1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Урва ибн Зубайр раҳматуллоҳи алайҳ

16:06 / 13.02.2023 2035 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Кимни жаннат аҳлидан бўлган кишини кўриши хурсанд қилишини истаса, Урва ибн Зубайрга боқсин»

Абдулмалик ибн Марвон

Тўлиқ исми ва таваллуди:

Абу Абдуллоҳ Урва ибн Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид ал-Асадий. У ҳижрий 23, милодий 644-йили Мадинаи мунаввварада туғилган. Отаси ўнта жаннат хушхабари берилган саҳобаларнинг бири Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудир. Онаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Затун нитоқайн” - яъни, “икки камар эгаси” деб номлаган саҳобия, Оиша розияллоҳу анҳонинг синглиси Асмо бинти Абу Бакрдир. 

Илм йўли:

Абу Зинод айтади: “Бир уйда Мусъаб, Абдуллоҳ, Урва ибн Зубайр, Ибн Умар жамланган эдилар. Абдуллоҳ: “Мен халифаликни орзу қиламан” дейди. Урва ибн Зубайр: “Мендан илм олишларини орзу қиламан” дейди. Мусъаб: “Ироқ амирлигини ва Оиша бинти Талҳа билан Сакина бинти Ҳусайнларни жам қилишни орзу қиламан” дейди. Ибн Умар эса: “Мен мағфиратни умид қиламан” дейди. Уларнинг барчалари мақсадларига эришдилар. Шоядки, ибн Умар мағфират қилинган бўлса”.

Урва ибн Зубайр Мадинада кўплаб саҳобалар атрофида уларнинг илм чашмаларидан қониб улғайди. У отаси Зубайр ибн Аввом, онаси Асмо бинти Абу Бакр, Али ибн Абу Толиб, Саид ибн Зайд, айниқса, холаси Оиша розияллоҳу анҳонинг вафотидан аввал уч йил бирга юриб кўп ҳадис эшитиб, Мадинанинг муҳаддис, фуқаҳоларидан бўлди.
Урва ибн Зубайрдан Сулаймон ибн Ясар, Абу Салма ибн Абдурраҳмон ибн Авф, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Абу Зинод, Муҳаммад ибн Мункадир, Солиҳ ибн Кайсон ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

У зот ўғилларига ва барча мусулмонлар болаларига вақтларидан унумли фойдаланишга ва илмга тарғиб қилар ва: “Эй болаларим, илм ўрганинглар ва унинг ҳаққини тўлиқ адо қилинглар. Агар қавмнинг кичиги бўлсангиз, шоядки Аллоҳ сизларни илм туфайли уларнинг энг улуғларидан қилади. Эй воҳ, дунёда жоҳил кексадан кўра ёмонроғи борми?” дер эди.

Урва ибн Зубайрнинг ибодати ва ахлоқи:

Урва ибн Зубайр жуда кўп нафл намози ўқир, унда саждада узоқ турар, кўп дуо қилар эди. У икки ийд кунларидан бошқа ҳар доим рўзадор юрарди. Ҳар куни кундузи мусҳафдан Қуръоннинг тўртдан бирини хатм қилар, тунда ёддан ўқир эди. Бу одати фақат оёғи кесилган куни қолдирилган холос.   

Урва ибн Зубайр ўта сабрли, доим фитналардан йироқда, халим, сахий бўлган. Унинг каттагина хурмозори бўлиб, ҳар мева пишиғи пайтида одамларни чақириб, боғ мевасидан улашарди. У Мадинада қудуқ қаздирган ва ундан ҳамма сув ичарди. У доим одамларни гўзал хулқли, кенг феълли, очиқ юзли бўлишга чақирарди ва умр бўйи мусулмонларни тўғри йўлга бошлади, уларга ёрдам берар ва яхшиликка ундарди.

Муҳаммад ибн Мункадир айтади: “Мен Урва ибн Зубайр билан кўришдим. У қўлимдан ушлаб: “Эй Абу Абдуллоҳ” деди. Мен: “Лаббай” дедим. У: “Мен онам Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига кирган эдим”. У: “Эй ўғилчам” деди. “Мен: “Лаббай” дедим. У: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламнинг уйларида чироққа ва бошқа нарсаларга қирқ кунгача ҳам олов ёқолмасдик” дедим. Мен: “Эй онажон, қандай яшар эдингизлар?” дедим. У: “Икки қора, хурмо ва сув билан” деди.

