1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

Ишончли адабиётлар жуда муҳим

19:00 / 22.12.2022 1206 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимиз Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни севишни, у зотнинг сийратларини ўрганишни ибодат даражасига кўтарди. Шунинг учун ҳам бугунги кунгача ўрганилган бирон шахсга оид тарихнинг энг мукаммали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли деб бемалол айта оламиз. Рабиъул аввал ойи муносабати билан инсоният тарихи гултожи – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саодатли ҳаётларига оид маълумотлар билан яқинроқ танишиш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси, сийрат фани устози Абдул Азим Зиёуддинни суҳбатга таклиф қилдик.

– Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда сийрат мавзусига оид кўплаб китоблар бор. Бу адабиётларни бир мутахассис сифатида бошланғич, ўрта ва аҳли илмлар учун қандай таснифлаган бўлардингиз? Суҳбатимизни шу мавзуда бошласак.
– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу аъла расулиллаҳ.
Дарҳақиқат, бугунги кунда юртдошларимиз динимиз ўрганишга оид жуда кўп китоблардан баҳраманд бўлиш имкониятига эгалар. Шу жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига оид адабиётлар ҳам анча кўпайиб қолди. Динимизни, хоссатан, Расули акрам алайҳиссалом ҳаётларини ўрганишда давр синовларидан ўтган, ишончли, устозларимиз тавсия қилаган адабиётларга мурожаат қилиш жуда муҳим.
Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларини ўрганишини бошлаётганларга, аввало, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимуллоҳнинг «Ҳадис ва Ҳаёт» тўпламларидан «Оламларга раҳмат пайғамбар» деб номланган 19-жузни, турк адиби Аҳмад Лутфи Қозончининг «Саодат асри қиссалари» ҳамда Алихонтўра Соғунийнинг «Тарихи Муҳаммадий» асарларини ўқиб чиқишларини тавсия қилардим.
«Оламларга раҳмат пайғамбар» китобида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари мўътабар ҳадислар ёрдамида ёритиш билан бир қаторда, у зотнинг умрлари давомида рўй берган муҳим воқеалар – туғилишлари, болалик даврида кимларнинг қўлида тарбия кўрганлари, уйланишлари, ваҳийнинг тушиши, ҳижрат, вафотлари ва бошқа ҳодисалар, шунингдек, ўзларигагина хос бўлган сифатлари ҳақида бир-биридан қизиқ маълумотлар берилган. Зеро, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг жисми шарифлари, каломлари, кулгулари, умуман ҳаёт тарзлари ҳақидаги тавсифларни ўқиган ўқувчи у зот алайҳисаломга бўлган меҳри янада ошиши аниқ.
Туркиялик адиб, тарихчи олим Аҳмад Лутфий Қозончи томонидан ёзилган «Саодат асри қиссалари» ҳам тўла ҳолида жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг туғилишларидан то вафотларига қадар муборак ҳаётларини камраб олган. Ушбу китоб, гарчи баъзи маълумотларда мулоҳазали ўринлари бўлса-да, шу мавзудаги бошқа асарлардан муаллифнинг тарихий воқеа-ҳодисаларни ўзига хос бадиий йўсинда акс эттиргани билан ажралиб туради.
«Тарихи Муҳаммадий» асарининг тили ва баён услуби содда ва самимий бўлиб, муаллиф Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини тарихий манбалар ва ҳаққоний ҳужжат-далиллар асосида баён этиш баробарида ўзи томонидан шарҳларни ҳам келтириб ўтади. Бу эса асар қадр-қимматини янада оширади.
Ўрта даражадаги китобхонлар Сафийюрраҳмон Муборакфурийнинг «Ар-раҳийқул махтум», Муҳаммад Зако Кўнрапанинг «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва Ислом тарихи», каминанинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт» ҳамда Олтинхонтўранинг «Нурул басар» асарларини мутолаа қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман.
Ҳиндистонлик олим қаламига мансуб «Ар-раҳиқ ул махтум» асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаттар сийратларини чуқур ва айни пайтда енгил услубда баён қилиши, баъзи сийрат китобларида учрайдиган ботил ва асоссиз ривоятлардан ҳолилиги билан ана шундай мумтоз асарлар сафидан ўрин олган бўлиб, ҳижрий 1396 йили мазкур асар Робитатул Оламил Исломий томонидан жорий қилинган Пайғамбаримиз алайҳиссалом сийратларига бағишланган мусобақа якунига кўра биринчи даражали мукофот билан тақдирланган.
