1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Юз ёшида ҳам кўзойнаксиз Қуръон ўқиган қори

23:00 / 18.11.2022 2461 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қарийб бир аср умр кечирган ҳофизи Каломуллоҳ Жаъфар қори 1890 йил Наманганнинг қадимий гўшаларидан бири Уйчи тумани, Ёркатак қишлоғида дунёга келди. Қиблагоҳи Зокиржон олуғ бўлиб, узоқ йиллар Ёркатак қишлоғидаги масжидда хатми Қуръонларга ўтиб, муаззинлик қилган ва бутун умри дин хизматида ўтган.

Диндор оилада камол топган Жаъфар қори ёшлигидан ўткир зеҳнли, фаҳму фаросатли, одоб-ахлоқли бола бўлиб улғайди. У бошланғич таълимни оила муҳитида отасидан олди, сўнгра қишлоқдаги диний мактабда Зоҳиджон (1849-1933) қори домла қўлларида давом эттирди. Қуръони Каримни тўлиқ ёд олиб, 12 ёшида ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишди. Айтишларига кўра, Жаъфар қори таҳсил олиб юрган кезлари Юсуфжон (1896-1960) қори Фозил эшон ўғли, Бойдада (1898-1985) қори Орифжон (карвонбоши) ўғиллари билан ҳамдарс бўлган эканлар.

Афсуски, шу орада советлар бойлар, диндор, ўқимишли зиёлиларни қатағон, қулоқ ва бадарға қилишни бошлайди. Бу мудҳиш воқеалар 1937 йил июлдан бошланиб, 1938 йил ноябргача давом этган. Шу вақт оралиғида совет империяси бўйича бир ярим миллион киши қамоққа олинган. Шундан  700000 киши отилган. Ўзбекистонда эса 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача 10700 нафар киши қамоққа олинган. Булардан 3613 нафари отилди, қолган 7087 нафар киши эса саккиз-ўн йил муддатга қамоққа ташланди. Қатағон аввало, зиёлилар, дин хизматчиларига қаратилган эди.[1]

Зиёлилар қаторида Жаъфар қори ҳам Украинага қатағон, сургун қилинади. Шўролар қатағонга ҳукм қилинганларни Қирғизистоннинг маълум бир чеккасига тўплаб, вагонга чиқазади. Вагон қўзғалишидан пича олдин сувсаган, очиққан маҳкумларни кўрган командир бир аскарни чақириб: «маҳкумлардан икки кишини олда, бозорга бориб, маҳбусларга егулик олиб кел», - дея кўрсатма беради. Аскар қуролини олиб, Жаъфар қори ва яна бир кишини олиб, бозорга жўнайди. Йўлда икки жабрдийда маҳбус қочишади. Жаъфар қори тўғри қишлоғига боради ва уйдагиларига соғ-омонлигини айтиб, Наманган туманининг Хонабод қишлоғига беркинади. Ҳазрат қори домла бир қанча вақт қочувда жон сақлаб, беркиниб юради. Кейинчалик, Хонабодлик бир аёлни никоҳига олиб, оила қуради. Бироқ у аёл билан турмуши узоққа чўзилмайди. Вазият изига тушгач, Жаъфар қори Наманган шаҳрига келиб, ўз фаолиятини бошлайди.

Ҳикоя қилишларича, кунларнинг бирида Ортиқ (1905-1969) хўжа қори ховлисида чой ичиб ўтирса, қаердандир чиройли совутда, тажвид ва тартил қоидалари билан Қуръон ўқиётган кишининг овози эшитилибди. Диққат билан қулоқ тутса, овоз ёнидаги  қўшнисиникидан чиқаётган экан. Ортиқ қори ўйланиб, яқинда куёв бўлиб келган Жаъфархон қори ака ҳофизи Каломуллоҳ эканлар шекилли дебди. Эртасига Жаъфар қорини чақириб, гапга солибди. Ҳазрат, кеча тиловатингизни эшитдим ва бутун вужудим билан сизни тинглаб, ҳузур топдим. Маъзур тутгайсиз, қироатингиздан қори бўлсангиз керак-а, деб сўради. Жаъфар қори, янглишмадингиз тақсир, шундай, дедилар. Ўзаро дилдан бўлган суҳбатдан сўнг, икковлон бир-бирлари билан яқин дўсту биродар бўлиб қолишган экан.

Жаъфар қори илм талабидан тўхтамадилар. Маънавий камолот ҳосил қилиш мақсадида Юсуфхон тўрага қўл берадилар. У зотдан анча вақт шариат илмлари ва тариқат одобларидан таълим олиб, илму ирфонда камол топадилар.

