1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Яшил гумбаз ва ундаги туйнук

16:00 / 05.06.2023 4175 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламинг қабри шарифлар устидаги яшил гумбаз Мадинаи Мунавваранинг рамзига, ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни эслатадиган белгига айланган. Уни ошиқлару шоирлар шундай ажойиб таъбирлар билан зикр қиладиларки, бу гўзал иборалардан кишининг қалби янада тўлқинланиб кетади. Бу муҳташам гумбазни кўрганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни севган ҳар бир инсоннинг юраги бир ҳапқириб, кўзига ёш қалқиши табиий. Шунинг учун унга оид ҳар бир ашё, ҳар қандай маълумот муҳаббат аҳли учун қадрлидир.

Яшил гумбазнинг қибла тарафида бир туйнук бор. Кўпчилик унинг нималигини билмайди. Ҳатто баъзилар ёлғон хабарларга алданиб, бу туйнук ҳақида тўқима хурофотларни ҳам кўтариб юради. Нима эмиш, ўтган аср бошларида бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари устидаги гумбазни бузгани чиққанида ўша жойда яшин уриб ўлиб қолибди-ю, кейин ҳеч ким унинг жасадини у ердан тушира олмабди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша даврдаги бир солиҳ одамнинг тушига кириб, жасадни у ердан ҳеч ким тушира олмаслигини, чунки у бошқаларга ибрат ўлароқ шу ерда қолишини айтган эмишлар. Шундан сўнг одамлар уни турган жойида кафанлаб қўйганмиш. Ёлғонни ҳам жуда боплашади-да. Ундан ҳам ажабланарлиси, шу гапга ишонадиганлар ҳам топилади.



Бу гап ёлғон, кулгили бўлишидан ташқари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақоми шарифларига ҳам, шариат аҳкомларига ва тушунчаларига ҳам умуман тўғри келмайди. Аммо билимсизликдан, фаҳмсизликдан баъзи одамлар шунақа уйдирмаларни ҳам гап қилиб кўтариб юраверади. 

Хўш, ҳақиқат ўзи қандай бўлган?

عن أبي الجوزاء أوس بن عبدالله الأزدي: قُحِطَ أَهلُ المدينةِ قَحطًا شديدًا فشَكَوا إلى عائشةَ رضيَ اللَّهُ عنها فقالت انظُروا قبر النَّبي صلَّى اللَّهُ عليهِ وسلَّمَ فاجعلوا منهُ كُوًى إلى السَّماءِ حتَّى لا يَكونَ بينَه وبينَ السَّماءِ سقفٌ ففعلوا فمُطِروا مَطرًا حتَّى نبتَ العشبُ وسمِنتِ الإبلُ حتَّى تفتَّقتْ منَ الشَّحمِ فسمِّيَ عامَ الفتقِ.

Абу Жавзо Авс ибн Абдуллоҳ Аздийдан ривоят қилинади:

«Мадина аҳли қаттиқ қаҳатчиликка учради. Оиша розияллоҳу анҳога шикоят қилишган эди, у: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларига қаранглар ва у зотнинг тепасидан осмонга бир туйнук қилинглар, токи у зот билан осмон ўртасида ҳеч қандай шифт бўлмасин», деди. Шундай қилишган эди, шу қадар ёмғир ёғдики, ҳатто ўт-ўланлар униб, туялар ёғ босгандан тирсиллаб кетди ва ўша сана «Мўл-кўлчилик йили» деб аталди».

(Ҳадисни Доримий ривоят қилган ва уни Ибн Ҳажар Асқалоний тахриж қилиб, ҳасан даражасидаги ҳадис деб айтган. Айрим кишиларнинг ҳадисни заиф дейиш орқали хабарни ёлғонга чиқаришга уриниши ҳақсизликдир.)

Демак, Оиша розияллоҳу анҳонинг тавсияси билан саҳоба ва тобеийлар ҳужраи саодатнинг шифтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак бошлари рўпарасидан бир туйнук очишган экан ва бу ҳам у зотни васийла қилишнинг бир кўриниши бўлиб, шундан сўнг Мадина аҳли сероб бўлган экан.

