1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Қуръонга оид савол-жавоблар (тўртинчи мақола)

10:43 / 28.12.2022 1651 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4-савол: «Аллоҳ таоло маишатпарстларга фосиқлик қилишни буюрганми?»

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамдулиллаҳ васоллаллоҳу васаллама ва барока аъла Расулиллаҳ ва ала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи таъала ва барокатуҳ.

Баъзилар Қуръони Карим оятлари борасида турли саволлар беришади. Хусусан, «Аллоҳ таоло фосиқлик ва фаҳшга буюрадими?» деган савол. Бу саволга шундай жавоб берамиз: 

«Йўқ, Аллоҳ таоло пок зот. У бандаларини фосиқлик ва фаҳшга буюрмайди. Бундай савол бериш улкан беодоблик ва жоҳилликдир».

Савол берувчилар ўз саволларида давом этиб, бундай дейишади: «У ҳолда Аллоҳ таолонинг мана бу оятини қандай тушунамиз:

ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ



«Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни ирода қилсак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз, бас, улар у ерда фосиқлик қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, у(шаҳар)ни ер билан яксон қилурмиз» (Исро сураси, 16-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло маишатпарастларни фосиқликка, исёнга буюриб, ортидан уларни ҳалок қиляптими? Қандай қилиб Аллоҳ таоло бандаларни фаҳшга, исёнга буюради? Ахир бошқа оятда бандаларни фаҳшга буюрмаслигини, аксинча адолат ва эҳсонга буюришини баён қилганку.

У зот бошқа бир оятда бундай марҳамат қилганку:

ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ



«Қачон бирор фаҳш иш қилсалар: «Ота-боболаримизни шунинг устида топдик ва буни бизга Аллоҳ буюрган», – дерлар. «Албатта, Аллоҳ фаҳшга буюрмас. Аллоҳга нисбатан ўзингиз билмайдиган нарсани айтасизми?!» – дегин» (Аъроф сураси, 28-оят).

Аллоҳ таоло биз бандаларини адолатга, яхшиликка буюриб, шундай марҳамат қилганку:

 

 

ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ



«Албатта, Аллоҳ адолатга, яхшилик қилишга, яқин қариндошга (ҳақини) беришга амр этур ва фаҳшдан, мункардан ҳамда тажовузкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эслатма олсангиз» (Наҳл сураси, 90-оят). Бу оятларни қандай тушунамиз?

Хўш, юқоридаги Исро сурасининг 16-ояти борасида берилган саволга қуйидагича жавоб берамиз: 

«Араб тилининг сир-асрорларидан, унинг услубидан яхшигина бохабар бўлган киши бундай савол бермайди. Чунки, Қуръони Карим очиқ-ойдин араб тилида нозил бўлган. Араб тилининг ўзига хос қоидаларидан бири — ҳазф ва зикр қоидасидир. Роббимиз азза ва жалла баъзи оятларда мафъулни, музофни, жумлани улкан ҳикматга кўра ҳазф қилади. Баъзи оятларда эса муайян калималарни тафсилотлари билан зикр қилади. Бу каби ҳолатларни эса фақат араб тилининг чуқур билимдони бўлган, балоғатдан хабари бор кишиларгина англайдилар. Исро сурасининг 16-ояти маъносини таржима қиладиган бўлсак, қуйидагича бўлади:

ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ



«Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни ирода қилсак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз, бас, улар у ерда фосиқлик қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, у(шаҳар)ни ер билан яксон қилурмиз» (Исро сураси, 16-оят).

Ушбу оятда

ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ

«Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни ирода қилсак, унинг маишатпарастларини амр қиламиз» жумласидан кейин بِالطَّاعَة (итоатга) калимаси ҳазф бўлган, яъни тушириб қолдирилган. Ҳа, Аллоҳ азза ва жалла шаҳарнинг маишатпарастларини итоатга, ибодатга, Ўзига қуллик қилишга, Пайғамбарларнинг даъватига ижобат қилишга буюради. Лекин маишатпарастлар Аллоҳнинг амрларини инкор қиладилар, Пайғамбарларнинг даъватига итоат этмай, кибр қилиб, уларга қарши уришадилар. Тўғри йўлдан, ҳақ йўлдан оғиб, адашиб, улоқиб юрадилар. Натижада, Аллоҳ таоло уларни ер билан яксон қилиб юборади. Демак, савол бераётган кимсалар Исро сурасининг 16-оятида ҳазф қилинган «итоатга» калимаси борлигини тушунмаганлари учун юқоридаги ноўрин саволни берганлар. Пайғамбарлар нимага буюрадилар? Албатта улар, гўзал ахлоққа, Аллоҳ таолони якка деб билишга, Унга ибодат қилишга, Ислом динида собит туриб, ҳаром луқмалардан ва амаллардан узоқ туришга буюрадилар. Лекин маишатпарастлар ҳаром-ҳариш ҳаётга, зулмга, одамларнинг молини ўзлаштиришга уринадилар. Аллоҳ таоло уларни Ўзига ибодат қилишга, Пайғамбарларига итоат этишга буюради. Улар итоат қилишмагач, Аллоҳ таоло уларни ҳалокатга дучор қилади. 

Маишатпарастлар тўғри йўлда юрмагач, илоҳий амрга итоат қилмагач, уларнинг устида «азоб сўзи» ҳақ бўлади. Ушбу оятда иккита муҳим нуқта бор. Унга ҳам эътибор қаратиб ўтсак. 

