1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эркак ва аёл ақлидаги фарқ нимада?

17:30 / 19.08.2019 3957 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

 Эркак ва аёлнинг фикрлашлари орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги илмий иш олиб борган, мия вазифаларини ўрганиш бўйича мутахассис жарроҳлар ўзлари эришган янги натижаларни эълон қилдилар.

Уларнинг таъкидлашларича, аёл кишининг мияси эркак кишининг миясига қараганда ўн олти фоизга кичик экан. Чунки аёл кишининг ҳажми ҳам эркак кишининг ҳажмидан худди шунча ҳажмда кичикдир. Шунингдек, икковларининг мияси бир хил вазифани бажарганда ҳам турли услубда бажарар экан.

Мазкур илмий кашфиётларнинг бошқа хулосалари қуйидагилардан иборат:

МRА (магнит-резонанс таҳлил) номли мияни суратга олиш жиҳозида аён бўлишича, эркак киши фикр юритганда унинг миясининг муайян қисмигина ишлар экан. Бу жараён муайян қисмда магнит нурлари бўлиб кўринар экан.

Аёл кишининг фикр юритганда эса, магнит нурлари миянинг ҳаммасида кўринар экан. Бу ҳолат, ўз навбатида, эркак киши аёл кишига нисбатан фикрни жамлашга қудратли эканининг далилидир.

Эркак киши аёл кишига нисбатан кўнгилчанликда таъсирсизроқ экани ҳам илмий равишда собит бўлди. Кўнгилчанлик зоҳир бўлиш пайтида аёл кишининг мияси эркак кишининг миясига қараганда саккиз марта кўп ҳаракат қилишини асбоблар кўрсатди.

Соҳанинг мутахассис табибларидан бири шундай дейди: «Мен руҳий ҳолатлар табиби сифатида, эркак кишининг кўнгилчанлиги аёл кишиникига нисбатан оз эканини яхши билар эдим, аммо бу нарса биринчи бор илмий равишда собит бўлди. Фақат бугина эмас, балки, бошқа илмий текширишларнинг натижасига қараганда, эркак киши аёл кишининг кўнгилчанликка оид ҳолатларини мулоҳаза ва таҳлил қилишида ҳам, аёл киши эркак кишининг кўнгилчанликка оид ҳолатларини мулоҳаза ва таҳлил қилишидаги қувватига тенг кела олмаслиги собит бўлди.

Бу соҳада эркакларнинг биргина устунлиги бўлиши мумкин, у ҳам бўлса, кўнгилга оид изтиробларга ва хасталикларга оз чалинишлари, холос.

Шунингдек, эркак киши ғазабланганда қўполликка ўтиши, аёл киши эса гапиришга ўтиши, яъни сўз билан орани ислоҳ қилишга ўтиши ҳам собит бўлди.

Магнит тўлқинлари ўқувчи йигитлар ўқиш ва ёзиш даврида миянинг чап тарафини, ўқувчи қизлар эса ҳам ўнг, ҳам чап тарафини ишлатишларини аён қилди. Миянинг чап тарафи мантиқ, ўнг тарафи кўнгилчанлик тарафи экани маълум ва машҳур.

Тажрибанинг исбот қилишича, эркак кишининг мияси томонларни, масофаларни ва миқдорларни ҳисоблашга мос ва кучли экан.

Ёруғлик ва овозни қабул қилиб оладиган миянинг махсус бўлаклари фаолияти таққослаб чиқилганда, мазкур икки нарсани қабул қилиб олишда эркак кишининг мияси аёл кишининг миясига қараганда секин ишлар экан. Шунинг учун эркак киши жуда паст овозни эшитмас, аёл киши эса эшитар экан. Ёруғликка нисбатан ҳам худди шундай экан. Эркак кишининг мияси мантиқ ва ҳисоб билан машғул бўлганлиги учун, ёруғликни қабул қилиб олишга унчалик аҳамият бермайди. Шунинг учун эркак киши қоронғиликда аёл кишига нисбатан кўпроқ қоқилади. У қадамларни санаш, томонларни аниқлашга уринади. Аёл киши бўлса, қоронғиликда эркак кишига нисбатан яхшироқ кўради.

Ёш улғайиши билан эркак кишининг мияси аёл кишиникига қараганда кўпроқ кичраяди. Йигирма ёшда эркак кишининг мияси аёл кишиникидан катта бўлади. Қирқ ёшда эса, икковларининг миялари тенглашади. Олтмиш ёшда аёл кишининг мияси эркак кишининг миясидан катта бўлиб қолади. Нима учун? Мутахассислар таққослаб кўрсалар, эркак кишининг ёши улғайиши билан унинг мияси кўпроқ қувват сарфлар экан ва шу туфайли кичрайиб кетар экан.

Аёл киши ўзининг аёллик хусусияти ила эркаклар қодир бўлмайдиган иш – ҳомила ва чақалоқнинг шикоятини англаб, уни таҳлил қилишга уста бўлади. Шунингдек, уларнинг баъзи махфий нарсаларни ҳис қилиш, уларни мулоҳаза ва таҳлил қилишга қобилиятлари ўткир бўлади.

Эркак кишининг эса, хавф-хатарни даф қилиш, қийинчиликларни енгиш, ишларни тартибга солиш ва шунга ўхшаш нарсаларга қобилияти кучли бўлади».

Агар олимлар эркак билан аёлнинг ҳар бир аъзосини ёки ҳужайрасини юқоридаги каби таҳлил қилиб чиқсалар, худди шунга ўхшаш ҳикматларни топишларида ҳеч шубҳа йўқ. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг Биру Борлигини, Қодиру Холиқлигини, Ҳакийму Хобийрлигини ва бошқа барча баркамол сифатларини тасдиқловчи белгилардир.

 «Бахтиёр оила» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто давоми...

4697 14:00 / 23.02.2019
Аллоҳ таоло, турли сабаб ва ҳикматларга кўра, ҳар бир эркакка бир неча тоифа аёлларнинг никоҳини ҳаром қилган, эр киши уларга уйланиши мумкин эмас, бундай қилиши давоми...

6448 11:04 / 26 ноябрь
Уламоларимиз эрнинг хотини олдидаги бурчлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар.Эрнинг хотини олдидаги давоми...

6881 18:26 / 19.06.2019
Динимизда оилалар тинч бўлиши учун эркак ва аёлга ҳуқуқлар берилиши билан бирга уларнинг зиммасига масъулиятлар юкланган. Эрхотин динимиз кўрсатмаларига амал давоми...

6690 17:00 / 17.07.2022