1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Боин талоқ

15:06 / 14.12.2022 2268 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Боин (очиқ-ойдин) талоқ фақат талоққа ишлатилиб, ундан бошқага ишлатилмайдиган, «Сен талоқ бўлгувчисан», «Талоқ қилингансан», «Сени талоқ қилдим» каби лафзлар билан бўлганидир.
Бу каби лафзларни талоқдан бошқа маънога мутлақо буриб бўлмайди. Бундай лафзлар ишлатилганда ниятга ҳожат ҳам қолмайди.
Бу билан бир ражъий талоқ тушади.
Бирор нарсани ният қилганми, қилмаганми, бирдан кўпними ёки боин талоқни ният қилганми, бари-бир.
Бундай талоқнинг ражъий бўлиши Аллоҳ таолонинг «Бақара» сурасидаги «Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш» деган оятидан олинган. Талоқдан кейин ушлаб қолиш мумкин бўлса, у талоқ ражъий бўлади. Яъни янгидан никоҳ қилмасдан қайта ярашиб олса, бўлаверади.
Очиқ-ойдин талоқда икки ёки уч талоқнинг нияти ўтмаслигига биз юқорида баён этган Ибн Умарнинг хотинини талоқ қилгани ҳақидаги ҳадис далил бўлади. Зеро, у ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Умарни ражъат қилишга тўғридан-тўғри амр этдилар. У кишининг ниятини сўраб ҳам ўтирмадилар.
Талоқни аёлнинг бутунига ёки «бошинг», «бўйнинг», «руҳинг», «юзинг», «фаржинг» каби бутунликни ифода қиладиган нарсаларга ёхуд «ярминг»га ўхшаш катта бўлакка изофа қилса, тўғри бўлади.
Яъни, «сен талоқсан» деса, талоқни аёлнинг бутунига изофа қилган бўлади. «Бошинг талоқ», «бўйнинг талоқ», «руҳинг талоқ», «юзинг талоқ», «фаржинг талоқ» каби ибораларда бутунликни ифода қиладиган нарсаларга изофа қилган бўлади. Бу икки ҳолатда ҳам талоқ тушади.
«Ярим», «учдан бир», «чорак», «юздан биринг» каби ибораларни ишлатганда ҳам талоқ тушади. Чунки аёл киши талоққа нисбатан жузларга бўлинмайди.
Қўлга, оёққа, орқага ва қоринга изофа қилиб бўлмайди.
Ушбу ибораларни ишлатиб, «қўлинг», «оёғинг», «орқанг» ёки «қорнинг талоқ» деса, талоқ тушмайди.
Талоқнинг баъзиси ҳам талоқдир.
Яъни, «яримта», «учдан бир», «чорак талоқ қўйдим», деганда бир талоқ тушади. Чунки бўлинмайдиган нарсанинг баъзисини зикр қилиш ҳаммасини зикр қилиш билан баробардир.
«Иккига икки»да икки талоқ тушади. Бунда «билан»ни ният қилган бўлса, у ҳам ўтади.
Яъни, «сени иккига икки талоқ қўйдим» деса, кўпайтиришни ният қилган бўлса ҳам, бўлишни ният қилган бўлса ҳам, икки талоқ тушади. Бунда «икки билан икки талоқ қўйдим» деган ниятни қилган бўлса ҳам, ўтади ва хотин уч талоқ бўлади.
«Fоят»нинг бошланиши талоққа киради, тугаши эмас.
Бу ерда «ғоят»дан мурод талоқнинг нечталигини билдирувчи ўлчовдир. Мисол учун, «сен бирдан иккигача талоқсан» деса, бир талоқ тушади. «Сен бирдан учгача талоқсан» деганда икки талоқ тушади.
«Сен Маккада талоқсан»да дарҳол тушади. «Маккага кирганингда талоқсан»да боғланиб қолади.
Биринчи ҳолатда дарҳол талоқ тушиши талоқни маконга боғлаб бўлмаслигидандир. Шунинг учун Маккани зикр қилишига қарамай, ўзи қаерда бўлишидан қатъи назар, дарҳол талоқ тушади.
Иккинчи ҳолатда талоқни маконга эмас, амалга боғлаб қўйилди. Шунинг учун амал бажарилса, яъни қачон Маккага кирса, ўшанда талоқ тушади.