* * *

Урва ибн Зубайрнинг Дамашқга сафари чоғида қорасон туфайли оёғи кесилган.

Валид ибн Абдулмалик халифалиги пайтида Аллоҳ таоло Урва ибн Зубайрни имтиҳон этишни хоҳлади. Бу синовнинг азоб-уқубатига имони мустаҳкам инсонгина бардош бериши мумкин эди.

Халифа Урва ибн Зубайрни Дамашқ зиёратига чақирди. Урва рози бўлиб, тўнғич ўғли Муҳаммадни ҳам бирга олиб борди. Ўғли хушсурат, ўктам йигит эди. У Валиднинг олдига нақшли кийим билан кириб келди. Кийимида икки ўрим мато бўлиб, уни қўли билан уриб турар эди. Валид уни кўриб: “Қурайш йигитлари шундай бўлади-да” деб қўйди. Меҳмонлар унинг олдидан чиқишгач, Урванинг ўғли отларга қизиқиб, халифанинг отхонасига кирди. Отлардан бири бехосдан болани тепиб юборган эди, у ўша заҳоти вафот этди. Кўп ўтмай, ўғлини қабрга қўйиб ғамга ботган отанинг бир оёғига қорасон дарди ёпишди. Оёқ кун сайин шишиб, оғриқ зўраяверди. Халифа даволаш учун энг машҳур табибларни чорлади. Улар касалликни ҳар хил усуллар билан муолажа қилишга уриндилар. Аммо фойдаси бўлмагач, ўлимга сабаб бўлмасидан олдин оёқни кесиш лозим, деган қарорга келишди. Урва иложсиз рози бўлди. Жарроҳ ишга тайёргарлик кўриб, асбобларини олиб келди ва “Оғриқ сезилмаслиги учун бир қултум мускир (маст қилувчи ичкилик) ичасиз” – деди. Урва ибн Зубайр: “Саломатликни умид қилиб асло ҳаромга таянмайман” деб бош тортди.
Жарроҳ шу ҳолатда ишга киришди. Аввал оёқ гўштларини кесди, суякка етгач, аррани ишга солди. Шунда у зот ҳушини йўқотди. Кейин ўзига келиб, «Ла илаҳа иллаллоҳ, Аллоҳу акбар», дея таҳлил ва такбир айтиб турди. Оёқ кесиб ташланди. Сўнгра қонни тўхтатиш учун қиздирилган ёғга ботирилди. Урва ўша кунги Қуръондан вазифасини ўқиб туриб, ҳушидан кетиб қолди. Узоқ вақт ўзига келмай ётди ва ўша куни Қуръони Каримдан вазифасини тўлиқ ўқий олмади ва доимий одати умрида бир марта мажбуран тарк этилди. Бироз вақт ўтиб, кесилган оёқни сўради. Келтиришган эди Урва уни қўлига олиб, айлантириб кўрар экан, айтди:

— “Аллоҳга қасамки, сенинг устингда мени тун қоронғуларида масжидлар сари кўтарган Зот ҳеч қачон сен билан ҳаромга, маъсиятга ва Ўзи рози бўлмайдиган йўлга юрмаганимни билади”, – деди.

Сўнг у оёғини ювишларини буюрган эди, уни ювиб, хушбўйлаб, бир парча матога ўралди ва мусулмонлар қабристонига кўмилди.

Валид ибн Абдулмалик азиз меҳмонининг бошига тушган мусибатдан маҳзун бўлди. Чунки бу улуғ меҳмон аввал ўғлидан, сал ўтмай бир оёғидан ажралган эди. Аммо у икки оғир мусибатга чиройли сабр қилди.

Бир куни Авс қабиласидан бир неча киши халифа ҳузурига келди. Улар орасида кўзи ожиз бир кимса ҳам бўлиб, халифа ундан: “Кўзингга нима бўлди? – деб сўради. – Эй мўминлар амири, – деди ҳалиги киши, – менинг мол-дунёим, аёлим ва бола-чақаларим кўп эди. Қабиланинг энг бойи эдим. Мол-дунё ва аҳли аёлимни олиб, қавмим яшайдиган жойдан четроқдаги бир водийга бордим. Ўша ерда яшамоқчи эдим. Аммо даҳшатли сел келиб, аҳлим, бола-чақам ва бор нарсамни оқизиб кетди. Бир туям ва эндигина туғилган чақалоғим омон қолди, холос. Туя ҳам қоча бошлади. Боламни ерга қўйиб, туяни тутмоқчи бўлдим. Узоқ кетмаган эдим, бола чинқиргандек бўлди. Қарасам, чақалоқнинг бошини бўри ғажиётган экан. Уни қутқариш амримаҳол эди. Туянинг изидан кетдим, энди етиб борганимда юзимга бир тепди. Афтим қонга беланди, кўр бўлиб қолдим. Хуллас, бир кечада хотин, бола-чақасиз қолдим, мол-дунёим сувга оқди, кўзим кўр бўлди. Халифа хизматкорига буюрди: “Бу кишини меҳмонимиз Урва ибн Зубайрнинг олдига олиб бор. Унга бошидан кечирганларини сўзлаб берсин” деди.

