1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Келиннинг сепи ва уй анжомлари (иккинчи мақола)

19:10 / 05.02.2019 8459 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мебел савдоси билан шуғулланадиган усталардан ажабтовур қиссани эшитинг: «Қиз чиқараётган оилалардан бири мебел сотиб олди ва уни ўрнатадиган жойимизни айтди. Айтилган ерга бориб, ишни бошлаётган эдик, қуда хола кириб қолдилар. «Жаноби олиялари» виқор билан биздан мебел қаерники эканини сўрадилар. Биз ўзимизники эканини айтдик. «Тезда ашқол-дашқолингни йиғиштир! Кўтар ўзингнинг мебелингни!» деган фармони олий бўлди».

Баъзи бир «илғор» вилоятларда куёв тараф келинлик уйини жиҳозлаш учун «уй бўшатиш»ни қойиллатиб бўлишибди. «Уй бўшатиш» – куёв тарафнинг келин тараф тўлдириши учун бир неча хоналарни шип-шийдам қилиб қўйишидир. Баъзи ҳолатларда қуда хола қизиқиб кетиб, ўзи яшайдиган хонани ҳам бўшатиб қўйиши мумкин. Келин тараф ўша «бўшатилган» уйларни тўлдирмаса, энасини кўради!

Улар келин тарафни талон-торож қилишнинг барча услубларини ўзлаштириб, тўйни, уй анжомларини, ҳатто куёвга ички кийим, дастрўмолгача «импортний» бўлиши кераклигини келин тарафнинг бўйнига осиб бўлишибди. Агар келин тараф қўлга сув қуядиган офтобани эсдан чиқарса ҳам, балога қоладиган бўлибди.

Кейин келин тарафдан яна нима талаб қилиш мумкинлиги ҳақида бутун зеҳну заковатларини, ақлу фаросатларини ишга солиб, ўйлай бошлашибди. Қарашса, келиннинг ўзи билан олиб келган, уйларни тўлдириб юборган нарсалар, сарполар қоринни тўйғазмас экан. Нима, куёв тараф келиннинг уй жиҳозларига, асбоб-анжомларига, қилган сарполарига тикилиб, оч ўтириши керакми?! Бу ҳолатга асло чидаб бўлмайди! «Келин тараф куёв тарафнинг қорнини тўйғазиши фарз!» – дейишибди. Шундай қилиб, келин тарафнинг тўйдан кейин қирқ кунгача куёв тарафни уч маҳал озиқ-овқат билан таъминлаши фарзу вожибга айланибди.

Келин бўлгандан кейин, куёвни ва унинг оила аъзоларини боқиши керак-да! Шуни қила олмайдиган келин келинми?! Келиннинг ота-онаси ҳам ўйлаб қўйсин-да! Куёвни, унинг ота-онаси, хеш-ақрабосини қирқ кун уч маҳалдан боқа олмаса, қиз туғиб нима қилади?!

Камина ходимингиз ушбу масалада бир тўйда гапирганимдан кейин танишлардан бири олдимга келиб, ташаккур айтди ва: «Қизимни чиқарганимда қарз бўлиб қолдим. Бунинг устига, қуданикига тўрт ой овқат ташиганимдан сўнг ҳисоб-китоб қилсам, яна олти юз минг сўм кетибди», – деди. «Шуни қилмасангиз бўлмайдими?» – десам, «Унда балога қоламиз. Қуда тараф: «Мен қариндошлар, маҳалла-кўй орасида нима деган одам бўламан, ҳамма, Фалончининг келининикидан нима келар экан деб, қараб турибди», деб қизимга кун беришмайди-да», – деди маъюс бўлиб.

Қандай кунга қолдик ўзи! Шариатимизда келинни боқиш куёвга вожиб бўлса-ю, одамларимиз унинг мутлақо тескарисини қилиб, келиндан куёвни ва унинг оиласини боқишни талаб қилиб турсалар!

