1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ислом – илм демакдир

12:27 / 07.08.2021 2208 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Устозимиз фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 1975 йили имом Бухорий номидаги Тошкент олий маъҳадини муваффақиятли тамомлаганидан кейин бир йилча «Совет Шарқи мусулмонлари» журналида муҳаррир бўлиб хизмат қилдилар. Бир неча хорижий тилда чоп этиладиган Марказий Осиёдаги ягона диний журнал таҳририятида ишлаш баробарида у кишининг илмий-ижодий фаолияти ҳам қизғин бошланиб кетди. Шайх ҳазратлари журнал учун кўплаб мақолалар ёзиб, уларда Ислом дини арконларини, мусулмонлар олдида турган долзарб вазифаларни қаламга олардилар. Ушбу ирфоний мақолалар ибодат асослари, ахлоқ-одоб, тарих, адабиёт, жамиятдаги иллатлар каби жуда кенг мавзуларни қамраб олган эди. Кейинчалик Ҳазрат мамлакат оммавий ахборот воситаларида ҳам кўплар чиқишлар қилдилар. Уларнинг кўпи Ҳазратнинг китобларига асос бўлди, асарларига кирмаганлари эса хорижий мамлакатларнинг бирида рисолалар шаклида чоп этилди. Аммо юртимиздаги мухлислар турли сабабларга кўра бу рисолалардан бебаҳра қолишди.

Ана шу бўшлиқни назарда тутиб, журналимиз саҳифаларида Шайх ҳазратларининг кенг китобхонлар оммасига етиб бормаган айрим маърифий мақолалари билан таништириб боришни лозим топдик. Уларнинг кўпи бундан ўттиз-ўттиз беш йил аввал қоғозга туширилганига қарамай ҳамон долзарблигини йўқотмагани ва айни пайтда кўплаб ўқувчиларимиз учун янгилик бўлгани билан қизиқарлидир.

Таҳририят

 

 Муфтий ҳазратлари! Ўзингизга аён, ҳозир шундай бир пайтда яшаяпмизки, ҳаётимизда йиғилиб қолган кўплаб чигал ва мавҳум муаммолар хусусида рўй-рост, ошкора гапиришни, халқимизнинг ўтмишдаги ҳаётига, умуман, тарихга муносабатимизни ўргартиришни даврнинг ўзи тақозо этаётир. Масалан, кенг омма учун ҳозиргача ноаниқ қолиб келаётган шундай муаммолардан бири – диннинг илмга муносабати масаласидир. Шу мавзуда Сизга ўзимни кўпдан ўйлантириб юрган бир қанча саволлар билан мурожаат қилмоқчи эдим. Ўйлайманки, улар кўп сонли журналхонларимизни ҳам қизиқтиради.

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим! Аввало, «Фан ва турмуш» журналхонларини биринчи диний суҳбат муносабати ила чин қалбдан табрик этишга ижозат бергайсиз. Ўйлаймизки, бу суҳбат келгусидаги шу хил чиқишларнинг дебочаси, холос.

– Суҳбатимизни ҳозирги мадрасаларда таълим қандайлигидан бошласак. Мадрасаларга ўқишга кириш учун конкурс катта дейишади, шу тўғрими? Уларда дунёвий илмлар қай даражада ўқитилади? Мадрасада таҳсил кўрганлар араб тилини шарқшунос олимлардан мукаммалроқ билишади, бунинг сири нимада? Мадрасаларда диний арбобларгина эмас, балки илмий ходимлар ҳам тайёрлаш кўзда тутилганми? Усмон Қуръони қайтарилиши билан Сиз орқали дин аҳлини муборакбод этар эканмиз, Диний бошқарма ва мадрасалар кутубхонасида қайси илмларга оид китоблар сақланиши, уларни ўрганиш қай аҳволда эканлигини ҳам билишни истардик. Қолаверса, имло ўзгаравериши оқибатида бутун халқимиз ўтмиш меросидан маҳрум бўлиб қолган, олимларимиз беҳисоб қўлёзмаларни ўрганиб улгуролмаётган ҳозирги даврда бу ишга дин аҳллари қандай ҳисса қўшаётирлар?

