1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳаж ибодатининг тарихи

09:00 / 01 июнь 3942 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг улул-азм пайғамбарларидан бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом жуфти ҳалоллари Сора онамиз билан узоқ ҳаёт кечирдилар. Уларнинг ҳаёти Аллоҳ ва дин йўлида кураш билан ўтди. Улар фарзанд кўришмади. Иброҳим алайҳиссалом қариб қолганларига қарамай, кофир қавмлар у зотни тинч қўймагани сабабли она-ватанлари Фаластинни тарк этиб, аёллари билан бирга Мисрга кетишга мажбур бўлдилар. Ўша вақтдаги Миср подшоҳи у зот ҳақида турли гаплар борлигини эшитиб, ҳузурига чорлади.

Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз билан подшоҳ ҳузурига келдилар. Подшоҳ Иброҳим алайҳиссалом билан суҳбатлашаётганда Сора онамизга назари тушиб, ҳуснига маҳлиё бўлди ва кўнгли бузилди. Золим подшоҳ дарҳол бу гўзал мусофир аёл билан ёлғиз қолиш чораларини кўрди.

Улар танҳо қолдилар. Аммо, не ажабки подшоҳ ёмон ният билан Сора онамиз томон қадам ташлаши билан қўл-оёғи ишламай қолди. Ёмон ниятидан қайтган эди, соғ ҳолига қайтди. Яна ёмон ният қилган эди, яна қўл-оёғи ишламай қолди. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди.

Шунда подшоҳ меҳмонлар оддий одамлар эмаслигини тушуниб етиб, уларни рози қилиш пайига тушди. Иброҳим алайҳиссаломни яна ҳузурига чорлаб, ҳадялар тақдим этди. Ўша вақтнинг таомилига кўра, Ҳожар исмли бир қизни ҳам у зотга тортиқ қилди.

Иброҳим алайҳиссалом совғаларни қабул қилиб, яна ўз юртларига қайтиб кетдилар. Ҳожарга уйланиб, Аллоҳнинг иродаси билан тўқсон ёшларида ундан бир ўғил фарзанд кўрдилар. Фарзандга Исмоил деб исм қўйдилар. Инсон оиласида бўлиб турадиган гап-сўзлар тезда бу оилада ҳам бўлиб ўтди. Сора онамиз эрларини Ҳожардан рашк қилиб, уни уйдан кетказиб юборишни талаб қила бошладилар. 

Бир куни Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамизга гўдакни олиб, сафарга отланишни буюрдилар. Учовлон сафарга чиқиб, чўлу биёбонларда узоқ юришди. Охири бир ерга келиб тўхташди. Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамизга Исмоил икковларини шу жойга ташлаб кетишга мажбур эканларини тушунтирдилар.

Ҳожар онамиз: «Эй Иброҳим, бу Аллоҳнинг буйруғими ёки ўзингизнинг ишингизми?» дедилар. Иброҳим алайҳиссалом: «Аллоҳнинг буйруғи», дедилар. Шунда Ҳожар онамиз: «Ундай бўлса, сиз хотиржам кетаверинг. Аллоҳ бизни Ўзи муҳофаза қилиб олади», дедилар.

Иброҳим алайҳиссалом ортларига қайтдилар. Бир жойга бориб, қақроқ чўлда ёлғиз қолаётган хотинлари Ҳожар онамиз билан ўғиллари Исмоилга яна бир бор назар ташладилар-да, сўнг Аллоҳ таолога ёлбориб, уларнинг ҳақларига дуо қилдилар.

Иброҳим алайҳиссалом қайтиб кетганларидан сўнг ёлғиз қолган Ҳожар онамиз ва ўғиллари чанқай бошлашди. Атрофга назар солмоқчи бўлиб, ўзларига яқин турган тепаликка чиқдилар (Бу тепалик ҳозир «Сафо тепалиги-тоғи» деб номланади). Қарши тарафдан муҳтарама аёлнинг кўзларига сув кўринди, ўша томонга югурдилар. Бошқа тепаликка чиқдилар (Бу иккинчи тепалик ҳозир «Марва тепалиги-тоғи» деб аталади). Сув бўлиб кўринган нарса сароб экан. Ҳожар онамиз ортларига қарадилар, энди нариги тарафда сув кўринди. Югуриб борсалар, у ҳам сароб бўлиб чиқди.