Туркиялик яна бир муаллиф Муҳаммад Зако Кўнрапа «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва Ислом тарихи» номли асарида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлари билан боғлиқ воқеаларни қисқа ва тушунарли услубда ёзишга ҳаракат қилган. Эътиборлиси, унинг сийрат ва одоб-ахлоққа доир ёзган китоблари махсус Ислом билим юртларида ўқув қўлланма сифатида фойдаланиб келинади.
Юқори даражадаги китобхонларга, агар ўқиб чиқишга улгурмаган бўлишса, шайх Муҳаммад Хузарийнинг «Нурул яқийн», Абдул Азим Зиёуддиннинг икки жузли «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?», шайх Муҳаммад Саъид ибн Рамазон Бутийнинг «Сийратни англаш», шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг иккита китобдан иборат «Ислом тарихи», Ибн Ҳишомнинг «Ас-сийратун-набавийя» асарларини ўқишни маслаҳат бераман.
– Айрим манбаларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келиб чиқишлари «араблашган араб»дан экани келтирилади. Ўқувчиларимизга шу ҳақида кенгроқ маълумот бера оласизми?
– Бу баҳсли мавзу. Ҳақиқатан ҳам баъзи тарихчилар келиб чиқиши нуқтаи назарига кўра араблар уч сулолага ажратишади.
Демак, бу сулоланинг биринчиси «боид араблар» – ер юзидан йўқолиб кетган қадимги араблардир. Буларга Од, Самуд, Тасм, Жадис, Имлоқ, Умайм, Биринчи Журҳум, Ҳазур, Вабор, Абийл, Жосим, Ҳазрамавт каби қавмлар кирган.
Иккинчиси, «ориб араблар», улар Қаҳтондан тарқалган асл араблардир. Шунинг учун улар «Қаҳтоний араблар», деб аталган. Масалан, Ҳимяр ва Каҳлон кабилар.
Учинчиси, «мустаъриб араблар», яъни араблашган араблар. Улар Исмоил алайҳиссаломнинг пушти камаридан тарқалган бўлиб, «адноний араблар», дейилади. Адноний дейилишининг сабаби эса, улар ўзларини Исмоил алайҳиссаломга Аднон орқали боғлашган. Бироқ замонамизнинг кўзга кўринган уламоларидан аллома Алий Тантовий, доктор Шавқий Абу Халил, тарихчи олим Ҳоний Муборак, тадқиқотчи олим Муҳаммад Шурроб, доктор Алий Саллобий каби кўплаб муҳаққиқлар мазкур тақсимотга эътироз билдиришган. Мисол учун, аллома Алий Тантовий «Мин нафаҳотил Ҳарам» асарида қуйидагиларни баён қилади:
«Бу тақсимот арабларнинг шунчаки бир гапи бўлиб, уни ким айтгани номаълум ва далили ҳам йўқ. Шундай экан, биз бу гапни оламизми ёки Аллоҳ таолонинг Каломиними? Унга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соф араб бўлганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ўн бир жойида Қуръонни очиқ-равшан араб тилида нозил қилганини айтган (Юсуф сураси, 2-оят; Раъд сураси, 37-оят; Наҳл сураси, 103-оят; Тоҳа сураси, 113-оят; Шуаро сураси, 195-оят; Зумар сураси, 28-оят; Фуссилат сураси, 3 ва 44-оятлар; Шўро сураси, 7-оят; Зухруф сураси, 3-оят; Аҳқоф сураси, 12-оят).
Агар биз Исмоил алайҳиссалом авлодини «мустаъриб» – араблашган араб, яъни олдин араб бўлмай, кейинчалик араблашиб кетган, десак, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам соф араблардан эмас, деб даъво қилган бўлиб қоламиз. Қолаверса, Қуръон ҳам араблашган арабларнинг тилида нозил бўлган бўпқолади-ку?!»