Бунинг оқибати нима бўларкин? Шариатга хилоф ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги аниқ. Бунинг баъзи аломатлари ҳам кўриниб қолганга ўхшайди.

Куни кеча бир мажлисда шу мавзуда суҳбат бўлган эди, кўпчилик бундай ҳолатни танқид қилиб гапирди. Ҳар ким ўзи билган, кўрган ва эшитган нарсалар билан ҳам ўртоқлашди. Шунда имом домлаларимиздан бирлари қуйидаги гапларни айтдилар. У киши мебел савдоси бўйича иш юритадиган киши билан суҳбатлашган эканлар. У одам ачиниш билан қуйидагиларни айтибди:

«Одамларда уят қолмади. Келин тарафдан талаб қилинадиган нарсалар тобора кўпайиб бормоқда. Аввалига мебел талаб қилишди. Кейин мебел чет элники бўлишини талаб қилишга ўтишди. Чет элники бўлмаса, қайтариб юборадиган бўлишди. Сўнгра, чет элники бўлса ҳам, модадан қолганини қайтарадиган бўлишди. Энди эса, куёв тараф ўзи келиб, уялмасдан, бизнинг олдимизда келин тарафга: «Ана ўшанисини олинглар, мана бунисини қўйинглар», деб кўрсатиб берадиган бўлишди. Энг ачинарлиси, ўнта мебелни сотган бўлсак, бир муддатдан сўнг, оилалар бузилганлиги учун, улардан саккизтасини ўзимиз ўрнатган ердан қайтариб олиб келиб, яна савдога қўймоқдамиз».

Менга қолса, бу гапларга, айниқса, оилалар бузилаётганлиги ҳақидаги гапга мутлақо ишонмас эдим. Аммо, афсуски, бу гап, қисман бўлса ҳам, ростга ўхшайди. Ҳозир аввалгидан кўра оила бузилиши кўпайганлиги ҳақида бошқа маълумотлар ҳам мавжуд. Албатта, бунга ўхшаш ижтимоий муаммоларнинг бир қанча сабаблари бўлади. Уларни мутахассислар ўрганишади ва ҳолатни яхшилаш учун ўз таклифларини киритишади. Аммо мутахассис бўлмаган кишиларнинг ҳам яққол кўриниб турган баъзи сабаблар ҳақида бир оз мулоҳаза қилишлари дуруст бўлса керак.

Менимча, оила бузилишига сабаб бўлаётган нарсалар ичида уйланиш ўта осон бўлиб қолганлиги ҳам бор. Ўйлаб кўрайлик-чи, янги оила қуриш учун куёв тараф нима сарф қилмоқда? Баъзи сарполар, маҳрга бир дона узук, сут пулими ёки яна бошқа ном билан бир оз маблағ.

Келин тараф-чи? Деярли барча сарф-харажатлар келин тарафга юкланган. Қиз боққаннинг жазоси – шу! Сарпога ундан кўра қимматроқ қилиб сарпо қайтариш керак. Сут пули ёки тўй пулига ўн баробар қўшиб тўй қилиш керак. Келин тарафнинг тўйдаги бош ташвиши – куёв тараф жамлаб келган кўплаб меҳмонларни яхшилаб кутиб олиш, яқинларига сарпо кийдириш ва куёв тараф «бўшатиб қўйган» хоналарни қимматбаҳо асбоб-анжомлар билан тўлдириш керак.

Юқорида зикр қилинган вилоятга ўхшаш жойларда куёвни қариндош-уруғи билан қирқ кун уч маҳал боқиш ҳам керак...

Арзоннинг қадри бўлмас, деганларидек, арзонга ва осонга келган келинларнинг ҳам қадри бўлмай қолиши ҳеч гап эмас. Қадри йўқ хотинни ҳайдаб, янги хотин олишдан осони ҳам йўқ. Янги хотин, янги сарпо-суруқ, янги уй жиҳозлари кимга ёқмайди, дейсиз?!

