1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Тарих йўналишини ўзгартирган қўмондон

09:00 / 25.02.2023 1808 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салжуқийлар давлатининг буюк султони Алп-Арслон бўлиб, унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Довуддир. У зотнинг унвон ёки фахрий тахаллуслари Зиёуддин, Азуддавла, Тожул Милла, кунялари Абу Шужо, шахсий исмлари Муҳаммад, тахт номлари Алп-Арслон, оталарининг исми Довуддир.
Алп-Арслон — Жасур шер деган маънони билдиради. 
Ҳаёт йиллари: 1029 йил 20 январь - 1072 йил 15 декабрь.
Ҳукмдорлик даври: 1063-1072 йиллар.
Аёли: Қорахонийлар давлати хоқони Юсуф Қодирхоннинг қизи.
Ўғиллари: Муиззуддин Маликшоҳ I, Тожуддавла Тутуш I, Иззуддин Арслон-Аргун, Бори-барс, Танлов, Аёз, Сайловшоҳ, Арслоншоҳ, Текишдир.
Қизлари: Малика Ойша, Малика Зулайҳо Хотун
Алп-Арслон тахминан 1029-30 йилларда туғилган. Отаси Чағрибек Довуд вафотидан сўнг 1058-59 йилларда Хуросонга ҳоким бўлган. 1060-61 йилларда Грузия қироли Баграт IV томонидан мағлубиятга учраган ва асир олинган. Унинг синглиси арман подшоҳининг хотини бўлганлиги сабабли, у Грузия қиролига қимматбаҳо совғалар жўнатиб, Алп-Арслоннинг озод этилишига эришган. У 1063 йилда фарзандсиз амакиси Тўғрулбек вафотидан кейин тахтга ўтирди.


Алп-Арслоннинг ташқи кўриниши, хулқ-атвори султонликка жуда мос эди. Табиатан Алп-Арслон гавдали киши эди, баланд бош кийим кийганда бу ҳол яққол кўзга ташланарди. У жуда кучли ва жасур одам бўлиб, олижаноб фазилат эгаси эди. Душманлари билан ҳам қоида асосида жанг қилар, камбағалларга катта миқдорда пул тарқатар, муҳтожларга пул, совға-салом, кексаларга нафақа тайинлаш орқали ёрдам беришга доимо ошиқар эди.
Алп-Арслон одамларни жуда яхши тушунарди ва маслаҳатчилар танлашда жуда эҳтиёткор эди. Унда ҳар қандай илмга нисбатан туғма ҳурмат туйғуси бор эди ва унинг ажойиб вазири Низомул Мулк бу туйғуни янада ривожлантирди. Айнан унинг раҳбарлигида Алп-Арслон олимлар, фан ва маданият арбоблари билан мулоқот қилиш жозибасини ўрганди.


Алп-Арслон Ҳиротни эгаллаб олганидан кейин моҳир лашкарбоши сифатида шуҳрат қозонди, бу унинг ҳокимиятга келганидан бир йил ўтиб содир бўлди. Кейинги ўн икки ой ичида у катта бобоси Салжуқий қабри жойлашган Жендни забт этди, нотинч Фарс ва Кирмон ҳудудларида тартиб ўрнатди, муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларини Фотимийлардан забт этди, Ҳалабни олди. Унинг ўғли Маликшоҳнинг фотимий маликасига уйланиши давлатнинг шарқий ва жанубий чегараларида тинчлик ва осойишталикни тиклашга ёрдам берди. Шундай қилиб, бу вақтга келиб, Алп-Арслон давлати Афғонистон чегараларидан Фотимийлар ҳукмронлик қилган Миср чегараларигача бўлган маконни эгаллади. Фақат ғарбий чегаралари ҳимоясиз қолганлиги сабабли султон у ерда хавфсизлик чораларини кучайтирди. 


Мусулмонлар Алп-Арслоннинг византияликлар билан урушдаги жасоратларини, 1064 йилда Арманистоннинг собиқ пойтахти Ани шаҳрини мағлуб этганини, Ван кўли яқинидаги Манзикертда Византия қўшинларини тор-мор этганини юксак эътироф этадилар.


Император Роман IV Диоген ўзининг 200 минг сонли қўшинини шарққа олиб борди. Қўшин Арманистон чегарасига яқинлашгач, уни икки катта гуруҳга бўлди. Бирини Ахлатни олишга юборди, иккинчисини эса Манзикертга олиб борди.


Император қўшинининг олдинга силжиши ҳақидаги хабар Алп-Арслоннинг қулоғига етиб бориши биланоқ, у ўзи билан яхши тайёрланган қўшиннинг бир қисмини олиб, Роман билан жанг қилиш ниятида Мисрдан шимолга йўл олди. Императорга Алп-Арслоннинг юриши жуда яқин қолгандагина маълум бўлди. Роман ўз қўшинининг қолган қисмини Ахлатни эгаллаш учун юборилган қисм билан бирлаштиришга умуман улгурмади. Шунга қарамай, Роман муваффақиятга эришишига ишонарди. Лекин жосуслар томонидан олинган маълумотлар аниқ эмаслиги ва императорнинг бепарволиги сабаб юнонлар кўп талафот кўрди. 