Доктор Шавқий таъкидлашича: «Исмоил алайҳиссалом авлодининг «Ал-арабул мустаъриба» ёки «мутаъарриба» – араблашган араблар, дейилишининг сабаби, Исмоил алайҳиссалом сурёний ёки иброний тилда гапирган. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг амри ила Исмоил алайҳиссалом ва Ҳожар онамизни Маккага олиб келиб ташлаб кетганидан кейин Қаҳтонийлардан бўлган Журҳум қабиласи Ямандан Маккага келиб жойлашади. Исмоил алайҳиссалом улар орасида улғайиб, араб тилини ўрганади. Қабила бошлиғининг қизига уйланиб, бир нечта фарзанд кўради. Натижада, болалари ҳам араб тилида гаплашадиган бўлиб кетишади. Шу сабаб, улар «Ал-арабул мустаъраба» – араблашган араблар, номини олишган эмиш... Исмоил алайҳиссалом авлодини араблашган араблар, дейиш афсонадир. Буни тарихчилардан кимдир айтган. Кейинчалик оммавий тарзда муомалага кириб кетган. Ҳолбуки, Иброҳим алайҳиссалом ва ўғли Исмоил алайҳиссалом яшаган давр соф мустақил арабий давр бўлган. Унинг сурёнийларга ҳам, яҳудийларга ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳозирги кунда Иброҳим алайҳиссалом қавми, Яқуб алайҳиссалом қавми, яъни Бану Исроил, Мусо алайҳиссалом қавми, яҳудийлар ва ибронийлар – ҳаммалари бир-биридан илмий тарзда ажратиляпти» («Атласул Қуръон», 44–45-бетлар).
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан боғлиқ кўп воқеа-ҳодисалар, қилинажак ишлар илоҳий амр билан белгилаб берилган. У зот алайҳиссаломга «Муҳаммад» деб исм қўйилиши ҳам шу мезон асосида амалга оширилганми?
– Аллоҳ таоло Замзам қудуғининг қаерга кўмилганини ва уни очиш буйруғини Абдулмутталибга туш орқали билдирганидек, набирасига «Муҳаммад» деб исм қўйишни ҳам унга туш орқали билдирган: Абдулмутталиб тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишларидан олдин бир учи осмонда, бир учи ерда, яна бир учи шарқда ва бир учи ғарбда бўлган мисоли кумуш занжирнинг белидан чиққани, кейин ҳалиги занжир мисоли бир дарахтга айлангани, ҳар бир япроғида нур бўлиб, машриқу мағриб аҳолиси ўша дарахтга осилишаётганини ва уни тинмай мақташаётганини кўради. У кўрган туши ҳақида гапириб берганида, таъбирчилар унинг пушти камаридан бир фарзанд дунёга келишини, бутун машриғу мағриб аҳолиси унга эргашишини ва еру осмон аҳли уни мақташини айтишади. Абдулмутталиб мана шу тушга асосланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Муҳаммад» деб исм қўйган. Мавзуга оид қўшимча маълумот сифатида Абдураҳмон Суҳайлийнинг «Ар-равзул унуф», Имом Олусийнинг «Руҳул маъоний», шайх Муҳаммад Тоййиб Нажжорнинг «Ал-қовлул мубин фи сийрати Саййидил мурсалин» китобларига мурожаат қилиш мумкин.
– Сийрат китобларини ўқир эканмиз, аёллар саййидаси – Хадийжа онамиз Расулуллоҳга ўзлари харидор бўлганлари ва уйланишларини таклиф қилганлари ҳақидаги маълумотларга кўзимиз тушади. Баъзи манбаларда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам Хадийжа розияллоҳу анҳонинг маҳрига 20 та урғочи бўталоқ, баъзи манбаларда эса 500 дирҳам берганлари келтирилади.
– Ушбу саволга жавоб беришдан олдин Хадийжа онамиз ҳақларида қисқача тўхталиб ўтсам. Оталарининг исми Хувайлид, оналариники Фотима бўлган. Жоҳилият даврида Хадийжа онамизни Тоҳира деб чақиришар эди. Умму Қосим деб куняланаган. Асли Қурайш қавмидан. Оқила, олийҳиммат, саховатли, меҳрибон жаннатий аёл бўлган.
