1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аёл – эркакка хизмат қилиш учун яратилган махлуқми?

19:00 / 28.06.2022 4824 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

 

لَقَدْ مَنَّ اللّهُ عَلَى الْمُؤمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولاً مِّنْ أَنفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِن كَانُواْ مِن قَبْلُ لَفِي ضَلالٍ مُّبِينٍ

 

Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга марҳамат кўрсатди: ичларига ўзларидан уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расул юборди. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин адашувда эдилар» (Оли Имрон 164-оят).

Аллоҳнинг инсонга берадиган неъматлари беҳисоб, лекин у неъматлар ичида энг улуғ неъмат бандалар учун ўзларидан пайғамбар юборишдир.

«Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга марҳамат кўрсатди: ичларига ўзларидан... Расул юборди».

Аллоҳ таоло бирор қавмга пайғамбар юборишни ирода қилгани ушбу қавмга бахт-саодатни, икки дунёнинг яхшилигини хоҳлаганининг белгисидир. Чунки бу Пайғамбар уларга иймонни, Исломни, ҳидоятни, Аллоҳнинг розилигини топиш йўлларини олиб келади.

«...уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган...»

Пайғамбарнинг бош вазифаси бандаларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беришдир. Яъни, уларга Аллоҳнинг сўзларини етказишдир. Аллоҳнинг сўзини эшитишга сазовор бўлган ниҳоятда бахтли қавм бўлади. Чунки Аллоҳнинг сўзлари уларга келиши катта бахт, унга амал қилиб икки дунё бахт-саодатига эришиш яна ҳам катта бахтдир.

Маълумки, бу ояти карима Уҳуд ғазотидаги мағлубият, алам, хавф ва бошқа мусибатларнинг баёнидан кейин келмоқда. Ўша уруш қатнашчиларига бу улуғ неъматнинг қадрига етмаганликлари эслатилмоқда. Шу билан бирга, бўлиб ўтган ишлар учун унча хафа бўлмаслик лозимлиги, Аллоҳнинг неъмати ҳануз улар билан экани эслатилмоқда. Бу эса Ислом жамияти аъзоларини яхшилаб тарбия қилишдир.

Аллоҳ берган мазкур улуғ неъматнинг фойдаларидан бири:

«...уларни поклайдиган...»

Бу умумий маънодаги гапдир. Демак, Аллоҳ улуғ неъмат ўлароқ пайғамбар қилиб юборган Муҳаммад алайҳиссалом ўз умматларини умумий равишда, ҳамма соҳада ҳамма нопок нарсалардан поклайдилар.

Ислом келишидан олдин бутун дунёда кишилар нопок ақийда ботқоғига ботган эдилар. Баъзилари бут ва санамларга чўқинсалар, бошқалари ой, қуёш ва юлдуз каби махлуқотларни «худо» деб эътиқод қилар эдилар. Учинчи бирлари ҳайвонларга сиғинишарди. Ҳозиргача молпараст бўлиб келаётганлар ҳам бор. Бу соҳада пасткашлик, ифлослик шу даражага етиб борган эдики, масалан, Ҳиндистонда баъзи гуруҳларда эркак ва аёлларнинг жинсий аъзоларига чўқинишарди. Хулласи калом, ақийда бобида бутун олам бузилган эди. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Нафақат ақийда бобида, балки ҳаётнинг ҳамма соҳаларида ҳам нопоклик, ифлослик урчиган эди.

Одатда бу ҳақда гап кетганида, уламоларимиз муҳожир Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга айтган оташин сўзларини келтирадилар. У бундай деган эди:

«Эй подшоҳ! Жоҳилият аҳли бўлган бир қавм эдик. Санамларга ибодат қилар эдик. Ўлимтикларни ер эдик. Фаҳш ишларни қилар эдик. Қариндошлик алоқаларини узардик. Қўшничиликка риоя этмас эдик. Кучлигимиз кучсизимизни ер эдик. Аллоҳ бизга ўзимиздан Пайғамбар юбормагунча, шундай ҳолда бўлдик. Биз у Пайғамбарнинг насабини, ростгўйлигини, омонатлилигини, поклигини билардик. У бизни ягона Аллоҳга эътиқод ва ибодат қилишга чақирди. Ўзимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилиб юрган тош ва бутларни тарк қилишга чорлади. Рост гапиришга, омонатли бўлишга, силаи раҳм қилишга, яхши қўшничилик қилишга, ҳаром нарсаларни, қон тўкишни тарк этишга даъват этди. Фаҳш ишлардан, ёлғончиликдан, етимларнинг молини ейишдан, покиза аёлларни ёмонотлиқ қилишдан қайтарди. Аллоҳнинг ягона Ўзига ибодат этишга, намоз ўқишга, ширк келтирмасликка, закот беришга ва рўза тутишга буюрди».

Демак, Муҳаммад алайҳиссалом Ислом ақийдаси ила келиб, инсониятни бу нопокликлардан покладилар.

Одам жоҳилият даврининг ижтимоий ҳаётдаги бузғунчиликларини, нопокликларини эслашга ҳатто уялади. Дунё бўйича табақачилик, қулчилик, одамни эзиш ҳукм сурар эди. Аёл кишини одам ўрнида кўрмас эдилар. Европада аёлни шайтоннинг малайи деб ҳисоблашарди. Ҳатто махсус бир катта мажлис ўтказиб, «Аёл одамми ёки одам эмасми?» деган саволга жавоб излашган. Охири «Аёл – эркакка хизмат қилиш учун яратилган махлуқ» деган хулосага келишган. Аёлни кўриш шайтонни кўриш каби гуноҳ ҳисобланиб, унга яқин ҳам йўламай қўйишган. Натижада маълум муддат Европада одам кўпайиши тўхтаб қолган.