Шу тарзда Сафо ва Марва тепаликлари орасида етти марта югурдилар. Охири ҳолдан тойиб, чақалоқлари Исмоилни ётқизиб қўйган жойга қарадилар. У йиғлаб товонларини ерга урган жойдан сув чиқиб, қумда оқиб борарди. Ҳожар онамиз югуриб келиб: «зам-зам!» («тўхта-тўхта») дея сувнинг йўлини тўсдилар. Бу фазилатли сув она-болага ҳам таом, ҳам ичимлик ўрнига ўтиб, улар тирикчиликларини ўтказа бошладилар... Ўшандан буён бу сувдан инсонлар тўйиб-тўйиб ичмоқдалар, юртларига олиб кетмоқдалар, аммо бу сув заррача камаймай чиқиб турибди.

Ўша замонларда бир юртдан иккинчи юртга сафар қилиб бораётган карвонлар Ҳожар онамиз билан Исмоил яшаётган Зам-зам қудуғи атрофида ҳаёт борлигини узоқ-яқиндан сезиб, шу томон буриладиган, сув ичиб, дам олиб ўтадиган бўлишди. Баъзилари эса, хусусан, Журҳум қабиласига бу жой ёқиб қолиб, доимий яшаш учун қолиб кетишди. Шундай қилиб, аста-секин аввал қишлоқ, кейин шаҳар пайдо бўлди.

Орада Иброҳим алайҳиссалом хотинлари билан ўғилларидан хабар олгани келиб турдилар. Бир келганларида: «Исмоил ўғлим, Аллоҳ таоло мен билан сенга ўзи учун Уй қуришга фармон қилди», дедилар. Ота-бола фаришта Жаброил алайҳиссалом кўрсатиб берган пойдевор асосида тошдан Каъбани қуришга киришдилар.

Байтуллоҳнинг қурилиши битгач, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни ҳажга чақиришни буюрди. У зот чақирдилар, чақириққа «Лаббай!» деб жавоб берганлар ҳажга келдилар. Ўшандан бери ҳаж ибодати давом этиб келмоқда.

Фақат Иброҳим алайҳиссаломдан кейин, вақт ўтиши билан бу ибодатга жуда кўп бидъат ва хурофотлар аралашиб кетди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларига келиб Каъбатуллоҳнинг ўзида уч юз олтмишта бут бўлган. Одамлар «Кийимларимиз эгнимиздалигида гуноҳлар қилганмиз, Каъбани бу кийим билан тавоф қилиб бўлмайди», деб уни яланғоч ҳолда тавоф қилишар эди. Ислом дини Аллоҳ ирода қилмаган бу каби амалларни чиқариб ташлаб, ҳақиқий ибодатни йўлга қўйди.

Кўплаб муҳаддис ва муфассирлар Байтуллоҳнинг қурилишига доир ривоятлар нақл қилишган. Уларнинг барчасини бир жойга тўплаб қаралса, Байт ўн маротаба таъмирлангани аниқ бўлади. Улар ҳақида Ибн Ҳажар Асқалоний «Фатҳул-Борий», Бадруддин Айний  «Умдатул-қорий» асарларида нақл қилиб келтирганлар. Бу ривоятлар «Изоҳут-Таҳовий»да ҳам мухтасар тарзда нақл қилинган. Улар қуйидагилар:

1. Одам алайҳиссалом яратилишидан илгари фаришталар Аллоҳ таолонинг амри билан Байтни қурганлар;

2. Одам алайҳиссалом ерга тушганларидан кейин Аллоҳнинг амри билан Байтни таъмирлаб, уни тавоф қилганлар;

3. Шийс алайҳиссаломнинг Байтни қуришлари;

4. Нуҳ тўфонидан кейин Каъбатуллоҳнинг асари ҳам йўқ бўлиб кетади. Шунда Аллоҳ таолонинг амри билан Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар қайтадан қуришади;

5. Амолиқа қабиласи томонидан қурилиши;

6. Журҳум қабиласи томонидан қурилиши;

7. Қусай ибн Килоб томонидан қурилиши;

8. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз уч ёшга кирганларида Қурайш қабиласи томонидан қурилиши;

9. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг истакларига мувофиқ Байтни қурганлар.