Биринчи нуқта, Қуръони Карим доим «маишатпарастлик» сўзи билан «ҳалокат», «ер билан яксон қилиш» маъноларини ёнма-ён келтиради.

Нега?

Чунки маишатпарастлик туғёнга олиб боради. Кўп ҳолларда маишатпарастлик ҳаром мол ортидан пайдо бўлади. Биз мол деганда ҳар қандай молу давлатни айтмаяпмиз, чунки «Солиҳ мўминнинг қўлидаги солиҳ (ҳалол) мол бунча ҳам яхши» деган ҳадис бор. Биз бу ерда, ҳаром мол ҳақида сўз юритяпмиз. Пулни ҳаром йўл билан топган маишатпарастлар одамларга кеккайиб, уларнинг молини тортиб олиб, уларга зулм қилиб, кун кечирадилар. Жамиятда бундай кимсалар кўп топилади. Ҳатто одамларнинг молини турли ҳийла йўллари билан ўзлаштиришда улар дин, ахлоқ, қадрият каби сўзлардан ниқоб сифатида фойдаланадилар. Оятда қасд қилинган маишатпарастлар мана шундай кимсалардир. 

Иккинчи нуқта шуки, Аллоҳ таоло мазкур оятда «...унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз, бас, улар у ерда фосиқлик қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, у(шаҳар)ни ер билан яксон қилурмиз» деб марҳамат қилган.

Оятга эътибор берсак, маишарпарастлар итоатга амр қилинди-да, улар фосиқлик қилгач, бутун шаҳар ер билан яксон қилинди. Нега маишатпарастларнинг ўзигина ҳалок этилмай, балки шаҳарнинг бошқа аҳолиси ҳам ҳалокатга дучор бўлмоқда. Чунки шаҳарнинг бошқа аҳолиси ўша маишатпарастларни жиноят устида кўрганда ҳам уларни қўлларидан тутишмади, тўғри йўлга чақиришмади, Аллоҳдан қўрқинглар дейишмади, гуноҳдан қайтаришмади. Бунга сабаб эса ўша аҳолининг баъзиси маишатпарастларнинг ортидан манфаат кўриб тургани эди, бошқалар эса улардан қўрқар эди, шунга индамаган. Аллоҳ таолонинг ушбу оятига эътибор берайлик:

ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ



«Ва сизлардан фақат зулм қилганларгагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир» (Анфол сураси, 25-оят).

Ушбу ояти каримадаги «фитна» сўзи бошқа оятлардаги каби, «синов» ва «бало» маъноларини англатади. Қайси бир жамоада золимлар зулм қилганда, бошқалар қараб турса, ҳамма – зулм қилганлар ҳам, қараб турганлар ҳам баробар балога гирифтор бўладилар. «Зулм» деганда бир шахснинг иккинчи шахсга тажовуз қилишигина англанмайди, балки бу сўзнинг маъно қамрови кенг бўлиб, ҳамма ноҳақликлар ва барча гуноҳларни англатади. Хусусан, динни тарк этиш, Аллоҳнинг амрига юрмаслик катта зулм ҳисобланади. Қайси бир жамиятда ана шундай зулмлар содир этилса, ўша жамиятнинг барча аъзолари: зулм ишларни қилганларию, уларга бефарқ қараб турганлари биргаликда фитнага – оммавий бало-офатга гирифтор бўладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган бандаларини бундан огоҳлантириб, ушбу хитобни қилмоқда:

«Ва сизлардан фақат зулм қилганларгагина етмайдиган фитнадан сақланинг».

Яна, эй зулм қилаётганлар ва уларга жим қараб турганлар,

«...билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир».

Албатта, зулмга қарши курашиш осон эмас. Лекин мусулмон одам қийинчиликлар олдида тушкунликка тушмаслиги керак. Ихлос билан ҳаракат қилса, Аллоҳнинг Ўзи ёрдам беради.

Шундай қилиб, Исро сурасининг 16-оятидан келиб чиқиб, «Аллоҳ таоло маишатпарстларга фосиқлик қилишни буюрганми?» дея берилган саволга айтган жавобимиз шулардан иборат. 

Аллоҳ таоло Қуръони Карим маъноларини теран англаб, Каломига амал қилиш неъматини барчамизга ато этсин.

Валҳамдулиллаҳи Роббил ъаламийн.

 

Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
Муҳаррир: Хуршид Маъруф

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозда имомликка ўтишга ким ҳақли Ёши каттасими ёки илмлисими Имом ўзи қанақа бўлиши керакЖАВОБ Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймНамозда имомлик қилиш шариатда давоми...

11653 21:20 / 24.04.2016
САВОЛ Ҳурматли Шайх жаноблари, инсонга иссиқсовуқни таъсир қилиш жараёни ва унинг салбий томонлари ҳақида маълумот берсангиз.ЖАВОБ Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

8623 16:10 / 27.04.2016
СаволМен кулолман. Ишим давомида идишларга оят ва хадислардан ёзиб, атрофига нақш чизаман ва пишириб сотаман. Асосан бундай ёзувли идишларни хорижлик сайёхлар, давоми...

4623 09:05 / 01.10.2017
СаволМен ҳозир Москвадаман. У ердаги масжидга жума ўқигани борганимда масжид имоми садақани ҳар кимга ҳар жойда берманглар. Кимдир олиб маст қилувчи нарсаларни давоми...

4385 14:55 / 07.08.2017