1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

«Ҳаж одамлар учун қилинмайди» — Ҳажга боришдан мақсад ва зиёрат одоблари

21:24 / 28.06.2022 1384 pdf Ўқиш режими + -

Ҳаждан кўзланган мақсад – бандани энг юқори савияда Аллоҳга ибодат қилишга ўргатишдир. Бундан ташқари, Ҳажда хокисорлик касб этилади ва банда дунёнинг ҳамма лаззатларидан воз кечиб, Аллоҳ таолога буткул ўзини таслим қилади. Зиёратчилар одамларнинг гап-сўзига қарамай, Аллоҳ буюрган амални адо этишни ният қилиши керак, дейди Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

Коронавирус пандемияси туфайли 2 йил давомида тўхтаб қолган Ҳаж зиёрати 2022 йилдан бошлаб яна жонланди. Ушбу мавсумда пандемия ҳали тўлиқ якунланмагани туфайли Саудия ҳукумати 1 миллион зиёратчи қабул қилинишини маълум қилган.

Айни вақтда муқаддас шаҳарларга деярли учиб кетиб бўлган 10 мингдан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчилар Ҳаж амалларига тайёргарлик кўрмоқда.

Kun.uz Ҳаж ибодати, унинг ҳикматлари, ҳожиларга бериладиган савоблар, Ҳаж қилишдаги ният ҳамда ушбу улуғ зиёратга доир халқимизни қизиқтирган масалалар ҳақида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан суҳбат уюштирди.

— Ассалому алайкум, домла! Аввало Ҳаж ибодати ҳақида қисқа маълумот бериб ўтсангиз. Ҳаж ибодати кимлар учун фарз қилинган ва динимизда Ҳаж ибодатининг фарз қилинишида қандай ҳикматлар бор?

— Ҳаж ўзи қасд қилиш дегани. Шаръий истилоҳда эса маълум бир маконда, яъни Маккайи Мукаррамадаги ўша Ҳаж амаллари бажариладиган жойни Ҳаж амалларини бажариш учун қасд қилиш Ҳаж ҳисобланади.

Ҳажнинг 5та шарти бор: мусулмон бўлиш, ақлли бўлиш, балоғатга етган бўлиш, ҳурлик (қулга Ҳаж фарз бўлмайди), Ҳаж йўлига имконият бўлиши керак. Ҳажга йўлга имконият кенг тушунча, бу – моддий, жисмоний, йўлнинг бехатарлиги ҳисобланади. Шу шартлар топилган кишига Ҳаж фарз бўлади.

Ҳаж агар фарз бўлса, уни кечиктириш масаласи қандай? Баъзи уламолар Ҳажни бироз таҳл қилиб қилиш мумкин, деган. Бу йил адо қилолмаса, келаси йил қиламан, деб ният қилиши мумкин деганлар. Лекин кўпчилик уламолар, ҳадисларнинг далолати ҳам шундайки, кимга Ҳаж бўлса вақтида қилсин, келаси йилга унга касаллик етадими, нима бўлади билмайди. Чунки Ҳаж фарз бўлса, адо қилмасдан ўтса, худди намоз вақти кириб, намоз ўқимасдан ўтгани сингари гуноҳкор бўлиб қолади.

Агар юқоридаги 5та шартдан бирортаси бажарилмаган бўлса, унга ҳали Ҳаж фарз бўлмайди. Баъзи одамлар Ҳажнинг йўлига имконият деган нарсани закот билан чалкаштириб қўйишади. Закотга қодир бўлмаган одам Ҳажга бориши фарзмас-ку деб айтишади. Закот бошқа масала, Ҳаж бошқа масала. Кимгадир Ҳажга боришни бошқа биров таклиф қилиши, йўлга имкониятини қилиб берса ҳам боравериш керак. Ўша одамга, закот фарз бўлмаса ҳам, Ҳаж фарз бўлади.

