1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Изуддин Жалдакий: «Кимёвий бирикмалардаги нисбатлар қонуни» ихтирочиси

15:18 / 07 апрель 1179 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ньютон, Кепплер ва Галилейлар ўз тадқиқотларида Ўрта асрнинг буюк мусулмон кимёгар олими Жалдакий асарларига суянган. Маълумотларга кўра, у тахминан милодий 1342 йилда вафот этгани айтилади. Жалдакий табиб ва ёзувчи ҳам бўлган. Олимнинг тўлиқ исми Али ибн Муҳаммад Айдемир ёки Изуддин Жалдакийдир.

Олимнинг «Ал Бурҳану фий асрори ъилмил мийзаан» номли уч мужалладлик асари бугунги кунда АҚШнинг миллий медицина кутубхонасида сақланади. Яна «Ал мисбаҳу фий ъилмил мифтаҳ» асари ҳам кимё фанида улкан қийматга эга асарлардандир.

У Миср султонлигининг пойтахти Қоҳирада Қалавунлар оиласи бошқаруви вақтида дунёга келди. Илмга меҳр қўйиб улғайган йигит 17 йил давомида Мисрдан ташқарида, Ироқ, Анатолия, Яман, Шимолий Африка ва Сурия мамлакатларида илм йўлида саёҳат қилди.

Жалдакий Ўрта асрлардаги инсон тафаккурининг кимё фанидаги энг олий ютуқлари ҳисобланувчи ўнлаб илмий китоблар ёзди. Шунингдек, у қадимги кимёшунос олимларнинг асарларини йиққани ва уларнинг мазмунларини тадқиқ қилгани билан ҳам машҳур бўлди. Айнан шу изланишлар кимё фанининг катта меросини сақланиб қолишида катта ёрдам бўлди.

Изуддин Жалдакий шу билан бирга табиий фанлар ва ўсимликларга ҳам қизиққан, уларнинг мавзуларига киришиш ва бу фанлар ҳақида адабиётларни ўқишга қаттиқ эътибор қаратган. Олим кимёга оид бирон китобни ўқимасдан, сўнгра уни шарҳламасдан қолдирмасди.

 У саховати, олийжаноблиги, тақводорлиги ва илм тарқатиши ҳамда илм истовчи талабаларга ғамхўрлиги билан ҳам танилган эди. Унинг уйи илм толиблари учун ҳамиша очиқ бўлган ва унга савол билан мурожаат қилганларга асло малолланмай билимларини улашарди.

17 йиллик дунё бўйлаб саёҳатдан ватани Мисрга қайтгач, у энг машҳур ва буюк муваффақиятни ўрнатди... У ҳам бўлса, «Кимёвий бирикмалардаги доимий нисбатлар қонуни»ни тушунтириб берди, у ҳақда китоблар ёзди. Орадан жуда кўп йиллар ўтиб Кеплер, Галилей ва Ньютон каби олимлар ўзларининг тадқиқотларида унинг асарларига суянганлар.

«Кимёвий бирикмалардаги нисбатлар қонуни»ни француз кимёгар олими Жозеф Луи Пруст ёлғон асосида ўзининг номига ўзлаштириб олган. (Joseph Louis Proust 1754-1826 йилларда яшаган олим, Париж Фанлар Академияси аъзоси бўлган). Ваҳоланки, у қонуннинг ҳақиқий асосчиси Изуддин Жалдакийдан 5 аср кейин туғилган.

Жалдакий азот кислотаси ёрдамида кумушдан олтинни ажратиб олиш услубини ишлаб чиққан. Бу услуб ҳозиргача қўлланилади. У кимёвий реакциялар вақтида юзага келадиган газларни ҳидлашнинг зараридан сақланиш чоралари ва профилактикасига оид батафсил маълумотларни баён қилди. Айнан шу мусулмон олим кимёвий лабораторияларда ниқоб, маскалардан фойдаланишни ихтиро қилган ва жорий қилган биринчи олим ҳисобланади.

Унинг ҳиссаси ишқорлар ва кислоталарни тадқиқ қилишга ҳам кенгайиб, ўша вақтда совун ишлаб чиқариш методикасини яхшиланишига ҳам таъсир қилди. У ўша вақтдаёқ бугунги кундаги ҳайдаш методи, яъни, фильтрланган қоғоз, сув ҳаммомида ҳайдаш ва иккиталик ҳайдаш методини тушунтириб берган эди.

У биринчи бўлиб материя ёнганда ўз рангини беришини айтганди. Шунингдек, кимё ва ботаникадан ташқари механика, товушлар ҳақидаги фан (акустика), ҳаво ва сувдаги тўлқинлар ҳақида ҳам тадқиқотлар, изланишлар олиб борган.

Буюк олим Изуддин Жалдакий атомнинг электрон структураси ҳақида хабардор бўлган ва ўзининг машҳур байтларида уни Қуёш тизими билан қиёслаган. Бу мавзуда кўплаб китоблар ёзган ва улар кўплаб дунё кутубхоналарига тарқалиб кетган. Уларнинг аксари ҳозиргача қўлёзма шаклида сақланади.

Кўплаб тарихчилар ва олимлар Жалдакийнинг Жобир ибн Ҳайёндан кейинги тарихдаги иккинчи йирик мусулмон кимёгари деб ҳисоблашади.

 

photo-3-2025-04-07-15-21-49

photo-4-2025-04-07-15-21-49

Бобур Аҳмад тайёрлади.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 4 мартдаги 03-07/1462-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Исмоил қори Исмоил ўғлининг уйларига ташриф буюрдик.Исмоил қори Исмоил давоми...

7290 02:05 / 05.06.2018
Зиёвуддин қори Холмуҳаммад ҳожи ўғли 1912 йил ҳозирги Наманган шаҳрига туташ Ғирвон қишлоғида дунёга келди. Қиблагоҳи Холмуҳаммад 18801947 ҳожи зиёли кишилардан бўлиб, давоми...

2175 11:19 / 05.03.2024
Имом Мусилийнинг Ихтиёрrdquo китобида қуйидагича келтирилади Ҳар бир ўрганиш ва амал қилиш қатъиян вожиб бўлган далилга хилоф бидъат куфрдир. Ҳар бир бунга хилоф давоми...

5255 10:50 / 09.02.2018
Муҳаддис, садуқ Абу Имрон Исо ибн Умар ибн Аббос ибн Ҳамза ибн Амр ибн Аъян Самарқандий. Абу Муҳаммад Доримийнинг шогирдлари. Доримийдан .Муснадrdquoларини ривоят давоми...

1984 18:00 / 11.04.2021
Аудиолар

210862 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10428 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130127 14:35 / 11.08.2021