1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Шўро кенгаши ва девоннинг ташкил қилиниши

11:34 / 14 август 968 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу фақат фатҳ ишлари билангина машғул бўлиб бошқа ишларга қўллари тегмай қолгани йўқ. Балки у киши раҳбар сифатида ҳамма ишларни қойиллатиб бажармоқда эдилар. Ҳар бир соҳада ишлар ниҳоятда илдам суръатда кетмоқда эди.

Ҳазрати Умар жамият ишларини бошқаришда халқчилликни йўлга қўйган эдилар. Аллоҳ таолонинг мўминлар васфида айтган «уларнинг иши ўзаро шўро билан бўлур» ояти каримасига амал қилиб, ўзига хос парламент – шўро мажлиси тузган эдилар. Бу мажлисга аъзо бўлувчи киши маълум талабларга жавоб бериши лозим эди. Энг бош талаб – билимли бўлиш.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Умар мени Бадр шайхларига қўшар эди. Бу баъзиларга ёқмасди. Улар: «Нима учун боламиз тенги одамни бизга қўшасан?!» дейишди. У эса: «У ўзингиз билган одам!» деди. Бир куни у мени чақириб, уларга қўшди. Уларга менинг кимлигимни билдириб қўйиш учун қўшганини сезиб турардим.

Кейин Умар: «Аллоҳ таолонинг «Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса» деган оятига нима дейсизлар?» деди.

Улардан баъзилар: «Қачон бизга нусрат ёки фатҳ берса, «Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга амр қилиндик», деймиз», дедилар.

Баъзилар эса сукут сақлаб, бирор нарса демадилар. Шунда у менга: «Сен ҳам шундай дейсанми, эй Ибн Аббос?!» деди. Мен: «Йўқ», дедим. У: «Нима дейсан?» деди. Мен: «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажалларидир. Аллоҳ буни у зотга билдирди. «Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса» ўша ажалнинг аломатидир. «Роббингни пок­лаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. У тавбаларни кўплаб қабул қилувчидир», деди», дедим.

Шунда Умар: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам бу борада сен айтган нарсанигина биламан, холос», деди».

У киши тузган шўро мажлиси жамиятнинг деярли ҳар бир соҳадаги ишларини эркин баҳслашув орқали ҳал қилар эди.

 

Девоннинг ташкил қилиниши

Имом Табарийнинг айтишича, ҳижрий ўн бешинчи йили тинч ҳаёт жабҳасида ҳам кўплаб фатҳлар бўлган эди. Улардан бири ҳазрати Умар томонларидан девоннинг ташкил қилиниши бўлди.

Ибн Саъд ва Байҳақийлар қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг олдидан саккиз юз минг дирҳам (кумуш танга) олиб келдим.

У: «Нима олиб келдинг?» деди.

Мен: «Саккиз юз минг дирҳам олиб келдим», дедим.

У: «Ҳалолми, шўринг қурғур?» деди.

Мен: «Ҳа», дедим.

Умар кечаси билан ухламай чиқди. Бомдод намозига азон айтилганида, хотини унга: «Бу кеча ухламадингиз?!» деди.

«Умар ибн Хаттоб қандай қилиб ухласин! Мусулмонларга Ислом пайдо бўлганидан бери келмаган нарса келган бўлса! Агар Умар ўша молни ўз жойига ҳақ ила қўймасдан ўлиб қолса, мўмин бўлмас!» деди Умар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир гуруҳ саҳобалари бомдоддан сўнг унинг ҳузурида тўпландилар. Умар уларга: «Бу кеча мусулмонларга Ислом пайдо бўлганидан бери келмаган нарса келди. Менда бир фикр туғилди. Мен уни одамларга ўлчов ила бўлиб бермоқчиман. Қани, сизлар нима дейсизлар?» деди.

Улар: «Эй мўминлар амири, ундай қилманг! Одамлар Исломга кириб турибди. Бойлик ҳам кўпая­ди. Уларга ёзиб (рўйхат ила) беринг. Одамлар қанча кўпайса, бойлик ҳам кўпаяди ва унга (рўйхатга) қараб бераверасиз», дейишди.

«Менга маслаҳат беринглар, кимдан бошлаб берай?» деди Умар.

Уларнинг баъзилари: «Ўзингиздан бошланг, сиз бу ишнинг валийсисиз», дейишди.

Бошқалари: «Мў­минлар амирининг ўзи билади», дедилар.

«Йўқ! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошлайман! Кейин уларга яқини. Ке­йин уларга яқини», деди у.

Умар Бану Ҳошимга, Бану Мутталибга – ҳаммага берди. Кейин Бану Абдушшамс ибн Абдуманофга, кейин Бану Навфал ибн Абдуманофга берди. У Ҳошимнинг она бир укаси бўлгани учун Бану Абдушшамс­дан бошлади».

Ўша вақтда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Баҳрайнда амир эдилар. У киши мазкур бойликни Байтулмолдан марказий ҳукуматга ўз ёрдамчилари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ор­қали юборган эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бойликни мусулмонларга тезроқ ва адолатлироқ қилиб тарқатиш ташвишига тушдилар. Кечаси билан тўлғаниб, ухламай чиқишлари ҳам шундан эди.

