1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Сулаймон ибн Меҳрон – Куфа муҳаддиси

18:20 / 17.05.2023 1312 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мен Куфада Аъмашдан кўра Аллоҳнинг Китобига моҳирроқ, ҳадисни яхшироқ биладиган кишини кўрмадим».

Ҳушайм ибн Башир

Тўлиқ исми, таваллуди:

Сулаймон ибн Меҳрон ал-Аъмаш Абу Муҳаммад ал-Асадий ал-Каҳилий ҳижрий 61-йил Муҳаррам ойи 10-куни онасининг асл юрти Табаристонда таваллуд  топган. Унинг таваллуди Ҳусайн розияллоҳу анҳу шаҳид қилинган кунга тўғри келади.

Унинг отаси Раъй шаҳридан бўлиб, кейинчалик онаси билан Куфага келадилар. Баъзилар Аъмашни Куфада туғилганини қайд қиладилар.

Беморлиги:

Сулаймон ибн Меҳрон болалигида кўзи касаллик туфайли ёшланадиган бўлиб, кўриш қобилияти заифлашиб қолган. Шунинг учун унга “Аъмаш”-яъни, “Кўриш қобилияти заиф” деб лақаб қўйишган ва шу ном билан машҳур бўлган.

Илм йўли:

Сулаймон ибн Меҳрон Қуръон, қироатлар, ҳадис ва фароиз илмида олим саналади.

Қироат илмини ироқлик олим Яҳё ибн Вассобдан олган. Унинг Абул Олия Раёҳийга ҳам Қуръонни ўқиб ўтказгани айтилган.

Сулаймон ибн Меҳрондан Ҳамза Заёт, Зоида ибн Қудомалар қироатни ўрганишган. Аъмашнинг алоҳида мусҳафи бўлмаган. Кишиларга у ёддан қироат илмини таълим берган. Унга Талҳа ибн Мусорриф, Абон ибн Тағлиб, Абу Убайда ибн Маънлар Қуръонни тўлиқ ўқиб берганлар.

У Саҳобалардан Анас ибн Молик билан кўришган ва у зотдан ҳадис эшитган. Зайд ибн Ваҳб Абу Амр Шайбоний, Иброҳим Нахаъий, Зирр ибн Ҳубайш, Валид ибн Убода ибн Сомит ва бошқа кўплаб тобеъинлардан ҳадис ривоят қилган.

Ундан Абу Исҳоқ Сабиъий, Осим ибн Абу Нажуд, Айюб Сахтиёний, Зайд ибн Аслам, Абон ибн Тағлиб ва яна кўпчилик муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган.

Убайдуллоҳ ибн Амр Роққий айтади: “Биз Аъмашнинг ҳузурида эдик. У ерда Абу Ҳанифа ҳам бор эди. Аъмашдан бир масала борасида савол сўралди. У: “Эй, Нўъмон фатво бергин” деди. Абу Ҳанифа фатво берди. Аъмаш унга “Буни (жавобини)қаердан айтдинг” деди. У: “Сиз бизга айтган ҳадисдан” деди. Аъмаш унга: “Сизлар табибларсиз, биз эса дори сотувчилармиз” деди.

Ибодати ва ахлоқи:

Сулаймон ибн Меҳрон жуда ибодатгўй, тақволи, ахлоқи гўзал бўлган. Хусусан, намозларни масжидда жамоат билан ўқишга алоҳида эътибор берган. У етмиш йил намозини биринчи сафда, иқомат такбирида жамоат билан ўқиган.

Абдуллоҳ Ҳарибий айтади: «Аъмаш ўзидан кўра ибодатлироқ кишини қолдирмади».

Ибн Уяйна айтади: «Агар Аъмашни кўрсанг, худди тиланчидек, устида дағал, терили кийим ва оёғида маҳси бўлади. У: “Агар Қуръон ва мендаги бу илм бўлмаганда, Куфанинг баққолларидан бири бўлардим” дер эди».

Аъмашга умрининг охирги пайтларида байтулмолдан беш динор ажратилар эди. У гарчи фақирона ҳаёт кечирсада бировдан ҳеч нарса таъма қилмас, қаноатли ва иззат-нафси юқори эди. Бу ҳақда Исо ибн Юнус шундай дейди: «Биз Аъмаш кабисини билмаймиз. Бойларнинг қайси бирини кўрсам Аъмашнинг олдида турса, ҳокисор бўлиб қоларди. Ваҳоланки, у ўзи фақир ва эҳтиёжманд эди».

Амир Исо ибн Мусо бир куни Аъмашга ҳадис ёзиб беришлигини сўраб минг дирҳам пул билан қоғоз жўнатади. У қоғозга басмалани ва Ихлос сурасининг «Айтгин, Аллоҳдан ўзга Илоҳ йўқдир» оятини ёзиб юборади. Амир: «Эй фалончини ўғли, мени Аллоҳнинг китобини билмайди, деб ўйладингми?» деб яна хат жўнатади. Шунда Аъмаш унга: «Ўзинг мени ҳадисни сотади деб ўйладингми?” деб хатини қайтариб юборади.

