1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Очликдан қорни қулдураган халифа

10:38 / 31.12.2024 2140 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Умар халифа бўлганидан кейин давлат идора услубини ҳазрати Абу Бакр қурган ижтимоий ва ахлоқий мерос устига бино қилди. У ҳар доим ўзидан ва оила аъзоларидан олдин ўз халқини ўйлади ва уларга хизмат қилди. У баъзан кўпчилик қатори оч ҳам қолди, баъзан етимларни таомлантирди, баъзан халқи билан бирга қийинчилик ва машаққатларнинг аламини тотди. У очарчилик ва қурғоқчилик пайтларида зайтун мевасини еб, очлигини қондирар эди.

Анас ибн Моликнинг айтишича, бир сафар очликдан унинг қорни қулдуради. Ҳазрати Умар эса бармоғи билан қорнига туртиб, ўзига-ўзига: «Қани, қуриллайвер. Инсонлар фаровонликка етгунича ёнимда ундан (зайтундан) бошқа сенга берадиган ҳеч нарса йўқ», деди.

Агар ҳазрати Умар хоҳлаганида, халифалик даврида бойликка кўмилиб яшаш, энг гўзал кийимлар кийиши ва энг нафис таомларни ейиши мумкин эди. Аммо унинг ягона мақсади ҳар доим зухд, тақво, камтарлик ва халқи орасидаги йўқсиллар ва ожизларга хизмат қилишдан иборат эди.

Бир куни унинг ҳузурига бир ҳайъат келди. Улар олдига қўйилган таомларни иштаҳа билан ея бошлашди. Буни кўрган ҳазрати Умар охират неъматларини хотирлаб, шундай деди: «Агар истасам, мен сизга ўхшаб гўзал таомлар пиширтириб ея оламан. Фақат биз дунёмизни охиратимиз учун тарк этдик».

Дарҳақиқат, ҳазрати Умар бу дунёга ва унинг ноз-неъматларига мутлақо эътибор қаратмаган улуғ саҳоба эди.

Бир куни у қизи Ҳафсанинг уйига борди. Унга бир косада шўрва олиб келишди. Қизи шўрванинг устига зайтун ёғи қуйган эди, буни кўрган отаси шундай деди: «Бир идишда иккита аралашмами? Мен Роббимга етишгунимча икки хил аралашмани бир жойда емайман».

Бир куни ҳазрати Умар ичиш учун бир нарса сўради. Унга асал шарбатини олиб келишди. Ҳазрати Умар уни ичмади ва шундай деди: «Бу (қандай) гўзал ва ҳалол ичимлик! Фақат мен Аллоҳ таолонинг бир жамоага тоттирган неъматларининг лаззатларини баён қилиб: «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур-ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз» (Аҳқоф сураси 20-оят) деганини эшитдим. Шунинг учун менга гўзал нарсалар охиратга қолдирилмай, бу дунёда берилишидан қўрқдим».

«Миллионер саҳобалар» китобидан

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 26 март 03-07/1613-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Умар Шом томон сафарга чиқди. Токи у Сарғга етганида, унга Ажноднинг аҳли, яъни Абу Убайда давоми...

2727 14:26 / 18.07.2024
Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида ихлос билан қатнашдилар. Бадр жангида у киши махсус топшириқ бажарувчилар ичида давоми...

2233 16:29 / 23.01.2024
...Бу сафарги қаҳрамонимиз бошқалардан фарқ қилади. Ўзи араблардан. Насаби Мудрика номли узоқ бобосида Пайғамбар алайҳиссалом билан бирлашади. Аммо қурайшлик давоми...

15590 20:20 / 21.04.2017
Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик байтуллоҳга ҳаж қилгани келди. У ҳарамга киргач деди Менга саҳобалардан бирор кишини чақирингларУнга .саҳобалар ўтиб кетган, дейишди. давоми...

4069 15:00 / 18.01.2022
Аудиолар

230211 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148789 14:35 / 11.08.2021