Ҳаж амалининг ҳикмати жуда ҳам кўп. Одам алайҳиссалом фаришталарнинг осмонда, Байт ул-Маъмурни айланиб тавоф қилаётганини кўрган эканлар. Кейин парвардигор менга ва авлодимга ҳам шунақа айланиб, тавоф қилиб, ибодат қилишни фарз қилсин, деб ҳавас қилган эканлар. Шундан кейин парвардигор у кишининг авлодларига Ҳажни фарз қилган дейилади. Ислом шариатида Иброҳим алайҳиссаломдан бошлаб, у киши қурган Каъба атрофида Ҳаж қилиш фарз қилинган.

Аввало Аллоҳ фарз қилгандан кейин бу амал бажарилиши шарт. Ҳикмат маъносида айтиладиган бўлса, Ҳажда ибодатнинг энг юқори чўққиси намоён бўлган, Ҳажнинг бошидан охиригача Аллоҳга итоат. Масалан, Ҳажнинг амаллари 7 марта айланиш. Нега айланяпсан деса, Аллоҳ буюргани учун айланаман дейишдан бошқа гап айтилмайди. Таслимият ибодатнинг энг юқори чўққиси. Ҳаждан кўзланган мақсад бандани энг юқори савияда Аллоҳга ибодат қилишга ўргатиш. Иккинчиси Ҳажда хокисорлик касб этилади. Банда дунёнинг ҳамма лаззатлари, зийнатларидан воз кечиб, Аллоҳ таолога буткул ўзини таслим қилади.

Мана 5-6 кун эҳром пайтида бошқа пайт ҳалол бўлган, балки савоб бўлган ишлар тарк қилинади. Масалан, атир, хушбўйлик сепиш суннат. Лекин эҳромда хушбўйлик сепилмайди. Чунки у ҳам дунёнинг лаззатларидан. Зийнат тақиш ҳам худди шундай. Эр-хотинлик муносабатлари шариатда бор, лекин эҳром пайти қилинмайди, чунки бу ҳам дунёнинг лаззати. Бунинг аҳамияти шундаки, киши дунёдан ўзини устун қўйиб, ўзини ундан руҳан озод қилади. Зоҳиран дунё нарсаларидан узилиш билан, қалбан ҳам роҳат туяди.

Ҳажда соч ҳам олинади, чунки соч ҳам зийнат. Аслида ислом шариатида соч-соқолни чиройли қилиб олиб юриш керак. Лекин Ҳаж вақтида соч-соқолингизга тиғ теккизмайсиз. Ўшанинг зийнатини ҳам тарк этасиз, қандай бўлса шундай туради. Сочнинг ўзи зийнат бўлгани учун, эҳромдан чиқишдан олдин бирйўла қирсангиз, ўша зийнатни ҳам тарк этган бўласиз. Қисқартирсангиз ҳам ўтади, лекин унинг савоби камроқ бўлади. Бошқа пайт сочни қириб ташлаш савоб бўлмайди, бу Ҳаж учун хос ҳолат. Тикилган кийим ҳам кийилмайди, чунки у ҳам қулайликка интилиш. Аёл киши ҳам оддий кийиниши, зийнатни тарк қилиши керак. Мана шу машаққатлар билан киши ўзининг ҳаётида дунёдан Аллоҳга узилиб чиқишнинг ёрқин мисолини кўради. Шунинг учун жуда кўп одам Ҳажни адо этиб қайтса, ўзгариб қайтади.

Бунинг аҳамияти катта, дунёдаги барча разилликлар таги, негизи дунё муҳаббатидир. Обрў, шуҳрат, мол-дунёдан инсон кўп хато қилади. Ҳажни чиндан руҳий маънода адо этсак, шу дардга даво бўлади. Ҳаж инсонга ўлимни, қиёматни эслатади. Ҳажда тош отилади ва секин юрилади. Ва нега деган савол қўйилмайди, жавоб ҳам берилмайди.

Ҳажда мусулмонлар бир-бири билан кўришади, суҳбатлашади, бир жойга йиғилади ва бирдамликни таъминлайди. Бу – Ҳажнинг ижтимоий аҳамияти.

— Мусулмон киши Ҳажга боришга қандай тайёрланиши керак, қандай ният қилинади?