– Ҳа, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом маъҳади ва Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кириш учун конкурс катта. Бунинг бир неча сабаблари бор, шулардан бирига кўра, бу иккала мадраса ўз бобида Ватанимиздаги ягона ўқув юртлари бўлиб, уларда таҳсил олувчиларнинг сони чиқарилган. Мазқур ўқув юртларида фақат диний арбоблар тайёрлаш кўзда тутилган, лекин диний илмлар билан бир қаторда жуғрофия, тарих, давлат ва ҳуқуқ қаби дунёвий илмлар ҳам ўқтилади.

Мадрасада таҳсил кўрганлар араб тилини шарқшунос олимлардан мукаммалроқ билишларининг сирига қелсак, бизда араб тили асл манбалардан муфассал ўрганилади. Айниқса, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни ўрганиш жараёни катта ижобий таъсир кўрсатади. Шарқшуносларда эса ундоқ эмас, улар асосан сўзлашувга катта эътибор беришади, араб тилини рус тилида ёзилган ўзига хос манбалар, араб тили қоидалари руҳидан йироқ қоидалар асосида ўрганишади.

Диний бошқарма ва мадрасалар кутубхонасида асосан Қуръон, тафсир, ҳадис, усули фиқҳ, Ислом тарихи ва бошқа табаррук китоблар сақланади. Шу билан бирга, китоблар орасида араб, форс, ўзбек ва тожик адабиётига оид, тиб, жуғрофия, илми фалак фалсафа ва бошқа илмларга доир асарлар ҳам мавжуд. Уларни ўрганиш эса, афсуски, яхши аҳволда эмас. 4-қурултойдан аввал ўтказилган тафтиш ишлари Диний идора кутубхонасининг фаолиятини қониқарсиз деб топди. Кўплаб китоблар изсиз йўқолган, борларини сақлаш талаб даражасида эмас. Ҳозирда бу нуқсонларни бартараф этиш тадбирлари кўрилаётир.

Олимларимиз беҳисоб қўлёзмаларни ўрганиб улгуролмаётган ҳозирги даврда бу ишга дин аҳллари қўшаётган ҳисса ҳақида гапириш жуда оғир. Чунки кўзга кўринарли ҳеч нарса қилинмаган десам, ёлғончи бўлмасман. Қани, менга айтинг-чи, агар бирон диний ходим илмий иш қилса, уни ким қабул этадию ким нашр қилади? Бироқ айни вақтда, дин аҳллари бу ишга мутлақо ҳисса қўшишмаган десак ҳам инсофдан бўлмас. Ҳисса қўшишган – шарқшунос олимлар улардан биров билмаслиги шарти билан ёрдам олиб туришган. Лекин ҳозирда, қайта қуриш ва ошкоралик даврида Қуръонни таржима қилаётган олимлар диндорлардан ёрдам олмаётганлиги таажжубланарлидир.

– Ҳозирдаки аҳвол шундай бўлса, демак, тарихимиз бузиб кўрсатиб келинганига ажабланмаслик ҳам керак экан-да. Масалан, Хўжа Аҳрор раҳнамолигидаги мутаассиб руҳонийлар доираси шоҳу олим Мирзо Улуғбекни бир умр таъқиб этгани, пировардида уни ўлдириб, расадхонасини вайрон этиб, шогирдларини қувғин қилгани ҳақида кўп гапирилади. Бу тўғрида мактабда, олий ўқув юртида талабалар қулоғига қуйилаверади. Нафақат дарсликлар, балки бадиий асарлар, фильмларда ҳам айнан шу нарса такрор этилаверади. Кўп қатори мен ҳам шу вақтгача бунга ишонардим, жоҳил Хўжа Аҳрордан ғазабланиб, жаҳолат қурбони Улуғбекка ачинардим. Бироқ кутилмаганда шарқшунос олим Бўрибой Аҳмедов бултур «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида босилган бир мақоласи билан бу тўғридаги жамики тасаввурларимни ўзгартириб юборди.

