1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Брюс Патерсон: «Асл Ислом – Қуръондадир»

17:00 / 14.06.2022 2599 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Буюк Британиялик собиқ насроний Брюс Патерсон ўзининг Исломга кириши қиссаси ҳақида шундай ҳикоя қилади:

«Фурсатдан фойдаланиб ўзимнинг Исломга қандай кирганим ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Тажрибамни бўлишишимдан сизга бирон фойда тегади деб умид қиламан. Барчамиз – турли миллат, маданият ва эътиқод вакиллари бўлмиш инсонлар қашшоқлик, жиноятчилик ва урушлар гирдобидаги, нотинч ва чигаллашиб кетган дунёга келганмиз… Энди бизнинг тарбиямиз ва билим-маърифатимизга назар соладиган бўлсак, бизга ўқитишган ва сўзлаб беришган барча нарсаларни ҳақиқат дея оламизми?

Афсуслар бўлсинки, кўпчилик муаммоларга пешвоз чиқиш ва ҳал этишдан кўра, улардан четланиб яширинишни афзал кўради.  Қийинчиликлардан ўзини олиб қочмасдан, уларни қабул қилиш ва ҳал этиш ҳамма вақт ҳам осон кечавермайди. Сиз ҳақиқатдан ҳам Ҳақ йўлни билишни истайсизми? Бунга иродангиз етадими? Ёки сиз ҳам бошқалар каби ундан қочиб, беркиниб олишни тўғри санайсизми?

Менинг Ҳақни излаб топиш мақсадидаги сафарим бундан бир неча йил аввал бошланган. Мен бу оламда бизнинг нега мавжудлигимиз, борлигимиз ҳақидаги ҳақиқатни ойдинлаштиришни истардим. Чунки, ҳар куни дуч келадиган машаққат ва муаммоларни ҳал этиш учун аввало ҳаёт ҳақидаги ҳақиқатни билиб олиш лозим. Мен насроний оилада туғилдим ва ўша ердан ўз йўлимни бошладим.

Инжилни ўқиганимда жуда кўп турли-туман саволлар юзага келарди. Жуда қисқа вақт ичида менда норозилик, кўнгли тўлмаслик ҳисси пайдо бўлди. Руҳоний бўлса: «Фақатгина ишониш керак» дерди холос. Инжилда жуда кўп ўринларда қарама-қаршиликлар ва ҳақиқат эмаслиги очиқ равшан кўриниб турган жойларни топдим. Ахир Худо Ўзи ҳақида ёлғон сўзлаши ёки Ўзига қарши, зид сўзлаши мумкинми? Аниқки, ундай эмас!

Мен насроний ва яҳудийларнинг илоҳий таълимотлари, муқаддас Китоблари ўзгартирилган ва уларда барибир ҳақиқатни тополмас эканман, деган қарорга келгач, насронийликдан буткул воз кечдим. Сўнг, шарқ динлари ва эътиқодлари билан қизиқа бошладим. Айниқса, буддавийликка кўпроқ эътибор қаратдим. Мен кўп вақтларимни буддавийлик ибодатхоналарида роҳиблар билан суҳбатлашиб, медитация машқларида (медитация (лот. Meditation-фикрлаш)— ақлнинг бутун фаолиятини муайян бир нарсада жамлаш ҳолати. Асосан, йоглар шуғулланади. Изоҳ таржимонники) қатнашиб ўтказдим. Ростини айтганда, медитациядан сўнг менда қандайдир покланиш, тозаланиш ҳисси юзага келарди. Лекин барибир мен ўз саволларимга жавоб ололмадим. Буддавийлик уларни эҳтиёткорлик билан айланиб ўтарди ва булар менга бироз нотўғри ва нодонликдай туюлди.

Мен Ҳақни топиш истагида дунё бўйлаб дарбадар кездим. Турли қабилаларнинг динлари, спиритик фикрлашлар менда алоҳида қизиқиш уйғотди. Мен ўзимнинг айрим тушунчаларимда тўғриликни топгандай бўлдиму, лекин бутун бир дин, эътиқод сифатида қабул қилгани жазм қилолмадим. Чунки бундай ҳолат (тўлақонли қониқмаслик)га мен насронийлик динида ҳам дуч келгандимда.