Эҳтимол, шунинг учундир қадимда уламоларимиз ҳеч кимдан сўрамасдан, «Фалончи ўғли Фистончи, бир уй, даҳлизи ва айвони билан, сигир бузоғи билан маҳр бериш шарти ила Фалончихон Фистончи қизини тан маҳрамликка қабул қилдингизми?» деб никоҳ қилишни йўлга қўйган бўлсалар керак.

Ҳақиқатда ҳозирги бўлар-бўлмасга хотинини «қўйиб юбораётган» эрлар, келинини ҳайдаётган қайнона ва қайноталар келинга унинг турар жойини ва кундалик ҳаёт кечириш манбасини маҳр қилиб берганларида ҳамда рўзғорга ишлатиладиган барча асбоб-анжомлар билан таъминлаб қўйганларида ва улар келиннинг мулкига айланганини, энди уларни қайтариб ололмасликларини билганларида эди, келинни ҳайдашдан олдин обдон бир ўйлаб кўришлари аниқ эди. Янги келин олиш учун яна аввалгича нарса сарф қилиш лозимлигини ўйлаб, бўлар-бўлмасга оилаларни бузишга журъат қила олмас эдилар.

Ҳар бир инсон ушбу айтилган гапларни ўйлаб кўриши керак. Оиланинг сепи, мебели, чойшаби ва мол-дунёсининг эмас, бахту саодатининг ташвишини қилиш керак. Оилада саводсиз қайноналарнинг истаги эмас, шариатнинг кўрсатмалари устун бўлиши лозим.

Ислом шариати бўйича, аёлни уй-жой билан таъминлаш, ўз даражасида боқиш, кийинтириш ҳамда турмуш учун зарурий бўлган буюмлар, асбоб-анжомларни ҳозирлаб бериш, айни чоғда, жуфти ҳалолининг соғлиги учун қайғуриш, унинг таълим олиши, истироҳати ва бошқа шахсий эҳтиёжлари учун нафақа қилиш эрнинг зиммасидаги вожиб амаллардан эканини ҳар бир мусулмон эр ва ҳар бир қайнота-қайноналар яхши билиб олмоқлари зарур. Шу билан бирга, бу талаблар бажарилган тақдирда, уни миннат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, зиммасидаги вожиб амални адо этган киши ўз бурчини адо этган бўлади, холос.

Бу масалани ҳал қилишда, тўғри йўлга солишда ҳаммамиз қўлимиздан келганини қилишимиз лозим. Ана шунда оилаларимиз мустаҳкам бўлади, кишиларимизнинг ҳаёти бахтли, саодатли бўлади, иншааллоҳ.

Келиннинг сепи ва бўлажак оиласига керакли барча нарсалар шариат кўрсатмаси бўйича тайёр ҳам қилинди, дейлик. Энди келин-куёвларнинг ўзларини оилавий ҳаётга тайёрлашимиз керак. Ҳар бир оила учун ўта муҳим бўлган бу иш ҳақида келаси бобда суҳбат ўтказамиз.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазилмутойиба ва кўнгилхушлик қилишга ўхшаш ишларда мўътадиллик бўлиш шарт.Бу масалада аёлларга жуда ҳам эрк бериб, одоб доирасидан чиқиб кетишларига, шариатга давоми...

3238 09:05 / 22.07.2019
. . . .Абдулазиз ибн Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилинади.Умар ибн Абдулазизнинг давоми...

2014 19:30 / 13.03.2020
иккинчи мақола . . Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан давоми...

1063 10:18 / 18 ноябрь
Оила бузилишининг баъзи сабаблари ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз юритишда албатта, ҳаётимизда бўлиб турган ҳолатлар эътиборидан сўз бориши турган гап. давоми...

2071 17:00 / 30.11.2021