Аслида Хўжа Аҳрор жохил руҳоний эмас, балки ўз даврининг уламойи кироми экан. Улуғбекни таъқиб этиш у ёқда турсин, ҳатто ўзаро таниш бўлмаган, унинг ўлимига заррача ҳам алоқаси йўқ экан. Расадхона Улуғбек ўлимидан сўнг яна 50 йил турган. Дарвоқе, бу ҳақда бошқа манбаларда ҳам ёзилган-ку. Масалан, Улуғбек 1449 йили ўлдирилган бўлса, Бобур «Бобурнома»сида расадхонани 1500 йили бус-бутун кўрганини айтади. Қолаверса, Улуғбекнинг шогирдларини ҳам таъқиб этмаган. Али Қушчи устодидан кейин Самарқандда узоқ вақт яшаб, сўнг Истамбул сафарини ихтиёр этган экан.

Муфтий ҳазратлари! Бу ўринда тарих қўпол равишда бузиб кўрсатилгани яққол аён бўлиб турибди. Бу ёлғон кимларга ва нима учун керак бўлгани менга қоронғи. Лекин Сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим. Хўжа Аҳрор мисолида дин ноҳақ қораланган экан, бу масалани нечун сизлар, дин арбоблари кўтариб чиқмадингиз? То шарқшунос олим ажрим қилиб бермагунча, манфаатдор томон бўла туриб, бу масалада четда турдингизлар?

– Журналингизнинг биринчи сонидан бошлаб то ҳозирги кунгача ушбу суҳбатни уюштириш учун сизга тўсиқ бўлган нарса бизни ҳам бу масалада четда туришга мажбур қилган. Ҳурматли олимимиз Бўрибой Аҳмедовнинг мазқур мақоласи кўпчилик учун кутилмаган бўлса бўлгандир, лекин биз учун қачонлардир айтилиши зарур ҳақиқатнинг юзага чиқиши бўлди, холос. Мен Бўрибой оғанинг бу мақоласини илмий жасорат деб аташдан ҳеч тортинмайман.

Шу билан бирга, таъкидлаб айтмоқчиманки, бу масала фақат Улуғбек ва Хўжа Аҳрор шахслари билангина чекланиб қолмайди. Ибн Сино, Форобий, Беруний ва бошқа буюк шахсларнинг ҳам ўз «Хўжа Аҳрор»и бор. Фақат воқеликкагина асосланувчи ижодкорларимиз ва «ҳақиқатгўй» олиму тарихчиларимиз бу хил тўқима «Хўжа Аҳрор»лар орқали қандай ниятга эришишмоқчи бўлганларини ўзларидан сўрайлик, жавоб берсинлар.

Юқорида номлари зикр этилган алломалар ўз даврининг фарзанди бўлган. Лекин, нима учундир, улар бугунги кун бўёғи билан бўялади. Ҳаммалари аввало даҳрий деб эълон қилинади, сўнг баъзи асарлари шу руҳда ўргана бошланади. Ҳақиқатда эса алломаларнинг ўзлари мусулмонликлари билан фахрланиб ўтишган. Ибн Синога «Шайхур-раис», Форобийга «Устоди соний» унвонлари Ислом фалсафаси бўйича берилган-ку ахир?!

Аминманки, «Ибн Сино ким бўлган ва унинг қандай асарларини биласиз?» деган саволга журналхонлар: «Ибн Сино машҳур табиб бўлган, у «Тиб қонунлари» китобининг муаллифи», деган жавобдан нарига ўта олмайдилар. «Ибн Сино машҳур Ислом файласуфи бўлган, Аллоҳнинг мавжудлигини, Қуръоннинг илоҳий китоблигини ва бошқа Ислом ақийдаларини фалсафий йўл билан баён қилган, ўнлаб муҳим китобларнинг муаллифи» деб жавоб берадиганлар эса кам бўлса керак. Бу хил мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Модомики шундай экан, Ислом илмга тўсқинлик қилган, деган даъвога қандай ишониш мумкин?

