1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Фронт ортида хизмат қилган мулла Абдухалил домла

11:27 / 04.01.2023 1697 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулла Абдухалил домла 1902 йил Наманган шаҳри «Сардоба» даҳаси собиқ Охунбобоев маҳалласи (ҳозирги «Ўзбекистон» кўчаси)да таваллуд топди. Қиблагоҳи Абдужалил ота бўзчи (тўқувчи) ҳунарманд бўлиб, аҳли илм, аҳли Қуръонларни ўзига дўст тутган киши бўлган. Абдужалил ота фарзанди дунёга келганида хурсанд бўлиб: «Парвардигоро, ўғлимни дин ва юрт  корига ярайдиган инсон қилгин» - дея дуо қилган эканлар. Аллоҳнинг изни ва дуонинг хосиятидан мулла Абдухалил домла шундай инсон бўлиб улғайди.

Тиришқоқ ва қизиқувчан Абдухалил 9 ёшидаёқ ота касбини ўрганиб, алак, беқасам каби матоларни тайёрлаш, бўяш, давра қўйиш ҳамда гулдор қилиб тўқиш каби ҳунар сирларини ўзлаштирди. Ундаги салоҳиятни пайқаган ота-онаси фарзандларини ҳунарга берилиб, илмсиз бўлиб қолмасин дея, уни 1914 йили «Сардоба» даҳасидаги «Маржома» қорихонасига ўқишга берадилар. У мударрис, ҳофизи Қуръон — Абдуғафур қоридан таҳсил олади. Бироқ, баъзи фитналар сабаб, қорихона фаолияти бироз тўхтаб қолади. Натижада, Абдухалил домла Қуръони Каримни тўлиқ ҳифз қила олмай қолади. Илмда бардавом бўлган домла кейинчалик, машҳур муфаққиҳ Собитхон тўра Абул-Маъонийдан дарс ўқишни такомилига етказади. У аввало, араб, форс-тожик тилларининг қоидаларини ўрганади. Сўнгра тафсир, фиқҳ ва ақоид каби илмларни пухта ўзлаштириб, мулла бўлиб етишади.

Оила қуриб, фарзандлик бўлган Мулла Абдухалил Заркент мавзеси Ахси кўчасидан уй-жой қилади. Ҳаёт ташвиши уни ўқишга эмас, аксинча ишлаб, оила тебратишга мажбур қилади. Боиси, ўша давр мустабид тузуми сиёсати диний таълим олиб, зиё тарқатишга  тўсқинлик қиларди. Бунинг чорасини топиш лозим эди. Ўқимишли, ишбилармон мулла Абдухалил домла 1940 йилда «Артель Сталин»[1] деган корхонага бош муҳандис бўлиб ишга киради. Шу орада 1941 йили иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетади. Ҳаммани саросимага солган уруш, ҳазрат домлани икки нарсада ўйлаб, мушоҳада юритишга ундади. Биринчиси корхонани сақлаб қолиш бўлса, иккинчиси унинг паноҳида илмли-зиёлиларни урушдан олиб қолиш эди. Ниҳоят, мулла Абдухалил домла: «биз урушдаги биродарларимизга фронт ортида туриб ёрдам берамиз» - деган ғояни илгари суриб, ўзининг режаларини амалга оширишни бошлайди.

Маълумотларга кўра, корхонага Абдусамад қори, Ёсинхон тўра, Ҳошимжон қори, Ҳомидхон қори (Тўхтабаев), Носиржон қори ҳамда Умархон (Бураматут кўчалик) махдум каби уламо ҳамда ҳофизи Қуръонларни ишга олади. 1942 йили Хитой давлати олий навли ипакни Ўрта Осиёга экспорт қилади. Шу ипакдан мулла Абдухалил домла аскарларга парашют матосини тўқиб, фронтга жўнатади. Ҳукумат домланинг ушбу ишларини маъқул кўриб, артелга ҳарбийлаштирилган корхона мақомини бериб, унинг ишчиларини фронтга ва бошқа ишларга жалб қилинмасин, деб буйруқ чиқаради. 1943 йили Хитойдан келадиган ипак келмай қолади. Ақлли, зукко мулла Абдухалил домла бу ҳолатдан ишчи зиёлиларимизнинг ҳоли нима кечаркин - деб ўйга толади. Ниҳоят, ўзимизнинг пахтадан дока (марле) ишлашни йўлга қўяди. Кейинчалик, эса бияз (бўз) яъни, солдатлар киядиган фуфайканинг матосини тўқиб, уни тиктириб, фронтга жўнатади. Хуллас, Яратганнинг марҳамати, улуғларимизнинг дуолари ва ҳазрат Абдухалил домламизнинг олиб борган саъй-ҳаракатлари туфайли жуда кўп уламо, қориларимиз урушга боришдан омонда қолишади.