Валид ибн Абдулмалик даврида Мадина волийси Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ нураб қолган ҳужраи саодатнинг девор ва томларини қайтадан тиклар экан, мазкур туйнукни сақлаб қолди. 

Ҳижрий 678 санада Миср ҳукмдори Сайфиддин Қаловун ҳужраи саодатнинг шифти ўрнига, Умар ибн Абдулазиз қурдирган девор устига гумбаз қўйдирди ва бу ҳужраи саодатга қўйилган илк гумбаз бўлди. 

Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Қаловун даврида, кейинроқ 765 йили Шаъбон Қаловун тарафидан мазкур гумбаз қайта таъмирланди. 

Ҳижрий 881, милодий 1472 санада Миср тахтига Султон Маҳмудий Ҳайитбой келди. У ҳужраи саодат устидаги ёғоч гумбазни олиб, ўрнига ғиштдан гумбаз қурдирди. Ҳижрий 886 сана Рамазон ойида минорага тушган яшин сабабидан Масжиди Набавийда ёнғин содир бўлди ва олов равзаи шарифани ҳам қамради. Аммо Ҳайитбой қурган ғиштли гумбаз тўсиқ бўлиб, ёнғин ҳужраи саодатга ўтмади. Бу масжид тарихидаги иккинчи ёнғин эди. 

Султон Маҳмудий Ҳайитбой масжидни таъмирлаш асносида ҳижрий 887, милодий 1482 йили гумбазни янада мустаҳкам қилиб янгилади ва бу билан чекланмай, Умар ибн Абдулазиз томонидан ҳужраи содат деворларига гир айлана кўтарилган беш бурчакли деворни айлантириб яна бир девор қурдирди ҳамда унга каъбапўш каби мато тўшади. Ҳужра ва унинг устидаги гумбаз ушбу девор ортида қолди. Қабри шарифни зиёрат қилувчи одам шу ергача кира олади, унинг ичкарисига ўша девор қурилгандан бери ҳеч ким қадам босмаган. Зеро, бу девор ҳам, унинг ичидаги икки қат девор ҳам эшик-туйнуксиз яксар қилиб қурилган.

Султон Маҳмудий мазкур ҳимоя девори битгандан сўнг ердан янги устун, деворлар кўтариб, устига қора тошлардан яна бир гумбаз қурдирди. Бироқ, кўп ўтмай гумбазга дарз кетди. Таъмирламоқчи бўлишди-ю, иложини қилиша олмади. Шунда Султон Ҳайитбой гумбаз ишини моҳир муҳандис Шужоъий Шоҳин ал-Жамолийга топширди. У мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда гумбазнинг тепа қисмини олиб ташлаб, ташқарисидан бошқа бир гумбаз тиклади. Бу гал гумбазни шунчалар пухта қилишдики, бугунги кунгача у сақланиб келмоқда. 

Нуриддин Самҳудий (ваф.911ҳ) «Вафоул вафо»да таъкидлашича, ўшанда Шужоъий Шоҳин аҳли илмлар билан маслаҳатлашган ҳолда янги гумбазда қабри шарифнинг рўпарасидан бир туйнук қолдириб, унинг рўпарасидан ҳужраи саодат устига қурилган ички гумбазга ҳам туйнук очди. Шу билан бугунги кунда Мадинанинг рамзига айланган гумбаз биноси ҳижрий 892, милодий 1487 йили ниҳоясига етди.

Саййид Жаъфар Барзанжий «Нузҳатун нозирин» китобида Зайниддин Мароғийдан (ваф.816/1414) нақл қилади: 
«Қурғоқчилик пайтида муқаддас ҳужра гумбазининг қуйи қисмидан, қибла тарафдан туйнук очиш Мадина аҳлининг одатларидандир, гарчи қабри шариф билан осмон ўртасини том тўсиб турса ҳам». 

