1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мулла Қодирхон тўра

14:00 / 25.05.2022 2878 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оилада уч ўғилнинг тўнғичи бўлган мулла Қодирхон тўра 1896 йил Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Аминжонбой маҳалласи (ҳозирги Термиз кўчаси)да дунёга келдилар.

Насл-насаблари пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боргани учун ёши улуғ азизларимиз Қодирхон тўра деб мурожаат қилишар экан.

Қодирхон тўра оилада 3 ўғил бўлишган. Катталари Қодирхон тўра, кейингилари Ассофхон тўра, кенжалари эса Абдулваҳҳоб тўра бўлганлар.

Шўроларнинг 1935-1936 йиллардаги қатағон даврида Қодирхон тўранинг оиласи пароканда бўлди. Ҳазрат тўра домланинг укаларидан бири Қошғарга, яна бирлари Саудия Арабистонига ҳижрат қилиб кетишга мажбур бўлишди.

1990 йили, 55 йил деганда ака-укалар туғилиб ўсган юртлари Наманганда Қодирхон тўранинг ҳовлиларида кўришишди. Афсуски, уларнинг ораларида Қодирхон тўра йўқ эдилар.

Маҳалладошларининг берган маълумотларига кўра, Қодирхон тўра домла ўрта бўйли, ширин сўзли, кенг пешонали ва узун соқолли киши бўлганлар. Доимо суннатга мувофиқ кийинар, кексайган чоғларида эса сал эгилиб, асо ушлаб юрардилар, дея эслашади.

Қодирхон тўра 9 ёшларида Ғофур қорининг Сардоба даҳасидаги қорихонасига Қуръондан таълим олгани борадилар. Ёшлик чоғидан ўта зеҳнли, тиришқоқ ва илмга ташна бўлган Қодирхон тўра 13 ёшларида Қуръони Каримнинг ҳифзини батамом тугатиб, ҳофизи Каломуллоҳ деган мақомга эга бўладилар.

Ҳофизи Қуръон Ғофур қори домла бўлажак ҳофизи Каломуллоҳ бўладиган қориларни шаҳримизнинг машҳур уламо ва ҳофизи Қуръонлари бўлган зиёлиларимизнинг назарларидан ўтказиш мақсадида, улардан маълум бир кишиларни чақириб, уларнинг ҳузурларида ҳофизи Каломуллоҳларни имтиҳон қилар, сўнгра уларнинг дуойи фотиҳалари билан ҳофизи Каломуллоҳлик хирқасини кийдирардилар. Шу анъанга мувофиқ Қодирхон тўрани ҳам қорихона хонақоҳида замонасининг олими ва мударриси Собитхон тўра ҳузурларида имтиҳон қилдилар. Аввалига Қуръондан маълум бир жузни кўрсатиб, айнан ўша жойдан хатмонага ўтиб беришни сўрайдилар. Сўнгра қироат илми ва тажвиддан саволлар бериб, оғзаки тарзда имтиҳон қиладилар. Шундан сўнг устоз Ғофур қори домла барча синовлардан яхши ўтган Қодирхон тўрага ҳофизи Каломуллоҳлик хирқасини кийгизган эканлар. Кейинчалик Қодирхон тўрани илмга бўлган муҳаббатини кўрган Собитхон тўра уни ўзларига шогирд қилиб олиб кетган эканлар. Аввалига Қодирхон тўра устози Собитхон тўрадан араб ва форс тилларининг сарфу наҳвини ўрганади. Сўнгра тафсир, фиқҳ ва ақоид каби илмлардан сабоқ олади. Устозларининг кўрсатмаларига биноан илми таҳсилни Бухорои шарифда давом эттириб, 5 йил таълим олиб қайтадилар. Хуллас Қодирхон тўра замонасининг машҳур ва етук мулласи ва ҳофизи Каломуллоҳи бўлиб етишадилар.

Тахминан 1936 йили Мулла Қодирхон тўра 40 ёшларида маҳаллаларидаги Бадалхон ойим исмли аёлга ўйланиб, шу хонадонга ўғил (ичкуёв) бўлиб борадилар. Қодирхон тўра аёлларидан наслларининг давомчиси бўлган зурриёд кўрмадилар. Бироқ, Тошпўлатхон исмли бир болани эр-хотин тарбиялаб, вояга еткизадилар. Тошпўлатхон ҳам тўра домламизнинг таълимларини олган ўқимишли, зиёли ва эл ардоғидаги киши бўлиб танилдилар.