У киши халқчиллик сиёсатига содиқ қолиб, бу ишни ҳам шўро мажлисига қўйдилар. Шўро мол тақсимлаш услуби бўйича раҳбарнинг таклифига қарши чиқиб, мол тақсимлашнинг ўша пайт учун такоммиллашган услубини ишлаб чиқди.

Мол тақсимлашни кимдан бошлаш масаласида эса раҳбарнинг таклифи маъқул деб топилди.

Ибн Саъд ва Табарийлар Асламдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«(Ҳазрати Умарнинг уруғи) Бану Адий Умарнинг олдига келиб: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси!» деб гап бошлаган эдилар, у: «Абу Бакрнинг халифаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари Абу Бакр», деди. Улар: «Хўп, майли. Лекин ундай бўлса, шу иккиси қилган ишни қилсанг бўлмайдими?» дейишди. Шунда Умар: «Ҳай-ҳай, эй Бану Адий! Менинг орқамдан (мол) емоқчи бўлдингизми?! Яхшиликни сизларга қилишимни хоҳладингизми?! Йўқ! Аллоҳга қасамки, чақирилмагунингизча (ундан ҳеч нарса) олмайсизлар. Агар дафтарнинг охирида қолсангиз ҳам! Менинг икки соҳибим бор. Улар бир йўлдан юрдилар. Агар мен уларга хилоф қилсам, менга ҳам хилоф қилинади. Аллоҳга қасам, биз бу дунёда нимаики фазл орттирган бўлсак, охиратда амалимиз учун Аллоҳнинг савобидан умидвор бўлсак, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туфайлидир. У зот бизнинг шарафимиздир. У зотнинг уруғлари арабларнинг энг шарафлисидир, кейин уларга яқини, кейин уларга яқини. Араблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шарафландилар. Уларнинг баъзилари насабда у зотнинг катта аждодлари билан бирлашиши ҳам мумкин. Биз эса насабда у зотнинг яқин аждодлари билан бирлашамиз. У ёғига эса Одам алайҳиссаломгача у зотдан ажрамаймиз. Аммо Аллоҳга қасамки, агар қиёмат куни ажамлар амаллар билан, биз эса амалсиз келсак, улар Муҳаммадга биздан кўра ҳақлироқ бўлишади. Ҳеч ким у зотга қариндошлигига қарамасин, Аллоҳ учун амал қилсин, чунки амали ортга сурган одамни насаби илгарилата олмайди», деди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг уруғи – Бану Адий аъзоларига шўро мажлисидаги баъзи одамларнинг ҳазрати Умарга «Мол тақсимини ўзингиздан бошланг, сиз бу ишнинг валийсисиз», деган гаплари ёқиб тушган эди. Улар Умар розияллоҳу анҳуга ўша гапга амал қилишни таклиф қилишди. Лекин ҳазрати Умар бу таклифнинг ортида нима мақсад турганини яхши билар эдилар. Шунинг учун Бану адийликлар у кишидан эшитадиганларини эшитдилар.

Бу ерда ҳазрати Умарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг аҳли байтларига нисбатан улкан муҳаббатлари, Исломда инсон насабга эмас, амалга қараб тақдирланиши ва ниҳоят, у кишининг мислсиз адолатлари намоён бўлмоқда.

Юқоридаги девон «Ато», яъни «ато қилиш (хайрия) девони» деб номланади. Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари билан турли девонлар, мисол учун, лашкар девони ва бошқалар ташкил этилди. Уларда ўз соҳасига оид ҳар бир нарса тартиб ила қайд қилиб бориладиган бўлди.

«Ислом тарихи» китоби биринчи жуз

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умавий амирларидан Валид ибн Абдулмалик ҳукмдорлиги 705715 даврида Испания ва Португалия Мусо Нусайя ва унинг мавлоси Ториқ ибн Зиёд томонидан ҳижрий 92 милодий 711 давоми...

3186 08:55 / 21.07.2019
Ўша даврда Шом диёрига Ироқдан ва Арабистон яриморолидан кўплаб ҳижратлар бўлиб ўтди. Муҳожирлар турли унумдор минтақаларга тарқалиб кетишди. Шимолий давоми...

3319 14:17 / 21.06.2019
Ўтроқ араблар асосан уч минтақада ndash Яманда, Шимолда ва Ҳижозда истиқомат қилишган.1. Яман подшоҳликлариМаъин подшоҳлиги мил. авв. 1300650 йилларБу давлат кенгайиб, давоми...

1740 19:00 / 25.06.2019
Кавказ ҳақида фикр юритар эканмиз, бунда Осиё билан Европа ўртасида жойлашган, ғарб томони Қора денгиз, шарқ томони эса Каспий денгизи билан чекланган тоғли давоми...

4308 17:00 / 08.06.2022
Аудиолар

137638 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57705 14:35 / 11.08.2021