Набий соллалоҳу алайҳи васалам ҳажжатул-видоъда Оиша онамизга: «Келгуси йил тирик бўлсам, кириб-чиқиш осон бўлиши учун Каъбатуллоҳнинг шарқига ва ғарбига эшик қўяман ва ҳатиймни унга қўшиб қўяман», дедилар. Лекин келаси йили икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламдан ўтдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Маккага волий бўлганларида Расулуллоҳ хоҳлаганларидек Байтни қайта қурдилар ва ҳозирда мавжуд бўлган эшик рўпарасига яна бир эшик қилдилар. Унинг асари ҳозир ҳам билиниб туради;

10. Ҳажжож ибн Юсуф Маккаи мукаррамага ҳужум қилиб, манжаниқ ва турли ўқлар билан Каъбани ўққа туттириб, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни шаҳид қилдирди ва Каъбатуллоҳни буздириб, Қурайш томонидан қурилганда Каъба қандай ҳолатда бўлса, ўша ҳолатга қайтарди ва ҳатиймни Байтдан ажратиб қўйди ҳамда ғарбий эшикни беркитиб ташлади. Ҳозирги кунда Каъба Ҳажжож томонидан қурилган кўринишдадир. Ҳорун ар-Рашид Каъбани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хоҳлаганларидек тарзда қуришни истаган пайтда Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: «Каъбани қайта қуриш жоиз эмас. Агар унга рухсат берилса, ҳар подшоҳ ўзи истагандай уни қуришга ҳаракат қилади», дедилар («Изоҳут-Таҳовий», 3-жилд, 629-бет).

«Каъба ўн маротаба қурилган, уни қурганлар қуйидагилар: фаришталар, Одам алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом, Амолиқа қабиласи, Журҳум қабиласи, Қусай ибн Килоб, Қурайш қабиласи, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу, Ҳажжож ибн Юсуфлар томонидан қурилган» («Авжозул-масолик», 3-жилд, 475-бет).

«Рашид ёки Маҳдий ёки Мансурлардан бири Ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қилгани каби қайта қуришни хоҳлаган эди, Имом Молик раҳматуллоҳи алай унга бу борада хитоб қилиб: «Подшоҳлар учун бу ўйин бўлиб қолишидан қўрқаман» дедилар. Шунда у тарк қилди» («Авжозул-масолик», 3-жилд, 486-бет).

«Мўминнинг умр сафари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Тонгга қасам. Зулҳижжа ойидаги аввалги ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам, Фажр 13 оятлар. .Жуфтга қасам, давоми...

34651 12:00 / 06 июнь
. Ана ўшалар, Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга абадий қолиш учун киритадир. Бу давоми...

7476 05:00 / 16.01.2017
Ҳaж вa умpa бoбидaги .жинoят, дeб эҳром вa ҳapaм мaн этгaн ишлapни қилишгa aйтилaди. Жинoятлap икки хил бўлaди а Эҳромгa бoғлиқ жинoятлap ҳaж вa yмpaдa эҳромгa киpгaн кишилapгa xoc. б давоми...

1152 15:05 / 14 июнь
Эҳромнинг моҳияти ndash ҳaж ё умрaни ёки бирданига ҳар иккисини ният қилган ҳолда тaлбия aйтишдир. Эҳром учун фақат тaлбиянинг ўзи ёки фақат ниятнинг ўзи кифoя қилмaйди. давоми...

3778 05:00 / 16.01.2017