Ҳазрат домла буванинг кейинги ҳаракатлари халқ фаровонлигига қаратилганди. Тахминан, 1959-60 йиллари корхонага яна Хитойдан олий навли ипаклар кела бошлайди. Мулла Абдухалил домла зиёли дўстлари билан халқимизнинг кундалик эҳтиёжи учун зарур бўладиган ипак рўмол, дастурхон, ипак барқут, шунингдек, довруғи етти иқлимга кетган Наманган атласини ишлаб чиқариб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшади. Ҳанузгача ўша пайтларда тўқилган атлас ва адраслар ҳақида халқимиз орасида илиқ фикрлар кўп. 1962 йили мулла Абдухалил домла мазкур корхонадан нафақага чиқадилар ва бор эътиборларини илм олиш ва зиё тарқатишга қаратдилар. 1974 йили мулла буванинг заифалари оламдан ўтади. Аллоҳнинг тақдирига сабр қилиб, яшашда давом этадилар. Бир йил ўтиб, Абдухалил домла Заркент бозорилик Шаҳодатхон исмли аёлга уйланиб, шу хонадонга кўчиб ўтадилар.

Домла буванинг у ерга кўчиб боришлари маҳалла аҳлини хурсанд қилади. Боиси, маҳалла ёшлари, қўни-қўшнилар у зотдан таълим ола бошлашади. Домла асосан «Қуръон», «Устози аввал», «Муаллим ус-соний», «Сарф», «Наҳв» ҳамда «Мухтасар ул-виқоя» каби китоблардан таълим берардилар. Собиқ А. Навоий маҳалласидан Абдурашид (1932-2013), Умархон (1935-2020) домлалар, шунингдек, куёвлари Ҳабибуллохон (1933-2017) кашдўз, ҳамсоялари Ҳамидхон қори домлалар сингари кўплаб инсонлар у кишидан таълим олиш бахтига муяссар бўлишган. Ҳозирда ҳаёт бўлган шогирдлари домла бувани фахр билан эслаб, ўзлари ёшларга панд-насиҳат берадиган маҳалла оқсоқоллари бўлиб, савоб улашмоқдалар.

Шундай қилиб, мулла Абдухалил домла 1988 йил август ойининг муборак жума куни вафот этдилар. У кишининг ҳам охирги қўнимгоҳлари эски «От бозори» қабристони, ҳозирги «Мангулик» мозори бўлди. Мулла Абдухалил домланинг аввалги заифалари Заҳробиби (1910-1974) ая бўлиб, улардан Ҳамидхон (1928-2015), Ҳафизхон (1936-1999), Ҳакимжон (1944-2013), Каримжон (1947-2012), Абдулвоҳид (1953-2020) исмли ўғил ва тўрт нафар қизлари бўлган. Абдулвоҳид тақсир эса Ойшахон (1957-2005) ая Абдулваҳҳоб домла қизлари билан оила қуриб, Яҳёхон (1984), Аюбхон (1988) Абдуллоҳхон (1995) исмли ўғил ва икки қизни тарбиялаб вояга етказдилар.

Ҳазрат домланинг кейинги аёллари Шаҳодатхон (1914-1991) аядан фарзандлари бўлмаган. Мулла Абдухалил домланинг дин ва юрт ривожи учун қилган ишларини Аллоҳ қиёматда мукофотласин. Омин![2]

 

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов



[1] «Артель Сталин» корхонаси — Наманган шаҳар Андижон кўчасида жойлашган. Кейинчалик номи «Янги ривожия» шойи тўқиш фабрикасига ўзгарган. Тахминан 1976-78 йиллари Лолада янгитдан Наманган «Атлас» комбинати бўлиб ташкил топган.

 

[2] Ушбу маълумотлар мулла Абдухалил домланинг набиралари ва шогирдлари билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола Онамнинг китобларни сотиб олишига ундаган нарса радиодаги эшиттириш бўлди. Унда марҳум Махмуд Аббос Аққоднинг1 олтмиш мингта китоб ўқигани давоми...

2098 15:00 / 15.11.2022
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робиий алҚазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири ndash Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари .Робиа, давоми...

3510 21:57 / 27.04.2017
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Абдували қори Али қори ўғлининг уйларига ташриф буюрдик. Қори домланинг давоми...

10777 09:43 / 27.12.2017
Миср мулкининг эгаси Абу Бакр Муҳаммад ибн Туғж ибн Жуф ибн Хоқон Фарғоний Туркий.Амакилари Бадрдан ҳадис ривоят қилганлар.321 йилда Мисрга волий бўлганлар. Сўнг давоми...

1652 17:00 / 02.05.2021
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57701 14:35 / 11.08.2021