1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Муҳаббат билан жаннат сари

17:00 / 23.11.2022 1391 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаббат бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул аълога интиқол қилганларидан сўнг Мадинада тура олмай, азон айтолмай қолган Билол розияллоҳу анҳудир.


Муҳаббат бу улуғ тобеинлардан Масруқ раҳматуллоҳи алайҳга муҳаддислардан бири ҳадис айтиб бераётганда: «Сиддиқнинг қизлари, оламлар Роббининг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбубалари Сиддиқа онамиздан ривоят», деб гап бошламоқликларидир.


Муҳаббат бу Зайнаб розияллоҳу анҳо вафот этганларида унинг эри Абул Осс ибн Робеъ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Аллоҳга қасамки, Зайнабдан кейин бу ҳаётда яшашга тоқат қилолмай қолдим», деб аёлининг вафотидан бир йил ўтиб вафот этган Абул Осс ибн Робеъ розияллоҳу анҳудир.


Муҳаббат бу Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу жуфти ҳалоллари Асмо бинти Умайс розияллоҳу анҳога: «Эй қалбимнинг маҳбубаси» деб мурожаат қилишларидир. Асмо бинти Умайс розияллоҳу анҳо доим жуфти ҳалоллари ҳазрати Жаъфар розияллоҳу анҳунинг оёқ излари тушган жойга қадам қўйишга ҳаракат қилар эдилар. Нега шундай қилмасинлар, ахир қалб қалбга эргашади-да.


Рофеъий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
«Икки кишининг ўртасидаги муҳаббат, то улардан бири иккинчисига «Ҳой, мен» дейдиган даражага етмагунча ишончли бўлмайди».


Муҳаббат бу Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг «Агар мендан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўринишлари қандай бўлганини сўрасангиз, васф қилиб беролмайман. Чунки мусулмон бўлганимдан бери у зот алайҳиссаломнинг юзларига тик қарай олмаганман» дейишларидир. 


Муҳаббат бу Талҳа розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга таналарини тирик қалқон этиб, у зотни ҳимоя қилишларидир.


Муҳаббат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Роббимдан бўлак яна бир дўст тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни дўст тутган бўлардим» деб марҳамат қилишларидир.


Муҳаббат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, албатта, сени яхши кўраман» деганларидир.


Муҳаббат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳумони бағриларига босиб: «Эй Аллоҳим, бунга ҳикматни таълим бергин» деб дуо қилишларидир.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Баййина» сураси нозил бўлганда, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга: «Албатта, Аллоҳ таоло менга бу сурани сенга ўқиб беришимни буюрди» дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таоло менинг исмимни айтдими?», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, Аллоҳ таоло сенинг исмингни айтди», дедилар. Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу йиғлаб юбордилар. Йиғлаётган пайтларида қалбларидан нималар ўтди экан?! Аллоҳ таоло сурани ўқиб беришни буюриши, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни ҳазрати Убайга етказишлари ва ўқиб беришлари, улуғ саҳобийнинг кўз ёшлари муҳаббатнинг кўринишларидир.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, эртага байроқни Аллоҳ ва Унинг Расули муҳаббат қиладиган кишига берурман ёки Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиладиган киши олур. Аллоҳ унга фатҳ берур» деб, байроқни Али розияллоҳу анҳуга бердилар. Муҳаббат бу Ҳазрати Алининг нусрат байроғи учун танланишларидир. 


Муҳаббат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни Саъд розияллоҳу анҳуга: «От! Ота-онам сенга фидо бўлсин!» дейишларидир.


Муҳаббат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига кетаётган мусулмонлар қўшинини қурол, овқат, улов билан таъминлаган Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Усмонга бугундан кейин қилган амали зарар бермайди» дейишларидир.


Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг овозлари ширали эди. У киши бир куни масжидда Қуръони Каримни тиловат қиладилар. Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Агар кеча сенинг қироатингни тинглаганимни кўрганингда эдинг...» дедилар. Муҳаббат бу улуғ саҳобийнинг тиловатлари Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан эътироф этилишларидир. 


Муҳаббат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар бир йўлга юрсалар-у, ансорийлар бошқа йўлга юрсалар, албатта, ансорийлар йўлига юрган бўлар эдим» дейишларидир.


Муҳаббат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон ва нифоқ белгиларини баён қилиб, «Иймоннинг белгиси, ансорларни яхши кўрмоқдир. Мунофиқликнинг белгиси эса, ансорларни ёмон кўрмоқдир» деганларидир.


Муҳаббат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: «Эй Билол, менга ўзингнинг Исломда қилган энг умидли ишингни айтиб бер, чунки мен жаннатда шундоқ олдимда поябзалинг товушини эшитдим» дейишларидир.


Муҳаббат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча саҳобаларга жаннат башоратини берганларидир.


Муҳаббат бу ҳадис ривоят қилаётган пайтда оёқларини чаён чақиб олса ҳам ҳадисга ҳурмат юзасидан дарсни давом эттирган имом Молик роҳимаҳуллоҳдир. 


Муҳаббат бу Ҳабиб соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина тупроғига дафн этилганлари эътиборидан бирор марта уловга минмаган имом Молик роҳимаҳуллоҳдир. 


Муҳаббат бу ўн тўртта бобосининг исми Муҳаммад бўлган, «Ошиқун Набий» лақабини олган Абул Баракот Тунисий роҳимаҳуллоҳдир. 


Муҳаббат бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга: «Биродарларимни кўргим келди» деганларида, саҳобалар: «Биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми?» деб сўрашганда, ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар саҳобаларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар. Мени кўрмасдан менга иймон келтирадилар» дейишларидир.


Аллоҳ таоло бизни муҳаббатга муносиб қилсин.


Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон 
Муҳаррир: Хуршид Маъруф 

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамроҳлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Мадина сари йўлда боришар экан, бир жойда тўхтаб, бир чўпоннинг ўзидан давоми...

2837 16:00 / 06 январь
Мадинада бир қудуқ бор. Исми Румоrdquo. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қудуқлари. 1400 йилдан бери суви тўхтамайди. Бугунги кунда Саудия Арабистони атрофмуҳит, давоми...

2239 11:00 / 29.01.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Мўминлар ичида Аллоҳга берган аҳдларига содиқ қолган эранлар бор. Бас, уларнинг аҳдига вафо давоми...

2090 19:30 / 24.05.2021
Ярмук жангида ислом қўшинларидан бир қанча отлиқлар орқада қолдилар. Кейин улар сафларнинг ортида турган аёлларнинг олдига келдилар. Отлиқлар орасида Абу Суфён давоми...

3028 16:41 / 21.04.2017