 Билъакс, исломшуносликка оид адабиётларда Ислом ҳамиша илмга даьват этиб келгани кўрсатилади. Масалан, хорижий машҳур шарқшунос олим Франц Роузентал Ислом ва илм муносабатларига бағишланган «Илм тантанаси» номли йирик асарида Ислом дини мағиз-мағзигача илм олишга даъватдан иборат, деб таъкидлайди. Каттагина бир қисмга «Илм – исломдир» деган ном берилган, умуман «Ислом – илм демакдир» деган фикр асарнинг бошидан охиригача сингдириб юборилган. Қолаверса, муаллиф шуни алоҳида таъкидлаб ўтадики, Қуръонда жами 78000 га яқин сўз бўлса, «илм» сўзи уларнинг 1 фоизга яқинини ташкил этар, бошқача айтганда, «Аллоҳ», «араб», «бўлмоқ» ва «айтмоқ» каби энг кўп такрорланувчи сўзлардан кейин бешинчи ўринда тураркан. Бу ўринда олим диний илмни назарда тутяптими ё дунёвий илмни? Умуман, Исломнинг илмга муносабати хусисида нималар дея оласиз?

– Араб тилшунослари илмнинг моҳиятини «Нарсаларни худди воқеликдагидек идрок этиш», деб таърифлашади. «Ислом дини илмга қарши бўлган» деган фикр эса «Дин – илмга қарши» ғарбий фикрнинг умумлаштирилган кўриниши, холос. Бошқа динлар илмга қарши бўлган бўлса эҳтимол, лекин Ислом ҳеч қачон илмга қарши бўлган эмас. Ислом – илм динидур. Сиз Тошкентда 12 та мадраса бўлган экан дедингиз, Самарқанд, Бухоро, Хива сингари марказларда юзлаб шу хил олий ўқув юртлари бўлган. Қолаверса, гап илм масканларининг сонидагина эмас, балки уларда етишиб чиққан Бухорий, Замахшарий, Термизий, Насафий, Шоший, Ибн Сино, Беруний, Форобий, Хоразмий, Фарғоний, Улуғбек, Жомий, Навоий ва бошқа алломалар ҳақида ҳамдир.

Энди бир ўйлаб кўрайлик: нима учун мўътабар зотлар Ислом маданияти гуллаб яшнаган бир пайтдагина етишиб чиқди, ундан аввал ҳам эмас? Ислом илмга қарши деганлар, қани, шуни бир тушунтириб берсинлар-чи? Келинг, тарафкашликни бир четга қўйиб, Исломнинг асоси бўлмиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифга мурожаат этайлик илм ҳақидаги баъзи таълимотларга назар солайлик.

Қуръонда «илм» сўзи турли ҳолларда 765 марта такрорланади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлари ва айтган сўзлари ҳам илмга даъват билан тўла. Биргина мисол келтирайлик. Бадр деган жойда мушриклар билан урушдан сўнг Муҳаммад алайҳиссалом ҳар бир асирга озод бўлиши учун 10 та мусулмонга ўқиш, ёзишни ўргатиб қўйишни шарт қилганлар. Ўша ўринда пул, мол ёки хоҳлаган бошқа нарса сўралиши мумкин эди, лекин Исломда илм ҳамма нарсадан устун тургани учун шу сўралган. Бу масалада қанча гапирилса шунча оз, ўнлаб китоблар битилган бўлса ҳам барибир оз.

