1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

«Аллоҳ таолонинг қиличи» мағлуб бўлмайди!

11:00 / 26.01.2021 3260 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

 Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг Исломга киришлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд бўлишларига, севинишларига сабаб бўлган ҳодисалардан эди.

Уларнинг Исломни қабул қилганларидан хурсанд бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Макка сизларга ўз жигарпорасини юборибди», деб марҳамат қилганлар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлганларидан кейин илк иштирок этган ғазотлари Мўъта ғазоти эди. Мазкур ғазотда аввал Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу, у кишидан сўнг Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу, сўнг Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳулар қўмондонлик қилишган. Улар шаҳид бўлишгач, Собит ибн Арқам розияллоҳу анҳу байроқни олишга югурдилар ва уни олиб, баланд кўтардилар. Холид розияллоҳу анҳуга қараб юриб, «Байроқни олинг, эй Абу Сулаймон!» дедилар. Холид розияллоҳу анҳу ўзларини байроқни олишга ҳақли деб билмадилар ва «Йўқ, байроқни олмайман. Унга ўзингиз ҳақлисиз. Сизнинг ёшингиз катта ва Бадрда қатнашгансиз» дедилар. Собит розияллоҳу анҳу «Олинг уни, сиз жангни мендан кўра пухтароқ биласиз. Аллоҳга қасамки, у (байроқ)ни сизга бериш учунгина олдим» дедилар. Сўнг мусулмонларга «Холиднинг амир бўлишига розимисизлар?» деб нидо қилдилар. Улар «Ҳа» дейишди. Ана шундан сўнг байроқни Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу олдилар ва Аллоҳ таоло у кишини сабаб қилиб мусулмонлар қўшинини қутқарди. Холид розиялллоҳу анҳу «Мўъта куни қўлимда тўққизта қилич синди. Қўлимда фақатгина Яман қиличи қолди» деганлар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд, Жаъфар ва ибн Равоҳанинг хабари келишидан аввал одамларга уларнинг ўлганлигини билдирдилар. У зот: «Байроқни Зайд олди. У мусибатга учради. Сўнгра байроқни Жаъфар олди. У ҳам мусибатга учради. Энди байроқни Ибн Равоҳа олди. Бас, у ҳам мусибатга учради», дер ва кўзларидан дув-дув ёш тўкилар эди!

«Ниҳоят байроқни Аллоҳнинг қиличларидан бир қилич олди ва уларга фатҳу нусрат келди», дедилар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг лақаблари «Сайфуллоҳ» бўлиб, бунинг маъноси «Аллоҳнинг қиличи» демакдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини «Аллоҳнинг мушрику мунофиқларга қарши кўтарган қиличидир» деганлар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Мўъта ғазотидан бошлаб барча жангларда иштирок этдилар. Макка фатҳи куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага юқори тарафидан кирган бўлсалар, Холид розияллоҳу анҳуга Макканинг қуйи тарафидан киришни топширадилар. Табук, Ҳунайн ғазотларида ҳам кўплаб жасорат кўрсатганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул аълога интиқол қилганларидан сўнг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида ридда урушларида, Мусайлима Каззобга қарши жангда, Ироқни фатҳ этишда, Шом ерларини фатҳ этиш учун бўлган жангларда қўмондон ва аскар сифатида иштирок этиб, жасорат кўрсатдилар.

Ярмук жангида мусулмонларнинг 36-40 минг сонли қўшини 240 минг сонли румлик аскарларга қарши жанг олиб бориб, узил-кесил ғалабага эришдилар. Шомни румликлар қўлидан бутунлай тортиб олдилар. Бу жангда мусулмонлар қўшинининг етакчи қўмондони Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу эдилар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Рум императорига қарши Ярмук жангида қўшинга қўмондонлик қилаётган пайтда Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этдилар. У кишидан кейин халифалик Умар розияллоҳу анҳуга ўтди. Умар розияллоҳу анҳу Ярмук жангидаги қўшинга Абу Убайда розияллоҳу анҳуни қўмондон қилиб, Холид розияллоҳу анҳуни мансабидан озод этдилар. Бу ҳақда келган мактубни Абу Убайда розияллоҳу анҳу Холид розияллоҳу анҳуга билдирмай, яширдилар. Уруш тугагач, мактубни Холид розияллоҳу анҳуга кўрсатдилар. Холид розияллоҳу анҳу у кишидан «Аллоҳ сизни раҳм қилсин, эй Абу Убайда. Бу мактубни келган пайтида менга айтишдан сизни нима тўсди?» деб сўрадилар. У киши Холид розияллоҳу анҳуга «Мен сизнинг урушингизни синдиргим келмади. Биз дунё султонлигини хоҳламаймиз. Дунё учун амал қилмаймиз. Барчамиз Аллоҳ йўлида биродармиз» дедилар.