«Сен эртага талоқсан» ёки «Эрта ичида талоқсан» деса, тонг отиши пайтида талоқ тушади. Илло, иккинчисида Асрни ният қилиш дуруст.
Талоқни замонга боғлаганда ўша замоннинг дастлабки лаҳзасида талоқ тушади. «Эрта ичида талоқсан», деган одам «Мен Аср пайтини ният қилган эдим» деса, гапи қабул қилинади.
«Сен кеча талоқсан» деса, дарҳол талоқ тушади. Бу гапдан кейин никоҳига олса, гапи беҳуда бўлиб қолади.
Чунки никоҳга эга бўлмай туриб, талоқ қилиб бўлмайди.
Агар «Сени талоқ қилмасам ҳам, талоқсан» деса, умрининг охирида талоқ тушади. Қачонки «Сени талоқ қилмасам…» деса ва жим қолса, дарҳол тушади.
Икковларидан қай бири олдин ўлса ҳам, фарқи йўқ. Чунки бу ҳолатда талоқ қилмасликни шарт қилди ва бу ҳолат ҳаётдан умиди қолмаганда юзага келади.
«Қачон» деган бўлса, нияти сўралади. Ният қилмаган бўлса, «агар» сўзи каби Абу Ҳанифанинг айтгани бўлади.
«Қачон сени талоқ қилмасам, талоқсан» деса, нияти сўралади. Агар «вақтни ният қилган эдим» деса, дарҳол талоқ тушади. Агар «шартни ният қилган эдим» деса, умрининг охирида тушади. Агар ҳеч нарсани ният қилмаган бўлса, Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи аввалги масалада айтганларидек, фақат умрининг охирида тушади.
«Кун» сўзи «Зайд келган куни сенинг ишинг ўз қўлингда» каби чўзиладиган иш ила бўлса, наҳорни, «Зайд келган куни талоқсан» каби чўзилмайдиган ишни ифода қиладиган бўлса, мутлақ вақтни ифода қилади.
Араб тилидаги «ал-явм» сўзи бизнинг тилимиздаги «кун» маъносини ифода қилади ва тонг отгандан қуёш ботгунча бўлган муддатни билдиради. Лекин шу билан бирга, жумлада ўзи билан келадиган ибораларнинг маъносига қўшилганда турли муддатларни ифода қилиши бор. Мисол учун, бир киши ўз хотинига «Зайд келган куни сенинг ишинг ўз қўлингда» деса, бутун наҳорни ифода қилади. Чунки «кун» лафзига қўшилиб келган ибора чўзиладиган ишни ифода қилади.
Биров ўзи билан бирга яшаш ёки яшамаслик ихтиёрини хотинига бермоқда. «Зайд келган куни ихтиёринг ўзингда бўлади. Бирга яшашни ихтиёр қилсанг, мен билан яшайверасан. Ажралишни ихтиёр қилсанг, ажрашган бўламиз» деган гапни айтди. Бундай ҳолда хотин Зайд келган куни кечгача ихтиёр қилиш хуқуқига эга. Чунки бу жумладаги «кун» сўзи наҳорнинг аввалидан охиригача бўлган муддатни ифода қилган.
Аммо, эр ўз хотинига «Зайд келган куни талоқсан» каби чўзилмайдиган ишни ифода қиладиган гапни айтган бўлса, «кун» сўзи мутлақ вақтни ифода қилади ва Зайд келиши билан дарҳол талоқ тушади.
(Давоми бор)


«Бахтиёр оила» китобидан

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аёл киши эри хоҳлаган вақтда, шаръий узр бўлмаса, унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

6301 15:10 / 29.05.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб.Ё Расулаллоҳ Менинг давоми...

2800 18:30 / 02.03.2021
Оила қуришда фақат куёв тараф келин танлаш ҳуқуқига эга эмас, балки келин ҳам куёв танлаш ҳуқуқига эгадир. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, оила, аввало, давоми...

6888 09:05 / 10 декабрь
1. Ўгай оналар. 2. Фарзандларнинг хотинлари. 3. Қайноналар. 4. Ўгай қизлар. Яъни, хотиннинг бошқа эридан бўлган қизи ҳам эрга ҳаром бўлади. Бунга ўгай қиз набиралар давоми...

3574 09:03 / 01 декабрь