1071 йил 19 августда юнонлар учун ҳалокатли кун бошланди. Бу куннинг тонгида Алп-Арслон гўё чекингандек кўриниб, улкан Византия армиясининг асосий қисмини Манзикерт яқинидаги водийга жалб этишга қарор қилди. Кечаси Византия армиясидаги ёлланма аскарлар қочиб кетишди. Катта йўқотишларга қарамай, император Роман қўшинининг сони ҳали ҳам салжуқий қўшинлари сонидан кўплигича қолиб, улар 150 минг атрофида эди. Жанг қизғин паллага кирганда, византияликлар салжуқийлардан кўра заифроқ экани маълум бўлиб қолди ва улар ғазабланган мусулмон қўшинининг ҳужуми остида ваҳима ичра қочиб кетишди. Аскарлар саросимада қолиб, кичик гуруҳларга тарқалиб, ҳатто ўз императорини ҳимоя қилиш бурчини ҳам унутди. Ўз соқчилари томонидан ташлаб кетилган император ярадор ҳолда Алп-Арслон жангчилари томонидан асир олинди.


Юнонлар қаттиқ мағлубиятга учрадилар, бунинг оқибатлари улар учун ҳалокатли бўлди. Жангдан бир ҳафта ўтгач, император ярим миллион (баъзи манбаларда бир ярим миллион) динор тўловини тўлаб, ўз озодлигини қўлга киритди. Император Роман ҳали асирликда бўлган пайтидаёқ сулҳ шартларига рози бўлди, озодликка эришиш учун катта тўловдан ташқари, у 50 йиллик сулҳга ва византияликлар томонидан ушлаб турилган барча мусулмон маҳбусларни озод этишга розилик билдиришга мажбур бўлди. Лекин шартларнинг энг хорловчиси шу эдики, фавқулодда вазият юзага келганда салжуқийлар қўшинини император ўз аскарларининг маълум бир қисми билан таъминлаши керак эди.


Ислом тарихида Алп-Арслон ҳукмронлиги даври олий мусулмон мактабларининг бутун бир тармоғи — мадрасалар ташкил этилгани, бу даврда улар биринчи марта давлат муассасаларига айлангани ва моддий ресурслар билан таъминланганлиги билан ажралиб туради.


Шарқ тарихчилари Алп-Арслоннинг адолат ва саховатпешалигини, тартибни сақлашга бўлган ғамхўрлигини, умумий фойдаланишдаги бино ва иншоотларга бўлган эътиборини, иймон-эътиқодга бўлган ғайратини, зуҳд, тақво, руҳий тарбияга алоҳида аҳамаият қаратганини олқишлайдилар.


Манзикерт жангидаги ғалаба салжуқийларга ғарбга йўл очди. Аммо Алп-Арслон якуний натижага шунчалик ишондики, у Роман IV билан келишув шартларига риоя қилишга ва бу йўналишдаги ҳар қандай ҳарбий операцияларни келажакка қолдиришга қарор қилди. 


Шундай қилиб, Алп Арслон Манзикерт жангида румлар устидан йирик ғалабага эришди. Ушбу ғалаба мусулмонлар учун Анадолу эшикларини очилишига ҳамда бу минтақада ҳаёт ва цивилизация бутунлай ўзгаришига сабаб бўлди. Бу ғалабадан сўнг масиҳийлик динига эътиқод қилувчи румликлар нуфузи минтақада пасайиб, ҳудуд ва унинг аҳолиси Ислом либосига бурканди. Энди бу ерда истиқомат қилувчилар мусулмон сифатида ҳаётларида ва маслакларида Ислом динига амал қила бошладилар. Алп Арслон раҳимаҳуллоҳ Марказий Осиёда яшовчи туркий қабилаларни Анадолу минтақасига жалб қила бошлади. Натижада янги кўчиб келаётган қабилалар билан бир қаторда икки тил — араб-форс тиллари ҳам кириб келди ва кенг ёйилди. Ушбу қабилалар буюк бир сулоланинг негизи бўлиб хизмат қилди. Бу қабила авлодлари кейинчалик Усмонийлар давлатига асос солдилар. Усмонийлар эса ўз навбатида Византия империясини тарих зарварақларидан ўчириб, империянинг пойтахти бўлган Қустантиния (Истанбул)ни фатҳ қилиб, Усмонийлар давлатининг пойтахтига айлантиришди. Бу шаҳарнинг номини Исломбул ёки Мадинатул Ислам (Ислом шаҳри) деб ўзгартиришди. 


Аллоҳ таоло дин ғамида фидокорлик кўрсатган барча султонлар қаторида Алп-Арслонни раҳматига олсин, Ислом учун қилган хизматларини муносиб тақдирласин.


Фойдаланилган манбалар:
allmonarchs.net
islamonline.net
ru.wikipedia.org


 Нозимжон Ҳошимжон & Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яман аҳлидан бўлган ўн уч нафар мусулмонлардан ташкил топган Нужайб гуруҳи ўзлари билан Аллоҳ уларга фарз қилган молларининг садақаларини олиб Расулуллоҳ давоми...

5630 05:00 / 11.03.2017
Бадр урушидан сўнг айрим Мадина мушриклари мунофиқлик йўлини тутишди. Уларнинг раҳбари Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул эди. Энди улар Исломга қарши махфий иш юрита давоми...

1863 15:00 / 10.11.2020
Исҳоқ алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг Сора онамиздан туғилган ўғилларидир. Иброҳим алайҳиссалом 99 ёшга, жуфтлари Сора ҳам катта ёшга етиб қолганида Аллоҳ давоми...

3839 16:30 / 21.02.2019
.Меърож ҳодисаси Ислом аҳли учун улкан аҳамият касб этади. Зеро, бу тунда Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларга намоз ўқиб берганлар. У зот давоми...

1746 18:56 / 15 февраль
Аудиолар

137629 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57694 14:35 / 11.08.2021