Хадийжа онамиз Расулуллоҳдан 15 ёшга катта бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзандлари шу онамиздан туғилган. Ер юзида Расулуллоҳни биринчи бўлиб тасдиқлаган ва ҳаммадан олдин иймон келтирган энг бахтли аёл ҳам Хадийжа бинти Хувайлид бўлган.
Улар худди узукка кўз қўйгандек бир-бирларига мос эдилар, чунки ҳамма уларга ҳавас билан қарарди. Ёшлари орасидаги фарқ ўша даврнинг урфига мувофиқ эди, шунинг учун душманлар ҳам буни айб деб санашмаган. Орада олти фарзанд туғилгани эса, жисмонан ҳам ўзаро мутаносиб бўлганларига далолатдир.
Ибн Исҳоқ ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа онамизга маҳрга 20 та урғочи бўталоқ берганлар (Ибн Ҳишом, «Ас-сийратун-набавийя», 1/190).
Балозурий, Димётий ва Дувлобий каби уламолар эса, «12,5 уқия берганлар» (яъни 500 дирҳам), дейишган (бир уқия 40 дирҳамга тенг).
Аксар уламолар ё у, ё бу қавлни олишган. Масалан, имом Заҳабий, Ибн Касир, Суҳайлий, Муҳаммад Ғаззолий, Сафийюрраҳмон Муборакфурий ва Али Саллобий каби уламолар биринчи қавлни олишган бўлса, Муҳиббуддин Табарий, Ибн Асийр, Ибн Саййидин-нас, Абу Заҳра ва Аҳмад Ғалваш каби уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аксар аёлларига берган умумий маҳр миқдорига асосланиб, иккинчи қавлни олишган. Баъзи олимлар эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўталоқларни берганлар, пулни эса амакилари Абу Толиб ҳадя ё қўшимча маҳр ўлароқ берган», дейишади. Яна маълумотларни мувофиқлаштириб: «Урғочи бўталоқлар пулга чақилса, қиймати 500 дирҳамга тўғри келади», деган олимлар ҳам бор. Маълумки, закот нисоби 200 дирҳамдир.
Демак, бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унчалик камбағал бўлмаган эканлар.
– Маълумки, мусулмонларда йил ҳисоби Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Ясриб, яъни Мадинага ҳижратларидан бошлаб ҳисобланади. Йил ҳисобини машҳур фил воқеаси ёки пайғамбарилик тушганга ўхшаш Ислом тарихи учун муҳим бошқа воқеалар билан эмас, айнан ҳижрат билан белгиланишининг ҳикмати нимада эди?
– Биламизки, Расулуллоҳу соллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 571 йили туғилганлар. 40 ёшларида пайғамбар бўлганлар. Салкам 13 йил Маккада рисолатни етказдилар. Маккада даъватни ҳикмат билан олиб борган бўлсалар-да, озору азият, зулм, истибдод, тазйиқлар тўхтамади. Балки кучайиб бораверди. Сабр қилиш омиллари тугагач, аввал саҳобаларни Мадинага юбордилар, охирида ўзлари ҳам ҳижрат қилдилар. Бу милодий 622 йилга тўғри келади. «Ҳижрат» сўзининг маъноси «кўчиш», «кўчиб ўтиш» бўлиб, истилоҳда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага кўчиб ўтишлари тушунилади. Маълум бўлишича, Расули акрам уйларидан Мадинага ҳижрат қилишлари 14 кун давом этган. Хусусан, Муҳаммад алайҳисалом уч кун мобайнида уларни қувиб келган маккаликлардан Савр ғорида яширинган бўлсалар, етти кун йўл юрдилар. Яна тўрт кун Мадина яқинидаги Қубо қишлоғида турганлар.
Аҳамиятли томони шундаки, ҳижрий тақвим Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам, Абу Бакр халифалик қилган йилларда ҳам бўлмаган. Чунки бунга эҳтиёж сезилмаган. Ҳазрати Умар халифалик даврига келиб, девонлар ташкил қилингач, пойтахтга хатлар кела бошлаган. Табиийки, бу мактубларда сана ёзилмасди. Айрим мактубларда ойи ёзилган бўлиб, йили номаълумлигича қоларди. Пайғамбаримизнинг вафотларидан 6 йил ўтгач, ҳижратнинг 17-йили Басра амири Абу Мусо Ашъарийдан ҳазрати Умарга мактуб келади. Унда, сиздан мактублар келади, лекин санаси қўйилмаган бўлади. Бу эса бир қатор тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда, дейилганди. Шу сабаб ҳазрати Умар томонидан мажлис чақиртирилиб, кун тартибига янги бир тақвимга асос солиш масаласи қўйилади. Тақвим қамарий ойлар асосида тузилиши маълум эди. Фақат уни қачондан бошлаш масаласини ҳал қилиш керак эди. Масалан, милодий тақвим Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган санасига боғланган.
