглар!» деб бостириб кела бошлади. Шунда мен унинг отининг томоғига солдим. От уни отиб юборди. Мен унинг найзасини олиб, ўзига урдим. Аллоҳга қасамки, унинг қоқ кекирдагига урдим. У ҳўкиздек бўкириб, ерга ағанади. Мен жони чиққунча унинг калласини оёғим билан босиб турдим».

Ана ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни ер юзида юрган шаҳидга назар солиш хурсанд қилса, Толҳа ибн Убайдуллоҳга назар солсин», дедилар».

Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу тоғ тарафдан бир қудуқни сотиб олди ва одамларни таомлантирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сен, эй Толҳа, файёзсан!» дедилар».

Файёз сўзи «тошқин дарё» маъносини англатади. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуга беҳудага тошқин дарё лақабини бермаган эдилар. У киши топган нарсаларини мусулмонлар фойдаси учун хайру эҳсон қилишга ошиқар эдилар.

Ушбу ривоятда зикр қилинган қудуқни Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Зи қирд жангидан кейин сотиб олиб, кишиларга ҳадя қилган эдилар. У қудуқнинг номи «Бибсан молиҳ» («Тузли бибисан») эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқнинг номини чиройли қилиб, «Нўъмон тоййиб» («ёқимли Нўъмон») деб ўзгартирдилар.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг йўлидаги хизматдан, мусулмонлар жамияти учун ишлашдан ортиб қолган вақтларида тижорат билан машғул бўлар эдилар. У киши энг бой шахслардан ҳисобланар эдилар. Шу билан бирга, энг кўп хайри эҳсон қиладиган кишилардан ҳам эдилар.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг бу хислатларини тақдирлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига  «Толаҳатул хайр» («Хайр-эҳсон Толҳаси») ва «Толаҳатул жувд» («Саховат Тол­ҳаси») номларини ҳам берган эдилар.

Имом Тобароний, Ибн Саъд ва Абу Нуъайм Муҳаммад ибн Яҳъёдан, у киши момоси Саъдаа розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Бир куни Толҳанинг олдига кирдим. Унинг сиқилиб ўтирганини кўрдим ва:

«Сенга нима бўлди? Ёки биз билмай, хафа қилиб қўйдикми?» дедим.

«Йўқ. Сен мусулмон одам учун қандай ҳам яхши соҳибасан. Лекин ҳузуримда мол тўпланиб қолди. Уни нима қилишимни билмаяпман», деди.

«Шунга ҳам ғам қиласанми!? Одамларни чақириб, тақсимлаб бер!» дедим.

«Эй ғулом! Менга қавмни чақириб кел!» деди у.

«Қанча тақсимлади?» дедим хазиначига.

«Тўрт юз минг», деди у».

Абу Нуъайм ва Ибн Саъд Ҳасандан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Толҳа розияллоҳу анҳу ўзига тегишли ерни етти юз мингга сотди. Ўша кечаси ухлай олмай чиқди. Мазкур молдан қўрққан эди. Тонг отиши билан бўлиб бериб юборди».

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг сахийликлари ҳақида:

«Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бошқа сўралмаса ҳам, кўплаб молни берадиган одамни кўрмадим».

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўз қариндошларининг харажатларини ҳам кўтарар эдилар. Уларнинг ичида никоҳланмагани бўлса, никоҳлаб қўяр, камбағали бўлса, хизматини қилар, қарздорлари бўлса, қарзини узар эдилар.

Соиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуга сафарда ҳам, ҳазарда ҳам соҳиб бўлдим. У кишига ўхшаш дирҳамда, кийимда ва таомда сахий одамни ҳеч кўрмадим».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги
03-07/5165-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақларида сўз кетганида, у кишининг адолатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишнинг ўзи қизиқ туюлади. Зеро, дунёда Умар ва адолат давоми...

1178 12:36 / 23 сентябрь
Имом Молик Саъид ибн Мусаййибдан ривоят қилади .Бир мусулмон ва бир яҳудий хусуматлашиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келишди. Яҳудий ҳақ бўлиб чиқди. Умар давоми...

1306 13:59 / 21 декабрь
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганимда, албатта, у зотнинг юзлари каззобнинг юзи эмаслигини билдим.Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳуУ зот соллаллоҳу давоми...

1719 11:00 / 10.01.2022
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Форс подшоҳи Яздажирни Исломга чақириш учун ашрофлардан тарғиботчилар юбордилар. Уларнинг ичида Нўъмон ибн Муқаррин, Қайс ибн давоми...

1744 18:46 / 26 май