— Аввало фарз Ҳаж бўлса, Аллоҳ буюрган, шуни адо этишни ният қилиш керак. Одамларнинг гап-сўзига қаралмайди. Масалан, намоз ўқиётганда одамлар сизни кўрадими, мақтайдими, бунга эътибор қилмаслик керак бўлганидай, Ҳаж ҳам одамлар учун қилинмайди.

Ҳажга кетаётган одам қарз-ҳаволалари бўлса ё тўлаши керак, ё розилик олиши керак. Агар қарз берувчи муҳлат берган бўлса ҳам, қарзи бор одам Ҳажга борса бўлади. Ҳақдор сиздан ҳаққини талаб қилиб турган бўлса, бунда олдин унинг ҳаққини тўлаш керак. Қачонки, Ҳажга боришингиз қарзни тўлашингизга монелик қилса, бунда мумкин эмас.

Бировнинг дилини оғритган, хафа қилган одам ҳам Ҳаждан олдин узр сўраб чиқиши керак. Чунки банда Аллоҳ таолога тавба қилиш учун кетаётганда, банда кечирмаса, Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳлар учун узр сўраб қўйиш керак. Ундан кейин Ҳажга кетаётган одам ўзини охиратга кетаётгандай ҳис қилиши, тайёрлаши керак. Ўлимга юз тутаётгандек қалбини дунёдан узиши керак. Бунинг учун дунё ишларига боғлиқликлар, ташвишлар бўлса, шуларни ҳал қилиб қўйиши керак. Ҳажга бориб, унга, бунга ёзиб, ўзини чалғитмаслиги керак. Яна мана дунё зийнатларидан кечишни эҳром кийиб зоҳирда бажарамиз. Лекин руҳан, қалбан дунё неъматларидан кечишни ҳис қилмаймиз. Шуни ҳис қилишга ҳаракат қилиш керак.

Одамларнинг мақтови, Ҳожи ака дейиши кабиларни орзу қилмаслик керак, Ҳажга кетаётган одам ўзига ҳалол бўлган дунё зийнатларини ҳам тарк этяпти-ку, шундай экан, одамларнинг мақтовидан ҳам воз кечиш – мужарраб бўлиш керак. Кейин бизда Ҳажга боришда нима овқат олиб бориш ҳақида ҳам ўйлашади, аслида озиқ-овқат ғами эмас, у ерга бориб, ибодатни тўла-тўкис адо этишни ўйлаш керак. Аллоҳнинг буйруқларига тўлиқ таслим бўлишни ният қилиш керак. Аллоҳнинг ҳамма ишида ҳикмат бор, лекин айримларига инсоннинг ақли етмайдиган қилиб қўйган. Уларга таслим бўлиш билан киши мусулмонлик ва мўминлигини исботлайди.

Тўлиқ суҳбат билан юқоридаги видеода танишиш мумкин.

https://youtu.be/T9d2FPI4jc8

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Абдуқодир Тўлқинов.

Манба
Kun.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз АлСауд жума куни қиролликнинг ҳаж ишлари бўйича янги вазирини эълон қилди. Al Arabiya телеканалининг хабарига кўра, давоми...

1469 08:30 / 14.03.2021
Бугунги жумъа мавъизасида имомхатибларимиз quotҚайнона ndash келин аҳиллиги оила тинчлиги демакдирquot мавзусида маъруза қиладилар. Бу ҳақда ЎМИ расмий сайтида хабар давоми...

6375 10:05 / 10.08.2018
Ёш мусулмон ҳуқуқшунос талаба нуфузли таълим даргоҳи ҳисобланган адвокатлик ўқув курсида таҳсил олиш учун стипендияни қўлга киритди. Бу ўз навбатида таълим давоми...

942 14:38 / 30.05.2023
Аллоҳ таоло томонидан берилган бебаҳо неъматлардан бири тилдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади.Ар Роҳман. Қуръонни ўргатди. Инсонни яратди. Унга баённи ўргатди, Ар давоми...

933 17:11 / 20.10.2023
Видеолар
Аудиолар

137661 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57723 14:35 / 11.08.2021