Урва ибн Зубайр Мадинага қайтганда унга аҳллари ва кўпчилик дўстлари таъзия билдириш учун келдилар. У аҳлларига: “Кўриб турганингиз сизларни қўрқитиб юбормасин. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло менга тўрта ўғил берган эди, бирини олиб, учтасини қолдирди. Ўзига ҳамд бўлсин... Менга тўрт аъзони бериб, ундан бирини олди ва учтасини қолдирди. Ўзига ҳамд бўлсин... Аллоҳга қасамки, У мендан озини олган бўлса, кўпини қолдирди... Бир марта бало билан имтиҳон қилиб, узоқ муддат офият берди” дер эди. 

У ҳақида эшитган Мадина халқи кўнгил сўраш учун селдай оқиб кела бошлади. Улар ичида Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳа Урва ибн Зубайрнинг ҳузурига кириб, ҳамдардлик билдира туриб, шундай ажойиб сўзларни айтди:

– Эй Абу Абдуллоҳ, сиз хурсанд бўлинг. Чунки аъзоларингиздан ва болаларингиздан бири сиздан олдинроқ жаннатга киради. Аллоҳ хоҳласа, бошқа аъзолар ҳам унга эргашгусидир. Аллоҳ таоло бизга сизнинг илмингизни қолдирди. Биз илмингиз, фиқҳингиз ва фикрингизга муҳтожмиз, бошқа нарсамиз етарли. Аллоҳ таоло бу мусибат туфайли сизга ҳам, бизга ҳам фойда келтирсин. Сизга савоб берувчи ҳам, гўзал ҳисоб-китоб қилувчи ҳам Аллоҳнинг Ўзидир.

Уламоларнинг Урва ибн Зубайр ҳақида сўзлари:

Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мен Урва ибн Зубайр каби илмли кишини кўрмадим. Мен уни бирор нарсада илмсизлигини билмайман”.

    Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Уч киши Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисини билгувчироқдир. Улар Қосим ибн Муҳаммад, Урва ибн Зубайр, Амро бинти Абдурраҳмон.” 

    Вафоти: Урва ибн Зубайр умрининг сўнгги кунида ҳам рўзадор эди. Аҳллари унинг аҳволи оғир бўлгани учун рўзасини очишга ундадилар. Лекин у зот Роббисига рўзадор ҳолатда қайтишни ва кавсар сувидан ичишни истади ва шу куни 71 ёшида вафот этди. Уламолар Урва ибн Зубайрнинг вафоти борасида турли йилларни айтишган. Тарихчилар айтишича, бу борада рожиҳроқ сана ҳижрий 94-йилдир. 

Эслатма: Сиз ҳам «Islom.uz-1444» танловида қатнашмоқчимисиз? Унда қуйидаги https://islom.uz/maqola/19769 ҳавола орқали мусобақа шартлари билан танишинг ва танловда иштирок этинг!

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳадис ва фиқҳда ундан кўра илмлироқ кишини билмайман,. Амр ибн Шуаъйб роҳимаҳуллоҳ Тўлиқ исми ва туғилган йили Абу Саид Абон ибн Усмон ибн Аффон ибн Абул Ос ибн давоми...

1343 10:36 / 16.05.2023
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган. 4чорак mdash ҳанбалий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

1650 11:02 / 16.06.2022
Бизни иймон нури билан ризқлантирган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб хамду санолар бўлсин Роббимиздан гўзал хулқ ва одобларни қабул қилган, умматларга давоми...

1710 13:28 / 19.01.2023
Тўлиқ исми ва таваллуди Шайх Саид ибн Аҳмад ибн Алий Оли Адас алАнабтовий ҳижрий 1345, милодий 1927йили Фаластиннинг Жанин шаҳри яқинидаги Ҳадиса қишлоғида туғилган. давоми...

1513 12:42 / 31.05.2023