Мен ҳатто, ҳақиқат аслида нимага ишонсанг, эътиқод қилсанг ва нимага эргашиб риоя қилсанг, ана ўшандадир деган фикрга келиб қолдим. Табиийки, бу қочишга уриниш эди. Ҳақиқатга тик боқишдан ўзни олиб қочишдан бошқа нарса эмасди. Айтмоқчи бўлганим, худди бир одамда ўзининг ҳақиқати бор, бошқасида бўлса ўзининг ҳақиқати бор дейиш қанчалик нотўғридир. Яъни, ҳақ битта бўлади.

Мен тамоман чалкашиб кетгандим. Бир куни ерга йиқилдимда, ўз билганимча дуо қила бошладим: «Эй Худо! Мен бу ҳаёт йўлларида адашиб, йўқолиб қолдим. Сендан ўтинаман, мени тўғри йўлга йўллаб қўйгин!» Айнан ўшанда мен ўзим учун Исломни кашф этдим.

Албатта Ислом ҳақида нималардир билганман, аниқроғи, Ғарбда биз оддийлик билан Ислом сифатида тушунадиган дин ҳақида. Мен дуч келган нарса мени ҳайратда қолдирганди. Қуръони Каримдан қанча кўп ўқиганим сайин, Ислом таълимоти ҳақида саволлар берганим сайин Ҳақни шунчалар яқинроқ англай бошлагандим. Исломнинг бошқа динлардан ажабтовур, ўзига хос фарқи шундаки, ушбу дин Яратувчи ва яралмиш, бандалар ўртасидаги аниқ-тиниқ чегарани белгилаб қўйган экан. Исломда биз Яратувчига, Ҳолиққа ибодат қиламиз. 

Кўряпсизми, ҳаммаси оддий! Бошқа динларда ҳамиша маҳлуқ - яратилмишга ибодат қилишни у ёки бу шакли намоён бўлади. Масалан, уларнинг деярли барида одамга, тошларга ёки яна бошқа нарсаларга Худонинг тимсоли, сиймоси ёки бошқа шаклдаги кўриниши дея ибодат қилиш бор.

Ҳақиқат эса шулки, агар сиз нимагадир ибодат қилишга қарор қилсангиз, ўша шундай Зот бўлиш керакки, барча нарсаларни яратган, сизга ҳаёт берган ва қачондир уни сиздан оладиган Зот бўлиши керак. Айни сабабдан Ислом динида энг улкан кечирилмас гуноҳ бу – маҳлуқларга ибодат қилишдир. (Яъни, Аллоҳга ширк келтириш. Изоҳ таржимонники.).

Нима бўлганда ҳам, ҳар бир киши Исломнинг асл ҳақиқатини Қуръонни ўқиб топиши, англаши мумкин. Унда сиз барча саволларингизга жавоб топасиз. Шахсан мен учун барча бошқа эътиқодлар ҳақида билганларим, барча ҳақиқат деб билганларим, булар ҳақидаги барча билимлар парчалари худди пазл ўйинидаги каби бир-бирининг жойига тушди ва аниқ тасвир пайдо бўлди. Пазл-суратли бошқотирманинг барча қисмлари менинг қўлимда эди-ю, уларни қандай қилиб бирга жамлашни билмаган эдим. 

Мен сизлардан илтимос қилардимки, бугун Ислом ҳақида ўйлаб кўринг. Асл Ислом Ғарбда сўзлаётганлари эмас, балки Қуръондаги Исломдир. Эҳтимол, шундай қилсангиз, (яъни, Қуръонни ўқиб-ўргансангиз) ҳаётнинг асл ҳақиқатини излаш йўлини қисқартирган, унга тезроқ етишган бўласиз. Нима бўлганда ҳам мен сизнинг муваффақиятингиз учун дуо қиламан.

Манба: www.islamreligion.com

Таржима ва таҳрир: Бобур Аҳмад.

13.06.2022.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бухорий ўзларининг .Саҳиҳ,ларида Ибн Умар розияллоҳу анҳу орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. У зот .Дунёда ўзингни ғарибдек ёки йўловчидек давоми...

3535 05:00 / 04.03.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши хўшбўй нарсани қайтармас эди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани қайтармас эдилар, деган даъвони давоми...

3264 05:00 / 02.03.2017
Ашраф Ҳумайса Саодатга эришмоқ барча оқил инсонларнинг мақсади, ҳакимларнинг орзуси ва шиори эканида ҳеч бир шубҳа йўқдир. Ҳикоя қилинишича, бир савдогар давоми...

3785 15:51 / 15.08.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сен биродарингла жанжаллашма ва у билан мазаҳлашма. Унга бир ваъда бера туриб, сўнг давоми...

2981 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

135091 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55369 14:35 / 11.08.2021