Мажлис аъзоларидан тўрт хил таклиф тушади: Муҳаммад алайҳисаломнинг таваллудлари, ул зотнинг пайғамбар бўлган йиллари, шунингдек, ҳижрат ва вафот этган саналари. Кўпчилик ҳижрат қилинган йилни янги тақвимнинг биринчи йили деб эълон қилишни ёқлаб чиққанидан сўнг бу таклиф ҳазрати Умар томонидан тасдиқланади. Умуман олганда, ҳижратнинг Ислом тарихида тутган ўрни ва аҳамияти жуда ҳам катта. Бинобарин, Аллоҳнинг амри билан мазкур воқеълик Расулуллоҳу соллалоҳу алайҳи васалламнинг 23 йил давом этган пайғамбарлик ҳаётларини иккига – маккий ва маданий даврларга ажратиб беради. Айнан ҳижратдан кейин ҳақ билан ботилнинг ажралиши рўй беради, Ислом жамиятига асос солинади, Маккада ҳаётлари хавф остида қолган саҳобаларнинг жонлари сақланиб қолинади, мусулмонлар ўз мақсадлари йўлида катта ғалабаларга эришишади.
Иккинчи масала йил ҳисобини қайси ойдан бошлаш эди. Саҳобалардан яна ҳар хил таклифлар келиб тушади. Уларнинг бир нечтаси «Ражаб ойини биринчи ой қилиб олайлик, у  уруш  ҳаром қилинган улуғ ойларнинг биринчиси», деса, бошқалари «Рамазон ойини биринчи ой қилиш керак, чунки у умматнинг шарафли ойи», деган таклифни билдиради. Алий ва Усмон розияллоҳу анҳумлар эса: «Муҳаррамни биринчи ой қилиб олайлик, унинг ўзи йилнинг биринчи ойи-ку», дедилар. Ҳаммага мана шу гап маъқул бўлди. Шу тариқа Ислом уммати ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ташаббуси билан 16-ҳижрий санадан бошлаб ўзининг йил ҳисобига эга бўлди. Албатта, бу катта ютуқ эди. Зеро, ўша пайтда Ислом динини бутун дунёга ёйишда халифалик учун тартиб-интизомнинг мустаҳкамлиги, хат-ҳужжатлардаги аниқлик каби омилларнинг кераклиги ҳеч кимга сир эмас эди.

Маҳмуд Маҳкам суҳбатлашди
«Ҳилол» журналининг 9(42) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нотоб бўлма жисмим эгаси кўнгилЎзгалардан қидирма айбу нуқсон.Қалбни покла ўз айбингни билгилСен гўё вужудим ичра бир осмон.Қалбингдаги кўзгуга боқ, юв давоми...

3271 05:00 / 07.03.2017
ҚЎШИМЧА ҚЎРИҚҚуршовдаюртимнинг қабристонлари, қабрлар оғзида тўхтаган пахта, гўё шўрликларнинг арзон жонларин қутқариб қолгандай милёнлаб лаҳад. Шўрликларбир давоми...

4434 05:00 / 07.03.2017
Qahramon marash Kabi silkinar yuragim to`kilar mevalar shahidlar Allohning shahidlar menim och yerga ozuq gida hali shahid bo`lmagan shahidlar fig`onin Allohdan emas to`sar olamdan qaqshayman alamdan sevgida faryod bor olamni kar qilgulik sassiz ko`zlar yumuq hayqirurlar давоми...

1955 14:13 / 20.02.2023
Тўртинчи фаслРасул қандай қилиб жоҳил одамларни ажоиб инсонларга айлантира олдиларАна шу чуқур ва бепоён иймон, мустаҳкам набавий таълим билан, ана шу ҳикматли давоми...

5353 05:00 / 11.03.2017