Аъмаш яна шундай дер эди: «Аллоҳ таоло инсонларни Қуръон билан зийнатлаган, мен ҳам Қуръон билан зийнатланганларданман. Агар шундай бўлмаганида, бўйнимга кўкат ва сабзавотларни осиб, Куфа кўчаларини кезиб юрар эдим».

* * *

Аъмаш ҳазилкаш, жуда сўзамол, ҳозиржавоб бўлган. У ҳақида кўплаб қизиқ ҳикоя ва латифалар ривоят қилинган. Бир куни талабалари олдига чиқиб(ҳазиллашиб): “Агар уйимда сизлардан кўра ёмон кўрадиган кишим бўлмаганида, сизнинг олдингизга чиқмаган бўлар эдим”, деган.

Исо ибн Юнус айтади: «Бир куни Аъмашнинг уйига меҳмонлар келишди. У меҳмонлар олдига иккита нон олиб келди. Улар нонни еб тугатишди. Шунда у ярим боғ похол олиб чиқиб, хонтахта устига қўйдида, меҳмонларга қараб: «Оиламни озуқасини еб бўлдингиз. Бу қўйимни озуқаси, шуни ҳам еб қўйинглар» деди».

Айтилишича, Аъмашнинг фаҳми сустроқ ўғли бор эди. Унга: «Бориб, кир ёйиш учун арқон сотиб олиб келгин» дейди.

Ўғли: «Отажон узунлиги қанча бўлсин?» деб сўради.

У: «Ўн зироъ бўлсин» деди.

Ўғли яна: «Эни қанча бўлсин?»

У: «Сен билан балоланишим кенглигича бўлсин» деди.

Исо ибн Юнус айтади: «Аъмаш кўчага чиққан эди. Тўсатдан бир аскар уни ушлаб, анҳордан ўтиб олиш учун уни миниб олди. Устига чиқиб: «Бизга буни хизматкор қилиб қўйган Зот покдир» (Зухруф сураси, 13-оят) оятини ўқиди. Аъмаш ҳам анҳорнинг ўртасига етганда ушбу «Ва: «Роббим, мени муборак манзилга туширгин, Сен манзилга туширувчиларнинг энг яхшисисан», — дегин» (Мўминун сураси, 29-оят) оятини ўқидида аскарни сувга улоқтириб юборди».

Аъмаш ҳақида уламоларнинг сўзлари:

Муҳаммад ибн Саъд Бағдодий айтади: «Аъмаш Қуръон, ҳадис ва фароиз илмлари эгаси эди. унга Талҳа ибн Мусорриф Қуръон ўқиб ўтказган. У кексайиб, заифлашиб қолганда ҳам одамларга Шаъбон ойида ҳар куни Қуръондан маълум миқдорда ўқиб берар, улар мусҳафларига солиштириб, хатоларини тўғрилаб олардилар. Аъмаш Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қироатида ўқир эди».

Қосим ибн Абдурраҳмон Аъмашни кўриб: «Бу шайх инсонларнинг ичида ибн Масъуднинг сўзларини билгувчироғидир» деган.

Имом Аҳмад айтади: «Абу Исҳоқ ва Аъмаш Куфанинг етук кишиларидир».

Зуҳайр ибн Муовия айтади: «Аъмаш ва Муғийрадан кўра ақллироқ бирор кишини кўрмадим».

Абу Бакр ибн Аъёш айтади: «Биз Аъмашни «Муҳаддислар саййиди» деб номлардик».

Али ибн Мадиний айтади: «Бу умматга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини олти киши сақлаб қолган. Улар Маккада Амр ибн Динор, Мадинада Зуҳрий, Куфада Абу Исҳоқ Сабиъий ва Аъмаш, Басрада Қатода ва Яҳё ибн Абу Касирлардир».

Ҳушайм ибн Башир айтади: «Мен Куфада Аъмашдан кўра Аллоҳнинг Китобига моҳирроқ, ҳадисни яхшироқ биладиган кишини кўрмадим».

Вафоти:

Сулаймон ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 148-йили Рабиул аввал ойида 88 ёшида вафот этган.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

Эслатма: Сиз ҳам «Islom.uz-1444» танловида қатнашмоқчимисиз? Унда қуйидаги https://islom.uz/maqola/19769 ҳавола орқали мусобақа шартлари билан танишинг ва танловда иштирок этинг!

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.hellipВа мусобақа қилувчилар шу нарса учун мусобақа қилсинлар,Мутоффифун сураси, 26оятБандаларини Ўзининг розилиги йўлида мусобақалашишга чақирган Аллоҳ субҳанаҳу давоми...

4791 16:01 / 28.11.2017
Бизни иймон нури билан ризқлантирган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб хамду санолар бўлсин Роббимиздан гўзал хулқ ва одобларни қабул қилган, умматларга давоми...

1711 13:28 / 19.01.2023
Ибн Зуҳр номи Ўрта асрларда Европада ҳар бир шифокор ва табибга маълум бўлган ва унинг китоблари диагностика ва даволаш учун энг яхши восита деб ҳисобланган. Аммо давоми...

1499 10:49 / 13.02.2023
.Тиловат аҳкомларини истасак Хусарий, овоз оҳанглари ҳаловатини истасак Абдулбосит Абдуссамад, хушуъни хоҳласак Миншавий, ёқимлилик билан бирга узун нафасдаги давоми...

2101 17:33 / 20.02.2023