Ҳиндистонда бундан ҳам баттар ҳол ҳукм сурган. Фақат бир мисолни эслаб ўтиш кифоя: улар эри ўлган хотинни эрига қўшиб, тирик ҳолида куйдиришган. Араблар қиз фарзанд кўришса, олиб бориб, тириклайин кўмишган. Аёл кишини ўлган эридан қолган мерос, мол-мулки қаторида тақсимлаб олишган ва ҳоказо.

Фоҳишабозлик базми оддий ҳолат ҳисобланган. Никоҳ асосида оила қурганлар нодир ҳисобланган. Фоҳиша, зино фахрга сабаб бўлган. Бу соҳада ҳайвонлардан ҳам паст даражага тушиб кетганлар.

Келинг, ушбу ҳолни тасаввур этиш учун тарихий ҳужжатларга мурожаат қилиб кўрайлик.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Оиша онамиздан ривоят қиладилар:

«Жоҳилият даврида никоҳ тўрт хил бўлар эди:

Ҳозирги никоҳларга ўхшаш никоҳ. Биров бориб, иккинчисидан қизини қўл остидаги кишисининг никоҳига розилик сўраб, маҳрини бериб, никоҳлаб олар эди.

Яна бир хилини «истибзоъ» никоҳи дер эдилар. Унда эркак ҳайздан покланган ўз хотинига: «Фалончи билан бирга бўлиб, ҳомила орттиришга ҳаракат қил», – дер эди. Ўзи эса яқинлашмай турар эди. Хотини мазкур эркак билан бўлиб, ҳомиласи аниқ бўлганидан сўнг яқинлашар эди. Буни наслнинг яхшилигидан фойдаланиш, деб ўйлашар эди.

Яна бир бошқа никоҳда эса ўн кишидан оз одам бир хотинга эрлик қилишар эди. Аёл ҳомиладор бўлиб, туғса, бир неча кун ўтгач, эркакларга одам юбориб, чақиртирар эди. Бош тортиб, келмай қўйишга бирортасининг ҳаққи йўқ эди. Ҳаммалари тўпланганларида аёл: «Нима иш қилганингизни ўзларингиз яхши биласиз. Мана, мен туғдим. Бу сенинг боланг, эй Фалончи», – дер эди. Ўзи хоҳлаган эркакнинг номини айтар эди. Шу билан бола унинг боласига айланар эди. Эркакнинг бош тортишга ҳаққи йўқ эди.

Тўртинчиси – кўп эркаклар бир аёлга кириб-чиқиб юраверар эдилар. Хотин ҳам ким келса, қайтармас эди. Булар фоҳишалар эдилар. Белги бўлиши учун эшикларига байроқ тикиб қўйишарди. Ким хоҳласа, кираверарди. Агар ҳомиладор бўлиб қолиб, туғса, эркакларни тўплаб, бирортасига «Сенинг боланг», – деб айтиларди, у бош торта олмас эди».

Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг, уларни бу нопокликлардан ҳам покладилар.

Савдо-сотиқда ҳийла, тарозидан уриб қолиш, бировнинг ҳақини ейиш одатдаги ҳолат эди. Молиявий алоқалар рибохўрлик – судхўрлик асосида бўларди. Гапнинг қисқаси, олам жаҳолат ботқоғига ботган, агар илоҳий иноят билан покланмаса, ҳалок бўлишга яқинлашиб қолган эди.

Ислом келишидан олдин дунё қандай ночор аҳволда бўлганини машҳур аллома Абул Ҳасан Надавий ҳазратлари ўзларининг «Мусулмонларнинг тушкунликлари туфайли олам нимани йўқотди?» деб номланган китобларида жуда яхшилаб васф қилганлар.

«...китобни ва ҳикматни ўргатадиган...»

Ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтда мусулмонларнинг аксари ўқиш ва ёзишни билмас, саводсиз эди. Муҳаммад алайҳиссолату вассалом пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг, уларга Китобни, яъни Қуръонни ва ҳикматни, яъни суннатни ўргатдилар. Мусулмонлар тезда бутун дунёга устоз бўлиб, китобни, ўқиш-ёзишни ўргатишди, ҳикматни ўргатишди.

«Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин адашувда эдилар».

Инсон ҳаёти учун зарур бўлган барча соҳаларда улар очиқ-ойдин адашувда эдилар. Улар ақийда, эътиқод, тасаввур ва ҳаётий тушунчаларда, турли алоқаларда, урф-одатларда, иқтисодда, ахлоқда, ижтимоий муносабатларда ва яна бошқа соҳаларда очиқ-ойдин адашувда эдилар. Аллоҳ таоло уларга ўзларининг ичларидан Муҳаммад алайҳиссолату вассаломни пайғамбар қилиб юбориб, уларни бу адашувдан қутқариб, тўғри йўлга солди. Улар тезда бутун оламни ўзлари топган ҳидоят йўлига даъват қилишга ўтдилар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади Ва сўзингизни сир тутасизми ёки ошкора айтасизми, албатта, У кўкслардагини ҳам ўта билувчидир. Мулк сураси, давоми...

3958 09:05 / 12.09.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида бундан ҳам кўра .савоби, ёмонроқ кимсанинг хабарини берайми Улар давоми...

394 19:00 / 19 ноябрь
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Ва улар .Агар қулоқ осганимизда ёки ақл юритганимизда эди, ловуллаган олов соҳиблари орасида бўлмаган давоми...

6231 13:30 / 05.04.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Ва улар .Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон, ndash дерлар. Мулк сураси, Мулк сураси, 25оят.Айт .Албатта, давоми...

2671 20:05 / 30.09.2019