Сиз Франц Роузентал ҳақида гапирдингиз, бу борада у ёлғиз эмас, ғарбдаги кўплаб инсофли олимлар Ислом илм дини эканини очиқ-ойдин, ҳужжат ва далиллар билан исботлаб беришган. Шулардан бири, немис шарқшунос олимаси Зингфрид Хенка «Араб қуёши ғарбга зиё сочади» номли йирик асарида бу масалани атрофлича ёритган. Хусусан, китобнинг «Мадрасага қатнаётган халқ» деб аталувчи бобида ғарб аҳолисининг 95 фоизи саводсиз бўлган, буюк Шарл қариган чоғида ўқиш, ёзишни қийналиб ўрганаётган, ҳатто ибодатхоналарда қалам тутишни биладиганлар нодир бўлган IX–XII асрларда Ислом оламининг шаҳару қишлоқларидаги минглаб мадрасалар миллионлаб ўғил-қизларни кутиб олаётгани, улар Ислом талабига асосан илмни рағбат билан ўргатаётгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Исломда илм тўғрисида сўз юритилар экан, унинг том маъноси назарда тутилади. Башарти фақат диний илм назарда тутилган бўлса, бу алоҳида қайд этилиб, таъкидланар эди. Шуни унутмаслик керакки, Исломда дин ва дунё алоҳида-алоҳида тушунчалар эмас, балки бир-бири билан боғлиқ нарсалардир. Сиз дунёвий деб атаётган илмларда мусулмонлар пешқадам бўлишган, бунга эса уларни Қуръони Карим ва Ислом таълимотлари чорлаган.

Шунинг учун ҳам барча илмларнинг диний туси бўлган. Ривоят қилишларича, фалакиёт соҳасидаги икки мусулмон олими юнон олими Батлимуснинг фалак илмига оид китобини ўқиб ўтиришган экан, диний уламолар ўтиб кетаётиб: «Нима қилиб ўтирибсизлар?» деб сурашибди. Шунда фалак илми соҳиблари: «Туя қандай яратилганига ва осмон қандай кўтарилганига назар солмайдиларми?» деган оятнинг шарҳини ўқиб ўтирибмиз», деб жавоб беришган экан. Худди шу фикрни барча илмлар ҳақида Қуръон ва суннатдан далиллар келтириб қувватлаш мумкин.

Ислом илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтарган, ҳаттоки ихтиёрий ибодатдан илм талабини устун қўйган. Шунинг учун ҳам авваллари илм ўргатганларга ҳақ берилмаган, илм ўргатиш – ибодат, ибодатга эса ҳақ олинмайди дейилган. Турли илм ва ҳунарлар бўйича ўз эҳтиёжига етарли кишиларни тайёрлаш мусулмон жамиятига фарздир. Агар бу борада камчилик бўлса, жамиятнинг барча аъзолари Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлажаклар. Гапнинг хулосасини айтганда, Ислом – илмдир, илм – Исломдир.

(Давоми бор)

 

Рустам Обидов суҳбатлашди

«Фан ва турмуш» журнали, 1989 йил июнь.

«Ҳилол» журналининг 7(28) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
23 ёшида ўз мактабини очган, мардикор ўқувчини катта шоирга айлантирган, СССРда қоралансада, Европада эътироф этилган жадид ndash Мунаввар қорининг қисқагина умр давоми...

3559 11:41 / 07 январь
Халқаро мусулмонлар Кенгаши котибияти2015 йилнинг 10 март куни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг юраги уришдан тўхтади. Бу киши ўз даврининг ҳақиқий Олими, давоми...

8872 20:43 / 04.05.2018
Мулла Турсунбой қори Муҳаммад Мир Олим Охунд ўғли 1880 милодий санада Наманган шаҳрининг Чуқур кўча даҳаси, Баҳодирхон эшон маҳалласи ҳозирги .Ила,лик кўчасида давоми...

1246 14:06 / 25.12.2023
Шайх аллома Муҳаммад Лутфий Файюмий раҳимаҳуллоҳ бомдоддан бир ярим соат олдин уйғонар эди. Нафл намозлар, улардан тасбеҳ намозини адо этарди. Сўнгра, қиблага давоми...

2932 11:00 / 28.01.2023
Аудиолар

137678 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57736 14:35 / 11.08.2021