Маълумотларга кўра, Жаъфар қори узоқ йиллар Рамазон ойларида «Шайх эшон» масжидида ва халқимиз хонадонларида хатмоналарга ўтиб, улуғларнинг дуоларини олган эканлар. Кўпинча, қорилар хатми Қуръоннинг охирги тасбеҳларига Жаъфар қорини ўтказишар экан. Боиси, ўқилмай қолиб кетган оят ва саҳифаларни бу зот ўқиб қўяр эканлар. Шунга бўлса керак, ҳофизи Қуръонлар ичида «терма қори», «тўлдирувчи қори» дея танилган эканлар. Мустабид тузуми даврида диний илм олиш ва тарқатиш қийин бўлган пайтларда ҳам Жаъфар қори кўпларга илм-маърифат улашди. Маҳалласидаги қўни-қўшни, қариндош-уруғлари ва ёру биродарларига Қуръони Каримдан таълим берди.

«Отам раҳматли Қуръони Каримни мутолаа қилиб, такрорлашни ҳеч канда қилмасдилар. Кунлик одатга кўра, 3 ёки 5 пора сурани такрор қилиб, сўнгра бошқа ишга ўтардилар. Қиблагоҳим 90 ёшларида ҳам хатми Қуръонга ўтиб, ўзларининг ҳифзлари, серғайратликлари билан ёшларга ўрнак ва намуна бўлардилар. Буни қарангки, қиблагоҳим юз ёшга тўлганларида ҳам Қуръони Каримни кўзойнаксиз ўқирдилар. Отамнинг бир ўгитлари бор эди: «Қуръонни кўп ўқинглар. Қуръон-кўзнинг нури, қалбнинг чироғидир».

Энг қизиғи, падарибузрукворим оламдан ўтганларидан сўнг фойдаланган Қуръонларини ўқимоқчи бўлиб очсам, не кўз билан кўрайки, Каломуллоҳнинг ҳар бир порасини соқолларининг тўкилган доналари билан жузларга тақсимлаб қўйган эканлар. Бу ҳам кўзлари қанчалик равшан бўлганлигининг исботи бўлса, не ажаб. Ҳозирда, отам ўқиган Қуръони Карим хонадонимизда табаррук қилиб, асраб-авайланади», дея эслайди ўғиллари Аҳмаджон ака.

1980 йили қори домланинг қон босимлари кўтарилиб, инсульт бўлиб ётиб қоладилар. «Аллоҳ суйган бандасига дард беради. Зора, қилган гуноҳларимга кафорат бўлса», дея Жаъфар қори Яратганнинг синовларига шукр қилиб, Унинг зикрида, тоат-ибодатида бўлдилар. Қори домланинг Қуръони Каримга муҳаббатлари шу даражада эдики, ҳатто хаста бўлиб ётиб қолганларида ҳам уни такрорини қолдирмаган эканлар.

Қуръон ва суннатга мувофиқ ҳаёт кечириб, умргузаронлик қилган ҳазрат Зокиржон қори ўғиллари Жаъфар қори 1990 йили юз ёшни қоралаб бу ёруғ оламдан ўтдилар. У зоти шарифни шаҳарнинг эски катта қабристони «Ҳазрати Мавлавий» мозорига қўйилди.

Жаъфар қори Мавлудахон ойим (1926-1989) Мўмин эшон қизи билан оила риштасини боғлаб, ундан Хадичахон (1953), Саломатхон (1958-2017) ва Аҳмадхон (1962) исмли фарзандларни вояга етказдилар.[2]Аллоҳ ўтганларимизни раҳмати илоҳийси ила сийласин. Омин!

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов



[1] https://uza.uz>socety. Р.Шамсиддинов. Қатағон аввало, зиёлилар, дин хизматчиларига қаратилган эди.

[2] Ушбу маълумотлар ҳофизи Қуръон Жаъфар қори ўғиллари Аҳмаджон ака билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаИмом, аллома, истеъдодли ҳофиз, Хуросон шайхи Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ибн Ҳиббон ибн Муъоз ибн Маъбад ибн Саҳид ибн Ҳадия ибн Мурра давоми...

1617 11:00 / 24.01.2021
Наманган музофотининг шайхулисломи бўлган ҳазрат Иноятхожа Лангарийнинг муваффақиятларини кўра олмаган ҳасадгўйлар, 1867 йили унга иғво ва туҳмат уюштириб, давоми...

5073 14:30 / 11.04.2022
Тоҳиpxон тўpa 1900 йил Наманган шаҳри Сардоба даҳаси ҳозирги .Тўрақўрғон, кўчасида маърифатли хонадонлардан бирида таваллуд топди. Бобоси Яҳёхон тўра XIX аср охири ва XX давоми...

1337 19:30 / 15.12.2022
Исломий даъват ишининг кўзга кўринган намояндаларидан, тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган уламолардан, хусусан, улуғ муфассирлардан бири, Қуръони давоми...

3577 19:00 / 21.11.2022
Аудиолар

137621 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57687 14:35 / 11.08.2021