Демак, Оиша розияллоҳу анҳонинг маслаҳати билан жанобимизнинг юзлари рўпарасидан осмонга очилган туйнук Сайфиддин Қаловун қурдирган гумбазда эътиборга олинмагани учун одамлар гумбазнинг қибла тарафидан туйнук қилишган экан. Шу эътибордан, Султон Ҳайитбой даврида Қаловун қурдирган гумбаз ўрнига қурилган кичик гумбаз ва унинг тепасига ёпилган катта гумбазга туйнук қўйилган. Шундай қилиб, ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабри шарифлари, яна ҳам аниқроғи, муборак юзлари билан осмон ўртасини буткул ёпиб юбормай, туйнук қолдирилган. Оиша розияллоҳу анҳонинг тавсияси билан очилган туйнук асрлар оша ана шундай асраб келинмоқда. 

Гумбаздаги бу туйнукнинг яна бир вазифаси шуки, ходимлар гоҳида шу туйнукдан кириб, гумбазнинг ичини тозалаб, ювиб туришади. 

Султон Ҳайитбой қурдирган гумбаз мовий рангда эди. Усмоний ҳукмдорлардан Маҳмуд ибн Абдулҳамид даврида гумбаз бироз таъмирталаб бўлиб қолади. Шунда ҳукмдор уни ростлаш баробарида яшилга бўяшни буюради. Бу ҳодиса ҳижрий 1253, милодий 1837 йили содир бўлиб, гумбаз таъмир ишларида Мадина аҳли, яъни оддий намозхонлар ҳам табаррукан бевосита иштирок этади. Ана шундан бери гумбаз яшил рангга бўяб келинади. Бу анъана саудийлар даврида ҳам ўз ҳолича давом этиб келмоқда.

Хулоса қилсак, кўрганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёдга соладиган ҳозирги яшил гумбазни Миср ҳукмдорларидан Султон Ҳайитбой 892/1487 санада қурдирган ва уни илк бор усмоний ҳукмдорлардан, Абдулҳамид биринчининг ўғли, Абдулҳамид иккинчининг бобоси Султон Маҳмуд қайта таъмирлаб, яшилга бўяган. Гумбаздаги туйнук эса Оиша розияллоҳу анҳонинг кўрсатмаларига кўра очилган бўлиб, қадимдан Мадина аҳли қурғоқчилик пайтида уни очиб қўйиш билан ёмғир сўрашган. Туйнук одатда ёпиқ туради, вақти-вақти билан, кези келганда очилади. У ҳеч қандай қабр ёки бировнинг жасади эмас. Туйнук очилганда осмону қуёш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабри шарифларини тўсиқсиз зиёрат этиш шарафига ноил бўлади. 

Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу мавзуда келган хабарларда жуда кўп чалкашлик, хилма-хиллик бор экан, бу ерда ўшалар орасидан ишончлилари маълум таҳлил асосида тақдим этилди. Аллоҳ таоло Ўзи уни манфаатли айлаб, барчаларимизга бу муборак заминни қайта-қайта зиёрат қилишни насиб айласин. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ҳар биримизни ноил этсин.

Ҳасанхон қори Яҳё ўғли
11.07.1444
02.02.2023

 

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳaж бир ошиқона ибoдaтдир. Aллoҳга қулчилик қилишга oшиқ бўлгaн бaндa дунёнинг ҳaр нaрсaси билaн xaйрлaшиб, телбаларча сафарга равона бўлади. Кулфaт вa мусибaтлaргa пaрвo давоми...

2872 05:00 / 16.01.2017
Ҳаж бадал деганда бир кишининг бошқанинг ўрнига эҳромга кириб ҳаж арконларини бажариши тушунилади. Шариат кўрсатмаларига кўра бошқанинг ўрнига ибодатларни давоми...

4243 05:00 / 16.01.2017
Савол Тавоф қилишАссалому алайкумҲаж ёки умра зиёратига бориб келган инсонларни тавоф қилиш халқимиз орасида кенг тарқалган. Бу ҳақида шариат ҳукми давоми...

8744 05:00 / 16.01.2017
1386. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Бир киши.Эй Аллоҳнинг Расули Эҳромдаги киши қайси кийимларни кияди, деди..Кўйлаклар, саллалар, шалворлар, давоми...

10268 20:30 / 14.08.2017