Шундан сўнг Холид розияллоҳу анҳу жангларда аскар сифатида иштирок этдилар. Аммо бу ҳол у кишининг шаштини пасайишига сабаб бўла олмади. Чунки, саҳобаи киромларнинг мақсадлари амирлик, қўмондонлик эмасди. Балки, мусулмонлар қўшини таркибида бўлиш, шу жамоа орасида Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун жанг қилиб, жон бериш эди.

Холид розияллоҳу анҳу жанг пайтида киядиган бош кийимларининг олд қисмига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйиб олар ва Аллоҳнинг фазли ва ўша соч толасининг баракаси сабабидан ғалаба қозонардилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул вадоъда соч олдирганларида, саҳобаи киромлар муборак соч толаларини бўлишиб олишган. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бошларининг олд қисмидаги толани Холид розияллоҳу анҳуга берган эканлар. Ярмук жанги куни Холид розияллоҳу анҳунинг бош кийимлари тушиб қолганда, ўзлари билан бирга одамларни ҳам бош кийимни излашга буюрганлар. Баъзилар бу масалада у кишини итоб қилганда, «Унда (бош кийимимда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олд пешона қисмларидаги соч толаларидан баъзиси бор эди. Мен ўша соч толаси баракага сабаб бўлади деб ўйлайман» деганлар.

Ҳижрий 21-йил, Рамазон ойининг 18-кунида Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг кўзларидан ёшлар қуйилди. Бу ёшлар ўлимдан қўрқиб тўкилмаётган эди. Зеро, у киши юзта жангда ўлим билан юзма-юз туриб, жанг қилгандилар. Бу кўз ёшлар шаҳодатга бўлган шавқларидан эди. Тўшакда вафот этаётганлари учун кўз ёш тўккан эдилар. Уруш майдонларида наъра тортган, душманлари қалбига қўрқув солган, Рум, Форс, Ироқ, Шом ўлкаларини фатҳ этишда иштирок этган, қўмондон бўлган инсон тўшак устида вафот этаётган эдилар.

Ушбу саҳобий қалбларидан ўтаётган ҳисларни мана бундай баён қилган эдилар: «Мен фалон, фалон урушларда иштирок этдим. Жасадимда қилич зарби тегмаган ёки камон ўқи кирмаган ёки найза санчилмаган бир қарич ҳам жой йўқ. Айни пайтда эса тўшагим устида, ўз ажалим билан туя каби ўлим топяпман. Қўрқоқларнинг кўзига уйқу келмасин».

Аллоҳ таолонинг кофиру мушрикларга қарши суғурилган қиличи мағлуб бўлармиди?! Жангда ўлдирилармиди?!

Аллоҳ таоло барча содиқ саҳобалардан, жумладан, «Сайфуллоҳ» лақабини олган саҳоба Холиддан рози бўлсин!

(Тамом)

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳуни бош қилиб бир жойга қўшин жўнатдилар. Улар қайтаётиб араб маҳаллаларидан давоми...

8051 13:00 / 04.01.2022
ШАҲИДУЛ МЕҲРОББундан мақсад, ул улуғнинг учинчилари бўлган, хилм ва виқорда ниҳоятда гўзал намуна бўлган ва ҳамда тажовуз ва зулм туфайли намоз ўқиётган давоми...

27205 01:18 / 22.04.2017
Улуғ саҳоба Убай ибн Каъб ибн Қайс ибн Убайд ибн Муовия ибн Амр ибн Молик ибн Нажжор ибн Саълаба ибн Амр Ҳазражий Мадинаи Мунавварада туғилган, биринчилардан бўлиб давоми...

1219 14:11 / 19 ноябрь
У кишининг тўлиқ исмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманноф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Муррадир. Саъд ибн Абу Ваққоснинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

1694 15:07 / 18.11.2023