Қодирхон тўра илмли, такводор ва жуда сахий киши бўлганлар. Маълумотларга кўра, Ҳазрат тўра домла яшаб турган ҳовлиларидан 10 сотихдан кўпроқ қисмини 1947 йили маҳаллй масжид қилиб қуриб берган эканлар. Мазкур масжидда Қодирхон тўра 1958 йилгача имом бўлиб фаолият кўрсатган эканлар. Кейинчалик маълум вақт масжид фаолият кўрсатмай турди. Ва ниҳоят 1989 йилдан «Қодирхон тўра домла» номлари остида маҳаллий масжид сифатида фаолиятини бошлаб, 1999 йилгача фаолият кўрсатиб келди. Масжид маҳалламиз аҳлига таълим ва тарбия ўчоғи ва намозхонлар учун Аллоҳнинг уйи бўлиб хизмат қилиб келди.

Мулла Қодирхон тўра домла ўта илмли бўлиш билан бирга жуда ҳозир жавоб ҳам эдилар. Кунларнинг бирида домламиз сартарошхонага чиқсалар у ерда уч киши бор экан. Домламиз сартарошдан «Ўғлим навбат борми» дея сўрабдилар. Шунда сартарош «Домла яхшиям келиб қолдингиз, мижозимдан бири чоршанба куни соч олдириб бўлмайди деб ё ўзи ўтирмайди, ёки бошқаларни ўтқизмай фитна қилмоқда» дебди. Шунда Қодирхон тўра домла «Куллу явмин-явмуллоҳ, куллу шаҳрин-шаҳруллоҳ», деб яъни, ҳар кун Аллоҳнинг куни ва ҳар ой Аллоҳнинг ойидир, деб ортидан кунни ҳам ойни ҳам ажратилмайди. Ҳаммаси Аллоҳнинг наздида бир хилдир, деб ҳаммани ислоҳ қилиб, ўзлари биринчи ўтириб, сочларини олдириб чиқиб кетган эканлар.

Мулла Қодирхон тўра уйларига келаётган бўлсалар ёки акси, уйдан чиқиб кетаётган бўлсалар, бирор жойда уч-тўрт киши гаплашиб ўтирган бўлса уларни кўрсалар олдидан ўтмай бошқа томондан айланиб ўтиб кетар эканлар. Гарчи йўл узоқ бўлса ҳам одатлар шундоқ экан. Шунда бир куни ўтирганлардан бири домламиздан сўрабди. Домла сиз билан сўрашиб қўямиз деб доимо тайёр бўлиб турсак, сиз биз томонга юрмай бошқа томонга юриб кетасиз, боиси  нима? Дебди. Шунда домламиз табассум билан: «Сизлар мени ғийбат қилаётган бўлсангиз, уни билиб қолсам сизлар гуноҳкор бўласизлар ва мен сизларнинг олдинггизга бориб сизлар билан бирор кишини ғийбат қилиб юборсам мен ҳам гуноҳкор бўлиб қолмай деб Аллоҳдан қўрқиб бошқа томондан юраман», деб айтган эканлар.

Мулла Қодирхон тўра кексайган чоғларида нафас қисташ (асма)  касали билан бемор бўлиб, дард чекиб юрдилар. Кейинчалик  касалликлари тез-тез хуруж қиладиган бўлиб қолди. Хуллас мулла Қодирхон тўра 1971 йили пайшанба кунидан жума кунига ўтар кечаси хуфтон намозини тугатгандан сўнг, Қуръон мутолаа қилаётиб, қўлларида тасбеҳ ушлаган ҳолда Аллоҳга омонатларини топширдилар. У кишини «Мангулик» қабристонига дафн қилинди. Аллоҳ Қодирхон тўра домланинг ибодатга, илмга бўлган муҳаббатларини сизу бизларга ибрат, намуна қилиб қўйди. Аллоҳ барчамизни мана шундай  гўзал ҳолатда омонатини топширишликни насиб этсин[1].

 

Мустақил тадқиқоқтчи Акрам Шарипов

 
 
 

[1] Ушбу маълумотлар Абдулваҳҳоб (1928-2002) ҳожи домланинг Наманганлик уламолар тарихи номли эсталик дафтарларидан олинди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Мотуридий номи билан машҳур бўлган улуғ бобомизнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорий бўлган. давоми...

4045 22:24 / 27.04.2017
Таваллуд санаси 21.07.137115.04.1952. Таваллуд ери Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилояти, Асака тумани, Ниёзботир қишлоғи. Миллати ўзбек. Дини Ислом. Ақидавий мазҳаби давоми...

64162 22:21 / 27.04.2017
Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби имомларидан энг улуғи, Ислом миллатининг фақиҳи Имом Абу Ҳанифа ҳижратнинг саксонинчи йили Ироқнинг Куфа шаҳрида туғилганлар. Бир давоми...

4918 22:16 / 27.04.2017
ЗиёратАллоҳ таоло Қуръони каримда олимлар ҳақида шундай марҳамат қилади Улар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир, бас, уларнинг йўлларига эргашингrdquo Анъом сураси, давоми...

10112 17:08 / 08.11.2017
Аудиолар

137614 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57680 14:35 / 11.08.2021